Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

31- БОБ

Қаердан тасалли топиш мумкин?

Қаердан тасалли топиш мумкин?

СИЗ ўзингизни хафа ёки ёлғиз ҳис этганмисиз? ~ Ҳеч ким сизни севмаётгандай бўлиб туюлганми? ~ Баъзи болаларда бундай туйғулар бўлиб туради. Лекин Худо: «Мен сени асло унутмайман!» — деб ваъда беряпти (Ишаё 49:15). Буни билиш қандай ажойиб, шундай эмасми? ~ Ҳа, Тангри Яҳова бизни жуда севади!

Сизнингча, бу қўзичоқ нимани ҳис этяпти?

Муқаддас Китоб ёзувчиларидан бири мана бундай деган: «Ота-онам мени тарк этса ҳатто, Эй Эгам, Сен мени қабул қиласан» (Забур 26:10). Бу фикр бизга чиндан ҳам тасалли беради, тўғрими? ~ Ахир, Яҳованинг Ўзи: «Қўрқма, Мен сен билан биргаман... Ўзим ёрдамга келаман»,— деб айтяпти (Ишаё 41:10).

Аммо баъзида Яҳова, Шайтоннинг бизни қийнашига йўл қўяди. Яҳова ҳатто Шайтонга Унинг хизматчиларини синашига рухсат беради. Бир марта Иблис Исога шундай азоб берганки, у дод солиб Яҳовага: «Аллоҳим, Аллоҳим, нега мени ташлаб қўйдинг?» — деган (Матто 27:46). Исо азоб чеккан бўлса ҳам, Яҳова уни севишига ҳеч қачон шубҳа қилмаган (Юҳанно 10:17). Бироқ Исо шуни ҳам билар эдики, Худо Шайтонга Ўзининг хизматчиларини синаб, уларга азоб беришига йўл қўйяпти. Нима учун Худо Шайтоннинг бундай қилишига рухсат бераётганини биз бошқа бир бобда муҳокама қиламиз.

Кичкина болалар кўп нарсадан қўрқишади. Масалан, сиз бирор марта йўқолиб қолганмисиз? ~ Ўшанда қўрққанмисиз? ~ Бундай вазиятда кўп болаларни қўрқув босади. Улуғ Устозимиз бир марта кимнингдир йўқолиб қолганлиги ҳақида ҳикоя айтиб берган. Лекин бу бирон-бир бола эмасди. Бу қўзичоқ эди.

Қайсидир жиҳатдан сиз ҳам қўзичоққа ўхшайсиз. Қанақасига? Қўзичоқлар кичкина, кучсиз бўлишади. Биров уларга ғамхўрлик қилиб, ҳимоялашига муҳтож бўлишади. Қўйларга ғамхўрлик қиладиган инсонни чўпон дейишади.

Бир куни Исо, юзта қўйи бор бўлган чўпон ҳақида ҳикоя айтиб берди. Ўша чўпоннинг қўйларидан бири йўқолиб қолибди. Эҳтимол, у тепаликнинг нариги томонида нима борлигини кўрмоқчи бўлгандир. Аммо кўп ўтмай, у подадан узоқлашиб, адашиб қолибди. Энди тасаввур қилинг, ўша қўзичоқ тик қияликдан қараб, якка ўзи қолганини сезгач, ўзини қандай ҳис қилган экан? ~

Сизнингча, қўйларидан бири йўқолганини билиб қолса, чўпон нима қилади? «Э-э, бу қўй ўзи айбдор. Подадан айрилмаслиги керак эди-да. Энди у билан ишим йўқ»,— деб ўйлайдими? Ёки у 99 та қўйини бехатар жойда қолдириб, йўқолганини излаб кетадими? Битта қўй учун шунча уриниш арзийдими? ~ Агар сиз ўша қўзичоқнинг ўрнида бўлганингизда, чўпон сизни ахтаришини хоҳлармидингиз? ~

Ким қўзичоғини қутқарган чўпонга ўхшайди?

Чўпон ҳамма қўйларини, ҳатто йўқолиб қолганини ҳам роса яхши кўрарди. Шунинг учун у қўзичоғини ахтаргани чиқибди. Қўзичоқ чўпонни кўрганда қанчалик севинганини бир тасаввур қилинг-а! Исонинг айтишича, чўпон ҳам қўзичоғини топгач беҳад қувонибди. У йўқолмаган 99 та қўйи учун ҳам шунчалик қувонмаган экан. Хўш, Исонинг ҳикоясидаги чўпон бизга кимни эслатади? Ким бизга қўйларига ғамхўрлик қилаётган чўпондек қарайди? ~ Исонинг айтишича, бу унинг осмондаги Отаси — Яҳовадир.

Тангри Яҳова Ўз халқининг Улуғ Чўпонидир. У Ўзининг ҳамма хизматчиларини, жумладан, сиздек кичкинтойларни ҳам яхши кўради. Яҳова бизнинг азоб чекишимизни ёки ҳалок бўлишимизни хоҳламайди. Худо бизни шунчалик авайлаётганини билиш нақадар зўр-а?! (Матто 18:12–14).

Сиз Яҳовани худди ўз отангиздек ёки сизга ғамхўрлик қилаётган кишидек тасаввур қила оласизми?

Сиз Тангри Яҳовага чиндан ҳам ишонасизми? ~ Уни худди ўз отангиздек ёки сизга ғамхўрлик қилаётган кишидек тасаввур қила оласизми? ~ Тўғри, биз Яҳовани кўра олмаймиз. У руҳий шахс бўлгани учун, Унинг танаси бизнинг кўзимизга кўринмайди. Бироқ У чиндан ҳам бор шахс ва бизни кўриб турибди. Бизга ёрдам керак бўлганда ҳам У буни билади. Биз Унга ибодатда гўё бирон-бир киши билан гаплашгандай мурожаат қилишимиз мумкин. Буни бизга Яҳованинг Ўзи таклиф қиляпти.

Демак, ўзингизни хафа ёки ёлғиз ҳис этганингизда нима қилишингиз керак? ~ Бу ҳақда Яҳовага айтиб беринг. Унга яқинлашинг, ўшанда У сизга тасалли бериб, ёрдам қилади. Унутманг, сиз ўзингизни ёлғиз ҳис этганингизда ҳам Яҳова сизни севади. Келинг, Муқаддас Китобимизни очиб, Забурнинг 22- саносини ўқиб чиқайлик. 1- оятдан бошлаб, шундай дейилган: «Яҳова менинг Чўпонимдир. Мен ҳеч нарсага муҳтож бўлмайман. У мени ям-яшил яйловларда ётқизар; оромбахш сувлар бўйлаб мени етаклаб борар».

Ўша санонинг 4- оятида нима дейилганига эътибор беринг: «Ҳатто зулмат водийсида юрсам ҳам, хавф-хатардан қўрқмайман, ахир, Сен мен билан биргасан; Сенинг таёғинг ва хивичинг менга тасалли беради». Ҳа, Тангри Яҳованинг хизматчилари ўзларини ана шундай ҳис қилишади. Улар қийин аҳволга тушганда тасалли топишади. Сиз ҳам ўзингизни шундай ҳис этасизми? ~

Яҳова Ўзининг хизматчиларига худди меҳрибон чўпондек ғамхўрлик қилади. Яҳова уларни тўғри йўлдан етаклаб боргани учун, улар хурсанд бўлиб, Унинг ортидан эргашиб кетишади. Бу йўлда қийинчиликларга дучор бўлишса ҳам, улар қўрқмаслиги керак. Чўпон қўйларни ёввойи ҳайвонлардан ҳимоялаш учун доимо ёнида таёқ олиб юради. Муқаддас Китобда, қўйларини шер ва айиқдан ҳимоя қилган Довуд исмли ёш бир чўпон ҳақида ёзилган (1 Шоҳлар 17:34–36). Шунинг учун Худонинг халқи, Яҳова уларни ҳимоя қилишига амин. Худо улар билан бирга бўлгани учун улар ўзларини бехатар ҳис қилишади.

Ким бизга қийинчилик пайтида довюрак чўпондек ёрдам бера олади?

Яҳова чиндан ҳам қўзичоқларини севади ва уларга меҳр ила ғамхўрлик қилади. Бу ҳақда Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Чўпон каби У Ўз сурувини боқади. Қўзиларни қўлларида кўтаради. Уларни кўтариб, бағрига босади» (Ишаё 40:11).

Тангримиз Яҳова шундай меҳрибон эканини билиш наҳотки тасалли бермаса? ~ Сиз ҳам Унинг қўзичоғи бўлишни хоҳлайсизми? ~ Қўйлар чўпоннинг овозини тинглашади. Улар чўпондан узоқлашишмайди. Сиз ҳам Яҳовага қулоқ соляпсизми? ~ Унга яқинлашяпсизми? ~ Ундай бўлса, ҳеч нарсадан қўрқишингизга ҳожат йўқ. Яҳова сиз билан бирга бўлади.

Яҳова Ўзининг хизматчиларига меҳр ила ғамхўрлик қилади. Келинг, бу ҳақда Муқаддас Китобда нима дейилганини ўқиб чиқайлик: Забур 36:25; 54:23 ва Луқо 12:29–31.