Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

4- БОБ

Худонинг исми бор

Худонинг исми бор

СИЗ биронтаси билан танишаётиб, биринчи бўлиб ундан нимани сўрайсиз? ~ Тўғри, унинг исмини. Ҳаммамизнинг исмимиз бор. Худо ер юзидаги биринчи инсонга Одам деган исм берган. Унинг хотинига эса Ҳаво деган исм қўйилган. Улар инсониятнинг ота-онаси бўлгани учун Одамато ва Момоҳаво деб аталади.

Бироқ, исм фақатгина инсонларга қўйилмайди. Яна кимга ёки нимага исм қўйилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг-чи. Кимдир сизга қўғирчоқ ёки кучукча совға қилса, сиз унга исм қўясиз, тўғрими? ~ Ҳа, исмга эга бўлиш жуда муҳим.

Кечаси осмонга қарасангиз, кўпгина юлдузларни кўрасиз. Нима деб ўйлайсиз, уларнинг ҳам исмлари борми? ~ Албатта, Худо ҳар битта юлдузчага исм берган. Муқаддас Китобда айтилишича, Худо «юлдузларнинг сонини аниқлаб чиқади, уларнинг ҳаммасига ном беради» (Забур 146:4).

Сиз ҳар бир юлдузнинг исми борлигини билармидингиз?

Сизнингча, бутун оламда энг катта шахс ким? ~ Баракалла, бу Худодир. Қизиқ, Унинг ҳам исми бормикан? ~ Бўлмасам-чи! Бир марта Исо ибодат қилиб, Худонинг исми борлигини айтган. У: «Мен Сенинг исмингни шогирдларимга айтдим»,— деган (Юҳанно 17:26). Худонинг исми нима экан, биласизми? ~ Буни бизга Худонинг Ўзи очиб берган. У шундай деган: «Мен Яҳоваман. Бу менинг исмимдир». Демак, Худонинг исми ЯҲОВА экан (Ишаё 42:8, ЯДТ).

Биров сизнинг исмингизни эсда тутса, хурсанд бўласизми? ~ Албатта хурсанд бўласиз, тўғрими? ~ Яҳова ҳам, одамлар Унинг исмини билишларини хоҳлайди. Шунинг учун, биз Худо тўғрисида гапирганимизда, Унинг исмини айтишимиз керак. Улуғ Устоз ҳам одамларга Худо ҳақида гапирганда, доим Унинг исмини айтарди. Бир марта Исо шундай деган: «Тангринг Яҳовани бутун қалбинг билан сев» (Марк 12:30).

Исо билардики, «Яҳова» — бу жуда муҳим исмдир. Шунинг учун у шогирдларига Худонинг исмини айтишни ўргатган. У ҳатто ибодатда Худонинг исмини айтиш керак деган. Ахир Худо, Ўзининг Яҳова деган исмини ҳамма билиб олишини хоҳлаган ва Исо буни яхши тушунган.

Бир вақтлар Худо, исмининг муҳимлигини Мусога кўрсатган эди. Мусо Исроил халқидан бўлган. Ўша вақтларда исроилликлар Миср деган юртда яшар эдилар. Бу юртда яшовчилар, мисрликлар деб номланарди. Улар исроилликларни қул қилиб олиб, кўп азоб беришган. Мусо катта бўлгач, ўзининг халқидан бўлган бир кишига ёрдам бермоқчи бўлди. Бу ҳақда фиръавн деб аталган Миср подшоҳи билиб қолиб, роса жаҳли чиқди. У Мусони ўлдирмоқчи эди! Шунда Мусо Мисрдан қочиб кетишга мажбур бўлди.

Мусо бошқа юртга кетди. Бу юрт Мидиён деб номланарди. Ўша ерда у уйланиб, оиласига ғамхўрлик қила бошлади. Бундан ташқари, Мусо чўпонлик ҳам қиларди. Бир куни у тоғ ёнида қўй боқиб юрганда, ажойиб нарсани кўриб қолди. Мусо қараса, бир бута алангаланиб турибди-ю, ёниб тугамаяпти! Шунда у яхшироқ кўрай, деб бутанинг ёнига борди.

Кейин нима бўлди, биласизми? ~ Мусо ёнаётган бутанинг ичидан бир овоз эшитди. Ўша овоз: «Мусо! Мусо!» — деб чақира бошлади. Қизиқ, бу чақираётган ким экан? ~ Бу Худонинг овози эди! Худо Мусога муҳим бир топшириқ бермоқчи эди. У шундай деди: «Мен сени Миср подшоҳи олдига юбораман ва сен халқим Исроилни Мисрдан олиб чиқасан». Худо бу ишда Мусога ёрдам беришни ваъда қилди.

Мусо ёнаётган бута олдида қандай муҳим нарсани билиб олган?

Лекин Мусо Худога шундай деди: «Хўп, мен Мисрга бориб, исроилликларга: “Олдингизга мени Худо юборди”, дейман. Аммо улар: “Унинг исми нима?” — деб сўрашса, қандай жавоб бераман?» Шунда Худо Мусога деди: «Исроилликларга: “Мени Яҳова юборди”,— деб айт. Менинг исмим тоабад шундай бўлсин» (Чиқиш 3:1–15, ЯДТ). Бундан кўриниб турибдики, Худо Ўзининг Яҳова деган исмини абадий сақламоқчи. У исмини ҳеч қачон ўзгартирмайди. Худо, одамлар Уни доимо Яҳова деб аташларини хоҳлайди.

Худо Қизил денгиз ёнида исмини қандай таниқли қилди?

Шундай қилиб, Мусо Мисрга қайтиб борди. Ўша даврда мисрликлар Яҳовани исроилликларнинг кичик бир худоси, деб ўйлашарди. Аслида Яҳова бутун оламнинг Парвардигори эканини улар хаёлига ҳам келтиришмасди. Шу сабабли, Яҳова Миср подшоҳига: «Мен исмимни бутун дунёга танитмоқчиман»,— деди (Чиқиш 9:16, ЯДТ). Ҳақиқатан ҳам Яҳова айтганидай қилди. Буни қандай қилди, биласизми? ~

Худо Мусога исроилликларни Мисрдан чиқаришни буюрди. Улар Қизил денгиз ёнига келишганда, Яҳова денгизни ёриб, ўртадан йўл очди. Шунда исроилликлар қуруқ ердан юриб, нариги томонга ўтишди. Фиръавн эса ўзининг аскарлари билан уларнинг орқасидан қувиб кетди. Ўшанда девор каби тик турган денгиз сувлари бирдан ёпилиб, мисрликларни чўктириб юборди ва ҳаммаси ўлди.

Кўп ўтмай, Яҳова Қизил денгизда нима қилгани ҳақида барча халқлар билиб олди. Биз буни қаердан биламиз? ~ Орадан 40 йилча ўтиб, исроилликлар Канъон юртига етиб келишди. Яҳова бу юртни уларга беришни ваъда қилган эди. Ўша ерда Раҳоба исмли бир аёл, иккита исроиллик кишига шундай деган эди: «Сизлар Мисрдан чиққанингиздан кейин Яҳова олдингизда Қизил денгиз сувларини қуритганини биз эшитдик» (Ёшуа 2:10, ЯДТ).

Ҳозирги вақтда кўп одамлар ўша мисрликларга ўхшашади. Улар, Яҳова бутун оламнинг Парвардигори эканига ишонишмайди. Шунинг учун Яҳова, хизматчилари У ҳақда бошқаларга айтиб беришларини хоҳлайди. Исо айнан шундай қиларди. Ер юзидаги ҳаётининг охирги дамларида у Яҳовага ибодат қилиб: «Мен Сенинг исмингни уларга айтдим»,— деган (Юҳанно 17:26).

Исо Худонинг исмини бошқаларга айтарди. Сиз Муқаддас Китобдан Худонинг исмини кўрсата оласизми?

Сиз ҳам Исо каби бўлишни хоҳлайсизми? Унда бошқаларга, Худонинг исми Яҳова эканлигини айтинг. Кўрасиз, кўпчилик буни билмайди. Сабаби, Муқаддас Китобни таржима қилаётиб, баъзи одамлар Худонинг исмини олиб қўйиб, ўрнига «Эгамиз» деб ёзишган. Мисол учун, Чиқиш 3:15- ояти ва изоҳидаги маълумотга қаранг. Шунингдек, Таврот китобининг луғатида ҳам: «Кўп таржималар, жумладан, бизнинг таржимамиз ҳам... Худонинг атоқли исмини ишлатмай, ўша сўзнинг ўрнига Эга сўзининг маъносини берадиган сўз ишлатади»,— дейилган.

Юқоридаги оятдан нимани билиб олдик? ~ Ҳа, кўряпмизки, Яҳова — дунёдаги энг муҳим исм экан. Бу, Исонинг Отаси бўлмиш Қодир Худонинг исмидир. Бу, ҳамма нарсани яратган Зотнинг исмидир. Эсингизда бўлса Исо, Худойимиз Яҳовани бутун қалбимиз билан севишимиз керак, деб айтган эди. Сиз Яҳовани яхши кўрасизми? ~

Яҳовани яхши кўришимизни қандай кўрсата оламиз? ~ Биз У билан яхшироқ танишиб, дўстлашиб олишимиз керак. Яна, Унинг исми Яҳова эканини бошқаларга айтишимиз лозим. Шунингдек, Яҳованинг биз учун қилган кўпгина ажойиб ишлари ва яхшиликлари тўғрисида гапириб берсангиз бўлади. Яҳова бундан жудаям хурсанд бўлади, чунки бошқалар У ҳақда билиб олишларини хоҳлайди-да. Биз эса, У ҳақда билганларимизни бошқаларга айтиб беришимиз мумкин, тўғрими? ~

Лекин ҳамма одамлар ҳам Яҳова ҳақида эшитгиси келмайди. Ҳатто Улуғ Устозимиз Исо Худо тўғрисида гапирганда ҳам, баъзилар уни тингламаган. Аммо Исо барибир Яҳова ҳақида гапираверган.

Шундай экан, биз ҳам Исога ўхшаб, Яҳова тўғрисида гапираверайлик. Шундай қилсак, биз Яҳованинг исмини яхши кўрганимизни кўрсатамиз. Худойимиз Яҳова эса бундан жудаям хурсанд бўлади.

Энди келинг, биргаликда Муқаддас Китобни очиб, бир нечта оятни ўқийлик. Бу оятларда, Худонинг исми қанчалик муҳимлиги кўрсатилган: Ишаё 12:4, 5; Матто 6:9; Юҳанно 17:6 ва Римликларга 10:13.