Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- БОБ

«Бу менинг ўғлим»

«Бу менинг ўғлим»

БОЛАЛАР ўзларини яхши тутишса, уларни тарбиялаётган катталар роса хурсанд бўлишади. Масалан, қизи бир ишни яхши бажарса, дадаси суюниб, бошқаларга: «Бу менинг қизим»,— дейди. Ўғли яхши иш қилса, дадаси фахрланиб: «Бу менинг ўғлим»,— дейди.

Исо доимо Отасига ёқадиган ишларни қилган. Шунинг учун Отаси у билан фахрланарди. Эсингиздами, Исо учта шогирди билан бирга бўлганда, Отаси нима қилган эди? ~ Ҳа, Худо осмондан уларга гапириб: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман»,— деган (Матто 17:5).

Исо ҳар доим, жон деб, Отасини хурсанд қиладиган ишларни бажаради. Биласизми нима учун? Чунки у Отасини чин дилдан севади. Бир иш шунчаки мажбурият юзасидан қилинса, қийин бўлиб кўринади. Аммо бажонидил қилинса, анча осон кечади. Ишни бажонидил қилиш нима дегани, биласизми? ~ Уни катта истак билан бажариш дегани.

Исо ер юзига келишдан олдин ҳам, Отаси хоҳлаган ҳамма ишни бажонидил қилган. Чунки у Отаси бўлмиш Тангри Яҳовани жудаям яхши кўради. Унга осмонда, Отасининг ёнида яшаш ёқарди. Лекин вақти келиб, Худо Исога муҳим бир топшириқ берди. Буни бажариш учун Исо осмондаги уйини қолдириб, ер юзида чақалоқ бўлиб туғилиши керак эди. Исо бунга жон деб рози бўлди, ахир бу ишни бажаришни Отаси Яҳова илтимос қилган эди-да.

Жаброил фаришта Марямга нима деди?

Шундай қилиб, Исо ер юзида чақалоқ бўлиб туғилди. Унинг онаси ким эди, биласизми? ~ Марям эди. Яҳова Марямнинг олдига осмондан Жаброил деган фариштасини юборди. Жаброил Марямга бир ўғил туғишини айтди. Боланинг исмини Исо деб қўйиши керак эди. Қизиқ, унинг дадаси ким бўларкан? ~ Фариштанинг сўзларига кўра, боланинг Отаси Тангри Яҳова бўлади. Ана шунинг учун Исони Худонинг Ўғли дейишади.

Нима деб ўйлайсиз, буни эшитгач Марям ўзини қандай ҳис қилган экан? ~ «Мен Исонинг онаси бўлишни хоҳламайман»,— деб айтганми? Йўқ. Марям Худонинг хоҳишини бажаришга тайёр эди. Бироқ, осмонда яшаган Худонинг Ўғли, қандай қилиб ер юзида чақалоқ бўлиб туғилиши мумкин эди? Исонинг туғилиши бошқа болаларникидан нимаси билан фарқ қиларди? Сиз буни биласизми? ~

Худо биринчи эркак билан аёлни — Одамато ва Момоҳавони ажойиб яратган. Улар ўзгача тарзда яқинлашишганда, онанинг қорнида бола катта бўла бошлайди. Одамлар буни мўъжиза дейишади! Сиз ҳам бунга қўшилсангиз керак.

Лекин Худо бундан ҳам зўр мўъжиза яратди. У осмондаги Ўғлининг ҳаётини олиб, Марямнинг қорнига солиб қўйди. Худо ҳали ҳеч қачон бунақа қилмаган эди, бундан кейин ҳам қилмади. Натижада Исо, бошқа болалар каби, онаси Марямнинг қорнида катта бўла бошлади. Кейинчалик, Марям Юсуфга турмушга чиқди.

Исонинг туғилиши яқинлашиб қолганда, Марям билан Юсуф Байтлаҳм шаҳрига келишди. Аммо шаҳарда одам кўп эди. Марям билан Юсуф тунаб қолиш учун уй топа олмай, ҳайвонларни сақлайдиган жойда тўхташди. Ўша ерда Марям Исони туғди ва расмда кўриниб турганидек, уни охурга ётқизиб қўйди. Охур — бу ҳайвонларга овқат соладиган идишдир.

Нима учун Исони охурга ётқизишяпти?

Исо туғилган кечада ажойиб бир воқеа юз берди. Байтлаҳм шаҳри яқинида, баъзи чўпонларга фаришта кўринди. Фаришта уларга Исонинг муҳим бир инсон бўлишини айтди. У шундай деди: «Қўрқманглар! Мен сизларга бутун инсонларга чексиз қувонч бахш этадиган хабар келтирдим. Бугун сизлар учун бир нажоткор туғилди» (Луқо 2:10, 11).

Бу фаришталардан бири чўпонларга қанақа хушхабар айтди?

Фаришта чўпонларга, Исонинг Байтлаҳмда охурда ётганини айтди. Шундан сўнг, тўсатдан осмонда кўпгина бошқа фаришталар пайдо бўлди. Улар шундай дея Худони улуғлашарди: «Худога шон-шарафлар бўлсин! Ер юзида ҳам, Уни мамнун қилувчи инсонлар тинч-тотувликда яшашсин» (Луқо 2:12–14).

Фаришталар кетиши билан, чўпонлар Байтлаҳмга бориб, Исони топишди. Улар Юсуф билан Марямга барча эшитганларини айтиб беришди. Ўшанда Марям Исонинг онаси бўлишга розилик берганидан қанчалар хурсанд бўлганини тасаввур қилинг-а!

Вақт ўтиб, Юсуф ва Марям Исо билан бирга Носира шаҳрига кўчиб кетишди. Ўша ерда Исо катта бўлиб, жуда муҳим бир таълим бериш ишини бошлади. Бу иш, Тангри Яҳованинг унга берган топшириқларидан бири эди. Исо осмондаги Отасини жуда севгани учун бу топшириқни жон деб бажарди.

Исо Улуғ Устоз бўлишдан олдин, Яҳё пайғамбар томонидан Иордан дарёсида сувга чўмдирилди. Бу билан у Худонинг иродасини бажаришга тайёр эканини кўрсатди. Ўшанда ажойиб бир воқеа юз берди! Исо сувдан чиқиши биланоқ, осмондан Яҳованинг овози эшитилди. У шундай деди: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман» (Матто 3:17). Ота-онангиз сизни яхши кўришларини айтишса, бу сизга ёқадими? ~ Исога ҳам Отасининг сўзлари жуда ёққан бўлса керак.

Исо доимо тўғри йўл тутарди. У ўзини бошқалардан фарқли қилиб кўрсатишга уринмасди. У одамларга, мен Худоман, демаган. Жаброил фаришта Марямга, Исо Худонинг Ўғли деб номланишини айтган. Исо ҳам ўзини Худонинг Ўғли деб номлаган. У Отасидан ҳам кўпроқ билишини айтмаган. Исо: «Отам мендан улуғроқдир»,— деган (Юҳанно 14:28).

Ҳатто осмонда бўлганида ҳам, Исо Отаси берган вазифаларни бажарарди. У аввалига: «Хўп, бўлади»,— деб, кейин бошқа ишни қилмасди. У Отасини яхши кўрарди. Шунинг учун у, Отасининг гапига қулоқ соларди. Кейинчалик, Исо ер юзига келганда, Отаси нима учун юборган бўлса, ҳаммасини бажарди. У вақтини бекорга ўтказмасди. Шу сабабдан, Яҳова Ўғли билан жуда фахрланган!

Биз ҳам Яҳовани хурсанд қилишни хоҳлаймиз, тўғрими? ~ Ундай бўлса, Исога ўхшаб, Худонинг гапларига қулоқ солишимиз керак. Худо бизга Муқаддас Китоб орқали гапиради. Агар ўзимизни Худога қулоқ солгандай қилиб кўрсатиб, Муқаддас Китобга зид бўлган нарсаларга ишонсак ёки Худога ёқмайдиган ишларни қилсак, тўғри бўладими? ~ Унутманг, Яҳовани чин юракдан севсаккина, Унга ёқадиган ишларни қила оламиз ва бундан ўзимиз ҳам бахтиёр бўламиз.

Энди эса Муқаддас Китобни очиб, Исо ҳақида билишимиз ва ишонишимиз керак бўлган нарсаларни ўқиб чиқинг: Матто 7:21–23; Юҳанно 4:25, 26 ва 1 Тимўтийга 2:5, 6.