Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

36- БОБ

Кимлар тирилади? Улар қаерда яшайди?

Кимлар тирилади? Улар қаерда яшайди?

ОЛДИНГИ иккита бобдан тирилган инсонлар ҳақида ўқиган эдик. Эсингиздами, улар неча киши эди? ~ Тўғри, беш киши эди. Улар қаторида нечта бола бўлган? ~ Учта. Тўртинчиси эса йигит эди. Бундан қандай хулоса чиқаришимиз мумкин? ~

Ҳа, Худо болаларни жуда севар экан. Аммо У бошқа кишиларни ҳам тирилтиради. Хўш, Худо фақат яхшилик қилганларни тирилтирадими? ~ Шундай деб ўйлашимиз мумкин. Бироқ, кўп инсонлар ҳеч қачон Яҳова ва Унинг Ўғли тўғрисида ҳақиқатни билишмаган. Улар нотўғри нарсаларга ўрганишгани учун ёмон ишлар қилишган. Нима деб ўйлайсиз, Яҳова бундай одамларни тирилтирадими? ~

Муқаддас Китобда: «Адолатли одамлар ҳам, адолатсизлар ҳам тирилади»,— деб айтилган (Ҳаворийлар 24:15). Нима учун адолатсиз, яъни яхшилик қилмаган одамлар тирилади? ~ Чунки улар ҳеч қачон Яҳованинг одамлардан нима талаб қилаётганини билишмаган.

Нима учун Худо адолатсизларни ҳам тирилтиради?

Қачон тирилиш бўлади, нима деб ўйлайсиз? ~ Ёдингизда бўлса, Лазар ўлганда Исо унинг опаси Мартага: «Укангиз тирилади»,— деганди. Марта эса: «Биламан, охирги кунда, ўлганлар ҳаётга қайтган пайтда тирилади»,— деб айтганди (Юҳанно 11:23, 24). Марта «охирги кунда» деганда нимани назарда тутган эди? ~

Исо бу кишига ваъда қилган Жаннат қаерда бўлади?

У Исонинг мана бу ваъдасини эшитган: «Мозорларда бўлган ҳамма чиқади» (Юҳанно 5:28, 29). Шундай қилиб «охирги кунда» Худонинг хотирасида бўлган одамлар тирилади. Бу охирги кун 24 соат давом этмайди. Бу кун минг йил давом этади. Муқаддас Китобда айтилишича, ушбу кунда Худо бутун ер юзида яшовчи одамларни ҳукм қилади. Уларнинг орасида тирилганлар ҳам бўлади (Ҳаворийлар 17:31; 2 Бутрус 3:8).

Бир ўйлаб кўринг, бу кун нақадар ажойиб бўлади! Минг йил давом этадиган бу кунда миллионлаб ўлган инсонлар ҳаётга қайтади. Бу инсонлар яшайдиган жойни Исо Жаннат, деб номлаган. Келинг, Жаннат қаерда ва қандай бўлишини кўрамиз.

Исо ўлимидан уч соат олдин ёнидаги азоб устунига михланган кишига Жаннат ҳақида айтиб берган. Бу кишини, содир этган оғир жинояти учун ўлимга ҳукм қилишган эди. Бироқ бу жиноятчи Исонинг қандай инсон эканини кўриб, у ҳақидаги гапларни эшитганидан кейин унга ишонди. У Исога: «Шоҳ бўлганингизда мени эсланг»,— деди. Исо унга: «Бугуннинг ўзида сенга айтяпманки, сен мен билан бирга Жаннатда бўласан»,— деб айтди (Луқо 23:42, 43).

Биз Жаннатни қандай тасаввур қилишимиз керак?

Исонинг бу сўзлари нимани англатади? Жаннат ўзи қаерда? ~ Келинг, ўйлаб кўрамиз. Жаннат олдин қаерда бўлган? ~ Эсингизда бўлса, Худо Одамато билан Момоҳавони ер юзидаги жаннатда жойлаштирган эди. Бу жой Адан боғи деб аталган. Ушбу боғда кўп жониворлар бўлиб, улар ҳеч кимга зарар етказмасди. У ерда кўпгина мевали дарахтлар ўсарди ҳамда катта дарё оқиб ўтарди. Адан боғи яшаш учун энг зўр жой эди! (Ибтидо 2:8–10).

Ўша жиноятчининг Жаннатга кириши ҳақида ўқиганимизда, ер юзи ажойиб бир боққа айланишини тасаввур қилишимиз мумкин. Исо ўтмишда жиноятчи бўлган ўша киши билан бирга ер юзида, Жаннатда яшайдими? ~ Йўқ. Сабабини биласизми? ~

Чунки Исо осмонда Шоҳ бўлиб, ер юзидаги Жаннатни бошқаради. Демак, Исо ўша киши билан Жаннатда бўлиши, уни тирилтириб ғамхўрлик қилишини англатади. Бироқ, нега Исо ўтмишда жиноятчи бўлган ўша кишига Жаннатда яшашга рухсат беради? ~ Келинг, кўриб чиқайлик.

Ўша жиноятчи Исо билан гаплашишдан олдин Худонинг нияти ҳақида билганмиди? ~ Йўқ. У Худо тўғрисида ҳақиқатни билмагани учун ёмон ишлар қилган. Жаннатда эса у Худонинг ниятлари ҳақида билиб олади. Ўшанда у Худони севишини ва Унинг иродасига мувофиқ яшашини исботлаш имкониятига эга бўлади.

Ҳамма тирилганлар ер юзидаги Жаннатда яшайдими? ~ Йўқ. Биласизми нимага? ~ Чунки улардан баъзилари Исо билан осмонда яшаш учун тирилади. Улар Исо билан биргаликда шоҳ бўлиб ер юзидаги Жаннатни бошқаришади. Буни қаердан биламиз, келинг кўриб чиқамиз.

Исо ўлимидан олдинги кечада шогирдларига шундай деган: «Осмондаги Отамнинг уйида яшаш учун жой кўп. Мен сизларга жой тайёрлагани кетяпман». Кейин Исо уларга қуйидагича ваъда берган: «Сизлар ҳам менинг ёнимда бўлишингиз учун қайтиб келиб, сизларни олиб кетаман» (Юҳанно 14:2, 3).

Исо тирилганидан сўнг қаерга борган? ~ Ҳа, у осмонга, Отасининг ёнига қайтиб кетган (Юҳанно 17:4, 5). Шундай қилиб, Исо ҳаворийларига ва бошқа шогирдларига, ўзи билан биргаликда осмонда бўлишлари учун уларни тирилтиришини ваъда қилган. Улар у ерда нима қилишади? ~ Муқаддас Китобда айтилишича, «биринчи тирилишда» иштирок этган шогирдлари осмонда яшайди. Улар Исо билан биргаликда ер юзи устидан минг йил шоҳлик қилишади (Ваҳий 5:10; 20:6; 2 Тимўтийга 2:12).

«Биринчи тирилишда» қанча одам иштирок этади ва Исо билан биргаликда шоҳ бўлади? ~ Исо ҳаворийларига шундай деганди: «Қўрқма, эй кичик пода, чунки самовий Отангиз сизларга Шоҳликни беришни маъқул кўрди» (Луқо 12:32). Осмонда Исо билан бирга шоҳлик қилиш учун тириладиган бу кичик поданинг сони аниқ. Муқаддас Китобга биноан, ер юзидан 144 000 киши олиниб, осмонда яшаш учун тирилтирилади (Ваҳий 14:1, 3).

Тирилганлар қаерда яшайди ва улар у ерда нима қилишади?

Ер юзидаги Жаннатда қанча одам яшайди? ~ Муқаддас Китобда бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган. Бироқ, Одамато ва Момоҳаво Адан боғида бўлганида, Худо уларга кўпайиб ер юзини тўлғазишларини айтган эди. Улар бу вазифани бажара олишмади. Лекин Худо ерга нисбатан ниятини, яъни ерни яхши инсонлар билан тўлдиришни амалга оширади (Ибтидо 1:28; Ишаё 45:18; 55:11).

Жаннатда яшаш қанчалар ажойиб бўлишини бир ўйлаб кўринг-а! Бутун ер юзи гўзал боққа айланади. Бу боғда қушлар, ҳайвонлар, чиройли дарахтлар ва турли-туман гуллар мўл бўлади. Бошқа ҳеч ким касаллик ва ўлимдан азоб чекмайди. Ҳамма бир-бири билан дўст бўлади. Агар биз Жаннатда абадий яшашни истасак, унда ҳозирданоқ тайёргарлик кўришимиз керак.

Худонинг ерга нисбатан ниятлари ҳақида кўпроқ билиш учун Ҳикматлар 2:21, 22; Воиз 1:4; Ишаё 2:4; 11:6–9; 35:5, 6 ва 65:21–24- оятларини ўқинг.