Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

14- БОБ

Нега кечиримли бўлишимиз керак?

Нега кечиримли бўлишимиз керак?

СИЗНИ қачондир хафа қилишганми? ~ Балки сизга қўпол муносабат қилишган ёки ёмон гап айтишгандир? ~ Шунда ёмонликни ёмонлик билан мағлуб қилса бўладими? ~

Одатда одамни хафа қилишса, бунга жавобан у ҳам хафа қилади. Аммо Исо, бизга қўпол муносабат қилган одамларни кечиришимиз кераклигини ўргатган (Матто 6:12). Агар одам бизни бир неча марта хафа қилган бўлса-чи? Неча марта уни кечиришимиз керак? ~

Буни Бутрус ҳам билмоқчи эди. Бир куни у Исодан: «Мени хафа қилган кишини етти марта кечирсам етадими?» — деб сўради. Бироқ, етти марта етарли эмас. Исо унга шундай жавоб берди: «Сени хафа қилганларни етти марта эмас, етмиш етти марта кечиришинг керак».

Кечиримли бўлиш тўғрисида Бутрус нимани билмоқчи эди?

Ахир бу жуда кўп-ку! Бировнинг бизга қарши неча марта гуноҳ қилганини ҳисоблаб ўтирмаймиз-ку, шундай эмасми? Айнан шуни Исо айтмоқчи бўлган. Биз кек сақламаслигимиз ҳамда бизни қанча хафа қилишганини ҳисобламаслигимиз лозим. Агар кимдир биздан кечирим сўраса, уни кечиришимиз зарур.

Исо шогирдларига кечиримли бўлиш қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқчи бўлди. Шунинг учун, Бутруснинг саволига жавоб бериб, шогирдларига ибрат бўладиган бир воқеа айтиб берди. Бу воқеа қандай бўлганини эшитмоқчимисиз? ~

Қадим замонда бир яхши подшоҳ яшарди. У жуда ҳам меҳрибон эди. У ўз қулларига ёрдам керак бўлганда қарзга пул бериб турарди. Бир куни подшоҳ пулларини қайтиб олмоқчи бўлди. Бир қул унга 60 миллион танга қарз эди. Бу жудаям катта пул эди!

Қул қарзини тўлаш учун кўпроқ вақт беришни илтимос қилганда, подшоҳ нима қилди?

Лекин ўша қул барча пулини сарфлаб, қайтаришга ҳеч нарсаси йўқ эди. Шунда подшоҳ бу қулни сотиб юборишни буюрди. Шунингдек, подшоҳ қулнинг хотинини, бола-чақаси билан бор будини сотиб юборишни амр этди. Шундай қилиб, бундан тушган пул қарзни қопларди. Нима деб ўйлайсиз, бу ҳақда хабар топган қул ўзини қандай ҳис қилган? ~

Ўша қул подшоҳнинг олдида тиз чўкиб, шундай дея ёлвора бошлади: «Илтимос, менга вақт беринг ва мен сиздан олган қарзимни қайтараман». Агар сиз подшоҳнинг ўрнида бўлганингизда нима қилардингиз? ~ Подшоҳ қулга раҳм қилиб, уни кечирди. «Сен озодсан,— деди унга подшоҳ,— бутун қарзингдан, шу 60 миллион тангадан ҳам кечдим». Қул қанчалик бахтиёр бўлиб кетгандир-а!

Бироқ қул шундан кейин нима қилган экан? У ўша ердан чиқиб, йўлда ўзига юз танга қарздор бўлган одамни учратди. Ўша кишини бўғиб: «Менга юз тангамни қайтариб бер!» — деди. Ҳозиргина подшоҳ бу кишининг катта қарзидан кечганди, у эса бошқасидан юз тангасини қайтариб беришини сўраяпти-я! Буни тасаввур қила оласизми? ~

Шериги қарзини бера олмаганда, қул унга қандай муносабат қилди?

Юз танга қарздор бўлган қул жудаям камбағал эди. У қарзини шу заҳотиёқ қайтара олмасди. Шунинг учун, тиз чўкиб шундай дея ялинди: «Илтимос, менга вақт беринг ва мен сизга ҳаммасини қайтариб бераман». Хўш, ўша киши унга вақт бериши керакмиди? ~ Сиз нима қилган бўлардингиз? ~

Ўша киши подшоҳ сингари меҳрибон бўлмаган. У кутишни хоҳламади ва пулларини қайтариб беришини талаб қилди. Лекин камбағал кишининг ҳеч нарсаси бўлмагани учун, ёмон одам уни қамоққа ташлади. Буларни кўриб турган бошқа қуллар ҳайрон қолишди. Уларнинг қамоққа ташланган камбағалга раҳми келди. Шунда улар подшоҳнинг олдига бориб, бор гапни айтиб беришди.

Подшоҳга ҳам ўша ёмон кишининг бундай қилиғи ёқмади. Раҳмсиз қулга унинг роса аччиғи келди. Кейин уни чақиртириб, шуларни айтди: «Сен ёмон қул экансан, ахир мен сенинг қарзингдан кечмаганмидим? Унда нега сен шафқатсизларча йўл тутиб, шеригингнинг қарзидан кечиб юбормадинг?»

Подшоҳ раҳмсиз қулни нима қилди?

Раҳмсиз қул подшоҳдан ўрнак олиши керак эди. Аммо у ҳеч нарсани уқиб олмади. Бу сафар подшоҳ уни қаммоққа ташлаб, ҳамма қарзини, яъни 60 миллион тангани тўламагунича у ердан чиқармасликларини буюрди. Лекин қамоқда шунча пулни қаердан олсин! Хуллас бу, ўша ёмон қул умр бўйи қамоқда ўтиришини англатарди.

Бу воқеани айтиб бўлгач, Исо шогирдларига: «Сизлар ҳам чин юракдан биродарингизни кечирмасангиз, самовий Отам ҳам сизлар билан худди шундай муомала қилади»,— деб айтди (Матто 18:21–35).

Хулоса қилиб айтганда, Худога бўлган қарзимиз кўп. Бундай олиб қарасак, У бизга ҳаёт берган, бу эса биз учун жудаям азиздир! Агар буни одамларнинг бизга бўлган қарзи билан солиштирсак, буларнинг ҳаммаси арзимаган нарсадир. Уларнинг бизга бўлган қарзлари ҳалиги камбағал киши шеригидан қарз бўлган юз танга кабидир. Худога бўлган бизнинг қарзимиз эса, яъни хатоларимиз, ёмон қул подшоҳга қарз бўлиб қолган 60 миллион тангага ўхшайди.

Худойимиз жудаям меҳрибон. Гарчи кўп хатоларга йўл қўйсак-да, у бизларни кечиради. У қарзини талаб қилмайди, акс ҳолда ҳаётимизни олиб қўярди. Лекин муҳим бир сабоқни яхшилаб уқиб олишимиз керак: бизни хафа қилган кишиларни кечирсаккина, Худо бизни кечиради. Бу жуда ҳам муҳим сабоқ, шундай эмасми? ~

Кимдир сиздан кечирим сўраса, нима қиласиз?

Хўш, кимдир сизга ёмон муносабат қилса, кейин эса олдингизга келиб кечирим сўраса, нима қиласиз? Уни кечирасизми? ~ Бу кўп маротаба такрорланса-чи? Уни ҳар сафар қечирасизми? ~

Агар биз хато қилиб, кейин кечирим сўрасак, бошқа киши бизни кечиришини истаймиз, тўғрими? ~ Шунинг учун биз ҳам бошқаларни кечиришимиз зарур. Уларни кечирганимизни айтишнинг ўзи етарли эмас, уларни ҳақиқатан, гина ва кек сақламай, чин юракдан кечиришимиз керак. Бундай йўл тутиб, Улуғ Устозимизнинг издошлари эканимизни кўрсатган бўламиз.

Кечиримли бўлиш қанчалик муҳим эканини тушуниш учун, келинг Ҳикматлар 19:11; Матто 6:14, 15 ва Луқо 17:3, 4- оятларни ўқийлик.