Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

29- БОБ

Ҳамма байрамлар Худога маъқулми?

Ҳамма байрамлар Худога маъқулми?

Нимага бу байрам Худога ёқди?

СИЗ байрамларни яхши кўрасизми? ~ Тўғри, байрам пайтида кайфиятимиз чоғ бўлади. Нима деб ўйлайсиз, агар биз байрамга борганимизда, Улуғ Устозимизга бу ёқармиди? ~ Бир марта Исонинг ўзи ҳам шогирдлари билан бирга байрамда, яъни тўйда бўлишган. Яҳова — «бахтиёр Тангридир», шунинг учун биз ҳам яхши байрамларда хурсанд бўлганимизда, бу Унга ёқади (1 Тимўтийга 1:11; Юҳанно 2:1–11).

Ушбу китобнинг 29- бетида ажойиб воқеа тасвирланган. У ерда Тангри Яҳова, исроилликлар нариги қирғоққа ўтиши учун Қизил денгиз ўртасидан йўл очиб берганди. Бу воқеа эсингиздами? ~ Бундан сўнг халқ Яҳовага ҳамдлар айтиб, рақсга туша бошлади. Ҳа, бу зўр байрам эди! Ўша халқ жуда бахтли эди ва амин бўлишимиз мумкинки, Худо ҳам бундан қувонганди (Чиқиш 15:1, 20, 21).

Тахминан 40 йил ўтиб, исроилликлар бошқа катта бир байрамда иштирок этишган. Бу сафар байрамни Яҳованинг хизматчилари бўлмаган кишилар уюштиришган. Ушбу байрамни уюштирган одамлар бошқа худоларга сажда қилишарди. Шунингдек, улар эру хотин бўлмай жинсий алоқа қилишган. Нима деб ўйлайсиз, исроилликлар шу байрамга бориб, тўғри иш қилишганми? ~ Яҳовага бу жудаям ёқмаганди ва У исроилликларни жазолаганди (Саҳрода 25:1–9; 1 Коринфликларга 10:8).

Муқаддас Китобда яна иккита туғилган кун тўғрисида ҳам айтилган. Балки улардан биттаси Улуғ Устозимизнинг туғилган кунидир? ~ Йўғ-э. Иккала туғилган кун ҳам Яҳовага хизмат қилмаган кишиларники эди. Битта туғилган кун шоҳ Ҳирод Антипаники эди. Исо ер юзида яшаганида, у Жалила вилоятининг ҳокими эди.

Шоҳ Ҳирод кўп ёмон ишлар қилган. У акасининг хотинига уйланган. Хотинининг исми Ҳиродия бўлган. Яҳё пайғамбар бу иши учун унга танбеҳ берган. Шоҳ Ҳиродга эса бу ёқмаган ва у Яҳё пайғамбарни қамоққа ташлаган (Луқо 3:19, 20).

Яҳё пайғамбар қамоқда ўтирганида, Ҳироднинг туғилган кунини нишонлайдиган вақт келди. Ҳирод катта зиёфат уюштирди. У туғилган кунига обрўли кишиларни таклиф қилди. Улар еб-ичишди ва кўнгилхушлик қилишди. Ҳиродиянинг қизи келиб, ўша ерда ўйинга тушди. Унинг рақси Ҳиродга ҳамда у билан бирга ёнбошлаганларга жуда ёқди. Шунда подшоҳ қизга ўзгача совға қилмоқчи бўлди. У қизга: «Истаганингни бераман, ҳатто подшоҳлигимнинг ярмини сўрасанг ҳам бераман»,— деди.

Қизиқ, у нима сўрар экан? Пулми? Ё чиройли либосларми? Ёхуд ўзи учун бир саройми? Қиз нима сўрашни билмай, ойиси Ҳиродиянинг олдига югуриб борди-да, унга: «Нима сўрасам экан?» — деб савол берди.

Ҳиродия эса Яҳё пайғамбардан роса нафратланарди. Шунинг учун у қизига Яҳёнинг калласини сўрашини айтди. Қиз подшоҳнинг ёнига қайтиб бориб: «Менга лаганда Яҳёнинг бошини келтиришларини хоҳлайман»,— деб айтди.

Шоҳ Ҳирод Яҳё пайғамбарни ўлдиришни истамаганди. Чунки у Яҳё яхши инсон эканини биларди. Лекин Ҳирод айтганини бажармаса, меҳмонлар уни ваъдасида турмайдиган шоҳ деб ўйлашади. Кўп ўйламасдан, подшоҳ жаллодни қамоқхонага жўнатиб, Яҳёнинг бошини чопишни буюради. Жаллод Яҳёнинг бошини лаганда келтирди-да, қизга узатиб берди. Қиз эса уни онасига олиб бориб берди (Марк 6:17–29).

Муқаддас Китобда бошқа туғилган кун ҳақида ҳам ёзилган ва у олдингисидан фарқ қилмасди. Бу фиръавн деб аталмиш, Миср подшоҳининг туғилган куни эди. Шу байрам пайтида фиръавн ҳам бир кишининг бошини чопиб ташлади. Ушбу одамнинг танасини эса дорга остиришди ва ўша ерда қушлар унинг танасини чўқиб кетишди (Ибтидо 40:19–22). Нима деб ўйлайсиз, бу байрамлар Худога маъқул келганми? ~ Сиз-чи, ўша байрамларда иштирок этишни хоҳлармидингиз? ~

Ҳироднинг туғилган кунида нима юз берди?

Ҳа, Муқаддас Китобдаги барча воқеалар бекорга ёзилмаган. Унда фақат иккита туғилган кун ҳақида айтилган. Аммо бу байрам пайтида даҳшатли ҳодисалар юз берган. Хўш, бу билан Худо бизга нима демоқчи бўлган? Худо, туғилган кунларни нишонлашимизни хоҳлайдими? ~

Тўғри, бугунги кунда одамлар шу байрамлар пайтида бошқаларнинг бошини чопиб ташламайди. Аммо-лекин, туғилган кунларни ҳақ Худога топинмаган кишилар ўйлаб чиқаришган. Муқаддас Китобда айтиб ўтилган туғилган кунлар тўғрисида бир диний энциклопедияда шундай дейилган: «Фақат гуноҳкорлар... туғилган кунларида катта зиёфатлар уюштиришарди» («The Catholic Encyclopedia»). Биз улар каби бўлишни хоҳлаймизми? ~

Улуғ Устозимиз тўғрисида нима деса бўлади? У ўз туғилган кунини нишонлаганми? ~ Йўқ, чунки Муқаддас Китобда бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган. Исонинг илк шогирдлари ҳам туғилган кунларини нишонлашмасди. Фақат кейинчалик одамлар Исонинг туғилган кунини 25- декабрда, бошқа давлатларда эса 7- январда нишонлай бошлашди. Буни билармидингиз? ~

«Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да айтилишича, «римликлар ҳар йили декабрь ойида Сатурн шарафига байрам уюштиришарди». Демак, одамлар бутпарастларнинг байрамида Исонинг туғилган кунини нишонлайдиган бўлишди.

Биласизми, нима учун Исонинг туғилган куни на январда на декабрда бўлган? ~ Сабаби, Муқаддас Китобда айтилишича, Исо туғилганда чўпонлар сурувларини пойлаб, далада тунашарди (Луқо 2:8–12). Буни эса декабрда ҳам, январда ҳам тасаввур қилиш қийин, чунки бу ойларда ўша ерда ҳаво совуқ ва ёмғирли бўлган.

Нега Исо 25- декабрда туғилиши мумкин эмасди?

Аксарият одамлар билишадики, Рождество — бу Исонинг туғилган куни эмас. Шунингдек улар, ўша куни бутпарастлар Худога маъқул келмайдиган байрамни нишонлашганини билишади. Лекин улар барибир Рождествони нишонлашади. Уларга бу байрам шунчалик ёқадики, улар ҳатто Худонинг бунга муносабати қандай эканига парво ҳам қилишмайди. Биз эса Яҳовага маъқул келишни хоҳлаймиз, шундай эмасми? ~

Шундай экан келинг, байрам уюштиришдан олдин у Яҳовага маъқул келишига амин бўлайлик. Биз байрамларни йилнинг хоҳлаган фаслида уюштиришимиз мумкин. Бу учун биз муайян кунни кутмаймиз. Ўзгача таомларни тайёрлаб, қизиқарли ўйинлар ўйнасак бўлади. Сиз бундай тарзда байрам қилишни истармидингиз? ~ Эҳтимол сиз бу ҳақда ота-онангизга айтиб, улардан байрам уюштиришда ёрдам беришини сўрарсиз. Бу қандай зўр бўлади-а? ~ Аммо байрам уюштиришдан олдин, у Худога ёқишига амин бўлинг.

Байрамларимиз Худога маъқул эканига қандай амин бўла оламиз?

Ҳамиша Худога ёқадиган нарсалар қилиш муҳимлиги тўғрисида Ҳикматлар 12:2; Юҳанно 8:29; Римликларга 12:2 ва 1 Юҳанно 3:22- оятларида ёзилган.