Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

30- БОБ

Қўрқувни қандай енгиш мумкин?

Қўрқувни қандай енгиш мумкин?

ЯҲОВАГА хизмат қилиш осон, деб ўйлайсизми? ~ Улуғ Устозимиз, бу осон бўлади, деб айтмаган. Исо ўлдирилишидан бир кун олдин ҳаворийларига шундай деган: «Борди-ю, дунё сиздан нафратланса, билингки, сизлардан аввал у мендан нафратланган» (Юҳанно 15:18).

Бутрус ҳеч қачон Исони ташлаб кетмайман, деб мақтанганди. Аммо Исо: «Мендан шу кечанинг ўзидаёқ уч марта тонасан»,— деди. Ҳақиқатдан ҳам Бутрус шундай қилди! (Матто 26:31–35, 69–75). Бу қандай юз берди? ~ Сабаби, Бутрус ва бошқа ҳаворийлар қўрқиб кетишганди.

Нега ҳаворийлар қўрқиб кетишганини биласизми? ~ Улар ўта муҳим нарсани эътибордан четда қолдиришди. Буни билиш, нима бўлишига қарамай Яҳовага хизмат қилишимизга ёрдам беради. Аммо, аввалига Исо ўлдирилишидан бир кун олдин нима содир бўлганини билиб олишимиз керак.

Исо ҳаворийлари билан биргаликда Фисиҳ байрамини нишонлади. Ҳар йили бу байрам ўтказилаётганда махсус таом тайёрланарди. Шундай қилиб, Худо ўз халқини Миср қуллигидан озод қилганини эслашарди. Ўшанда Исо ўзгача бир маросим уюштирди. Кейинги бобларнинг биридан, бу ўзгача маросим Исони эслаб туришимизга ёрдам беришини билиб оламиз. Бу маросимда Исо ҳаворийларини қўллаб-қувватлаб, далда берди. Кейин улардан айримларини Гетсемания боғига олиб кетди. Бу уларнинг яхши кўрган ва тез-тез бориб турадиган жойи эди.

Исо шогирдларини бир жойда қолдириб, ёлғиз ўзи ибодат қилишга кетди. У Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони ҳам ибодат қилиб туришга ундади. Лекин улар ухлаб қолишди. Шундай қилиб, Исо уч марта ибодат қилиб қайтиб келганда уларни ухлаётган ҳолда кўрди (Матто 26:36–47). Биласизми нега улар ибодат қилиб ҳушёр бўлиб туришлари керак эди? ~ Келинг, билиб оламиз.

Нима учун Бутрус, Юҳанно ва Ёқуб ҳушёр бўлишлари керак эди?

Исо ҳаворийлари билан Фисиҳ байрамини нишонлаган кечада Яҳудо Ишқариёт ҳам ўша ерда эди. Эсингизда бўлса, у ўғрига айланган эди. Энди эса Яҳудо сотқинга айланади. У Исонинг ҳаворийлари билан Гетсемания боғида тез-тез учрашиб турадиган жойни биларди. Шундай қилиб у, ўша ерга Исони ҳибсга олиш учун аскарларни бошлаб келди. Уларни кўриб Исо: «Кимни қидиряпсизлар?» — деб сўради.

Аскарлар: «Исони»,— деб жавоб беришди. Исо улардан қўрқмасдан: «Ўша менман»,— деди. Шунда аскарлар Исонинг жасоратини кўриб, лол қолишди ва орқага чекиниб, ерга йиқилишди. Кейин Исо давом этиб: «Агар мени қидираётган бўлсангизлар, шогирдларимни қўйиб юборинглар»,— деди (Юҳанно 18:1–9).

Аскарлар Исони тутиб олиб, қўлларини боғлашди. Ҳаворийлар эса қўрққанларидан қочиб кетишди. Бироқ Бутрус билан Юҳанно энди нима бўларкин, деб уни кузатиб боришди. Шундай қилиб, Исони олий руҳоний Каяфанинг уйига олиб келишди. Юҳанно олий руҳоний билан таниш бўлгани учун чўри қиз уни ҳамда Бутрусни ҳовлига киргизди.

Руҳонийлар Каяфанинг уйида аллақачон йиғилишган эди. Улар Исони ўлимга ҳукм қилишга тайёр эдилар. Шунинг учун улар Исо тўғрисида ёлғон гапирувчи гувоҳларни олиб келишди. Исога мушт тушириб, юзларига тарсаки солишарди. Бутун шу пайт давомида Бутрус яқин атрофда эди.

Бутрус билан Юҳаннони киргизган чўри қиз Бутрусни таниди. Қиз унга: «Сен ҳам Исо билан бирга эдинг»,— деб айтди. Лекин Бутрус инкор этиб, Исони танимаслигини айтди. Кейин бошқа бир чўри қиз Бутрусни таниб, ёнидагиларга: «Бу киши Исо билан бирга эди»,— деди. Аммо бу сафар ҳам Бутрус Исони рад этиб, уни танимаслигини айтди. Бир оздан сўнг яна бир неча киши Бутруснинг олдига келиб: «Сен аниқ улардан бирисан»,— дейишди. Учинчи марта ҳам Бутрус Устозидан тониб: «Мен бу кишини танимайман»,— деди. Бутрус, одамлар унга ишонсин, дея ҳатто қасам ичди ва ўша пайтда Исо қайрилиб Бутрусга қаради (Матто 26:57–75; Луқо 22:54–62; Юҳанно 18:15–27).

Нега Бутрус шунчалик қўрқиб кетдики, ҳатто Исодан тониб, ёлғон гапирди?

Бутрус нимага ёлғон гапирганини биласизми? ~ Тўғри, у қўрқиб кетди. Нима сабабдан? Қанақасига унга жасорат етмади? Келинг, ўйлаб кўрамиз. Исога жасоратли бўлишга нима ёрдам берган? ~ Исо Худога ибодат қилган ва У Исога жасоратли бўлишга ёрдам берган. Исо, Бутрусга ибодат қилиб ҳушёр бўлиб туришини уч марта айтгани ёдингиздами? Бироқ, Бутрус нима қилди? ~

У ҳар сафар ухлаб қоларди. У ҳушёр бўлмасдан, ибодат қилмаган. Шунинг учун Исони ҳибсга олишганда у ўзини йўқотиб қўйди. Кейинроқ, Исони уришаётганини ва ҳатто уни ўлдиришмоқчи эканликларини эшитиб Бутрус қаттиқ қўрқиб кетди. Бироқ Исо бир неча соат олдин ҳаворийларини нима деб огоҳлантирганди? ~ Улуғ Устозимиз, дунё ундан нафратланганидек, шогирдларидан ҳам нафратланишини айтган эди.

Қай йўсин сиз ҳам Бутрусникига ўхшаш вазиятга тушиб қолишингиз мумкин?

Биз ҳам Бутрусникига ўхшаш вазиятга тушиб қолишимиз мумкин. Келинг шу ҳақда ўйлаб кўрамиз. Тасаввур қилинг, айрим синфдошларингиз мадҳия куйламаётган ва янги йилни нишонламаётганларни ёмонлаяптилар. Шу пайт биттаси қайрилиб сизга: «Сен ҳам мадҳия куйламайсанми?» ёки «Эшитишимизча, сен ҳатто янги йилни ҳам нишонламас экансан!» — деб айтса, қўрқмасдан ростини айта оласизми? ~ Ёки Бутрусга ўхшаб ёлғон гапирасизми? ~

Кейинроқ Бутрус Исодан тонганидан жуда ҳам афсусланди. У нима қилиб қўйганини тушунганидан кейин ташқарига чиқиб аччиқ йиғлаб юборди. Ҳа, у тавба қилиб, яна Исога қайтди (Луқо 22:32). Келинг, бир ўйлаб кўрайлик. Бутрус каби қўрқиб кетмаслигимизга нима ёрдам беради? ~ Бутрус ҳушёр бўлмасдан, ибодат қилмаганлиги қандай оқибатга олиб келганини ёдда тутайлик. Демак, Улуғ Устознинг шогирди бўлиш учун нима қилишимиз керак? ~

Албатта, Яҳовадан ёрдам сўраб ибодат қилишимиз керак. Биласизми, Худо Исонинг ибодатига қандай жавоб берган? ~ У Исони қўллаб-қувватлаш учун фариштасини юборган (Луқо 22:43). Фаришталар бизга ҳам ёрдам бера олишадими? ~ Муқаддас Китобда айтилишича: «Эгамиздан қўрққанларнинг атрофида Эгамизнинг фариштаси қароргоҳ қуриб, уларга нажот бахш этади» (Забур 33:8). Бироқ, Яҳовадан ёрдам олиш учун фақат ибодат қилишнинг ўзи етарли эмас. Биздан яна нима талаб қилинади, биласизми? ~ Исо шогирдларини ҳушёр бўлиб туришга ундаган. Бундай йўл тутишимизга нима ёрдам беради? ~

Йиғилишларимизда диққат билан тинглаш ва Муқаддас Китобдан ўқиётганларимизнинг қадрига етишимиз зарур. Бундан ташқари, хизматимизни давом эттириш учун Яҳовага мунтазам равишда ибодат қилиб ёрдам сўрашимиз керак. Шундай йўл тутсак, Яҳова бизга қўрқувни енгишимизга ёрдам беради. Шунда қулай фурсат туғилганда, Яҳова ҳамда Улуғ Устозимиз ҳақида бошқаларга айтиб беришдан хурсанд бўламиз.

Қуйида келтирилган оятлар ҳеч қачон бошқалардан қўрқмасдан, тўғри йўл тутишимизга ёрдам беради: Ҳикматлар 29:25; Еремиё 26:12–15, 20–24 ва Юҳанно 12:42, 43.