Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

43- БОБ

Бизнинг ака-ука ва опа-сингилларимиз ким?

Бизнинг ака-ука ва опа-сингилларимиз ким?

БИР куни Улуғ Устозимиз ажойиб бир савол берди. У олдида турган кишидан: «Менинг онам ва ака-укаларим кимлигини биласизми?» — дея сўради (Матто 12:48). Сиз бу саволга қандай жавоб берган бўлардингиз? ~ Балки сиз, Исонинг онасининг исми Марям бўлганини биларсиз. Аммо унинг укаларининг исмларини биласизми? ~ Унинг сингиллари ҳам бўлганми? ~

Муқаддас Китобга биноан, Исонинг укаларининг исмлари «Ёқуб, Юсуф, Симун ва Яҳудо» эди. Исо оилада тўнғич ўғил бўлиб, барча ука ва сингилларидан катта эди (Матто 13:55, 56; Луқо 1:34, 35).

Исонинг укалари ҳам унинг шогирдлари бўлишганми? ~ Муқаддас Китобда айтилишича, аввалига «укалари унга ишонишмасди» (Юҳанно 7:5). Кейинчалик эса, Ёқуб билан Яҳудо унинг шогирдлари бўлиб, ҳатто Муқаддас Китобнинг ёзилишида иштирок этишган. Улар қайси китобларни ёзишган, биласизми? ~ Тўғри, Ёқубнинг ҳамда Яҳудонинг мактубларини.

Муқаддас Китобда Исонинг сингилларининг исмлари ёзилмаган бўлса-да, биламизки, унинг камида иккита синглиси бўлган. Эҳтимол, унинг иккитадан кўп синглиси бўлгандир. Исонинг сингиллари ҳам унинг шогирдлари бўлишганми? ~ Билмаймиз, чунки бу ҳақда Муқаддас Китобда айтилмаган. Бироқ нега Исо: «Менинг онам ва ака-укаларим кимлигини биласизми?» — дея сўраган? ~ Ҳозир билиб оламиз.

Исо шогирдларига таълим бераётганида, кимдир унинг гапини бўлиб: «Ана, онангиз ва укаларингиз сиз билан гаплашиш учун ташқарида кутиб туришибди»,— дейди. Шунда Исо фурсатдан фойдаланиб, шогирдларига муҳим бир нарсани ўргатмоқчи бўлади ва: «Менинг онам ва ака-укаларим кимлигини биласизми?» — дея сўрайди. Кейин қўли билан шогирдларига кўрсатиб, баланд овозда: «Мана, менинг онам ва ака-укаларим!» — деб, ўз саволига жавоб беради.

Сўнг, Исо айтганларининг маъносини тушунтириб: «Кимки самовий Отамнинг хоҳишини бажарса, ўша менинг ака-укам, опа-синглим ва онам бўлади»,— дейди (Матто 12:47–50). Бундан кўриниб турибдики, Исо ўзининг шогирдларини жудаям яхши кўрган. Ҳа, у ўз шогирдларини туғишган ака-ука, опа-сингил ва оналаридек яқин олган.

Исонинг гапларига кўра, унинг ака-ука ва опа-сингиллари ким?

Ўша вақтларда Исонинг укалари — Ёқуб, Юсуф, Симун ва Яҳудо, акаларининг Худонинг Ўғли эканлигига ишонишмасди. Балки улар Жаброил фариштанинг Марямга айтган сўзларига ишонишмагандир (Луқо 1:30–33). Шунинг учун улар Исонинг устидан кулишгандир. Ўзини бундай тутаётган инсон ҳақиқий ака-ука ёки опа-сингил бўла олмайди. Сиз ўз ака-ука ёки опа-синглисига ёмон муомала қилаётган биронтасини танийсизми? ~

Муқаддас Китобда Эсов ва Ёқуб ҳақида ёзилган. Кунлардан бир кун Эсовнинг жаҳли чиқиб: «Мен укам Ёқубни ўлдираман»,— дейди. Шунда уларнинг онаси Ривқо, тағин Эсов укасини ўлдириб қўймасин, деб қўрқиб, Ёқубни узоқроққа жўнатиб юборади (Ибтидо 27:41–46). Лекин орадан кўп йиллар ўтиб, Эсов ўзгаради ва Ёқубни қучоқлаб ўпади (Ибтидо 33:4).

Вақти келиб, Ёқуб 12 ўғилли бўлади. Аммо унинг катта ўғиллари, укалари Юсуфни ёмон кўриб қолишади. У оталарининг севимли ўғли бўлгани учун, улар унга ҳасад қилишади. Оқибатда улар Юсуфни Мисрга кетаётган савдогарларга сотиб юборишади. Кейин оталарига, Юсуфни ёввойи ҳайвон еб қўйди, дейишади (Ибтидо 37:23–36). Қандай даҳшатли воқеа, шундай эмасми? ~

Кейинчалик Юсуфнинг акалари қилган ишларидан пушаймон бўлишади. Шунинг учун Юсуф уларни кечиради. Юсуфнинг Исога нақадар ўхшашлигига эътибор бердингизми? ~ Исо қийин аҳволга тушиб қолганида, ҳаворийлари уни ташлаб, қочиб кетишади. Бутрус ҳатто уни таниганлигини рад этади. Исо бўлса, худди Юсуф каби, уларнинг ҳаммасини кечиради.

Қобил ва Ҳобил ҳақидаги ҳикоядан қандай сабоқ олишимиз керак?

Яна, Қобил билан Ҳобил деган ака-укалар бўлган. Биз улар билан юз берган воқеадан ҳам сабоқ олишимиз мумкин. Худо Қобилнинг юрагида укасига нисбатан севги бўлмаганлигини кўрган. Шу сабабли Худо Қобилга, укасига бўлган муносабатни ўзгартирсин, деб маслаҳат беради. Агар Қобил Худони ростакам севганида, Унинг маслаҳатига амал қилган бўларди. Бироқ у Худони севмаган. Бир куни Қобил укаси Ҳобилга: «Юр, далага борамиз»,— деб таклиф қилди. Ҳобил акаси билан кетди. Улар далада ёлғиз қолишганида, Қобил укасини қаттиқ уриб, ўлдириб қўйди (Ибтидо 4:2–8).

Муқаддас Китобда, биз бу воқеадан муҳим сабоқ олишимиз кераклиги айтилган. Биласизми, қанақа сабоқ? ~ «Бошидан сиз эшитган хабар қуйидагичадир: бир-биримизни севишимиз даркор. Ёвуз Шайтондан бўлган Қобилга ўхшамайлик». Хуллас, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирини яхши кўришлари зарур. Улар Қобил каби бўлмасликлари лозим (1 Юҳанно 3:11, 12).

Нима учун Қобилга ўхшамаслигимиз керак? ~ Сабаби, Муқаддас Китобга биноан, у «ёвуз Шайтондан бўлган». Ҳа, Қобил Шайтон каби йўл тутгани учун, унинг отаси Шайтон бўлган, деса бўлади.

Нега ака-ука ва опа-сингилларимизни севишимиз муҳимлигини энди тушунгандирсиз? ~ Агар уларни севмасангиз, кимнинг болаларига ўхшаб қоласиз? ~ Шайтоннинг болаларига. Ахир сиз улар каби бўлишни хоҳламайсиз-ку, шундай эмасми? ~ Хўш, сиз Худонинг фарзанди бўлишни истаётганингизни қандай кўрсата оласиз? ~ Ака-ука ва опа-сингилларингизни чин дилдан севиб.

Севги ўзи нима дегани? ~ Севги — чуқур ички туйғу бўлиб, бошқаларга яхшилик қилиш истагини уйғотади. Агар биз ўзгаларга яхши ният қилиб, улар учун савоб ишлар қилсак, уларни севаётганимизни кўрсатамиз. Сизнингча, биз севишимиз керак бўлган ака-ука ва опа-сингиллар ким экан? ~ Эсингизда бўлса, Исо ўргатганидай, бу имондошларимиздан иборат катта оиламизнинг аъзоларидир.

Ака-укаларингизни севаётганингизни қандай кўрсата оласиз?

Имондош биродару опа-сингилларимизни севиш қанчалик муҳим? ~ Муқаддас Китобда айтилишича, «агар кимдир кўриб турган биродарини [ёки опа-сингилларини] севмаса, кўрмаган Худони қандай сева олади?» (1 Юҳанно 4:20). Шундай экан, биз фақат бир нечта имондошимизни севсак тўғри бўлмас эди. Биз ҳаммасини севишимиз лозим. Улуғ Устозимиз Исо шундай деган: «Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади» (Юҳанно 13:35). Сиз ҳамма биродару опа-сингилларни севасизми? ~ Унутманг, агар уларни севмасангиз, Худони ростакамига сева олмайсиз.

Ака-ука ва опа-сингилларимизни ҳақиқатан севаётганимизни қандай кўрсата оламиз? ~ Агар чин юракдан севаётган бўлсак, биз улардан узоқроқ юрмаймиз ва дилдан гаплашишдан қочмаймиз. Биз уларнинг барчасига дўстона муносабатда бўламиз. Уларга ҳамиша яхшилик қилиб, ҳеч нарсамизни аямаймиз. Мабодо улардан биронтаси қийин аҳволга тушиб қолса, дарҳол ёрдамга келамиз, чунки биз чиндан ҳам катта бир оиламиз.

Барча ака-ука ва опа-сингилларимизни чин қалбдан севаётган бўлсак, бу нимадан далолат беради? ~ Биз Улуғ Устозимиз Исонинг шогирдлари эканимиздан далолат беради. Ахир, ҳаммамиз шунга интиляпмиз-ку, тўғрими? ~

Ака-ука ва опа-сингилларимизни севишимиз кераклиги қуйидаги оятларда ҳам таъкидланган: Галатияликларга 6:10 ва 1 Юҳанно 4:8, 21. Қани, Муқаддас Китобни очиб, шу оятларни ўқинг-чи.