Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

27- БОБ

Сизнинг Худойингиз ким?

Сизнинг Худойингиз ким?

СИЗНИНГ Худойингиз ким? Бу саволга жавоб топиш нега шунчалик муҳим? ~ Чунки одамлар кўп худоларга топинишади (1 Коринфликларга 8:5). Бир куни ҳаворий Павлус Яҳова берган куч билан юра олмайдиган кишини соғайтирди. Ўшанда буни кўрган одамлар: «Худолар инсон қиёфасига кириб, олдимизга тушибди»,— деб бақиришди. Одамлар Павлус ва унинг дўсти Барнабога сиғинмоқчи бўлишди. Улар Павлусни Гермес, Барнабони эса Зевс, дея сохта худоларнинг номи билан аташди.

Лекин Павлус ва Барнабо, одамларнинг уларга сиғинишларига йўл қўйишмади. Улар оломон орасига отилиб киришди-да, баланд овозда шундай дейишди: «Бефойда нарсалардан воз кечиб, барҳаёт Худога қайтинглар» (Ҳаворийлар 14:8–15). Бор нарсаларни яратган барҳаёт Худо ким? ~ Ҳа, бутун дунёда энг олий ёлғиз Яҳовадир. Исо ҳам Яҳовани танҳо ҳақ Худо деб атаган. Хўш, биз кимга топинишимиз керак? ~ Фақат Яҳовага! (Забур 82:19; Юҳанно 17:3; Ваҳий 4:11).

Нима учун Павлус билан Барнабо одамларнинг уларга сиғинишларига йўл қўйишмади?

Кўп одамлар «танҳо ҳақ Худога» топинмайдилар. Кўпчилик дарахт, тош ёки темирлардан ясалган нарсаларга сажда қилади (Чиқиш 32:4–7; Левилар 26:1; Ишаё 44:14–17). Ҳатто баъзида машҳур эркагу аёлларни санамлар ёки юлдузлар, деб аташади. Уларни шарафлаш тўғрими? ~

Шоул ҳаворий Павлус бўлгач шундай деб ёзган: «Бу дунёнинг тангриси имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилган» (2 Коринфликларга 4:4). Бу тангри ким экан? ~ Ҳа, Иблис Шайтон! У шундай қилдики, кўп инсонлар одамга ва турли нарсаларга сиғинадиган бўлишди.

Шайтон Исога, унга тиз чўкиб сажда қилишини таклиф этганида, Исо нима деб жавоб қайтарди? ~ Исо шундай деди: «Тангринг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт» (Матто 4:10). Исо фақат Яҳовага топиниш кераклигини яққол кўрсатди. Буни қадимда яшаган учта ўспирин ҳам биларди. Уларнинг исмлари Шадрах, Мешах ва Абеднаху эди. Келинг, улар ҳақида билиб олайлик.

Бу иброний йигитлар Худога тегишли бўлган Исроил халқидан эдилар. Уларни узоқ Бобил юртига асир қилиб олиб кетишган эди. Бу юртнинг шоҳи Навухадназар олтин ҳайкал ясаганди. Бир куни шоҳ, мусиқа янграганда ҳамма мук тушиб ҳайкалга сажда қилсин, деб амр этди. «Кимки мук тушиб сажда қилмаса, ўша заҳотиёқ оловли чуқурликка ташланади». Бу вазиятда сиз қандай йўл тутардингиз? ~

Нимага учта ўспирин ҳайкалга сажда қилмади?

Одатда Шадрах, Мешах ва Абеднаху шоҳнинг ҳамма айтганини қилишарди. Лекин бу сафар улар ҳайкалга сажда қилишдан бош тортишди. Нима учун, биласизми? ~ Чунки Худонинг Қонунида шундай дейилган: «Мендан бошқа худоларга сажда қилманг. Ўзларингизга ҳеч қандай бутни ёки бирор нарсанинг шаклини ясаманг» (Чиқиш 20:3–5). Шундай қилиб Шадрах, Мешах ва Абеднаху шоҳнинг буйруғига эмас, Яҳованинг қонунига бўйсунишди.

Шоҳ бундан роса ғазабланди ва учта иброний йигитни олиб келишларини буюрди. Шоҳ улардан: «Менинг худоларимга сажда қилмаётганингиз ростми?» — деб сўради. Сўнг шундай деди: «Сизларга яна бир имконият бераман. Ҳозир мусиқа янграши биланоқ, мук тушиб мен ясаган ҳайкалга сажда қилинглар. Агар шундай қилмасангизлар, оловли чуқурликка ташланасизлар. Шунда сизларни менинг қўлимдан қайси худо қутқара олади?»

Бу йигитлар энди нима қилишар экан? Сиз нима қилган бўлардингиз? ~ Улар шоҳга шундай жавоб қайтаришди: «Биз сиғинадиган Худо бизни қутқаришга қодир. Аммо У бизни қутқармаган тақдирда ҳам, билиб қўйингки, эй, шоҳ ҳазратлари, биз ҳеч қачон худоларингизга сиғинмаймиз, сиз ўрнатган олтин ҳайкалга ҳам сажда қилмаймиз».

Шоҳ ғазабга миниб: «Оловни одатдагидан етти баробар қаттиқроқ ёндиринглар»,— деб буюрди. Сўнг лашкарларининг орасидаги энг кучли полвонларга Шадрах, Мешах ва Абеднахуни боғлаб, оловли чуқурликка ташлашни амр этди! Аланга авжига чиққани сабабли шоҳнинг аскарларини куйдириб юборди. Учта иброний йигит билан-чи, нима содир бўлди?

Шадрах, Мешах ва Абеднаху нақ оловнинг ичига тушишди. Лекин улар шу заҳотиёқ ўрниларидан туришди! Уларга ҳеч қандай шикаст етмаганди. Улар энди боғланган ҳолда эмасдилар. Бу қандай бўлиши мумкин? ~ Шоҳ оловли чуқурликка қараши биланоқ, даҳшатга тушди. «Биз оловга учта боғланган одамни ташламаганмидик?» — деб ҳайқириб юборди. Хизматкорлари унга: «Худди шундай, шоҳ ҳазратлари»,— деб жавоб беришди

Яҳова ўз хизматчиларини оловли чуқурликдан қандай асради?

Кейин шоҳ шундай деди: «Во ажабо! Аланганинг ўртасида боғланмаган тўртта одам юрибди-ку. Уларнинг бирортасига ҳам зарар етмаган». Қизиқ, тўртинчи шахс ким экан? ~ Бу, Яҳованинг фариштаси эди. У иброний йигитларни оловдан ҳимоя қилди.

Шоҳ чуқурликнинг оғзига бориб: «Шадрах, Мешах ва Абеднаху, эй, Худойи Таолонинг хизматкорлари, қани чиқинглар! Олдимга келинглар!» — деб бақирди. Йигитлар олов ичидан чиқишганида, уларга ҳеч қандай зарар етмаганди. Ҳатто кийимларидан ҳам тутун ҳиди келмаётган эди. Шунда шоҳ қуйидагиларни айтди: «Шадрах, Мешах ва Абеднахунинг Худосига ҳамду санолар бўлсин! У Ўз фариштасини юбориб, Ўзига ишонган қулларини халос қилди. Чунки улар ўз Худосидан бошқа худоларга сиғинмадилар» (Дониёр 3- боб).

Бугун одамлар қанақа бутларни шарафлашяпти?

Бу воқеадан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин. Ҳатто бугунги кунда ҳам ҳайкал ва санамларга сиғинадиганлар бор. Бу ҳайкал ва санамларни ёғоч, тош, темир ёки матодан ясайдилар. Исонинг илк шогирдлари ҳам Рим императорига ҳеч қачон сажда қилишмаган.

Нима деб ўйлайсиз, ёғоч, тош, темир ёки матодан ясалган ушбу диний ҳайкал ва санамларга Худо қандай қарайди? ~ Яҳованинг хизматчиси шундай нарсаларга сиғиниши тўғри бўлармиди? ~ Шадрах, Мешах ва Абеднаху бундай қилишмагани учун Яҳовани мамнун қилишди. Хўш, сиз уларга қандай тақлид қила оласиз? ~

Яҳованинг хизматчилари Ундан бошқа ҳеч кимга ва ҳеч нимага сиғинишмайди. Қуйидаги оятларда бу ҳақда нима дейилганини ўқиб чиқинг: Ёшуа 24:14, 15, 19–22; Ишаё 42:8; 1 Юҳанно 5:21 ҳамда Ваҳий 19:10.