Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

45- БОБ

Худонинг Шоҳлиги келишини истайсизми?

Худонинг Шоҳлиги келишини истайсизми?

ИСО шогирдларига ўргатган ибодатни биласизми? ~ Билмасангиз, келинг Муқаддас Китобни олиб, Матто 6:9–13- оятларни ўқийлик. Ўша ибодатда: «Шоҳлигинг келсин»,— деган сўзлар бор. Худонинг Шоҳлиги ўзи нима, биласизми? ~

Ҳозир мен сизга тушунтириб бераман: подшоҳ бу бирон давлатнинг ҳукмдоридир. Унинг ҳукумати шоҳлик, деб аталади. Баъзи давлатларда юрт бошини президент, деб айтишади. Худо ҳукуматининг Ҳукмдори нима дейилади? ~ Тўғри, Шоҳ. Ана шу сабабдан Худонинг ҳукумати Шоҳлик, деб номланади.

Тангри Яҳова Ўз ҳукуматига кимни Шоҳ қилиб тайинлади, биласизми? ~ Ўғли, Исо Масиҳни. Нима учун Исо инсонлар сайлаган ҳар қандай ҳукмдордан энг зўридир? ~ Сабаби, Исо Отаси Яҳовани чиндан ҳам севади. Шунингдек, у ҳамиша тўғри йўл тутади.

Исо Байтлаҳм шаҳрида туғилишидан анча йиллар олдин, Муқаддас Китобда унинг туғилиши ва Худо томонидан танланган Ҳукмдор бўлиши тўғрисида башорат қилинган эди. Келинг, бу ҳақда Ишаё 9:6, 7- оятларда нима дейилганини ўқийлик: «Мана биз учун бола туғилди, ўғил бизга берилди. Ҳукмронлик Унинг зиммасидадир. Номи Тинчлик шаҳзодасидир. Унинг ҳукмронлиги ортиб бораверади. Тинчлик то абад ҳукм суради».

Биласизми, нима учун Худо Шоҳлигининг Ҳукмдори «шаҳзода», деб номланган? ~ Чунки бу шаҳзода шоҳнинг ўғлидир. Ҳа, Исо Буюк Шоҳ Яҳованинг Ўғлидир. Яҳова Исони Ўз ҳукуматининг Шоҳи қилиб тайинлади. У минг йил ер юзи устидан бошқаради (Ваҳий 20:6). Исо сувга чўмганидан сўнг: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— дея ваъз қила бошлаган эди (Матто 4:17).

Нима деб ўйлайсиз, нимага Исо Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди, деб айтган? ~ Чунки вақти келиб осмонда ҳукмронлик қила бошлаши керак бўлган Шоҳ ўшанда одамлар билан бирга эди! Шунинг учун Исо одамларга: «Худонинг Шоҳлиги орангизда»,— деб айтган (Луқо 17:21). Яҳова тайин этган Шоҳ сиз билан бирга бўлишини хоҳлармидингиз? ~

Энди эса менга айтинг-чи, Исо қандай муҳим ишни бажариш учун ер юзига келган? ~ Исонинг ўзи шундай деган: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни мен бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман» (Луқо 4:43). Лекин Исо бу ишни якка ўзи бажара олмаслигини биларди. Хўш, у нима қилди? ~

Ер юзида Исо қандай ишни бажариши керак эди?

Исо ўзи билан бошқа одамларни олиб, уларга қандай ваъз қилиш кераклигини кўрсатган. Биринчи бўлиб у 12 ҳаворийсига ўргатган (Матто 10:5, 7). Лекин Исо фақат ҳаворийларига ваъз қилишни ўргатганми? Йўқ, Муқаддас Китобда айтилишича, Исо яна кўпгина бошқа одамларга ҳам ваъз қилишни ўргатган. Вақт ўтиб, Исо хизмат учун 70 шогирдни танлаб, уларни иккитадан жўнатган. Хўш, улар одамларга нимани ўргатишарди? ~ Исо уларга қуйидагича айтган: «“Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди”,— дея айтиб юринглар» (Луқо 10:9). Шундай қилиб, одамлар Худонинг ҳукумати тўғрисида билиб олишарди.

Қадим замонларда Қуддусда янги подшоҳлар халққа кўриниш учун шаҳарга хўтикка миниб киришарди. Исо Қуддусга охирги марта ташриф буюрганда, шаҳарга айнан шундай тарзда кирган эди. Чунки Исо Худо Шоҳлигининг бўлажак Ҳукмдори-да. Хўш, одамлар Исонинг Шоҳ бўлишини исташадими? ~

Исо хўтикка миниб келганда, кўпчилик одамлар унинг олдида устки кийимларни пойандоз қилишган. Бошқалар эса дарахт новдаларини кесиб, йўлга тўшар эдилар. Бундай хатти-ҳаракатлари билан улар, Исо уларнинг Шоҳи бўлишини исташганини кўрсатишган. Улар шундай дея бақиришарди: «Яҳованинг номидан келаётган Шоҳ муборак! Осмонда тинчлик, арши аълода ўтирган Зотга эса шарафлар бўлсин!» Аммо ҳамма ҳам қувонмади. Баъзи дин пешволари Исога: «Устоз, шогирдларингизни тийиб олинг»,— деб айтишди (Луқо 19:28–40).

Нега халқ Исонинг Шоҳ бўлишини истамай қолди?

Беш кундан сўнг Исони ҳибсга олиб, Понтий Пилат деган ҳокимнинг саройига келтиришди. Исонинг душманлари уни ўзини шоҳ деб эълон қилиб, Рим ҳукуматига қарши чиққанликда айблашди. Пилат бу гаплар ростми, деб Исони сўроққа тутди. Исо эса ҳеч қачон бошқарувни қўлига олишга интилмаганини тушунтирди. У Пилатга: «Менинг шоҳлигим бу дунёдан эмас»,— деб айтди (Юҳанно 18:36).

Кейин Пилат ташқарига, одамларнинг олдига чиқиб: «Мен ундан бирон айб тополмаяпман»,— деб айтди. Лекин одамлар, Исо уларнинг Шоҳи бўлишини хоҳламай қолишди. Улар унинг озодликка чиқишини исташмади (Юҳанно 18:37–40). Пилат яна Исо билан гаплашиб, унинг ёмон иш қилмаганини тушунди. Шунинг учун Пилат Исони охирги марта олиб чиққанида, шундай деди: «Ана, шоҳингиз!» Улар эса: «Йўқотинг уни! Йўқотинг! Уни устунга михлатинг!» — деб бақиришарди.

Пилат: «Шоҳингизни устунга михлайми?» — деб сўради. Бош руҳонийлар унга жавоб беришди: «Рим шоҳидан ўзга шоҳимиз йўқ». Буни тасаввур қила оласизми? Бу ёмон руҳонийлар одамларни Исога қарши қайраб қўйишди (Юҳанно 19:1–16).

Бугунги кунда ҳам шунақа бўляпти. Аксарият одамлар, Исо уларнинг Шоҳи бўлишини ҳечам исташмайди. Улар Худога ишонишларини айтишади-ю, аммо Худо ва Масиҳ уларга буюрган нарсани қилишни хоҳлашмайди. Улар ҳукуматлари ер юзида бўлишини исташади.

Биз ҳақимизда нима деса бўлади? Худонинг Шоҳлиги ҳамда унинг ажойиб баракаларни келтириши тўғрисида билганимизда нимани ҳис қиламиз? ~ Албатта, Худога бўлган севгини, шундай эмасми? ~ Хўш, Худога бўлган севгимиз ҳамда Унинг Шоҳлиги остида умр кечириш истагимиз борлигини қандай кўрсатишимиз мумкин? ~

Нимага Исо сувга чўмди ва Худо ундан мамнун эканини қандай кўрсатди?

Биз Исога тақлид қилишимиз керак. Исо Яҳовани севишини қандай кўрсатган? ~ Улуғ Устозимиз: «Мен доим Унга маъқул бўлган ишни қиламан»,— деб айтган (Юҳанно 8:29). Ҳа, Исо ер юзига «Худонинг иродасини бажариш» ва «Унинг ишини якунига етказиш» учун келган (Ибронийларга 10:7; Юҳанно 4:34). Энди келинг, Исо ваъз қилишдан олдин нима қилганини кўриб чиқайлик.

Исо Яҳё пайғамбарнинг олдига, Иордан дарёсига келди. Улар бирга дарёга тушишди ва Яҳё уни сувга чўмдирди. Биласизми, нима учун Яҳё Исони сувга чўмдирган? ~

Худонинг Шоҳлиги тўғрисида қаерда гапиришимиз мумкин?

Исонинг ўзи буни илтимос қилган. Аммо Исонинг сувга чўмишини Худо хоҳлаганини биз қаердан биламиз? ~ Бизга маълумки, Исо сувдан кўтарилган пайтда у булутлар ичра Худонинг қуйидагича айтганини эшитган: «Сен Менинг севикли Ўғлимсан, сендан мамнунман». Худо ҳатто муқаддас руҳини каптар шаклида Исонинг устига қўндирган. Сувга чўмиши билан Исо Яҳовага бутун умр, яъни абадий хизмат қилишни истаганини кўрсатган (Марк 1:9–11).

Тўғри, сиз ҳали ёшсиз. Лекин катта бўлганингизда, қандай йўл тутасиз? ~ Сиз ҳам Исога ўхшаб сувга чўмасизми? ~ Сиз унга тақлид қилишингиз керак, ахир Муқаддас Китобда: «Унинг изидан оғмай юришингиз учун ўрнак кўрсатди»,— деб айтилган-ку (1 Бутрус 2:21). Сувга чўмишингиз билан сиз Худо Шоҳлигининг бошқаруви остида ҳаёт кечиришни истаётганингизни кўрсатасиз. Аммо сувга чўмишнинг ўзи етарли эмас.

Биз ҳар доим Исога қулоқ солишимиз керак. Исонинг айтишича, биз «дунёга тегишли бўлмаслигимиз» даркор. Агар бу дунёнинг ишларида қатнашсак, итоаткорликни намоён этамизми? Исо ва ҳаворийлари дунёнинг ишларидан четда юришган (Юҳанно 17:14). Хўш, улар нималар билан шуғулланишган? ~ Улар бошқа одамларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида айтиб юришарди. Бу уларнинг ҳаётида муҳим иш бўлган. Биз уларга тақлид қила оламизми? ~ Албатта, агар биз Худонинг Шоҳлиги келсин, деб ибодат қилишимизнинг маъносини тушунсак, бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб берамиз.

Худонинг Шоҳлиги келишини истаётганимизни қандай кўрсатсак бўлади? Жавобини қуйидаги оятлардан топамиз: Матто 6:24–33; 24:14; 1 Юҳанно 2:15–17 ва 5:3.