Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

28- БОБ

Кимга бўйсунишни қандай ҳал қиласиз?

Кимга бўйсунишни қандай ҳал қиласиз?

БАЪЗАН кимга бўйсунишни ҳал қилиш қийин кечади. Бир томондан ота-онангиз сизга у ёки бу ишни қил дейди. Иккинчи томондан эса ўқитувчингиз ёки милиция ходими умуман бошқа ишни қил дейди. Бундай вазиятда сиз кимга бўйсунасиз? ~

Шу китобнинг 7- бобида, Муқаддас Китобнинг Эфесликларга 6:1–3- оятларини ўқиган эдик. У ерда фарзандлар ота-оналарига бўйсунишлари кераклиги айтилган. Ўша оятда: «Раббимизнинг иродасига мувофиқ тарзда ота-оналарингизга бўйсунинглар»,— дейилган. Хўш, «Раббимизнинг иродасига мувофиқ тарзда», деган сўзлар нимани англатади? ~ Бу дегани, ота-онангиз Раббимизнинг иродасига мувофиқ тарзда сизга Худонинг қонунларини ўргатишганда, уларга қулоқ солишингиз керак.

Лекин айрим катталар Яҳовага ишонишмайди. Агар улардан бири сизга, имтиҳонда бировнинг ишини кўчириш ёки пулини тўламай, дўкондан бирор нарсани олиб кетишнинг ёмон жойи йўқ, деса-чи? Ёш бола ёлғон гапирса ёки ўғрилик қилса, яхши бўладими? ~

Эсингизда бўлса, бир марта шоҳ Навухадназар ҳаммага, ўзи ўрнатган олтин ҳайкалга сажда қилишни буюрган эди. Шадрах, Мешах ва Абеднаху эса шоҳнинг буйруғини бажаришдан бош тортишди. Биласизми, нима учун? ~ Чунки Муқаддас Китобда, одамлар фақат Яҳовага топинишлари керак, дейилган (Чиқиш 20:3; Матто 4:10).

Бутрус Каяфага нима деяпти?

Исонинг ўлимидан сўнг, ҳаворийларни Олий маҳкамага, яъни яҳудийларнинг энг катта диний судига олиб келишди. Ўшанда олий руҳоний Каяфа шундай деган эди: «Биз сизларга Исонинг номини тилга олиб, бошқа таълим берманглар, деб тақиқлагандик. Сизлар эса таълимотларинг билан бутун Қуддусни тўлдириб юбордингиз». Нима учун ҳаворийлар Олий маҳкамага бўйсунишмади? ~ Бутрус ҳамма ҳаворийларнинг номидан Каяфага шундай жавоб қайтарди: «Биз одамлардан кўра Сарвари Оламга кўпроқ бўйсунишимиз керак» (Ҳаворийлар 5:27–29).

Ўша вақтдаги яҳудий дин раҳбарлари катта ҳокимиятга эга бўлишган. Аммо уларнинг давлати Рим ҳукумати бошқаруви остида эди. Яҳудийлар Рим подшоҳига бўйсунишни хоҳлашмасди. Шунга қарамай, Рим ҳукумати халқ учун кўпгина фойдали ишлар қиларди. Ҳозирги ҳукуматлар ҳам ўз фуқаролари учун кўп фойдали ишлар қилишади. Биласизми, қанақа ишлар? ~

Ҳукумат бизни ўйлаб равон йўллар қуради, хавфсизлигимиз учун милиция ва ёнғин ўчирувчиларга пул тўлайди. Яна, болалар учун мактаблар, қариялар учун шифохоналар ташкил этади. Бу ишларга кўп пул сарфланади. Ҳукумат пулни қаердан олади, биласизми? ~ Халқдан. Халқ ҳукуматга тўлайдиган пул эса солиқ, деб номланади.

Улуғ Устозимиз ер юзида яшаган вақтда, аксарият яҳудийлар Рим ҳукуматига солиқ тўлашдан бош тортишарди. Кунларнинг бирида руҳонийлар Исонинг олдига одам юбориб, уни ноқулай аҳволга солиш ниятида бир савол беришди. Улар Исодан: «Подшоҳга солиқ тўлаш керакми ёки йўқми?» — деб сўрашди. Улар бу саволни бекордан-бекорга беришмаган. Агар Исо: «Ҳа, солиқ тўлашингиз шарт»,— деганида, аксарият яҳудийларнинг ғаши келарди. Лекин Исо: «Йўқ, тўламаслигингиз керак»,— ҳам дея олмасди. Чунки бу ёлғон бўларди.

Хўш, Исо нима қилди? У шундай деди: «Қани, менга тангани кўрсатинглар-чи». Унга тангани кўрсатишганида, Исо улардан: «Бу тангадаги сурат ва исм кимники?» — деб сўради. Улар эса: «Подшоҳники»,— дея жавоб қайтаришди. Шунда Исо уларга: «Унда подшоҳнинг ҳақини подшоҳга, Худонинг ҳақини Худога беринглар»,— деб айтди (Луқо 20:19–26).

Бу одамлар Исони ноқулай аҳволга солмоқчи бўлишганда, у қандай жавоб берган?

Бундай жавобга ҳеч ким эътироз билдира олмасди. Агар подшоҳ халққа ғамхўрлик қилаётган бўлса, бу учун унга ўзи чиқараётган пулни қайтариш адолатдандир. Шундай қилиб Исо, ҳукуматга биз учун қилаётган ишлари эвазига солиқ тўлаш муҳимлигини кўрсатди.

Эҳтимол, сиз солиқ тўлаш учун ҳали вояга етмагандирсиз. Бироқ ҳукумат олдида сизнинг ҳам мажбуриятингиз бор. Қанақа мажбурият экан, биласизми? ~ Ҳукумат қонунларига бўйсуниш мажбурияти. Муқаддас Китобда: «Ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунинглар»,— деб айтилган. Ҳукмрон ҳокимият — бу, бошқариш ҳуқуқига эга бўлган кишиларни англатади. Ҳа, ҳукумат қонунларига бўйсунишни биздан Худонинг Ўзи талаб қиляпти (Римликларга 13:1, 2).

Масалан, кўчада ерга қоғоз ёки ахлат ташлашни тақиқлайдиган қонун бор, дейлик. Сиз бу қонунга бўйсунасизми? ~ Албатта, чунки бундай қилишингизни Худо хоҳлаяпти. Милицияга-чи, қулоқ солишингиз керакми? ~ Ахир, бизни ҳимоя қилиши ва тартибни сақлаши учун ҳукумат милицияга пул тўлайди-ку. Милицияга қулоқ солиш, ҳукуматга бўйсуниш билан баробардир.

Тасаввур қилинг: сиз йўлдан ўтмоқчи бўляпсиз, аммо милиция ходими сизга: «Тўхтанг!» — деяпти. Шунда сиз нима қиласиз? ~ Бошқалар унга қулоқ солмай, чопиб йўлдан ўтишса, сиз ҳам уларнинг орқасидан югуриб кетасизми? ~ Бошқалар унга бўйсунмаса ҳам, сиз бўйсунишингиз зарур. Чунки буни сиздан Худо талаб қиляпти.

Эҳтимол, кўчада бирон-бир ҳодиса юз бергани учун милиция ходими: «Ҳамма уй-уйига тарқалсин! Кўчага чиқа кўрманглар!» — деяётгандир. Ҳар тарафдан бақир-чақир, қий-чув овозлари эшитиляпти. Сиз эса қизиқиб, нима бўлганини билишни хоҳлаяпсиз. Хўш, кўчага чиқиб, томоша қилсангиз, тўғри бўладими? ~ Бу билан «ҳукмрон ҳокимиятга» бўйсунаётган бўласизми? ~

Одатда ҳукумат мактаблар қурдиради, ўқитувчиларга иш ҳақини тўлайди. Нима деб ўйлайсиз, Худо ўқитувчига бўйсунишингизни хоҳлайдими? ~ Бир ўйлаб кўринг-да. Ҳукумат, халқни ҳимоя қилаётгани учун милицияга ҳақ тўлаганидек, болаларни ўқитаётгани учун ўқитувчига пул беради. Шундай экан, милицияга ёки ўқитувчига қулоқ солиш, ҳукуматга бўйсуниш билан баробардир.

Нима учун биз милицияга бўйсунишимиз керак?

Лекин ўқитувчи сизга бирон-бир суратга сажда қилишни буюрса-чи? Шунда нима қиласиз? ~ Ҳатто шоҳ Навухадназарнинг ўзи ҳайкалга сажда қилишни буюрган бўлса ҳам, учта иброний йигит унга бўйсунмаган. Бунинг сабаби эсингиздами? ~ Чунки улар Худога итоатсиз бўлиб қолишни хоҳлашмаган.

Тарихчи Уилл Дюрант ёзишича, илк масиҳийлар биринчи навбатда подшоҳга садоқатли бўлиш керак, деб ҳисоблашмаган экан. Ҳа, улар Яҳовага садоқатли бўлишган! Шунинг учун, Худо ҳаётимизда биринчи ўринни эгаллаши кераклигини доимо ёдда тутинг.

Биз ҳукуматга бўйсунамиз, зеро буни биздан Худо талаб қилади. Аммо ҳукумат бизга Худога маъқул келмайдиган ишни буюрса-чи? У ҳолда биз ҳаворийларнинг олий руҳонийга айтган шу сўзларини қайтарамиз: «Биз одамлардан кўра Сарвари Оламга кўпроқ бўйсунишимиз керак» (Ҳаворийлар 5:29).

Муқаддас Китоб бизга қонунларни ҳурмат қилишни ўргатяпти. Мана бу оятларда нима деб ёзилганини ўқиб чиқинг: Матто 5:41; Титусга 3:1 ва 1 Бутрус 2:12–14.