Асосий материалларга ўтиш

Ахлоқий таназзулнинг кучайиши

Ахлоқий таназзулнинг кучайиши

Ахлоқий таназзулнинг кучайиши

НИМА деб ўйлайсиз, ахлоқий меъёрлар қачон таназзулга учрашни бошлади? Сизнинг даврингиздами ёки ёши сизникидан каттароқ бўлган қариндошларингиз ёки дўстларингизнинг давридами? Айримларнинг фикрича, 1914 йилда — Биринчи жаҳон уруши бошланганида — дунёнинг ахлоқий меъёрлари таназзулга учрашни бошлади. Тарих профессори Роберт Уолл бир китобда шундай деган: «Биринчи жаҳон урушини бошдан кечирган инсонлар «дунё кескин ўзгарди ва энди ҳеч қачон аввалги ҳолатига қайтмайди» деган фикрда». («The Generation of 1914»)

Тарихчи Норман Канторнинг айтишича, ҳамма жойда ижтимоий хулқ-атвор меъёрлари аллақачон пасайган ёки умуман бузилиб кетган. Агар сиёсатчилар ҳамда қўмондонлар қарамоғи остидаги инсонларга сўйиладиган ҳайвонлардек муносабатда бўлса, унда ҳеч қандай диний ва ахлоқий меъёрлар инсонларни бир-бирига ваҳший муносабатда бўлишдан тўхтата олмайди. Биринчи жаҳон уруши пайтидаги қирғин дастидан инсон ҳаётининг қадри умуман қолмади.

Инглиз тарихчиси Герберт Уэльс ўзининг илмий ишида эволюция назарияси қабул қилинганидан кейин одамларнинг ахлоқий меъёрлари таназзулга учрашни бошлаганини таъкидлади. («The Outline of History») Нега у бундай деб айтган? Эволюция тарафдорларининг фикрича, одам шунчаки ҳайвондан юқори турган мавжудотдир. Ўзи эволюционист бўлган Герберт ҳам 1920 йилда шундай деб ёзган эди: «Улар одамларни худди ҳинд овчи ити каби шунчаки ижтимоий ҳайвон деб ҳисоблашади. Улар инсонлар подасида кучли ва йирик ит бошқаларни қўрқитиб, бўйсундириши керак деб фикр билдиришади».

Дарҳақиқат, тарихчи Кантор таъкидлаганидек, Биринчи жаҳон уруши туфайли инсонларнинг нима тўғрию нима нотўғри экани борасидаги меъёрлари буткул ўзгариб кетди. У шундай деб тушунтирди: «Ёшлар катталарнинг сиёсат, кийиниш ва жинсий муносабатлар борасидаги фикрларини умуман назар-писанд қилмай қўйишди. Черковлар эса Масиҳнинг таълимотларини эволюция назарияси билан булғашди ва одамларни урушга боришга чорлашди ва бу ҳам ахлоқий таназзулга етаклади. Британиядаги бригадир генерал Френк Кройзер шундай деб ёзди: «Христиан черковлари урушга боришни оқлашади ва буни қилишга чорлашади. Уларнинг мадади эса ҳарбийлар учун айни муддао».

Ахлоқий меъёрлар эскилик сарқитига айланди

Биринчи жаҳон урушидан кейинги ўн йил «гумбурлаган 20 йиллар» деб номланган. Ўшанда одамлар эски қадриятларни ва ахлоқий меъёрларни четга суриб, нимани тўғри деб билишса, ўшани қилишган. Тарихчи Фредерик Лювис Алленнинг таъкидлашича, урушдан кейинги йиллар ёмон хулқ ўн йиллиги деб танилган. Бу давр мобайнида одамлар ҳаётни бойитган ва унга мазмун бериб турган қадриятларни ер билан яксон қилишган ва уларнинг ўрнини эгаллай оладиган қадриятларни топиш амримаҳол бўлган.

1930 йиллардан кейин юз берган буюк депрессия дастидан кўпчилик камбағалликка юз тутди ва дунёда ҳукм сурган енгилтаклик туйғусидан асар ҳам қолмади. 30 йилларнинг охирида эса дунёда янада даҳшатлироқ нарса юз берди: Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Кўп ўтмай мамлакатлар янги, қўрқинчли қуролни ишлаб чиқариш устида ишлай бошлади. Гарчи бу дунёни иқтисодий томонлама қутқарган бўлса ҳам, уни азоб-уқубат ва қўрқувга мубтало қилди. Уруш тугаганида юзлаб шаҳарлар вайрона бўлиб ётарди. Япониянинг иккита шаҳрига атом бомбалари улоқтирилди. Битта бомбанинг ўзи бир бошли шаҳарни ер билан яксон қила олди. Миллионлаб инсонлар концлагерларда азоб чекиб ўлишди. Умумий ҳисобда уруш қарийб 50 миллион эркагу аёл ва болаларнинг ҳаётига зомин бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида одамлар истаганича йўл тутадиган бўлишди ва олдинги қадриятларни назар-писанд қилмай қўйишди. Бир китобда қуйидагича фикрлар келтирилганди: «Бу пайт давомида одамлар ўзларини жинсий муносабатлардан умуман тиймайдиган бўлишди. Жанг майдонида уларнинг хулқ-атворини ҳеч ким назорат қилмасди. Улар уйга қайтганидан кейин ҳам оилада жинсий муносабатларга енгил-елпи қарайдиган бўлишди. Урушдан кейин одамлар «Ҳаёт қисқа ва ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас» деб ўйлайдиган бўлишди». Оқибатда улар оила ва никоҳга вақтинчалик нарсадай қарай бошлашди.

Инсонларни ҳар дақиқа ўлим хавфи кутарди. Шунинг учун улар ҳатто қисқа муддатга бўлса ҳам ҳиссий таскин излашарди. Бир Британиялик аёл ўша даврда кенг тарқалган жинсий эркинликни оқлаш мақсадида шундай деган: «Биз ахлоқсиз эмас эдик, шунчаки уруш кетаётганди». Бир Америкалик аскар эса қуйидагича фикр билдирди: «Кўпчилик инсонлар буни ахлоқсизлик деб аташи мумкин. Лекин биз ёш эдик ва исталган вақтда бизни ўлдиришлари мумкин эди».

Урушдан омон қолганларнинг кўпи даҳшатли воқеаларни эслаб, азоб чекишади. Бугунги кунгача баъзилар, ҳатто болалар ўша пайтдаги оғриқли хотираларни эслаб, ҳиссан эзилишади. Ўшанда кўплар Худога ишонмай қўйишди ва нима тўғрию нима нотўғри экани борасидаги тасаввурини йўқотишди. Яхшилик ва ёмонлик тушунчалари вазиятга боғлиқ деб ўйлай бошлашди.

Янги ижтимоий меъёрлар

Иккинчи жаҳон урушидан кейин жинсий алоқа ҳақидаги изланишлар чоп этила бошлади. Масалан, АҚШда 1940 йилларда 800 варақли «Кинзи» ҳисоботи чиқди. Бу ҳисобот чиқишидан аввал одамлар одатда жинсий алоқа ҳақида сўз юритишмасди. Лекин ҳисобот чиққанидан кейин улар бу ҳақда очиқчасига, уялмасдан гапира бошлашди. Гарчи ҳисоботда гомосексуалистлар ва бошқа шу турдаги инсонлар ҳақида келтирилган статистик маълумотлар кўпиртирилган деб топилган бўлса ҳам, тадқиқотлар урушдан кейинги йиллари ахлоқ меъёрлари кескин пасайганини кўрсатди.

Бир мунча вақт давомида одамлар ўзларини одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилаётгандай кўрсатишди. Масалан, радио, фильм ва телевидениеда ахлоқсиз саҳналар олиб ташланарди. Аммо бу узоққа чўзилмади. АҚШнинг собиқ таълим вазири Уильям Беннет буни қуйидагича тушунтирди: «1960 йилларга келиб, Америкада одоб-ахлоқ қоидалари пасайиб кетди. Бу бошқа мамлакатларга ҳам таъсир қилмай қолмади». Хўш, нима учун 60 йилларда ахлоқий таназзул бунчалик кучайиб кетди?

Ўша ўн йил давомида аёллар кўпроқ эркинликка эга бўлишди ва инсонлар жинсий алоқага нисбатан нуқтаи назарини ўзгартиришди. Қолаверса, ҳомиладорликнинг олдини олувчи дорилар пайдо бўлгани учун ҳомиладор бўлиб қолишдан қўрқмай, жинсий алоқа қилиш имконияти пайдо бўлди. Шу боис, турмуш қурмай туриб жинсий алоқада бўлиш оддий ҳолга айланди.

Қолаверса, матбуотда, фильмларда ва телевидениеда олдинлари номаъқул ҳисобланган нарсалар кўрсатила бошлади. Кейинчалик АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Збигниев Брежинский телевидениеда тақдим этилаётган қадриятлар борасида қуйидагича фикр билдирди: «Бу дастурларда ҳаётда энг муҳим нарса лаззат олиш экани, зўравонлик [ва] бир нечта инсон билан жинсий алоқада бўлиш нормал ҳолат экани кўрсатилмоқда».

1970 йилларга келиб, одамларда видеомагнитофонлар пайдо бўлди. Энди инсонлар бошқаларнинг олдида, кинотеатрда ҳеч қачон кўрмайдиган нарсаларни, жумладан, жинсий ахлоқсизлик билан боғлиқ саҳналарни ўзларининг уйларида яширинча равишда томоша қила бошлашди. Бугунги кунда эса Интернет шарофати билан инсонлар дунёнинг қайси нуқтасида бўлишмасин, ўз компьютерлари орқали порнографиянинг энг ифлос ва жирканч турларини томоша қилиш имкониятига эга.

Бу аянчли оқибатларга олиб келди. АҚШдаги бир интернатнинг қоровули қуйидагича деди: «Ўн йил аввал кўчада болалар билан нима тўғрию нима нотўғри экани борасида гаплашардим. Ҳозирги болалар эса нима ҳақида гап кетаётганини ҳатто тушунишмайди».

Ишончли йўл-йўриқни қаердан топса бўлади?

Черковлар бизга ахлоқий меъёрлар борасида тайинли йўл-йўриқлар бера олмайди. Черковдагилар Исо ҳамда унинг издошлари ўргатган нарсаларга амал қилишнинг ўрнига дунё ҳамда унинг ёвузликларига ҳамтовоқ бўлишган. Бир ёзувчи шундай деди: «Ҳар бир урушда иккала тараф ҳам “Худо бизга ёрдам беряпти” деб ўйлайди». Бир неча йил аввал Нью-Йорк шаҳрининг руҳонийси шундай фикр билдирди: «Автобусга киришдан кўра черковга аъзо бўлиш учун камроқ талабларга риоя қилиш керак».

Ҳа, дунёдаги бу ахлоқи таназзул билан нимадир қилиш керак. Хўш, нима қилиш керак? Қандай чоралар кўриш кутилади? Буни ким қилади ва бу ўзгаришлар қандай юз беради?

[5- саҳифадаги матн парчаси]

«Биринчи жаҳон урушидаги [1914–1918] қирғин дастидан одам ҳаётининг қадри қолмади»

[6, 7- саҳифалардаги расм]

Ахлоқсизликка тўла ўйин-кулги турлари тобора кенг тарқалмоқда