Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

44- БОБ

Худони севганлар билан дўстлашинг

Худони севганлар билан дўстлашинг

ДЎСТЛАР — биргаликда вақт ўтказиб, суҳбатлашишдан завқ оладиган одамлардир. Бироқ, тўғри дўст танлаш муҳим. Нима деб ўйлайсиз, бизнинг энг зўр дўстимиз ким? ~ Ҳа, Тангри Яҳова.

Биз чиндан ҳам Худонинг дўсти бўла оламизми? ~ Муқаддас Китобда, қадимда яшаган Иброҳим «Яҳованинг дўсти», деб номлангани ҳақида айтилган (Ёқуб 2:23). Биласизми, нимага? ~ Муқаддас Китобда у Худога қулоқ солган, деб ёзилган. Иброҳим ҳатто қийин пайтларда ҳам итоатли бўлган. Демак, Худонинг дўсти бўлиш учун биз ҳам Иброҳим ва Улуғ Устозимиз каби доимо Уни хурсанд қилишимиз керак (Ибтидо 22:1–14; Юҳанно 8:28, 29; Ибронийларга 11:8, 17–19).

Нега Иброҳим «Худонинг дўсти», деб аталган?

Исо ҳаворийларига шундай деб айтган: «Мен берган амрларга риоя қилсангиз, менинг дўстларим бўласизлар» (Юҳанно 15:14). Исо Яҳованинг барча айтганларини одамларга етказгани учун Худонинг сўзларига қулоқ солган кишиларни ўзининг дўсти деб билган. Ҳа, Исо Яҳовани севганлар билангина дўстлашган.

Улуғ Устозимизнинг яқин дўстлари унинг ҳаворийлари бўлган. Уларни шу китобнинг 75- бетидаги расмдан кўришингиз мумкин. Ҳаворийлар Исо билан бирга юриб, ваъзгўйлик қилишда унга ёрдам беришарди. Исо кўп вақтини улар билан ўтказарди. Улар бирга овқатланишар, Худо ҳақида гаплашишар ва яна бошқа ишларни қилишар эди. Лекин Исонинг бошқа кўп дўстлари ҳам бўлган. У дўстлариникида қоларди ва улар биргаликда маза қилиб вақт ўтказишарди.

Исонинг дўстлари бўлган бир оила, Қуддус яқинидаги Байтания қишлоғида яшарди. Бу оила ёдингиздами? ~ Булар Марям, Марта ва уларнинг укаси Лазар эди. Исо Лазарни дўстим, деб айтарди (Юҳанно 11:1, 5, 11). Бу оила Яҳовани севиб, Унга хизмат қилгани сабабли Исо улар билан вақт ўтказишдан роҳатланарди ва уларни яхши кўрарди.

Нимага Исо Қуддусга кетаётганида, тез-тез бу оиланикида қоларди? Сиз уларнинг исмларини биласизми?

Аммо бу, Исо Худога хизмат қилмаганларга нисбатан меҳрибон бўлмаганлигини англатмайди. Аксинча, у ҳатто бундай одамларнинг уйига бориб, улар билан овқатланарди. Шунинг учун ҳам баъзи одамлар Исони «солиқчилару гуноҳкорларнинг дўсти», дейишарди (Матто 11:19). Исо одамларнинг уйига, уларнинг ҳаёт тарзини ёқтиргани учун бормаган. У Яҳова ҳақида айтиб беришга борарди. Исо одамларга ёмон йўлдан қайтиб, ўзгаришга ва Худога хизмат қилишга ёрдам берарди.

Бир куни Исо Қуддусга кетаётиб, Ерихо шаҳридан ўтаётганида ажойиб бир воқеа юз берди. У ерда уни катта халойиқ ўраб олганди. Уларнинг орасида Заккай исмли одам бор эди. У Исони кўришни жуда хоҳлаётганди. Бироқ Заккай пакана бўлгани учун, ҳамда халойиқ уни ўраб олгани дастидан у Исони кўра олмади. Шунинг учун у олдинга чопиб бориб, ўша ердан ўтаётган Исони яхшироқ кўриш учун дарахтга чиқиб олди.

Нега Заккай дарахтга чиқиб олди?

Исо дарахтнинг ёнига келиб, тепага қаради-да: «Ҳой Заккай, тезроқ пастга тушинг. Мен бугун уйингизга бормоқчиман»,— деди. Заккай бой одам эди. Аммо у ҳаром йўл билан бойиб кетганди. Исо нима учун бундай ёмон одамникига бормоқчи бўлди? ~

У Заккайнинг уйига унинг ҳаёт тарзини ёқтиргани учун эмас, балки унга Худо тўғрисида гапириб бериш учун борган. Исо Заккайнинг уни кўриш учун қилган ҳаракатларига эътибор бериб, тинглашга тайёр эканини тушунди. Бу, Худонинг нияти бўйича одамлар қандай яшашлари кераклиги тўғрисида айтиб бериш учун қулай фурсат эди.

Нима учун Исо Заккайникига борди ва Заккай унга нима ваъда берди?

Натижада нима юз берди? ~ Заккайга Исонинг таълимотлари ёқиб қолди. У одамларни алдаганидан пушаймон бўлиб, ҳаром йўл билан топган пулларини қайтариб беришни ваъда қилди. Кейинроқ, Заккай Исонинг издоши бўлди. Шундан сўнггина Исо Заккай билан дўстлашди (Луқо 19:1–10).

Биз ҳам Улуғ Устозимизга тақлид қилиб, дўстимиз бўлмаган одамларникига борамизми? ~ Албатта, борамиз. Лекин уларнинг ҳаёт тарзини ёқтирганимиз учун эмас. Ҳа, биз уларнинг ёмон ишларига шерик бўлишни хоҳламаймиз. Уларникига Худо тўғрисида гаплашиш учун борамиз.

Бироқ, ким билан кўп вақт ўтказишни ёқтирсак, ўшалар бизнинг яқин дўстларимиз бўлади. Худони яхши кўрган инсонларгина бизга чин дўст бўла олади. Айримлар ҳатто Яҳова кимлигини билишмайди. Агар улар Худо ҳақида билишни исташса, биз уларга ёрдам бера оламиз. Вақти келиб, улар Яҳовани биз каби севиб қолишса, шундагина биз улар билан яқин дўст бўла оламиз.

Инсоннинг яхши дўст бўлиш-бўлмаслигини аниқлашнинг яна бир йўли бор. Унинг қилаётган ишларини кузатинг. У бошқаларга ёмонлик қилиб, устиларидан куладими? Ахир бундай қилиш нотўғри, шундай эмасми? ~ У доимо кўнгилсиз воқеаларга аралашиб қоладими? Биз унга шерик бўлишни истамаймиз, тўғрими? ~ Ёки у ёмон ишлар қилиб, қўлга тушмагани учун ўзини ақлли деб ўйлаяптими? Ҳатто у қўлга тушмаётган бўлса ҳам, Худо унинг қилаётган ишларини кўриб турибди-ку, шундай эмасми? ~ Сизнингча, бундай инсон бизга яхши дўст бўла оладими? ~

Келинг, Муқаддас Китобни очиб, дўстларимиз бизнинг ҳаётимизга қандай таъсир қилиши мумкинлигини кўриб чиқамиз. Қани, 1 Коринфликларга 15- боб, 33- оятни очинг-чи. Топдингизми? ~ Бу ерда шундай сўзларни ўқиймиз: «Адашманглар. Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади». Бу дегани, ёмон одамлар билан бирга вақт ўтказсак, биз ҳам улар каби бўлиб қолишимиз мумкин. Агар яхши инсонлар билан вақт ўтказсак, яхши одатларни ривожлантира оламиз.

Келинг, доимо Яҳова бизнинг ҳаётимизда энг муҳим ўринни эгаллаши кераклигини ёдда тутайлик. Ахир У билан бўлган дўстлигимиз бузилиб кетишини хоҳламаймиз, тўғрими? ~ Шунинг учун биз фақат Худони севадиганлар билан дўст бўлишимиз керак.

Нима учун тўғри дўст танлашимиз муҳимлиги қуйидаги оятларда кўрсатилган: Забур 118:115; Ҳикматлар 13:20; 2 Тимўтийга 2:22 ва 1 Юҳанно 2:15.