Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ғалаба қозона оласиз!

Ғалаба қозона оласиз!

Ғалаба қозона оласиз!

СИЗ учун «Жасоратли бўл ва ишга кириш» деган маслаҳатга амал қилиш пайти келди. (1 Солномалар 28:10) Хўш, чекишни ташлаш учун яна қандай қадамлар қўя оласиз?

Аниқ кунни белгиланг. АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигининг тавсиясига кўра, чекишни ташлашга қарор қилган бўлсангиз, буни қилишни икки ҳафтадан кейинга қолдирмаслик керак. Шунда чекишни ташлаш истагингиз сўниб қолмайди. Сигаретни қўлингизга олмайдиган кунни календарингизга белгилаб қўйинг ва қарорингиз ҳақида дўстларингизга айтинг. Ҳатто вазиятингиз ўзгарса ҳам, санани ўзгартирманг.

Ўзингиз учун эслатмалар ёзиб қўйинг. Бу эслатмалар қарорингизни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган ҳар қандай нарсани, жумладан, қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши мумкин:

● чекишни ташлаш учун сабабларингизни,

● ўзингизни таслим бўлаётгандай ҳис қилганингизда қўнғироқ қилишингиз мумкин бўлган одамларнинг телефон рақамларини,

● мақсадингизга эришишга ёрдам берадиган фикрларни, эҳтимол, Муқаддас Китобдаги оятларни (масалан, Галатияликларга 5:22, 23).

Бу ёзувларингизни доим ўзингиз билан олиб юринг ва уларни кун давомида бир неча марта ўқинг. Ҳатто чекишни ташлаганингиздан кейин ҳам ҳар сафар хумор тутганида ёзувларингизни кўздан кечиринг.

Психологик боғлиқликни камайтиринг. Чекишни ташлайдиган кунингиз келишидан олдин чекиш билан боғлиқ ҳар қандай одатингизни ўзгартиришни бошланг. Масалан, ҳар куни эрталаб ўрнингиздан турганда дарҳол чексангиз, буни ҳеч бўлмаганда бир соатга суринг. Борди-ю, овқат пайтида ёки овқатланиб бўлишингиз биланоқ чекиш одатингиз бўлса, уни ташланг. Бошқалар чекадиган жойлардан узоқроқ юринг. Ёлғиз қолганингизда: «Йўқ, раҳмат. Мен чекишни ташладим»,— деб айтишни овоз чиқариб машқ қилинг. Бундай қадамларни қўйиш сизни нафақат чекишни ташлайдиган кунингизга тайёрлайди, балки сизга тез орада чекишни бутунлай ташлаганлар қаторига қўшилишингизни ҳам эслатиб туради.

Тайёргарлик кўринг. Чекишни ташлаш вақти яқинлашар экан, сабзи, сақич, ёнғоқ ва шу каби нарсаларни ғамлаб қўйинг. Дўстларингизу оила аъзоларингизга бу кунни ва улар сизга қандай ёрдам беришлари мумкинлигини эслатинг. Ўша кунга яқинроқ кулдонлар ҳамда зажигалкалардан ва кутилмаганда уйингиздан, машинангиздан, чўнтагингиздан, ё бўлмаса, ишхонангиздан чиқиб қолиши мумкин бўлган сигаретлардан халос бўлинг. Шубҳасизки, дўстингиздан сигарет сўраш ёки бориб, уни дўкондан сотиб олишдан кўра қўлингизни узатиб тортмангиздан сигаретни олиш осонроқ. Шунингдек, Худодан ёрдам сўраб ибодат қилишда давом этинг. Айниқса, сўнгги сигаретни чекканингиздан кейин бундай қилиш айни муддао. (Луқо 11:13)

Кўплаб одамлар қачонлардир уларнинг сохта дўсти бўлган сигаретдан қутулган. Бу сизнинг ҳам қўлингиздан келади. Чекишни ташлаб, соғлигингизни яхшилайсиз ва ўзингизни озод қушдек ҳис қиласиз.

[9- саҳифадаги расм]

Эслатмалар ёзилган қоғозни доим ўзингиз билан олиб юринг ва кун давомида уларни тез-тез ўқиб туринг