Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ўлганлар яшашни давом этмоқда, деб жинлар алдашяпти

Ўлганлар яшашни давом этмоқда, деб жинлар алдашяпти

Муқаддас Китобда, Шайтон «бутун дунёни алдаб йўлдан оздирмоқда» деб айтилган (Ваҳий 12:9). Шайтон ва жинлар, Худонинг Каломига ишонишимизни асло хоҳлашмайди. Улар, ўлганлар нариги дунёда яшашни давом эттиришмоқда деб, ишонтиришга уринишяпти. Келинг, жинлар буни қандай қилишларини билиб олайлик.

Сохта дин

Инсон, ҳайвон, балиқ ва қушлар — буларнинг ҳаммаси жондир

Кўп динлар, инсоннинг ўлимидан сўнг танадан чиқиб абадий қоладиган кўзга кўринмас жон ёки руҳ борлигига ўргатмоқда. Уларнинг айтишича, тана ўлса ҳам, жон ўлмас экан. Боз устига улар, жон боқий бўлганлиги туфайли у ўлимга дучор бўлмайди, деб таъкидлашади.

Бироқ Муқаддас Китобда эса бу ҳақда умуман бошқача айтилган. У ерда, жон бу одамнинг ичидаги бирор нарса эмас, балки унинг ўзи жон эканлиги тўғрисида ёзилган. Масалан, Тавротда Одам Атонинг яратилиши тасвирланган бўлиб: «Ўша пайтда Худованди Карим ернинг тупроғидан одамни ясаб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади. Шу йўсинда одам тирик жон бўлди»,— деб таъкидланмоқда (Ибтидо 2:7). Демак Одам Атога жон берилмаган, балки унинг ўзи жон бўлган.

Шунингдек Аллоҳнинг Каломида ҳайвонлар ҳам жон деб аталган (Ибтидо 1:20, 21, 24, 30).

Муқаддас Китобда кўпинча «жон» сўзи одамга қарата ишлатилган. Шу сабабли жон ўлиши бизни ҳайрон қолдирмаслиги керак. Бу ҳақда қуйидагини ўқишимиз мумкин.

  • «Гуноҳ қилаётган жон ўлади» (Ҳизқиё 18:4, ЯДТ).

  • «Билингларки, гуноҳкорни хато йўлдан қайтарган киши ўлимдан бир жонни қутқарган ва кўп гуноҳларни ювган бўлади» (Ёқуб 5:20).

  • «Дам олиш кунида яхшилик қилиш лозимми ёки ёмонлик? Жонни халос қилиш керакми, ёки ҳалок?» (Марк 3:4).

Муқаддас Китобда, жон ўлиши тўғрисида аниқ айтилган

Бошқа оятларда жонни қиличдан ўтказиш ва йўқ қилиш (Ёшуа 10:28, 37), бўғиш (Аюб 7:15) ҳамда чўктириш (Юнус 2:7) мумкин дейилган. Бу оятлардан кўриняптики, жоннинг ўлиши муқаррар.

Муқаддас Китобни бошидан охиргача ўқиб чиқсангиз, ҳеч қаерда «ўлмас жон» иборасини топа олмайсиз. Инсоннинг жони руҳ эмас. Ўлмас жон ҳақидаги таълимот Муқаддас Ёзувларга зид. Бу Шайтоннинг сохта таълимотидир. Тангри Яҳова эса ёлғондан нафратланади (Ҳикматлар 6:16–19; 1 Тимўтийга 4:1, 2).

Фолбинлик

Ўзини марҳумнинг арвоҳи сифатида кўрсатадиганлар аслида жинлардир

Шайтоннинг инсонларни йўлдан оздириш усулларидан бири — фолбинликдир. Бу билан шуғулланувчи одамлар руҳлар билан мулоқот қилиб, турли хабарлар олишади. Инсонларнинг аксарияти ва фолбинларнинг ўзлари ҳам, бундай хабарлар ўлганларнинг руҳларидан келишига ишонишади. Аммо Аллоҳнинг Каломидан билиб олганимиздай, бу имконсиздир (Воиз 9:5, 6, 10).

Қизиқ, бўлмаса бундай хабарлар кимдан келар экан? Жинлардан! Улар инсоннинг ҳаётини кузатиб туришгани туфайли, бу одам қандай гапирган, нима қилган, нималарни билган ва ташқи кўриниши қандай бўлганидан хабардордир. Айнан шу сабабдан улар бемалол ўлган кишига ўзларини ўхшатишлари мумкин (1 Шоҳлар 28:3–19).

Уйдирма ҳикоялар

Марҳумлар тўғрисида ёлғон тарқатиш учун, Шайтон уйдирма ҳикоялардан фойдаланади. Улар кўпинча инсонларни Муқаддас Китоб ҳақиқатидан узоқлаштиради (2 Тимўтийга 4:4).

Айримлар нариги дунёдан қайтган кишини кўрдим, деб ҳисоблашади

Масалан Африкада, ўлиб кетган кишини тирик кўришгани тўғрисидаги уйдирма ҳикоялар кенг тарқалган. Одатда бу одамни, яшаш жойидан ниҳоятда узоқ ерда кўришган эмиш. Сизнингча, агар одам ўлганидан кейин ҳаётга қайтган бўлса, у ўз оиласи ва дўстларидан жуда узоқда яшаган бўлармиди?

Улар кўрган одам вафот этган кишига шунчаки ўхшаши мумкин. Мисол учун, Яҳованинг Шоҳидлари бир қишлоқда ваъз қилишаётганида, орқаларидан бир неча соат мобайнида эргашиб келаётган бир кишини пайқаб қолишди. Бу киши уларнинг бирини анча йил олдин вафот этган акасига ўхшатганини айтди. Албатта, у киши адашганди, лекин унинг ишончи бунга комил эди. Кейин бу одам дўстлари ва қўшниларига бу ҳақда нималарни ҳикоя қилиб берганини бир тасаввур қилиб кўринг-а!

Ваҳийлар, тушлар ва овозлар

Жинлар туш, ваҳий ва овозлардан фойдаланиб одамларни алдашяпти

Айрим инсонлар ваҳийлар, тушлар ва овозлар каби ажиб нарсаларнинг гувоҳи бўлганини эшитгандирсиз. Бундай ғайритабиий воқеалар одатда одамларни қўрқувга солади. Ғарбий Африкада яшаган Марейн исмли аёл, тез-тез тунда уни чақираётган марҳум бувисининг овозини эшитарди. Марейн қўрққанидан бақириб, бутун уйдагиларни уйғотиб юборар эди. Охир оқибатда у ақлдан озди.

Хўш, агар ўлганлар чиндан ҳам яшашни давом этаётган бўлишса, ўз яқинларини қўрқитишармиди? Албатта йўқ. Бу даҳшатли овозлар жинлардан келиб чиқмоқда.

Аммо хабарлар фойдали ва тасалли берадиган бўлиб туюлса-чи? Масалан, Сьерра-Леонедаги Гбассай исмли бир аёл касал бўлиб қолганида, унинг қазо қилган отаси тушига кирди. Тушида отаси унга, бир дарахтнинг баргини узиб, сув билан аралаштириб ичишни буюрди. Шундай қилмагунича, у ҳеч ким билан гаплашмаслиги керак эди. Гбассай шундай қилгач, тез орада тузалиб кетди.

Бошқа аёлнинг таърифи бўйича, у эрининг ўлимидан кейинги кечасиёқ уни тушида кўрган. Бу аёлнинг айтишича, эри чиройли кийинган бўлиб, кўриниши ҳам яхши эмиш.

Бундай хабарлар ҳамда ваҳийлар яхши ва фойда келтирадиган бўлиб туюлади. Бироқ, улар Аллоҳданмикин? Асло! Худованд Яҳова — «Ҳақ Таоло» (Забур 30:6). У ҳеч қачон бизни алдамайди ёки йўлдан оздирмайди. Бу фақат жинларнинг қўлидан келади.

Лекин уларнинг ичида яхшилари ҳам борми? Йўқ. Баъзида улар ҳатто ёрдам берадигандек кўринишса-да, уларнинг ҳаммаси ёвуз. Эсингизда бўлса, Шайтон Момо Ҳаво билан жуда хушмуомала эди (Ибтидо 3:1). Аммо Момо Ҳаво унинг гапига кириб, айтганини қилганидан кейин нима юз берди? Оқибатда у ўлди.

Шайтон мутлақо ўлмайсан, деб айтди. Момо Ҳаво унинг гапига кириб, оқибатда ўлди

Маълумки ёмон одам кимнидир алдаб, уни тўғри йўлдан оздиришни хоҳласа, у ўзини жуда ҳам хушмуомала қилиб кўрсатади. Бир мақолда айтилганидай: «Илоннинг усти зар, ичи заҳар». Муқаддас Китобда ҳам бунинг исботи мавжуд: «Шайтоннинг ўзи ҳам нурли фариштанинг қиёфасини олади» (2 Коринфликларга 11:14).

Худо ҳозирги пайтда ваҳийлар, тушлар ва овозлардан фойдаланиб, одамларга хабарлар бермаяпти. Аксинча, Муқаддас Китоб орқали Аллоҳ «ҳар қандай яхши ишга қобил» бўлишимиз учун йўл-йўриқ кўрсатмоқда (2 Тимўтийга 3:17).

Шундай қилиб, Тангри Яҳова бизни севги ила Шайтоннинг тузоқларидан асраб қолмоқчи. Зеро У, жинлар хавфли душманлар эканини билади.