Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Нима учун умидга муҳтожмиз?

Нима учун умидга муҳтожмиз?

Нима учун умидга муҳтожмиз?

ЎТГАН мақоланинг бошида келтирилган, саратонга чалинган ёш Дэниел умидини мустаҳкам сақлаганида, нима бўларди? У саратонни енгиб чиқа олармиди? У ҳозир тирик бўлармиди? Ҳатто умид шифобахш кучга эга, дейдиганлар ҳам бу фикрга қўшилмаса керак. Бу бежизга эмас. Умиднинг кучига ортиқча баҳо бериб бўлмайди. У панацея, яъни барча нарсанинг давоси эмас.

CBS News телерадиокомпаниясида бўлиб ўтган интервьюда доктор Натан Черни оғир касалликка чалинган беморларга дуч келганда умиднинг шифобахш кучига ҳаддан ортиқ ишонишнинг хавфи борасида қуйидагича огоҳлантирди: «Эрлар хотинлари етарлича мулоҳаза юритмагани ёки ижобий фикрламагани учун уларни койиб берганига гувоҳ бўлганмиз. Бундай фикрлаш тарзи одам саратоннинг ривожланишини назорат қилиши мумкин, деган нотўғри тасаввурга олиб келди. Кишининг соғлиги ёмонлашганида, баъзилар улар ўсимтани назорат қилиш учун етарлича эътибор қаратишмади ва бу нотўғри, деб ўйлайди».

Аслида, бедаво касалликка чалинганлар силлани қуритадиган ва анчагина ҳаракат талаб қиладиган курашда қатнашади. Бундай инсонларнинг яқинлари уларнинг шундоқ ҳам оғир бу юкига айбдорлик ҳиссини қўшишни истамайди. Демак, умид ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, деб хулоса қилишимиз керакми?

Йўқ. Масалан, юқорида тилга олинган доктор паллиатив даволаш тури бўйича мутахассисдир. Бу даволаш тури касаллик билан тўғридан-тўғри курашиш ёки ҳаётни узайтириш эмас, балки бемор курашаётганда унга енгиллик бахш этувчи ва ҳаётини осонлаштирувчи терапия ҳисобланади. Бундай даволаш турини қўллайдиган шифокорлар — ҳатто оғир касалликка чалинганларга — ижобий фикрлашга ёрдам берадиган даволаш турларининг фойдаси борлигига қатъиян ишонади. Умид ижобий фикрлашга ёрдам беришининг ва бундан ҳам кўпроқ фойда келтиришининг ишончли далиллари бор.

Умиднинг аҳамияти

Тиббиёт соҳаси бўйича журналист Гиффорд-Жонс қуйидагича деди: «Умид кучли даволовчи воситадир». У бедаво касалликларга чалинган беморларга ҳиссий ёрдам кўрсатиш қанчалик фойда келтиришини аниқлаш борасидаги изланишларни таҳлил қилган. Бу каби ёрдам одамларга умидсизликка тушмасликка ва ижобий нуқтаи назарда бўлишга кўмаклашиши тахмин қилиняпти. 1989 йилги тадқиқотга кўра, ҳиссий ёрдамни олган беморлар узоқроқ яшаган. Лекин сўнгги тадқиқот бу борада бошқача фикрга олиб келди. Аммо тадқиқотлар шуни тасдиқладики, ҳиссий ёрдам кўрсатилган беморлар бундай ёрдамни олмаганларга қараганда, камроқ тушкунликка тушади ва оғриқни камроқ ҳис қилади.

Юракнинг ишемик касаллигига келганда, оптимизм ва пессимизмнинг аҳамияти борасида ўтказилган бошқа бир тадқиқотга эътибор беринг. 1 300 дан ошиқ эркак ҳаётга оптимизм ёки пессимизм руҳида қараш-қарамаслиги синовдан ўтказилди. Ўн йил ўтгач, яна бир тадқиқот ўтказилди ва ўша эркакларнинг 12 фоиздан ошиғи юракнинг ишемик касаллигининг бирон турига чалинган эди. Уларнинг орасида пессимистлар сони оптимистлардан деярли икки баробар кўп чиқди. Соғлик ва ижтимоий хулқ-атвор бўйича Гарвард университетидаги ёрдамчи профессор Лаура Кубзанский шундай деди: «“Ижобий фикрлаш” соғлиғингиз учун фойдали экани борасидаги ғояга тегишли аксарият исботлар илмий жиҳатдан тасдиқланмаган эди. Юрак касалликлари асосида ўтказилган мазкур тадқиқот эса бу ғояни илк бор илмий жиҳатдан тасдиқлади».

Айрим изланишлар шуни кўрсатяптики, соғлигини жуда яхши деб билганларга қараганда, уни заиф деб баҳолаганлар операциядан сўнг секинроқ оёққа туради ва ҳатто узоқ умр кўриш оптимизм билан боғлиқ экан. Бир тадқиқотда кексалар қариш жараёнига ижобий ёки салбий қараши уларга қандай таъсир қилиши таҳлил қилинди. Кексалар инсон қаригани сайин донороқ ва тажрибалироқ бўлиши ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келганида, уларда юриш учун куч ва иштиёқ пайдо бўлган. Дарвоқе, бундай яхшиланиш 12 ҳафта мобайнида қилинадиган жисмоний машқлар натижасига тенг эди!

Қизиқ, нима учун умид, оптимизм ва ижобий нуқтаи назар кабилар соғликка фойда келтириши мумкин? Эҳтимол, олимлар ва докторлар инсон онгинию танасини ҳозирча тўла-тўкис тушунмагани учун бунга аниқ жавоб беролмайди. Бунга қарамай, мазкур соҳани ўрганадиган мутахассислар тажрибаси, билими ёки олган маълумоти асосида тахминлар келтириши мумкин. Мисол учун, неврология соҳасидаги битта профессор қуйидагича фикр билдирди: «Инсон суюнганида ва умид қилганида ўзини яхши ҳис этади. Бу стрессни анча камайтирадиган ёқимли ҳолат ва бутун тана бундан яйрайди. Одамлар соғлигига ғамхўрлик қилишга ҳаракат қилар экан, бу ҳам фойда келтиради».

Айрим доктор, психолог ва олимлар учун бу янги фикрдай туюлиши мумкин, аммо Муқаддас Китобни тадқиқ қилувчилар учун бу янгилик эмас. Деярли 3 000 йил аввал доно шоҳ Сулаймон мазкур фикрни қуйидагича ифодалаган: «Шод юрак шифобахш малҳамдайдир, эзилган руҳ эса суякларни қуритади». (Ҳикматлар 17:22) Бу сўзларда мувозанат акс этганига эътибор беринг. Оятда шод юрак ҳар қандай касалликнинг давоси эмас, балки оддий қилиб «шифобахш малҳамдайдир» деб айтилган.

Акс ҳолда, қуйидаги савол туғилиши ўринли бўларди: «Агар умид даво бўлса, қайси шифокор уни тавсия этмасди?» Бундан ташқари, умид нафақат соғликка, балки бошқа кўп жиҳатдан фойда келтиради.

Оптимизм, пессимизм ва ҳаётингиз

Тадқиқотчилар шуни аниқлашдики, ижобий нуқтаи назарда бўлиш оптимистларга кўп жиҳатдан фойда келтиради. Улар мактабда, ишда ва ҳатто спорт соҳасида муваффақиятлироқ бўла олади. Масалан, енгил атлетика билан шуғулланадиган аёллар жамоасида тадқиқот ўтказилди. Мураббийлар атлетика билан шуғулланадиган ҳар бир аёлнинг қобилиятини атрофлича баҳолади. Шу билан бирга, ўша аёллар ҳам сўроқ қилинди ва уларнинг умид даражаси баҳоланди. Натижалар шуни кўрсатдики, аёлларнинг умид даражаси мураббийлари берган статистик маълумотдан анча фарқ қилиб, аёллар олдиндан тахмин қилгани аниқроқ бўлиб чиқди. Хўш, нега умид шунчалик кучли таъсирга эга?

Тадқиқотлар ёрдамида оптимизмнинг акси пессимизм борасида ҳам кўп нарса ўрганилди. Ҳайвонларнинг хулқ-атвори борасида ўтказилган тажрибалар натижасида 1960 йилларда кутилмаган кашфиёт қилинди. Тадқиқотчилар буни «ўрганилган ожизлик», деб атади. Қолаверса, улар шуни аниқладики, одамлар ҳам бу синдромнинг бирон туридан азоб чекиши мумкин. Масалан, тадқиқотда иштирок этган одамларга ёқимсиз шовқин қўйиб берилди ва тугмачаларни кетма-кетликда босиш орқали уни ўчиришни ўрганишлари мумкинлиги айтилди. Улар бемалол шовқинни ўчира олди.

Иккинчи гуруҳдаги одамларга ҳам худди шу нарса айтилди, бироқ тугмачаларни босиш шовқинни тўхтатмади. Бу гуруҳдаги кўплар ўзини ожиз ҳис эта бошлаганини тушунгандирсиз. Ўтказилган кейинги синовлар давомида улар ҳаракатланишга иккиланди. Улар қилган ҳаракатлари бефойда эканига амин эди. Аммо ҳатто бу гуруҳдаги оптимистлар ожизлик уларга таъсир қилишига йўл қўймади.

Юқоридаги илк тадқиқотларни тайёрлашда ёрдам берган доктор Мартин Селигман оптимизм ва пессимизмни ўрганишни асосий соҳаси қилиб олди. У ўзини ожиз деб ўйлашга мойил бўлган одамларнинг фикрлаш тарзини атрофлича таҳлил қилди. Унинг хулосасига кўра, бу каби пессимизм руҳига эга бўлганлар ҳаётда кўпгина қизиқарли нарсаларни амалга оширишга қийналади ёки умуман фаолиятсиз бўлиб қолади. Селигман пессимизм ва унинг таъсири борасида қуйидагича хулоса ясади: «Йигирма беш йиллик тадқиқот натижасида шунга амин бўлдимки, пессимист каби менда ҳеч қачон ҳеч нарса ўхшамайди, деб ўйлашга одатлансак, бу барча ишимизга таъсир қилади, муваффақиятсизликка учраймиз. Аксинча ўйлаганимизда эса, эҳтимол, бундай бўлмас».

Юқорида айтиб ўтилганидай, бу каби хулосалар бугунги кунда баъзилар учун янги фикрдай кўриниши мумкин. Аммо Муқаддас Китобни тадқиқ қилувчилар учун бундай эмас. Қуйидаги ҳикматли сўзларга эътибор беринг: «Оғир кунда руҳинг тушса, кучинг ҳам заифлашади». (Ҳикматлар 24:10) Дарҳақиқат, тушкунлик ва унга хос бўлган салбий фикрлар ҳаракат қилиш кучингиздан қолдириши Муқаддас Китобда аниқ тушунтирилган. Ундай бўлса, пессимизмни енгиб, кўпроқ оптимизм руҳига ва умидга эга бўлиш учун нима қилсангиз бўлади?

[4, 5- саҳифалардаги расм]

Умид анчагина фойда келтириши мумкин