Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3- БОБ

Худо севган кишилар билан дўстлашинг

Худо севган кишилар билан дўстлашинг

Доно билан юрган доно бўлади. ҲИКМАТЛАР 13:20

1–3. а) Одамлар бир-бирига таъсир қилиши муқаррар экани Муқаддас Китобда қандай ифодаланган? б) Бизга яхши таъсир ўтказадиган дўстларни қандай топсак бўлади?

ҚАЙСИДИР маънода одамларни пахтага ўхшатиш мумкин. Пахта суюқликни шимиб олганидек, биз ҳам беихтиёр яқин дўстларимизнинг нуқтаи назари, меъёрлари ва феъл-атворини осонликча ўзлаштириб оламиз.

2 Ушбу фикр Муқаддас Китобда бундай ифодаланган: «Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади» (Ҳикматлар 13:20). Ушбу ҳикматли сўзлар, тасодифий муносабатни назарда тутмайди. «Билан юриш» ибораси, яқин мулоқотдан дарак беради *. Муқаддас Китобнинг бир изоҳли луғатида, бу оятга шундай шарҳ берилган: «Кимдир билан юриш ёки мулоқот қилиш, ўртада севги ва яқинлик туйғуси борлигини англатади». Севган кишимизга тақлид қилишга мойилмиз, деган фикрга наҳот қўшилмасангиз? Дарҳақиқат, севган кишимиз билан бизни ҳис-туйғулар боғлаб туради. Бу туйғулар, биз яхши ёки ёмон томонга шаклланишимизга таъсир қилади.

3 Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланиш учун, бизга яхши таъсир ўтказадиган дўстларни топиш ўта муҳим. Буни қандай уддаласа бўлади? Оддий қилиб айтганда, Худо севган кишиларни севиб, Унинг дўстлари билан дўст тутиниш лозим. Ахир, Яҳовага ёқадиган фазилатларга эга кишилардан ҳам афзалроқ дўстларни топа оламизми?! Шунинг учун келинг, Яҳованинг нуқтаи назари билан қараб ва У қандай кишиларни севишини билиб, яхши дўстларни танлайлик.

ХУДО СЕВГАН КИШИЛАР

4. Нима учун Яҳова дўстларни синчковлик билан танлашга ҳақли ва нега У Иброҳимни дўстим, деб атади?

4 Яҳова дўстларни синчковлик билан танлайди. Ахир У шундай қилишга ҳақли эмасми? Зеро Аллоҳ Сарвари Олам бўлиб, У билан дўстлашиш буюк шарафдир. Унда кимлар Худонинг дўсти бўлиши мумкин? Яҳова, Унга умид боғлаб, тўлиқ ишонадиган кишиларга яқиндир. Келинг, кучли имонга эга бўлган бобокалонимиз Иброҳимнинг мисолини кўриб чиқайлик. Ота учун ўз ўғлини қурбонликка келтиришдек оғир синов бўлмаса керак *. Аммо «Иброҳим Худо ҳатто ўликларни ҳам тирилтиришга қодир, деган фикрда» бўлиб, «ўғли Исҳоқни қурбонликка олиб борди» (Ибронийларга 11:17–19). Иброҳим шу қадар кучли имон ва итоаткорлик кўрсатгани учун, Яҳова меҳр билан уни дўстим, яъни Халилуллоҳ деб атади (Ишаё 41:8; Ёқуб 2:21–23).

5. Яҳова Унга садоқатли кишиларга қандай муносабатда?

5 Тангри Яҳова садоқат ва итоаткорликни ўта қадрлайди. Раббимиз, Унга бўлган садоқатни барча нарсадан устун қўядиган кишиларни севади (2 Шоҳлар 22:26). Китобнинг биринчи бобида ўқиганимиздек, Парвардигорни севганимиз учун Унга чин дилдан бўйсунсак, Аллоҳга чексиз мамнуният бахш этамиз. Муқаддас Китобда айтилганидек: «У [Яҳова] тўғри одамга яқин бўлади» (Ҳикматлар 3:32). Худонинг талабларини садоқат ила бажараётганлар, Яҳованинг «чодирида» меҳмон бўлишга, яъни Унга топиниб, бемалол ибодат қилиш таклифига сазовор бўлишади (Забур 14:1–5).

6. Исони севишимизни кўрсатишнинг қанақа йўллари бор ва бу Яҳовада қандай ҳис-туйғуларни уйғотади?

6 Яҳова, Азизи бўлмиш Исони севганларга меҳр-муҳаббат кўрсатади. Исо бундай айтганлар: «Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Отам ҳам уни севади. Биз унинг ҳузурига келиб, Ўзимизга маскан яратамиз» (Юҳанно 14:23). Исони севишимизни қандай кўрсатишимиз мумкин? Унинг ваъз қилиш ва шогирд орттириш каби амрларига иккиланмай риоя қилиш билан, албатта (Матто 28:19, 20; Юҳанно 14:15, 21). Шунингдек биз номукаммал инсонлар Исонинг сўзлари ва ишларига иложи борича тақлид қилиб, изидан юрсак, унга бўлган севгимизни намоён этамиз (1 Бутрус 2:21). Исони севиб, изидан юришга интилаётган кишилар, Яҳованинг қалбига қувонч келтиришади.

7. Нега Яҳованинг дўстлари билан иноқлашиш оқилона?

7 Имон, садоқат, итоаткорлик ва Исога ҳамда унинг меъёрларига бўлган севги, Яҳова Ўз дўстларида кўрмоқчи бўлган фазилатлар қаторига киради. Шу боис, ҳар биримиз ўзимиздан сўрайлик: «Менинг дўстларим бундай фазилатларга эгами? Яҳованинг дўстлари билан иноқманми?» Бу каби саволларни бериш оқилонадир. Худога маъқул келадиган фазилатларни ривожлантириб, воизлик хизматида фаол қатнашадиган кишилар бизга ижобий таъсир кўрсатиб, Аллоҳни мамнун этиш қароримизга мувофиқ яшашга кўмаклашишади. (29- саҳифадаги « Кимни яхши дўст деса бўлади?» номли рамкага қаранг.)

МУҚАДДАС КИТОБДАГИ МИСОЛДАН ЎРНАК ОЛАЙЛИК

8. а) Наима ва Рут, б) учта иброний ўспирин, в) Павлус ва Тимўтий ўрталаридаги муносабат сизда қандай таассурот қолдирди?

8 Яхши дўст танлаш қандай фойда келтиргани тўғрисида Худонинг Каломида бир талай мисоллар мавжуд. Масалан, Наима билан келини Рут, Бобил асирлигига олиб кетилган учта иброний ўспирин, Павлус ва Тимўтий ўрталаридаги дўстона муносабатлар шулар жумласидандир (Рут 1:16; Дониёр 3:17, 18; 1 Коринфликларга 4:17; Филиппиликларга 2:20–22). Келинг, Довуд билан Йўнатаннинг дўстлиги ҳақидаги ёрқин бир мисолни кўриб чиқайлик.

9, 10. Довуд ва Йўнатанни нима боғлаб турган?

9 Муқаддас Китобга биноан, Довуд Гўлиётни ўлдирганидан сўнг, «Йўнатаннинг кўнгли Довудга боғланди, Йўнатан уни ўз жони каби азиз кўрди» (1 Шоҳлар 18:1). Бундай мустаҳкам дўстлик, уларнинг ёшлари ўртасидаги катта фарққа қарамасдан, то Йўнатаннинг жангда ҳалок бўлгунигача давом этди (2 Шоҳлар 1:26) *. Бу иккита дўстни қандай кучли ришталар боғлаб турган?

10 Довуд билан Йўнатанни Худога бўлган севгилари ва садоқатлари боғлаб турарди. Уларни Аллоҳни мамнун этиш истаги ва ажойиб фазилатлари бирлаштирган. Ушбу ёш йигитнинг Яҳованинг исмини ҳимоялашга бўлган ғайрати ва жасорати, Йўнатанда яхши таассурот қолдиргани шубҳасиздир. Довуд эса, Йўнатан унинг манфаатларини ўзиникидан устун қўйиб, бу билан Яҳованинг ниятларини қўллаб-қувватлагани учун, дўстини чуқур ҳурмат қилган. Масалан, Довуд ёвуз шоҳ Шоулдан қочиб саҳрода яшириниб юрганида, нима юз берганини кўриб чиқайлик. Ўшанда Йўнатан ўз садоқатини намоён этиб, «Довуднинг олдига борди ва “Худо сени сақлайди”, деб уни руҳлантирди» (1 Шоҳлар 23:16). Қадрдон дўсти келиб, унга далда берганида, Довуд нималарни ҳис этганини бир тасаввур қилинг-а! *

11. Довуд билан Йўнатаннинг мисолидан дўстликка нисбатан қандай ўрнак оламиз?

11 Йўнатан ва Довуднинг мисолидан қандай ўрнак оламиз? Энг асосийси, дўстларнинг маънавий қадриятлари бир хил бўлиши кераклигини кўрдик. Агар эътиқодларимиз, ахлоқий қадриятларимиз ва Худога содиқ қолиш истагимиз мос келадиган кишиларга яқинлашсак, фикрларимиз, туйғуларимиз ва тажрибамиз билан бўлишиб, бир-биримизни мустаҳкамлаймиз (Римликларга 1:11, 12). Бундай маънавий дўстларни имондошларимиз орасидан топа оламиз. У ҳолда, жамоат учрашувларига келадиган ҳар бир киши билан дўст тутина оламизми? Аниқ шундай деб бўлмайди.

ДЎСТЛАРНИ ҚАНДАЙ ТАНЛАСА БЎЛАДИ?

12, 13. а) Нега ҳатто имондошларимиз орасидан дўст танлашда ҳам диққатли бўлишимиз лозим? б) Биринчи асрдаги жамоатлар қандай муаммога дуч келишган ва Павлус нимадан огоҳлантирган?

12 Жамоатда ҳам, маънан ўсишимизга кўмаклашадиган дўстларни танлашимиз керак. Бу сизни таажжублантиряптими? Ҳайрон бўлманг. Худди дарахтнинг айрим мевалари кеч пишгани сингари, жамоатнинг баъзи аъзолари маънан етук бўлишларига анча вақт талаб қилиниши мумкин. Шу сабабли ҳар бир жамоат аъзоси, маънан ўсишнинг турли поғонасида туради (Ибронийларга 5:12–6:3). Албатта, янгилар ва маънан суст кишиларга нисбатан сабр-тоқат ва меҳр кўрсатамиз, чунки уларнинг имонда ўсишининг тарафдоримиз (Римликларга 14:1; 15:1).

13 Вақти-вақти билан, жамоатда мулоқотимизга диққатли бўлишга чорлайдиган вазиятлар бўлиб туради. Масалан, айримларнинг хатти-ҳаракати шубҳали кўринади. Баъзилар эса хафа бўладиган ёки норозилик билдирадиган одат чиқариши мумкин. Биринчи асрдаги жамоатларда ҳам бундай муаммолар учраган. Аксарият имонлилар садоқатли бўлишган, лекин айримлари ўзларини номуносиб тутишган. Коринф жамоатидаги баъзилар Муқаддас Китобдаги муайян таълимотларга риоя қилмагани учун, ҳаворий Павлус уларга шундай деган эди: «Лекин адашманглар: “Ёмон одамлар тўдаси яхши ахлоқни бузар экан”» (1 Коринфликларга 15:12, 33). Павлус Тимўтийни ҳам, ҳатто имондошлари орасида ўзларини номуносиб тутувчилар бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди. У Тимўтийни бундайлар билан дўстлашишдан эҳтиёт бўлишга ундади (2 Тимўтийга 2:20–22).

14. Павлуснинг огоҳлантиришига қандай амал қилсак бўлади?

14 Павлуснинг огоҳлантиришига қандай амал қилсак бўлади? Бунинг учун, киши имондошимизми ёки йўқми, бундан қатъий назар, бизга салбий таъсир кўрсатадиганлар билан дўстлашмаслик лозим (2 Салоникаликларга 3:6, 7, 14). Аввало, Худо билан ўзаро муносабатларимизни сақлашимиз оқилона эмасми? Биз худди пахта сингари, дўстларимизнинг нуқтаи назари ва хатти-ҳаракатларини ўзимизга шимиб олишимизни ёдда тутинг. Ахир сиркага ботирилган пахта сувни эмас, сиркани шимиб олади-ку! Ҳолбуки, салбий таъсир кўрсатадиганлар билан дўстлашиш, фойда эмас, зиён келтириши муқаррар (1 Коринфликларга 5:6).

Яхши дўстларни имондошларимиз орасидан топа оламиз

15. Маънан етук дўстларни топиш учун нима қилса бўлади?

15 Худога шукурки, имондошларимиз орасида бизга ижобий таъсир кўрсатадиган дўстлар талайгина (Забур 132:1). Унда маънан етук дўстларни қандай топса бўлади? Шуни билингки, Худога маъқул хислатлар ва одатларни ривожлантирганингиз сайин, бундай мақсадга эга кишилар сизга яқинлаша бошлашади. Дарвоқе, янги дўст орттириш, сиздан ҳам айрим ҳаракатларни талаб этади. (30- саҳифадаги « Улар дўст орттиришди» номли рамкага қаранг.) Сиз акс эттирмоқчи бўлган фазилатларга эга кишиларни қидиринг. Муқаддас Китобдаги: «Кўнглингизни кенгроқ қилинглар»,— деган маслаҳатга риоя қилиб, имондошларингизнинг миллати, ирқи ва маданиятига қарамай, дўстлашишга интилинг (2 Коринфликларга 6:13; 1 Бутрус 2:17). Фақатгина тенгдошларингиз орасидан дўст излаш билан чегараланманг. Эсингизда бўлса, Йўнатан ҳам Довуддан анча катта эди. Устига-устак, кўп ёши катта кишилар тажрибаси ва донолиги билан дўстлигингизни бойитиши мумкин.

КЕЛИШМОВЧИЛИКЛАР ПАЙДО БЎЛГАНДА

16, 17. Имондошимиз бизни ранжитса, нега йиғилишларга қатнашни бас қилмаймиз?

16 Жамоат аъзоларининг феъл-атвори ва тарбияси турли бўлгани сабабли, онда-сонда муаммолар келиб чиқиши эҳтимолдан йироқ эмас. Масалан, баъзан имондошларимизнинг сўзлари ёки ишлари қалбимизга қаттиқ ботиши мумкин (Ҳикматлар 12:18). Гоҳида, феъл-атворнинг турлилиги, англашилмовчилик ёки фикрларнинг хилма-хиллиги дастидан муаммо пайдо бўлади. Булардан қоқиниб, жамоатга келмай қўйиш тўғри бўлармиди? Яҳовани ва Унга азиз кишиларни чин дилдан севсак, бундай қилмаймиз.

17 Яҳова Яратувчимиз ва ҳаёт Манбаи экан, севгимиз ва садоқатимизга наҳотки лойиқ бўлмаса?! (Ваҳий 4:11). Боз устига, Худо севги ила ҳавола этган жамоатни қўллаб-қувватлашимиз жоиз эмасми?! (Ибронийларга 13:17). Шундай экан, имондошимиз бизни ранжитса, аразлаганимизни пеш қилиб, йиғилишларга қатнашни бас қилмаймиз. Бизни ахир Аллоҳ ранжитган эмас-ку. Яҳовага бўлган севгимиз, Ундан ва халқидан юз ўгиришга йўл қўймайди! (Забур 118:165).

18. а) Жамоатда тинчликни сақлашга қандай ҳисса қўшсак бўлади? б) Кечиримли бўлишнинг қанақа қут-баракалари бор?

18 Имондошларимизга бўлган севги, жамоатда тинчликни сақлашга даъват этади. Яҳова умматидан мукаммалликни кутмаганидек, биз ҳам бундай қилмаймиз. Севги арзимас хатоларга эътибор бермасликка чорлайди. Зеро барчамиз номукаммал ва хатога йўл қўйишимиз мумкинлигини ёдда тутайлик (Ҳикматлар 17:9; 1 Бутрус 4:8). Севги «кечиримли бўлишимизга» ёрдам беради (Колосаликларга 3:13). Тўғри, бу маслаҳатга доимо амал қилиш осон эмас. Борди-ю салбий ҳис-туйғулар бизга таъсир қилишига йўл қўйсак, кек сақлаб, бу билан хафа қилган кишини жазолайман деб ўйлаймиз. Аслида эса, кек сақлаш ўзимизга зиён келтиради. Кечиримли бўлиш эса, мўл-кўл қут-баракалар ёғдиради (Луқо 17:3, 4). Бу қалбимизга хотиржамлик, жамоатга тинчлик ато этиб, энг муҳими Яҳова билан муносабатларимизни ҳимоялайди (Матто 6:14, 15; Римликларга 14:19).

НОЎРИН ДЎСТЛИК

19. Кимлар билан мулоқот қилмаслигимиз лозим?

19 Шундай вазиятлар бўладики, бирор имондошимиз Худонинг қонунини бузиб, тавба қилмаса ёки сохта таълимотларни тарқатиб, эътиқодини поймол қилса, имонлилар жамоатидан четлатилади ёхуд ўзи жамоатдан воз кечади. Худонинг Каломида бундай кишилар билан умуман «алоқа...қилмаслик» тўғрисида аниқ айтилган (1 Коринфликларга 5:11–13; 2 Юҳанно 9–11) *. Мабодо бу каби инсон қариндошимиз ёки илгари яқин дўстимиз бўлган бўлса, у билан мулоқот қилмаслик қийин кечади. У ҳолда, Яҳовага ва адолатли қонунларига садоқатимизни барча нарсадан устун қўя оламизми? Аллоҳимиз Яҳова, садоқат ва итоаткорликни юқори қадрлашини унутмайлик.

20, 21. а) Нима учун жамоатдан четлатиш, Яҳованинг севгисидан далолат беради? б) Нега донолик ила дўст танлаш ўта муҳим?

20 Жамоатдан четлатиш, Яҳованинг севги ила кўрган чорасидир. Қанақасига дейсизми? Гуноҳидан тавба қилмаган кишини четлатиш билан, авваламбор Яҳовага ва Унинг меъёрларига севги намоён этилади (1 Бутрус 1:15, 16). Четлатиш чораси жамоатни ҳам ҳимоялайди. Чунки бу, Худонинг садоқатли хизматчиларини атайин гуноҳ қилувчининг салбий таъсиридан сақлайди-да. Шунда жамоат улар учун бу ёвуз дунёдан ҳимоя қилувчи бошпана бўлиб қолади (1 Коринфликларга 5:7; Ибронийларга 12:15, 16). Бундай жиддий чора орқали ҳатто гуноҳкорга меҳр кўрсатилади. Зотан бу, уни эс-ҳушини йиғиб олишга ундаб, Яҳовага қайтиш учун муҳим қадамлар қўйишига туртки бўлиши мумкин (Ибронийларга 12:11).

21 Яқин дўстлар шаклланишимизга кучли таъсир қилишини рад эта олмаймиз. Шу йўсин, донолик ила дўст танлашимиз даркор. Яҳованинг дўстлари билан яқинлашиб, У севган кишиларни севиб, атрофимизга яхши дўстларни тўплаймиз. Улар, Яҳовани мамнун этиш қароримизга биноан яшашга кўмаклашишади.

^ абз. 2 «Йўлдош» деб таржима қилинган ибронийча сўз, шунингдек «жўра» ва «дўст» маъноларига эга (Ҳакамлар 14:20; Ҳикматлар 22:24).

^ абз. 4 Яҳова Иброҳимдан ўғлини қурбонликка келтиришни сўраш билан, келажакда Ўзининг ягона Ўғлини қурбон қилишига ишора этди (Юҳанно 3:16). Иброҳим билан юз берган воқеада эса, Яҳова аралашиб, Исҳоқнинг ўрнига қўчқорни сўйишни буюрди (Ибтидо 22:1, 2, 9–13).

^ абз. 9 Довуд Гўлиётни ўлдирганда «жуда ёш» эди. Йўнатан оламдан ўтганда эса, у 30 ёшга тўлганди (1 Шоҳлар 17:33; 31:2; 2 Шоҳлар 5:4). Йўнатан тахминан 60 ёшда ҳалок бўлганини эътиборга олсак, Довуд ундан 30 ёш кичик бўлган.

^ абз. 10 1 Шоҳлар 23:17- оятидан, Йўнатан Довудга қайси жиҳатдан далда берганини кўриш мумкин: 1) Довудни қўрқмасликка ундаган; 2) Шоулнинг ҳаракатлари пучга чиқишига ишонтирган; 3) Худонинг ваъдаси бўйича, Довуд шоҳ бўлишини эслатган; 4) Довудга садоқатли бўлиб қолишга онт ичган; 5) Шоул ҳам Йўнатаннинг Довудга бўлган садоқатидан хабардор эканини маълум қилган.

^ абз. 19 Жамоатдан четлатилган ёки ўзи воз кечган киши билан қандай муносабатда бўлишга нисбатан кўпроқ маълумот олиш учун, 207–209- саҳифалардаги Иловага қаранг.