Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

23- БОБ

Одамлар нега касал бўлишади?

Одамлар нега касал бўлишади?

СИЗ бирон-бир касал инсонни танийсизми? ~ Эҳтимол, ўзингиз ҳам касал бўлгандирсиз. Балки шамоллагандирсиз ёки қорнингиз оғригандир. Айрим инсонлар жуда қаттиқ касалдирлар. Улар ҳатто бировнинг ёрдамисиз ўрнидан тура олишмайди. Кўпинча одам қариганда шундай бўлади.

Баъзида ҳамма одамлар касал бўлиб туришади. Биласизми, нега одамлар касал бўлиб, қариб, ўлишади? ~ Кунларнинг бирида, Исонинг олдига юра олмайдиган касал бир инсонни олиб келишди. Ўшанда Исо одамларнинг касал бўлиб ўлиши сабабини тушунтириб берганди. Хоҳласангиз, сизга бу ҳақда айтиб бераман.

Исо Жалила денгизи яқинидаги бир шаҳарга борган эди. Исони кўриш учун у турган уйга кўпгина одамлар келишди. Одам кўплигидан ўша уйга бошқа ҳеч ким кира олмасди. Ҳатто эшик олдига бирон инсон яқинлаша олмасди. Шунга қарамай, одамлар тинмай келаверишарди! Ўшанда бир неча киши тўшакка михланиб ётган шол одамни кўтариб келишди. У тўрт киши кўтарадиган замбилда, яъни каравотчада ётган эди.

Нима учун одамлар бу касал кишини Исонинг ёнига олиб келишганини биласизми? ~ Улар, Исо бу кишига ёрдам бера олишига ишонишган. Ҳа, Исо уни соғайтира олишига улар амин эдилар. Улар ўша шол кишини одамлар билан лиқ тўла уйга, Исонинг ёнига қандай олиб киришганини биласизми? ~

Буни қандай қилишгани расмда кўрсатилган. Аввал улар бу кишини томга олиб чиқишди. Уйнинг томи текис эди. Кейин улар томда катта тешик очишди. Охири ўша касал кишини тешикдан пастга, хонанинг ичига туширишди. Имонлари жуда кучли экан-а?!

Ўша хонада бўлган одамлар буни кўриб, қойил қолишди. Замбилда ётган шол одам нақ уларнинг ўртасига туширилган эди. Қизиқ, уни томдан туширишганига Исонинг жаҳли чиққанми? ~ Йўқ, асло! Исо уларнинг имонини кўриб, хурсанд бўлди. У шол одамга: «Гуноҳларингиз кечирилди»,— деди.

Исо шол одамга нима қилишни айтди?

У ердаги баъзи инсонлар, Исонинг бундай дейишга ҳаққи йўқ, деб ўйлашди. Исо гуноҳларни кечира олишига улар ишонгиси келмасди. Шунда Исо, чиндан ҳам гуноҳларни кечира олишини кўрсатиш учун шол кишига: «Ўрнингиздан туринг-да, замбилингизни олиб, уйингизга кетаверинг»,— деди.

Исо шундай дейиши биланоқ, шол одам соғайиб кетди! Энди у бировнинг ёрдамисиз ўрнидан туриб, юра оладиган бўлди. Бу мўъжизани кўрганларнинг оғзи очилиб қолди. Улар бунақа ажойиб ишни ҳали ҳеч қачон кўришмаган! Шундай касалликларни даволай оладиган Улуғ Устозни юборгани учун, улар Яҳовага ҳамду санолар айта бошлашди (Марк 2:1–12).

Бу мўъжизадан биз нимани билиб олдик?

Бу мўъжизадан биз нимани билиб олдик? ~ Исо гуноҳларни кечириш ва касалларни соғайтириш қудратига эга экан. Шунингдек, яна бир муҳим нарсани билиб олдик: одамлар гуноҳ дастидан касал бўлишяпти.

Баъзида ҳаммамиз касал бўлиб турамиз-ку. Наҳотки барчамиз гуноҳкор бўлсак? ~ Ҳа, Муқаддас Китобда айтилишича, ҳар биримиз гуноҳкор бўлиб туғилганмиз. Гуноҳкор бўлиб туғилиш ўзи нима дегани, биласизми? ~ Бу дегани, биз номукаммал бўлиб дунёга келганмиз. Баъзан хоҳламасак ҳам нотўғри ишлар қилиб қўямиз. Хўш, ҳамма одамлар қандай қилиб гуноҳкор бўлиб қолишганини биласизми? ~

Биз, илк инсон — Одамато Худога итоат қилмагани туфайли гуноҳкор бўлиб қолдик. У Худонинг қонунини бузиб, гуноҳ қилди. Шундай қилиб, Одаматонинг гуноҳи барчамизга ўтди. Қандай қилиб ўтди, биласизми? Буни тушунишингиз учун ҳозир сизга бир мисол келтираман.

Қандай қилиб ҳаммамиз гуноҳкор бўлиб қолдик?

Қолипга хамир солиб, нон пиширишганини кўргандирсиз. Агар қолипнинг эзилган жойи бўлса, нима бўлади? ~ Нон ҳам эзилган жойнинг изи билан чиқади, тўғрими? ~

Одаматони қолип билан, бизларни эса нон билан солиштирса бўлади. У Худонинг қонунини бузиб, номукаммал бўлиб қолди. Одаматода худди қолипдаги эзилган жой сингари из пайдо бўлди. Унинг болалари-чи, кимга ўхшаб туғилишди? ~ Уларнинг ҳаммасида номукаммаллик изи кўриниб қолди.

Болаларнинг кўпи кўзга ташланадиган камчиликлар билан, масалан қўлсиз ёки оёқсиз бўлиб туғилишмайди. Шундай бўлса-да, номукаммаллик уларга ёмон таъсир қилади. Бунинг дастидан улар касал бўлиб, охир-оқибат ўлишади.

Аммо баъзи инсонлар бошқаларга қараганда кўпроқ касал бўлишади. Нега бундай бўлади? Балки улар кўпроқ гуноҳкор бўлиб туғилишгандир? ~ Йўқ, ҳамма бир хил гуноҳкор бўлиб туғилади. Барчамиз номукаммал бўлиб дунёга келганмиз. Шунинг учун, бир кунмас бир кун ҳар бир инсон бирон-бир дардга йўлиқади. Ҳатто Худонинг ҳамма қонунларини бажаришга интилаётган ва ҳеч қандай ёмонлик қилмаётган инсонлар ҳам касал бўлишади.

Гуноҳдан қутулганимизда қандай соғлиққа эга бўламиз?

Унда нега айрим инсонлар бошқаларга қараганда кўпроқ касал бўлишади? ~ Бунинг кўпгина сабаблари бор. Эҳтимол, улар етарли даражада овқат ейишмаётгандир. Балки улар нотўғри овқатланишаётгандир. Улар ҳаддан ортиқ кўп қанд ёки ширинлик ейишса керак. Яна бир сабаби, улар жуда кеч ётиб, уйқуга тўйишмаётгандир. Ёхуд ҳаво совуқ бўлганда, ташқарига енгил кийиниб чиқишса керак. Баъзи инсонлар ўз соғлиғига яхши қарашса ҳам, уларнинг организми заиф бўлиб, турли хил юқумли касалликларга қарши кураша олмайди.

Қизиқ, инсонлар бошқа ҳеч қачон касал бўлмайдиган вақт келармикан? Бир кун келиб, биз гуноҳдан бутунлай қутуламизми? ~ Қани, эсланг-чи: Исо ўша шол одамга қандай ёрдам берди? ~ Унинг гуноҳларини кечириб, дардига шифо берди. Бу билан Исо, тўғри йўл тутишга интилаётган барча инсонлар учун келажакда нима қилишини кўрсатган.

Агар биз гуноҳ қилишни хоҳламаётганимизни ва ёмонликдан нафратланаётганимизни кўрсатсак, Исо бизни ҳам соғайтиради. Келажакда у ичимиздан номукаммалликни чиқариб ташлайди. У Худо Шоҳлигининг Подшоҳи бўлгани учун шундай қилади. Табиийки, гуноҳдан бир зумда эмас, аста-секин қутуламиз. Гуноҳдан бутунлай қутулганимизда, бошқа ҳеч қачон касал бўлмаймиз. Ўшанда барчамиз мукаммал соғлиққа эга бўламиз. Оҳ, қандай баракаларга эга бўлар эканмиз-а?!

Гуноҳ ҳар биримизга қандай таъсир қилиши тўғрисида кўпроқ билиш учун Аюб 14:4; Забур 50:7; Римликларга 3:23; 5:12 ва 6:23- оятларини ўқиб чиқинг.