Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- БОБ

Нима учун Исо Улуғ Устоз бўлган?

Нима учун Исо Улуғ Устоз бўлган?

ИККИ МИНГ йилдан кўпроқ вақт олдин ер юзида ажойиб бир бола туғилди. Бу болакай катта бўлиб, дунёдаги энг улуғ бир инсонга айланди. Ўша вақтларда на самолёт, на машиналар бўлган. Бундан ташқари телевизор, компьютер ва Интернет ҳам бўлмаган.

Бу боланинг отини Исо қўйишди. У ер юзида энг доно киши бўлиб улғайди. Шунингдек, Исо зўр бир устоз бўлиб етишди. У қийин нарсаларни оддий ва тушунарли қилиб айтиб берарди.

Исо одамларни ҳар хил жойларда ўргатарди. У денгиз соҳилида ва қайиқда туриб, уйларга бориб ҳамда йўлда кетаётиб дарс берарди. Исонинг машинаси бўлмаган, у автобусга ҳам, поездга ҳам минмаган. Ҳа, Исо пиёда юриб, одамларга таълим берарди.

Бошқа одамлардан биз кўп нарсани ўрганишимиз мумкин, шундай эмасми?! Лекин энг муҳим нарсаларни биз Улуғ Устоз бўлмиш Исодан ўргансак бўлади. Унинг гаплари Муқаддас Китобда ёзилган. Ушбу гапларни тинглаганимизда, биз худди Исонинг ўзига қулоқ солгандай бўламиз.

Хўш, нима учун Исо Улуғ бир Устоз бўлган? Чунки унинг ўзида ҳам Устоз бўлган. Шунинг учун Исо тинглаш қанчалик муҳим эканини билган. Аммо Исо кимга қулоқ солган экан-а? Унинг Устози ким бўлган? ~ Унинг Устози Отаси бўлган. Исонинг Отаси эса Худо.

Ерга инсон бўлиб келишдан аввал, Исо осмонда Худо билан яшаган. Исо шуниси билан бошқа одамлардан ажралиб туради. Ахир ҳеч бир одам дунёга келишдан олдин осмонда яшамаган-да. Осмонда Исо яхши бир Ўғил бўлиб, Отасига қулоқ соларди. Шунинг учун Исо Худодан ўрганган нарсаларни одамларга етказиб бериши мумкин эди. Демак, дадажонингиз ва аяжонингизга қулоқ солсангиз, Исога ўхшаган бўласиз.

Исонинг Улуғ Устоз бўлишининг яна бошқа сабаби — у одамларни яхши кўрган. У одамларга Худо тўғрисида билиб олишларига ёрдам беришни хоҳлаган. Тўғри, Исо катталарни яхши кўрган, лекин у болажонларни ҳам севган. Болаларга ҳам Исо билан бирга бўлиш жуда ёқарди, чунки у болакайлар билан гаплашарди ва уларни тингларди.

Нега болалар Исонинг ёнида бўлишни ёқтиришарди?

Бир куни ота-оналар Исонинг олдига болажонларини олиб келишди. Аммо Исонинг ўртоқлари Улуғ Устознинг болакайлар билан гаплашишга вақти йўқ, деб ўйлашган. Хуллас, Исонинг ўртоқлари ота-оналар болажонларини олиб кетишларини айтишди. Аммо Исо нима деган экан-а? ~ Исо: «Болажонларга тўсқинлик қилманглар, олдимга келаверишсин»,— деди. Ҳа, Исо, болакайлар унинг олдига келишларини хоҳларди. Гарчи Исо жудаям доно ва машҳур одам бўлган бўлса-да, у болажонларга дарс бериш учун вақт ажратарди (Марк 10:13, 14).

Биласизми нима учун Исо болаларга таълим берарди ва уларни тингларди? У болакайларни бахтиёр кўришни хоҳларди, шунинг учун Исо уларга осмондаги Отаси — Худо ҳақида айтиб берарди. Сиз-чи, одамларни қандай бахтли қилишингиз мумкин? ~ Уларга Худо ҳақида билиб олган нарсаларни айтиб берсангиз бўлади.

Бир куни Исо ўртоқларига муҳим сабоқ бериш учун жажжи болакайни мисол қилиб олди. Исо ўша болани чақириб, шогирдларнинг ўртасига қўйди. Кейин Исо ўша кап-катта кишиларга ўзгариб, шу болакай каби бўлиш кераклигини айтди.

Катталар ҳам, ёшлар ҳам жажжи болакайдан нимани ўрганишлари мумкин?

Хўш, Исо бу билан нима айтмоқчи бўлган? Кап-катта кишилар ва ҳатто ёшлар қандай қилиб ўша болакай каби бўлишлари керак-а? ~ Жажжи болакай катталарга қараганда кўп нарсани билмайди, шунинг учун ўрганишга тайёр бўлади. Демак, Исо ўша гаплари билан шогирдлари шу болакайга ўхшаб камтарин бўлишлари кераклигини айтмоқчи эди. Ҳа, биз бошқа инсонлардан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Исо ўргатган нарсалар эса шахсий фикрларимиздан ҳам муҳимроқдир (Матто 18:1–5).

Исонинг Улуғ Устоз бўлганига яна бир сабаб, у ҳикояларини одамларга қизиқарли қилиб айтиб берарди. У содда ва аниқ тушунтирарди. Исо, одамларга Худо тўғрисида айтиб бериш учун қушлар, гуллар ва бошқа оддий нарсаларни мисол қилиб оларди.

Кунларнинг бирида Исо тоғ бағрида бўлганида, унинг олдига кўп одамлар келди. Кейинги бетдаги расмда кўриб турганингиздек, Исо ўтириб гапира бошлади. Унинг бу гаплари «Тоғдаги ваъз» деб номланади. «Қушларга бир қаранглар,— деди Исо. — Улар уруғ экишмайди, ҳосил ҳам ўришмайди ва омборга дон ҳам йиғишмайди. Аммо Худо уларга овқат беради. Сизлар эса улардан анча қадрлироқсиз!»

Қушлар ва гуллар тўғрисида гапириб, Исо нимани ўргатмоқчи эди?

Кейин Исо: «Даштдаги пиёзгуллардан ибрат олинглар — деб айтди. — Бу гуллар умуман меҳнат қилишмайди. Қаранглар, улар нақадар чиройли-а! Ҳатто бой шоҳ Сулаймон ҳам шу даладаги пиёзгулларнинг ҳеч биридай кийинмаган. Агар Худо гулларни шундай кийинтириб қўйган бўлса, унда сизларни ҳам кийинтириб қўймайдими?» (Матто 6:25–33).

Исо нималарни ўргатмоқчи бўлган экан? ~ Исо, биз овқатни ёки кийимни қаердан топамиз деб хавотир олишимизни хоҳламаган. Биз бунга муҳтож эканимизни Худо билади. Шу билан Исо биз овқат ва кийим топиш учун ишламасак ҳам бўлади, демоқчи эмасди. Аммо Исо бу сўзлар билан Худо ҳаётимизда биринчи ўринда туриши кераклигини айтмоқчи бўлган. Агар биз шундай йўл тутсак, Худо бизда овқат ва кийим бўлишига ғамхўрлик қилади. Сиз-чи, бунга ишонасизми? ~

Хўш, Исонинг гапларига одамлар қандай муносабат билдиришди? ~ Муқаддас Китобда айтилишича, Исонинг гапларига инсонлар қойил қолишди. Ҳа, уни тинглаш уларга жудаям ёқарди. Чунки унинг гаплари уларга тўғри йўл тутишга ёрдам берарди (Матто 7:28).

Чиндан ҳам, Исога қулоқ солиш жудаям муҳим. Буни қандай қилиш керак экан? ~ Унинг гаплари битта китобда ёзиб қолдирилган. Биласизми, бу қайси китоб? ~ Бу Муқаддас Китоб. Ушбу китобни диққат билан ўқисак, Исога қулоқ солган бўламиз. Аслида, Исога қулоқ солишимиз кераклигини Худо ҳам айтган. Муқаддас Китобда бу тўғрисида қизиқарли бир ҳикоя бор. Келинг, ўшанда нима бўлганини билиб олайлик.

Бир марта Исо учта ўртоғини баланд бир тоққа олиб чиқди. Ўртоқларининг исмлари Ёқуб, Юҳанно ва Бутрус эди. Кейинчалик биз улар ҳақида кўпроқ билиб оламиз, чунки улар Исонинг яқин дўстлари эди-да. Лекин бу сафар ғалати бир нарса юз берди! Исонинг юзи қуёш каби ярқираб кетди. Унинг кийими эса, расмда кўриб турганингиздек, қордай оппоқ бўлиб қолди.

«Бу Менинг севикли Ўғлимдир... Унга қулоқ солинглар»

Қўққисдан Исо ва ўртоқлари осмондан бир садони эшитишди: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар» (Матто 17:1–5). Бу кимнинг овози бўлган экан-а? ~ Бу Худонинг овози эди! Ҳа, Худонинг Ўзи улар Ўғлига қулоқ солишлари кераклигини айтди.

Биз-чи? Худога итоат қилиб, Унинг Ўғлига қулоқ соламизми? ~ Аслида ҳаммамиз Исога қулоқ солишимиз керак. Буни қандай қилишимиз мумкин, айтинг-чи? ~

Муқаддас Китобда Исонинг ҳаёти тўғрисида ёзилган ҳикояларни ўқиб, Худонинг Ўғлига қулоқ солишимиз мумкин. Чиндан ҳам, Улуғ Устозимиз бизга кўп қизиқарли нарсаларни айтиб бериши мумкин. Муқаддас Китобда ёзилган барча нарсалар тўғрисида билиб олиш сизга албатта ёқади. Билиб олган яхши нарсаларни ўртоқларингизга ҳам айтиб берсангиз янада хурсанд бўласиз.

Исога қулоқ солиш қанчалик муҳим эканига ишонч ҳосил қилиш учун, Муқаддас Китобингизни очиб, Юҳанно 3:16; 8:28–30; Ҳаворийлар 4:12- оятларни ўқинг.