Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ИЛОВА

Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ тўғрисида ҳақиқат

Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ тўғрисида ҳақиқат

УЧЛИККА ишонган одамлар Худо уч қиёфада намоён бўлади деб ҳисоблашади, яъни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ. Учала шахснинг ҳар бири бошқасига тенг, қудратли ва ибтидоси йўқ, дейишади. Учлик таълимотига кўра Ота-Худо, Ўғил-Худо ва Муқаддас Руҳ-Худо бор. Лекин Худо барибир ягона.

Учликка ишонганларнинг кўпчилиги бу таълимотни тушунтира олмаслигини тан олса-да, буни Муқаддас Китоб таълимоти деб билади. Эътиборлиси шундаки, «учлик» сўзи Худонинг Каломида умуман учрамайди. Балки бу тушунча учрар?! Бу саволга жавоб топиш учун келинг, одатда бу ақидани тасдиқлаш мақсадида келтириладиган оятларни кўриб чиқайлик.

«КАЛОМ — ХУДО ЭДИ»

Юҳанно 1:1 да қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Азалда Калом бор эди. Калом Худо билан бирга эди, Калом — Худо эди». (Ўзбек тилидаги Муқаддас Китоб (2013), Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти.) Бир неча оят пастроқ, ҳаворий Юҳанно «Калом» бу айнан Исо эканини тушунтириб беряпти. (Юҳанно 1:14) Бу оятда Калом Худо деб аталгани учун, баъзилар Ўғил ва Ота ўша-ўша Худо деган хулосага келади.

Юҳанно китоби аслида юнон тилида ёзилган. Кейинчалик у бошқа тилларга ҳам таржима қилинган. Баъзи таржималарда «Калом — Худо эди», деган сўзларни учратмаймиз. Нега дейсизми? Қадимги юнон тилини билган таржимонлар, бу оятни бошқача таржима қилиш керак, деган қарорга келишган. Хўш, уларнинг таржимаси қандай экан? Мана бир неча мисол: «Логос [Калом] илоҳий эди». («A New Translation of the Bible») «Калом худо эди». («The New Testament in an Improved Version») «Калом Худо билан эди ва Унинг шахсиятини акс этарди». («The Translator’s New Testament») Бу таржималарга асослансак, Калом Аллоҳ эмаслигини кўрамиз *. Лекин «худо» деб аталиши, у Яҳова Таолонинг ижодлари ичида юксак мартабага эга эканини кўрсатади. Бу оятдаги «худо» сўзи «қудратли зот» деган маънога эга.

КЎПРОҚ ДАЛИЛЛАР

Кўп одамлар қадимги юнон тилини билмайди. У ҳолда ҳаворий Юҳанно айнан нимани назарда тутганини қандай билишингиз мумкин? Бир мисол: устоз ўқувчиларга бир масалани тушунтиряпти, дейлик. Ўқувчилар эса устознинг сўзларини ҳар хил тушунишди. Хўш, ўқувчилар нима қилсин? Қўшимча маълумот бериши учун улар устозига мурожаат қилиши мумкин. Дарҳақиқат, қўшимча далиллар масалани тушунишга ёрдам беради. Шунга ўхшаб Юҳанно 1:1 ни тўғри тушуниш учун Юҳанно баён этган хушхабардан Исо қандай мавқега эга экани ҳақда кўпроқ маълумот олишингиз керак. Бу далиллар тўғри хулоса чиқаришингизга ёрдам беради.

Масалан, Юҳанно 1:18 да: «Одамлардан ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрмаган»,— деган сўзларни ўқиймиз. Лекин Ўғилни, яъни Исони одамлар кўрган. Юҳанно шундай деган: «Калом [Исо] инсон бўлди, орамизда яшади. У иноят ва ҳақиқатга тўлганди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик. Бу улуғворлик Отадан келган ягона Ўғилга мансуб эди». (Юҳанно 1:14, Ўзбек тилидаги Муқаддас Китоб (2013), Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти.) Унда Ўғил қанақасига ўша-ўша Қодир Тангри бўлиши мумкин? Юҳанно «Калом Худо билан бирга эди», деб тушунтиради. Бироқ ким биландир бирга бўлиш ва айни пайтда унинг ўзи бўлиш мумкинми? Боз устига, Юҳанно 17:3 да Исонинг ўзи айтганидек, у ва самовий Отаси бошқа-бошқа шахс. Бу оятда Исо ўз Отасини «танҳо ҳақ Худо» деб атаган. Шунингдек, Юҳанно ўзи баён этган хушхабарнинг сўнгида қуйидагича дейди: «Ёзилганлари эса, Худонинг Ўғли Исо — Масиҳ эканига ишониб,.. абадий ҳаётга эга бўлишингиз учун битилган». (Юҳанно 20:31) Бу оятда Исо Худо эмас, балки Худонинг Ўғли деб аталишига эътибор беринг. Ушбу қўшимча оятлар Юҳанно 1:1 ни қандай тушуниш кераклигини кўрсатяпти. Исо, яъни Калом «худо» деб аталиши унинг юксак мавқеини таъкидласа-да, у Қодир Аллоҳга тенг эмас.

ТАСДИҚЛОВЧИ ДАЛИЛЛАР

Келинг, устоз ва ўқувчилар ҳақидаги мисолга қайтайлик. Устоз қўшимча маълумот беришига қарамай, баъзи ўқувчилар шубҳаланяпти, дейлик. Хўш, улар яна нима қилиши мумкин? Бошқа устозга мурожаат қилиши мумкин. Агар бу устоз ҳам биринчисининг сўзларини тасдиқласа, ўқувчиларда ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Сиз ҳам шундай йўл тутсангиз бўлади. Агар Исо ҳамда Қодир Аллоҳ борасида Юҳанно айтган сўзлардан шубҳаланаётган бўлсангиз, бошқа устозга, яъни Матто баён этган хушхабарга мурожаат қилинг. Масалан, Матто 24:36 да Исо бу замонанинг охири тўғрисида шундай деган: «У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди. Фақатгина самовий Отам билади». Исо Қодир Аллоҳ эмаслигини бу оят қандай тасдиқлаяпти?

Исонинг сўзларидан кўриняптики, Ота Ўғилдан кўпроқ нарсани билади. Агар Исо ўша-ўша Қодир Аллоҳ бўлганида у ҳам бу маълумотдан хабардор бўлмасмиди? Хуллас, Ўғил Отага тенг эмас. Лекин баъзилар: «Исо бу сўзларни инсон қиёфасида бўлган пайтда айтган»,— деб эътироз билдириши мумкин. Хўп, шундай ҳам дейлик, аммо муқаддас руҳ ҳақида нима деса бўлади? Агар муқаддас руҳ ҳам Ота каби ўша-ўша Худо бўлса, нега Исо бу маълумот муқаддас руҳга ҳам маълум, деб айтмаган?

Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, яна кўп шу каби оятларни топа оласиз. Улар Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ тўғрисида ҳақиқатни тасдиқлайди. (Забур 90:2; Ҳаворийлар 7:55; Колосаликларга 1:15)

^ абз. 3 Юҳанно 1:1 тўғрисида кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Қўриқчи минораси» журналининг 2008 йил 1 ноябрь сонидаги (рус) 24–25- саҳифаларга қаранг.