Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

13- БОБ

Аллоҳни ранжитадиган байрам ва урф-одатлар

Аллоҳни ранжитадиган байрам ва урф-одатлар

Раббингизга нима мақбул бўлишини ўрганиб олинглар. ЭФЕСЛИКЛАРГА 5:10

1. Қанақа инсонларни Яҳова Ўзига яқинлаштиради ва нима сабабдан маънан ҳушёр бўлиш даркор?

ҲАЗРАТИ ИСО айтганидай: «Ҳақиқий топинувчилар Отага Руҳ ва ҳақиқат билан топинадилар... Ота шу йўсинда ўзига топинувчилар излайди» (Юҳанно 4:23). Тангри Яҳова бундай кишиларни топганда, уларни Ўзига ва ўғилдек азиз бўлган Исо пайғамбарга яқинлаштиради (Юҳанно 6:44). Бу нақадар катта шараф! Бироқ Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни севувчилар Худовандга нима мақбул бўлишини ўрганиб олишлари керак, зеро Шайтон ҳийла-макр устаси (Эфесликларга 5:10; Ваҳий 12:9).

2. Ҳақ ва сохта динни қўшмоқчи бўлганларга Яҳова қандай қарашини тушунтириб беринг.

2 Синай тоғи яқинида исроилликлар Ҳорундан худо ясаб беришини сўраган воқеани кўриб чиқайлик. Ҳорун истар-истамас олтин буқача ясади-да, бу Яҳовани ифодалайди дея, уни халққа тақдим этди. У: «Эртага Эгангизга бағишланган байрам бўлади»,— деб эълон қилди. Ҳақ ва сохта диннинг қўшилишига Яҳова қўл қовуштириб ўтиравердими? Асло. Уч мингта бутпараст ўлимга маҳкум этилди (Чиқиш 32:1–6, 10, 28). Бу ҳикоядан қандай сабоқ олсак бўлади? Агар ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақламоқчи бўлсак, нопокка қўл тегизмай, ҳақ топинишни ҳар қандай нопокликдан жон куйдириб ҳимоялашимиз керак (Ишаё 52:11; Ҳизқиё 44:23; Галатияликларга 5:9).

3, 4. Оммабоп байрам ва урф-одатларни текшираётганда, нима учун Муқаддас Китоб меъёрларига диққат қилишимиз даркор?

3 Асрлар оша, ҳаворийлар вафот этишганидан сўнг, христиан олами пайдо бўлиб, бутпарастларнинг урф-одатлари ва байрамларини ҳақ динга мослаштира бошлашди (2 Салоникаликларга 2:7, 10). Муҳокамамиз давомида бу каби байрам ва урф-одатлар Худонинг эмас, балки дунёнинг нуқтаи назарини акс этишига ўзингиз амин бўласиз. Умуман олганда, дунёвий байрамларнинг келиб чиқиши бир-бирига ўхшаш: улар тана нафсини қўзғатади ва «буюк Бобил»га тегишли сохта эътиқодлар ва спиритизмни, яъни сеҳр-жоду ишларини қўллаб-қувватлайди (Ваҳий 18:2–4, 23) *. Кўпгина урф-одатлар жирканчли бутпарастликдан келиб чиққанига Яҳова шахсан Ўзи гувоҳ бўлганини эсдан чиқармайлик. Шубҳасизки, У бундай байрамлардан ҳозир ҳам ҳазар қилади. Наҳотки Аллоҳнинг бу масалага бўлган нуқтаи назари биз учун муҳим бўлмаса?! (2 Юҳанно 6, 7).

4 Яҳованинг хизматчилари эканмиз, айрим байрамлар Унга маъқул келмаслиги бизга маълум. Шундай экан, уларда мутлақо иштирок этмасликка қатъий қарор қилайлик. Нега Яҳова бундай байрам ва урф-одатлардан нафратланишининг сабабини билсак, ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашимизга тўсқинлик қиладиган ҳар нарсадан қочишга куч топамиз.

РОЖДЕСТВОНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ

5. Исо қишнинг 25- декабрида ҳам, 7- январида ҳам туғилмаганига нега шубҳамиз йўқ?

5 Исо Масиҳнинг туғилган кунини байрам қилиш кераклиги тўғрисида Муқаддас Китобда ҳеч нарса айтилмаган. Боз устига, туғилганининг аниқ санаси ҳам маълум эмас. Шунга қарамай, у қишнинг 25- декабрида ҳам, 7- январида ҳам туғилмаганига шубҳамиз йўқ *. Инжил ёзувчиларидан бири Луқонинг баён этишича, Исо таваллуд топган пайтда чўпонлар «сурувларини пойлаб, далада тунар эдилар» (Луқо 2:8–11). Агар улар йил давомида «далада тунашганда», буни таъкидлашнинг кераги бўлмасди. Аммо қишда Байтлаҳмда ёмғир ва қор ёққани учун, чўпонлар «сурувларини пойлаб, далада тунаш» ўрнига, ёпиқ жойда қишлашарди. Устига-устак, Рим ҳукмдори Қайсар Августнинг буйруғи билан рўйхатдан ўтиш учун Юсуф билан Марям Байтлаҳмга боришган (Луқо 2:1–7). Қайсар, шундоқ ҳам ҳукуматидан норози бўлиб юрган одамлардан, қишнинг совуғида ўз шаҳарларига бориш ҳақда буйруқ бериши эҳтимолдан йироқ.

6, 7. а) Рождествонинг илдизи нимага бориб тақалади? б) Рождестводаги совға улашишлар, Яҳова Шоҳидларининг ҳадя беришидан қандай фарқ қилади?

6 Рождествонинг илдизи Муқаддас Китобга эмас, балки қадим Римдаги Сатурналия, яъни деҳқончилик худоси Сатурн шарафига нишонланган байрамга бориб тақалади. Бир энциклопедияда айтилишича: «Рождество байрами фақат IV асрдан бошлаб 25- декабрь куни нишонлана бошланган. Эҳтимол бунга, ўша пайтда Рим империясида кенг тарқалган қадимий эронликларнинг қуёш худоси Митрага сиғинишни христиан черкови томонидан сиқиб чиқариш мақсади сабаб бўлган. Чунки бу худонинг туғилган куни ҳам 25- декабрда байрам қилинарди» («Мир русской культуры»).

Яҳованинг Шоҳидларини совға беришга севги ундайди

7 Ушбу байрам пайтида бутпарастлар бир-бирига совға улашиб, зиёфат қилишарди; Рождествода ҳам худди шундай ҳол кузатилади. Лекин Рождестводаги бундай совға улашишлар, Инжилдаги ушбу оятнинг моҳиятига мос келмайди: «Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Чунки Худо рози бўлиб берувчини севади» (2 Коринфликларга 9:7). Яҳованинг Шоҳидларини совға беришга севги ундайди. Ва бу учун улар муайян кунни кутишмайди, ҳадя олиш ниятида ҳадя беришмайди (Луқо 14:12–14; Ҳаворийлар 20:35). Боз устига, улар Рождество билан боғлиқ дахмазадан ва ўзларини қарзга ботиришдан озод эканликларини қадрлашади (Матто 11:28–30; Юҳанно 8:32).

8. Мунажжимлар Исонинг туғилган кунига атаб совға олиб келишганми? Тушунтиринг.

8 Бироқ айримлар, мунажжимлар Исонинг туғилган кунида совға олиб келишган-ку, деб баҳслашишар. Аммо мунажжимлар ҳадялар тортиқ қилиш ила дунёга келган атоқли инсонга ўз ҳурматларини ифодалашган. Бу, ўша шарқ мамлакатларига хос одат бўлган (3 Шоҳлар 10:1, 2, 10, 13; Матто 2:2, 11). Шуни эътиборга олиш керакки, мунажжимлар Исо туғилган кечада келишмаган. Улар ташриф буюришганда, Исо оғилхонадаги охурда ётган чақалоқ эмас, балки аллақачон бир неча ойлик бўлиб, ота-онаси билан уйда яшаётган эди.

ТУҒИЛГАН КУНЛАРГА МУҚАДДАС КИТОБНИНГ НУҚТАИ НАЗАРИ

9. Муқаддас Китобда туғилган кунлар қандай ёритиб берилган?

9 Фарзанднинг дунёга келиши ҳамиша қувончли ҳодиса бўлса-да, Муқаддас Ёзувда Аллоҳнинг хизматчилари туғилган кунни нишонлашгани ҳақда ҳеч нарса айтилмаган (Забур 126:3). Ушбу маълумот эътиборсизлик натижасида тушириб қолдирилганми? Бўлиши мумкин эмас. Чунки, Миср фиръавни ва Ҳирод Антипа исмли кишиларнинг туғилган куни эслатиб ўтилган (Ибтидо 40:20–22; Марк 6:21–29). Бироқ иккаласи ҳам салбий воқеа сифатида ёритиб берилган. Ҳолбуки, уларнинг бирида Яҳё пайғамбарнинг боши танидан жудо қилинган.

10, 11. Илк масиҳчилар туғилган кунни нишонлашга қандай қарашган ва сабаби нимада?

10 Бир энциклопедия таъкидлашича, «илк масиҳчилар туғилган кунни нишонлаш мажусийларга хос, деб билганлар» («The World Book Encyclopedia»). Масалан, қадимги юнонлар, чақалоқларни умри бўйи асрайдиган руҳлар борлигига ишонишган. Бир китобда шундай дейилади: «Чақалоқ аллақандай худонинг туғилган кунида туғилар, уни асрайдиган руҳ эса бу худо билан сирли алоқада бўлар экан» («The Lore of Birthdays»). Туғилган кунлар шунингдек, астрология ва мунажжимлик билан боғлиқ.

11 Худонинг хизматчилари туғилган кунни бутпарастлик ва спиритизмдан келиб чиққани учун рад этишдан ташқари, бу уларнинг меъёрларига зид бўлгани туфайли шундай қилишган. Бундай дейишга қандай асосимиз бор? Улар камтарин инсонлар бўлиб, таваллуд кунларини байрам қилишга лойиқ, ўта муҳим ҳодиса деб билишмаган (Михо 6:8; Луқо 9:48) *. Бунинг ўрнига улар Парвардигор Яҳовани шарафлаб, ҳаёт туҳфаси учун Унга миннатдор бўлишган (Забур 8:4, 5; 35:10; Ваҳий 4:11) *.

12. Нима учун ўлим куни туғилган кундан яхшироқ?

12 Ҳа, бу масалаларда Худога содиқ бўлиб қолганлар, ҳатто ўлса ҳам Унинг хотирасида сақланиб, келажаги кафолатланган (Аюб 14:14, 15). Тавротда: «Яхши ном қимматбаҳо хушбўй ёғдан, ўлим куни эса туғилган кундан яхшироқдир»,— дейилган (Воиз 7:1). «Яхши ном» — бу, Аллоҳга содиқ хизмат қилиш туфайли орттирилган обрўдир. Муқаддас Китобда Исонинг туғилган кунини эмас, аксинча ўлимини хотирлаш амр этилган. Зеро унинг «яхши номи» нажот топишимизга йўл очади (Луқо 22:17–20; Ибронийларга 1:3, 4).

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ — БЕЗАРАР КЎНГИЛХУШЛИКМИ?

13, 14. Нега Янги йил байрами Худонинг хизматчилари учун номақбул?

13 Янги йил байрами бутпарастларнинг анъаналарига асосланган. Бир энциклопедиянинг маълумотига кўра: «Янги йилнинг 1- январдан бошланишини, милоддан аввалги 46- йилда Рим ҳокими Юлий Цезарь жорий этган. Илгари римликлар бу кунни, эшиклару кириш-чиқиш ҳамда ҳар қандай ишнинг боши ҳисобланмиш Янус худоси шарафига бағишлашган. У, бири олдинга, бири орқага қарайдиган икки қиёфали қилиб тасвирланган. Январь ойининг номи ҳам айнан Янус худонинг исмидан келиб чиққан» («The World Book Encyclopedia»).

14 Ҳар бир мамлакатда Янги йил байрами ўзгача вақтда, ўзгача услубда нишонланади. Турли халқларнинг афсоналарига изоҳ берувчи луғатда айтилишича: «Кўп ғарб мамлакатларида эски йил тугаб, янги йил бошланишини ўйин-рақс кечаси, ичкиликбозлик ва кайф-сафо билан кутиб олинади». Бошқа маданиятларда ҳам «бир йилни кузатиб, кейингисини кутиб олишни кўнгилхушлик пайти, деб қабул қилинади» («Standard Dictionary of Folklore, Mythology, and Legend»). Бироқ Инжилда: «Айш-ишрат ва ичкиликбозлик билан эмас, шаҳватпарастлик ва фисқ-фужур билан эмас, жанжалкашлик ва ҳасадгўйлик билан эмас, балки кундузга яраша, одоб билан кун кечирайлик»,— деб насиҳат берилган (Римликларга 13:13; 1 Бутрус 4:3, 4; Галатияликларга 5:19–21).

НИКОҲ ТЎЙИНГИЗ ПОК БЎЛСИН

15, 16. а) Нима сабабдан турмуш қурмоқчи бўлганлар маҳаллий никоҳ одатларини Муқаддас Китоб асосида текширишлари керак? б) Гуруч ва шу кабиларни сочишга тегишли удумларга нисбатан, Аллоҳнинг хизматчилари нимани эътиборга олишлари лозим?

15 Энди «куёв билан келиннинг овози ҳам келмагай сендан [буюк Бобилдан]» (Ваҳий 18:23). Нега? Бобилнинг ўзи йўқ бўлар экан, никоҳ тўйини булғовчи спиритизмга оид амаллари ҳам барҳам топади-да (Марк 10:6–9).

16 Тўғри, ҳар бир мамлакатнинг ўз урф-одатлари бор. Улардан айримлари зарарсиздек туюлиб, келин-куёв ва меҳмонларга шунчаки омад келтиради деб кўринса-да, аммо томири сохта динга бориб тақалади (Ишаё 65:11). Бундай удумлардан бири гуруч, пул, ширинлик ва шу кабиларни сочишни ўз ичига олади. Ушбу амал ёвуз руҳларнинг кўнглини овлаб, келин-куёвга зарар етишидан сақлайди, деган эътиқодга асосланган. Боз устига, гуручни узоқ вақт давомида ҳосилдорлик, бахт ва умрбоқийлик билан сирли боғлиқлиги бор, деб келишган. Демак, ўзини Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақламоқчи бўлганлар, бундай ифлос урф-одатлардан ўзларини ҳимоялашлари керак (2 Коринфликларга 6:14–18).

17. Тўй қилишни режалаштираётганлар ва унга таклиф қилинганлар, Муқаддас Китобнинг қайси меъёрларига амал қилишлари керак?

17 Яҳованинг хизматчилари шунингдек, тўй маросимларига доғ туширадиган ёки бировнинг виждонига озор етказадиган дунёвий ишлардан ўзларини сақлашлари даркор. Мисол учун улар, келин-куёвни ва бошқаларни ноқулай аҳволга соладиган кинояли сўзлар ёки ахлоқсиз шамалар, ўйину ҳазилларни ишлатишмайди (Ҳикматлар 26:18, 19; Луқо 6:31; 10:27). Улар шунингдек, камтаринликнинг акси бўлмиш «кибр-ҳаводан» далолат берувчи дабдабали тўй ёки зиёфат беришдан қочишади (1 Юҳанно 2:16). Тўй қилишни режалаштираётган бўлсангиз, Яҳова ушбу кунни афсус билан эмас, аксинча доимо қувонч билан эслашингизни хоҳлашини унутманг *.

ҚАДАҲ КЎТАРИШ ДИНИЙ УДУММИ?

18, 19. Қадаҳ кўтаришнинг келиб чиқиши ҳақида бир китобда нима дейилган ва нега ушбу удум Муқаддас Китобга зид?

18 Тўй ва ўтиришларда қадаҳ кўтариш кенг тарқалган. 1995- йилда чоп этилган бир китобда бу ҳақда шундай дейилган: «Замонавий қадаҳ кўтариш... қадимда худоларга атаб муқаддас ичкиликни назр қилиш... бир-бирига: “Умрингиз узоқ бўлсин!” ёки “Соғлигингиз учун!” каби тилаклар билдириш удумининг сарқитидир» («International Handbook on Alcohol and Culture»).

19 Тўғри, кўп одамлар қадаҳ кўтаришни диний ёки хурофий ҳаракат деб билишмайди. Бироқ, қадаҳни тепага кўтариш одати «самодан», яъни илоҳий кучлардан барака сўраш, деб ҳисобласа бўлади. Бу эса Муқаддас Китобга зиддир (Юҳанно 14:6; 16:23) *.

«ХУДОВАНДНИ СЕВГАНЛАР ЁВУЗЛИКДАН НАФРАТЛАНИНГ!»

20. Худонинг хизматчилари ҳатто динга тегишли бўлмаган қайси байрамлардан қочишади ва нимага?

20 Бугунги дунёнинг меъёрлари кескин равишда бузилиб боришида, қисман ёки тўғридан-тўғри «буюк Бобилнинг» айби бор. Айрим мамлакатларда беҳаё рақслар карнавали ва ҳатто бесоқолбозу лесбиянлар байрамларини уюштиришади. «Худовандни севганлар» уларда иштирок этиши ёки томоша қилиши ўринли бўлармиди? Улар ўз хатти-ҳаракатлари билан бундай ишлардан нафратланаётганларини кўрсатишлари тўғри эмасми? (Забур 1:1, 2; 96:10). Сано бастакорининг: «Беҳуда иш-ҳаракатларга қаратма кўзим»,— деган сўзларига риоя қилсак, нақадар яхши иш қилган бўламиз! (Забур 118:37).

21. Аллоҳнинг хизматчиси қайси байрамларда қатнашиш-қатнашмаслик қарорини ўзи чиқариши лозим?

21 Яҳованинг Шоҳиди байрам кунлари ўз хатти-ҳаракатларига эътибор бериб, унда иштирок этмаётгани бошқаларга аён бўлсин. Инжилда: «Ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худони улуғлаш учун қилинглар»,— деб ёзилган (1 Коринфликларга 10:31; шунингдек, 158-, 159- саҳифалардаги « Оқилона қарорлар чиқаринг», номли рамкага қаранг). Агар байрам ва урф-одат сохта диндан, сиёсатдан холи ва Муқаддас Китоб меъёрларига зид бўлмаган тақдирда, Аллоҳнинг хизматчиси унда қатнашиш-қатнашмаслик қарорини ўзи чиқариши лозим. Шу ўринда у бошқаларни қоқинтирмаслик учун, уларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олади.

АЛЛОҲНИ СЎЗ ВА АМАЛДА ШАРАФЛАНГ

22, 23. Қандай қилиб Яҳованинг адолатли меъёрлари ҳақда яхши шоҳидлик берсак бўлади?

22 Кўплар байрам кунларини авваламбор оиласи ва дўстлари билан бирга йиғилиш имконияти, деб билишади. Мабодо кимдир, Муқаддас Китобга асосланган эътиқодимизни жуда қаттиқ ва эркинликдан маҳрум этади, деган хулосага келса, оиламиз ва дўстларимиз билан йиғилиб туришни ёқтиришимизни мулойимлик ила тушунтиришга интилайлик (Ҳикматлар 11:25; Воиз 3:12, 13; 2 Коринфликларга 9:7). Биз яқинларимиз билан йилнинг хоҳлаган кунида, фақат байрам бўлмаган вақтларда йиғиламиз. Аммо, Яратувчимизни ва Унинг адолатли меъёрларини севганимиз учун, бундай ёқимли ўтиришларни Худони ранжитадиган урф-одатлар билан булғашни истамаймиз. (156- саҳифадаги « Ҳақ топиниш улкан шодлик келтиради», номли рамкага қаранг.)

23 Яҳованинг баъзи Шоҳидлари «Муқаддас Китоб таълимотлари» адабиётининг * 16- бобидаги маълумот билан бўлишиб, яхши натижаларга эришишган. Мақсадимиз кишининг ноҳақлигини исботлаш эмас, балки ҳақиқатни унинг қалбига етказишдан иборат. «Сўзингиз ҳамиша файзли ва мазали бўлсин»,— деган маслаҳатга риоя этиб, босиқ бўлайлик ва ҳурмат кўрсатишни канда қилмайлик (Колосаликларга 4:6).

24, 25. Қандай қилиб ота-оналар фарзандларининг Яҳовага бўлган имони ва севгисини ўстира олишади?

24 Биз, Яҳованинг хизматчилари яхши таълим олганмиз. Нега айрим нарсаларга ишониб амал қилишимизни, бошқаларидан ўзимизни тийишимизни биламиз (Ибронийларга 5:14). Шу боис, ота-оналар, фарзандларингизни Муқаддас Китоб меъёрлари устидан мулоҳаза юритишга ўргатинг. Бу билан уларнинг имонини ўстириб, эътиқодларига тегишли саволларга Худонинг Каломидан жавоб бера олишларига кўмаклашасиз ва Яҳовага бўлган севгиларини мустаҳкамлайсиз (Ишаё 48:17, 18; 1 Бутрус 3:15).

25 Худога «Руҳ ва ҳақиқат» билан топинадиганлар Муқаддас Китобга асосланмаган байрамлардан йироқлашишдан ташқари, ҳаётларининг барча соҳаларида ҳалол бўлишга интилишади. Аксар киши бу замонда ҳалоллик билан иш битмайди, деб ҳисобласа-да, кейинги бобдан, художўйлик нақадар яхши самара келтиришини билиб оламиз.

^ абз. 3 « Ушбу байрамда иштирок этсам бўладими?» номли 148-, 149- саҳифалардаги рамкага қаранг. Муайян байрамлар рўйхати, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда чоп этилган «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи»да жойлашган.

^ абз. 5 Муқаддас Китоб ва тарихий манбаларга кўра, Исо тахминан мил. авв. 2- йилда, яҳудийларнинг Итаним ойида, ҳозирги календарь бўйича сентябрь–октябрда туғилган. (Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган инглиз тилидаги «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг 2- жилд, 56-, 57- саҳифаларига қаранг.)

^ абз. 11 « Байрамлар ва Шайтонга сиғиниш», номли 150- саҳифадаги рамкага қаранг.

^ абз. 11 Тавротга биноан, фарзанд кўрган аёл Худога гуноҳ қурбонлигини келтирган (Левилар 12:1–8). Бу, одамлар фарзандларига гуноҳни ўтказишларини эслатиб турарди. Ҳамда ушбу қонуний талаб туфайли исроилликлар фарзанд туғилишига тўғри нуқтаи назарга эга бўлиб, бутпарастларнинг туғилган кун одатини ўзлаштиришдан сақланишарди (Забур 50:7).

^ абз. 17 Тўйлар ва ўтиришлар ҳақидаги учта мақолани «Қўриқчи минораси» журналининг 2006- йил 1- ноябрь сони, 8–12- саҳифалар ва 17–21- саҳифаларга, шунингдек рус тилидаги 2006- йил 15- октябрь сони, 28–31- саҳифаларга қаранг.

^ абз. 19 Рус тилидаги «Қўриқчи минораси» журналининг 2007- йил 15- февраль сони, 30-, 31- саҳифаларига қаранг.

^ абз. 23 Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган.