Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

14- БОБ

Ҳамма нарсада ҳалол бўлинг

Ҳамма нарсада ҳалол бўлинг

Биз ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз. ИБРОНИЙЛАРГА 13:18

1, 2. Ҳалолликка интилаётганимизни кўриш, нега Яҳовани шод этади? Мисол келтиринг.

ОНА ўғилчаси билан дўкондан ташқарига чиқишди. Тўсатдан бола ҳайратланиб, тўхтаб қолди. Унинг қўлида дўкондан олиб чиққан кичкина ўйинчоқ бор эди. У ўйинчоқни жойига қўйишни ёки онасидан уни сотиб олиб беришини сўрашни эсидан чиқарган шекилли. У онасига мўлтираб қараб, йиғлаб юборди. Онаси уни тинчлантирди ва ўғли ўйинчоқни қайтариб, кечирим сўраши учун иккаласи дўконга киришди. Боласининг гапга қулоқ солганини кўриб, онаси фахрланиб кетди.

2 Фарзандларининг ҳалолликка ўрганаётганларини кўриш, ота-оналарга доим мамнуният бахш этади. Парвардигоримиз «Ҳақ Таолога» ҳам худди шундай ҳис-туйғулар хос (Забур 30:6). Бизнинг маънан ўсаётганимизни ва ҳалолликка интилаётганимизни кўриб, Унинг қалби шод бўлади. Модомики бизлар Худони мамнун этишни ва ўзимизни Унинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашни хоҳлар эканмиз, Муқаддас Китобдаги: «Биз ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз»,— деган сўзларга қўшиламиз (Ибронийларга 13:18). Келинг, ҳалол бўлиш айниқса қийин кечадиган ҳаётимизнинг тўртта соҳасига эътиборимизни қаратайлик. Кейин эса ҳалоллик қандай баракалар келтиришини кўриб чиқамиз.

ЎЗИМИЗГА НИСБАТАН ҲАЛОЛЛИК

3–5. а) Ўзимизни алдаш хавфли эканидан Худонинг Каломи қандай огоҳлантирмоқда? б) Ўзимизга нисбатан ҳалол бўлишга нима ёрдам беради?

3 Ҳалол бўлиш қийин кечадиган биринчи соҳа — бу, ўзимизга нисбатан ҳалол бўлишдир. Биз, номукаммал инсонлар учун ўзимизни алдаш тузоғига тушиш жуда осон. Мисол учун, Ҳазрати Исо Лаодикия шаҳридаги имонлиларга «қашшоқ, кўр ва яланғоч», яъни маънан ачинарли ҳолатда бўла туриб, ўзларини бой ҳисоблаб, алданиб юрганлари ҳақида айтган эди (Ваҳий 3:17). Уларнинг бундай ҳолати ўта хавфли бўлган.

4 Бу борада Инжилдаги ушбу огоҳлантириш ёдингизга тушар: «Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир» (Ёқуб 1:26). Борди-ю тилимиздан нотўғри фойдаланиб, шу билан бир вақтда Яҳовага тўғри топиняпман деб ўйласак, адашамиз. Шунда Яҳовага бўлган хизматимиз бутунлайин яроқсиз бўлади. Бундай аянчли йўлдан бизни нима асраб қолади?

5 Яна бир қатор оятларда Аллоҳнинг Каломи кўзгуга ўхшатилган. Уларга кўра, мукаммал қонунга яқиндан қараб, унга қатъий амал қилиш лозим (Ёқуб 1:23–25). Муқаддас Китоб, ўзимизга нисбатан ҳалол бўлиб, яхши томонга ўзгариш учун нима қилишимиз кераклигини англашга ёрдам беради (Еремиёнинг марсияси 3:40; Хаггей 1:5). Шунингдек, Яҳовадан бизни текширишини ҳамда жиддий хатоларимизни кўрсатиб, уларни соқит қилишимизга кўмаклашишини сўрашимиз мумкин (Забур 138:23, 24). Ноинсофлик хавфли камчилик бўлиб, унга Яратувчимиз каби муносабатда бўлишимиз даркор. Тавротда: «Эгамизга ёвузлар [ёки маккорлар] жирканчдир, У тўғри одамга яқин бўлади»,— дейилган (Ҳикматлар 3:32). Яҳова, биз ҳам худди шундай туйғуларни ҳис этишимизга ва ўзимизга Унинг нуқтаи назари билан қарашга ёрдам беради. Юқорида келтирилган оятнинг сўзларини эслайлик: «Биз ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз». Албатта ҳозирнинг ўзида мукаммал бўла олмаймиз, лекин чин дилдан ҳалолликни сақлаб, бунинг пайидан юришни истаймиз.

ОИЛАДАГИ ҲАЛОЛЛИК

Ҳалоллик яширинча иш қилишдан сақлайди

6. Нега эр-хотинлар бир-бирлари билан ҳалол бўлишлари даркор ва бу уларни қай хилдаги хавфдан ҳимоя қилади?

6 Ҳалоллик имонли оилаларга хос белгидир. Шу боис, эру хотин бир-бири билан очиқ ва ҳалол бўлишлари даркор. Умр йўлдоши бўлмаган киши билан ноз-карашма қилиш, Интернет орқали пинҳон муносабатларни ривожлантириш ёки порнография томоша қилиш каби нопок ва зарарли нарсаларга оилада ўрин йўқ. Худонинг айрим хизматчилари, турмуш ўртоғидан яширин равишда бундай қилмишларга ўралашиб қолишган эди. Бу — инсофсизликдир. Тақводор шоҳ Довуднинг сўзларига диққат қилайлик: «Ёлғончи одамлар аро ўтирмасман, юрмасман ҳам ҳийлагарлар бирлан» (Забур 25:4). Агар турмуш қурган бўлсангиз, жуфтингиздан яширинча иш қилишдан эҳтиёт бўлинг!

7, 8. Муқаддас Китобдаги қайси мисоллар фарзандларга ҳалоллик муҳимлигини ўргатади?

7 Фарзандларни ҳалолликнинг муҳимлигига ўргатаётиб, ота-оналар Муқаддас Китобдаги мисолларни қўллашса оқилона бўлади. Нарсаларни ўғирлаб, яширмоқчи бўлган Охун; бойлик орттириш ниятида алдоқчилик қилган Гахази; пул ўғирлаб юрган ва Исога хиёнат этган Яҳудо Ишқариёт кабиларнинг салбий мисоллари шулар жумласидандир (Ёшуа 6:16–18; 7:11–25; 4 Шоҳлар 5:14–16, 20–27; Матто 26:14, 15; Юҳанно 12:6).

8 Ижобий мисоллар сирасига эса, ўғилларини хуржунларига солиб қўйилган пулларни қайтариб беришларига ундаган Ёқубни; отасининг қасамига итоат этган Йифтохнинг қизини; дарғазаб оломондан қўрқмай ўзини танитган ва дўстларини ҳимоялаб, башоратни ижро этган Исони киритиш мумкин (Ибтидо 43:12; Ҳакамлар 11:30–40; Юҳанно 18:3–11). Ушбу мисоллар ота-оналарга, Худонинг Каломи ёрдамида болаларни ҳалолликни севиб, қадрлашга ўргатиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.

9. Фарзандларини ҳалолликка ўргатмоқчи бўлган ота-оналар нимадан четланишлари керак ва нега ўзлари ўрнак кўрсатишлари муҳим?

9 Тарбия беришнинг бундай усули ота-оналарга катта масъулият юклайди. Инжилда бундай насиҳат мавжуд: «Сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан? “Ўғрилик қилма”, деб насиҳат қилиб, ўзинг ўғрилик қиласанми?» (Римликларга 2:21, 22). Баъзи ота-оналар фарзандларини ҳалол бўлишга ўргатишади-ю, ўзлари эса бунга амал қилмай, уларни гангитиб қўйишади. Катталар кичик ёлғон ва ўғирликни: «Барибир раҳбаримиз буни ҳамма ишчилар олишини билади» ёки «Вой, бу арзимаган ёлғон-ку, буни ёлғон деб ҳам бўлмайди»,— деган сўзлар билан ўзларини оқлашади. Аслида эса, нима ўғирланганига қарамай, ўғирлик бу ўғирлик ва ёлғон қанчалик арзимас бўлмасин, барибир ёлғондир (Луқо 16:10) *. Бинобарин, болалар риёкорликни тез пайқашади ва бу нозик қалбларига жиддий шикаст етказади (Эфесликларга 6:4). Бироқ, агар улар ҳалолликка ота-оналаридан ўрганишса, ушбу диёнатсиз дунёда Яҳовани шарафлайдиган бўлиб улғайишлари эҳтимолга яқин (Ҳикматлар 22:6).

ЖАМОАТДАГИ ҲАЛОЛЛИК

10. Имондошларимиз билан мулоқот қилишда, нимага диққатли бўлишимиз лозим?

10 Имондошларимиз билан мулоқот қилиш, ҳалолликни ривожлантиришнинг кўп имкониятларини очиб беради. Ушбу китобнинг 12- бобидан билиб олганимиздай, айниқса биродару опа-сингилларимиз орасида нутқимиздан қандай фойдаланишга диққатли бўлишимиз лозим. Кундалик гапларимиз осонгина ғийбат ва туҳматга айланиб кетиши мумкин. Аниқ бўлмаган маълумотни такрорлаш, ёлғон тарқалишига сабаб бўлади, шу боис тилни тийиш маъқулроқдир (Ҳикматлар 10:19). Ҳатто аниқ бир нарсани билсак-да, бу ҳақда гапириш ўринли эканини англатмайди. Масалан, маълумот бизга алоқадор бўлмаслиги ёки бу ҳақда гапириш яхшиликка олиб келмаслигини билармиз (1 Салоникаликларга 4:11; 1 Бутрус 4:15). Айримлар қўполликни ростгўйлик деб аташади, аммо бизнинг сўзларимиз ҳамиша файзли ва мазали бўлмоғини истаймиз (Колосаликларга 4:6).

11, 12. а) Жиддий гуноҳ содир этган кимса қандай қилиб вазиятни янада чигаллаштириши мумкин? б) Жиддий гуноҳга нисбатан Шайтоннинг ёлғонлари нимадан иборат ва уларга қарши қай тарзда курашса бўлади? в) Яҳованинг ташкилоти олдида ҳалол эканимизни қандай кўрсатамиз?

11 Жамоатда масъулият юкланган биродарлар билан ҳалол бўлишимиз айниқса муҳим. Жиддий гуноҳ содир этган бирор кимса қилмишини яшириб, оқсоқоллар ундан сўраган пайтда ёлғон гапирса, вазиятни янада чигаллаштиради. Ахир у ҳатто ўзини Яҳовага хизмат қилаётган қилиб кўрсатиб, аслида гуноҳли йўлдан юришни давом эттирса, иккиюзламачилик қилган бўлади-ку! Натижада, ҳаёти ёлғондан иборат бўлиб қолади (Забур 11:3). Бошқаси эса оқсоқоллардан асосий далилларни яшириб, фақат қисман рост гапиради (Ҳаворийлар 5:1–11). Бундай ноҳақлик, Шайтоннинг ёлғонларига ишонишнинг бошланишидир. (164-, 165- саҳифалардаги « Жиддий гуноҳга нисбатан Шайтоннинг ёлғонлари», номли рамкага қаранг.)

12 Шунингдек, саволларга ёзма равишда жавоб берганда, Яҳованинг ташкилоти олдида ҳалол бўлишимиз аҳамиятга эгадир. Мисол учун, хизматимиз тўғрисида ҳисобот топшираётганда, маълумотни сохталаштирмасликка диққатли бўламиз. Шу сингари, бирор хизмат турига анкета тўлдираётиб, хизматимиз, ҳаётимиз ва соғлигимиз ҳақда чинини ёзамиз (Ҳикматлар 6:16–19).

13. Қандай қилиб иш масалаларида имондошларимиз билан ҳалол бўла оламиз?

13 Иш масалаларида ҳам имондошларимиз билан ҳалол бўлишимиз керак. Гоҳо, айрим биродару опа-сингиллар биргаликда бирор иш юритишади. Албаттаки улар бундай масалаларни Йиғилиш Залида ёки хизмат пайтида ҳал қилмайдилар. Ҳар бир ишда одатда раҳбар ва ишчи бўлади. Агар раҳбар бўлсак, келишиб олингандек, маошни вақтида тўлаб, қонун бўйича кўзда тутилган ёки шартлашилган имтиёзларни тақдим этишимиз даркор (1 Тимўтийга 5:18; Ёқуб 5:1–4). Ва аксинча ишчи бўлсак, маошимизни ҳалоллаб олишимиз керак (2 Салоникаликларга 3:10). Раҳбар имондошимиз бўлса, у қолган ишчиларга қараганда бизга қўшимча дам олиш кунларини бериш ёки бошқа имтиёзлар кўрсатишга бурчли, деган фикрга бормасак тўғри бўлар эди (Эфесликларга 6:5–8).

14. Қўшма иш юритмоқчи бўлган имондошлар қандай эҳтиёт чоралари кўришлари лозим ва нега?

14 Борди-ю имондошлар ўртага пул ташлаб ёки қарз эвазига қўшма корхона очмоқчи бўлсалар-чи? Муқаддас Китобда бу борада муҳим ва амалий маслаҳат мавжуд: барча нарсани қоғозга туширинг! Мисол учун, Еремиё пайғамбар ер сотиб олганида, гувоҳлар олдида ҳужжатдан нусха кўчириб, келажакни кўзлаб ишончли жойда сақлаб қўйганди (Еремиё 32:9–12; шунингдек Ибтидо 23:16–20- оятларига қаранг). Имондошларимиз билан иш юритганда, барчасини расмийлаштириш, бир-биримиздан гумонсирашимизни англатмайди. Аксинча, келишмовчилик ва хафаликларнинг олдини олади. Бироқ ҳеч бир иш, жамоатнинг тинчлиги ва бирлигини бузмаслиги кераклигини унутмайлик (1 Коринфликларга 6:1–8) *.

НОҲАҚ ДУНЁДАГИ ҲАЛОЛЛИК

15. Ишда ноинсофлик қилганларга Яҳованинг муносабати қанақа ва имонлилар бунга нисбатан ўзларини қандай тутишади?

15 Аллоҳнинг хизматчиларига хос ҳалоллик жамоат билан чекланмайди. Инжилда айтилганидай: «Биз ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришга ҳаракат қиламиз» (Ибронийларга 13:18). Иш масаласига келсак, Парвардигоримиз биздан ҳалолликни кутади. Масалан, фақат Ҳикматлар китобининг ўзида тарози тўғри бўлиши кераклиги бир неча марта таъкидланган (Ҳикматлар 11:1; 16:11; 20:10, 23). Қадимда савдо-сотиқда, буюм ва пулларни тортиш учун тарози ва тошлардан фойдаланилган. Инсофсиз савдогарлар харидорларни алдаш ниятида икки турли тарози тоши ва ёлғон тарозидан фойдаланишган *. Яҳова бундай қилмишдан нафратланади! Ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақламоқчи бўлсак, ҳар қандай ноинсофликдан қочишимиз даркор.

16, 17. Дунёда инсофсизликнинг қандай турлари тарқалган ва имонлилар қай тарзда йўл тутишга қарор қилишган?

16 Шайтон бу дунёнинг ҳокими бўлгани сабабли, атрофимиздаги инсофсизлик бизни ҳайратга солмаслиги керак. Ҳа, ҳар куни ҳалоллигимиз синалади. Одамлар ишга кириш учун қисқача маълумот беришганда, кўпинча тажрибаларини бўрттириб, тавсияномани қалбакилаштиришади. Шунингдек, кўплар иммиграцион, солиқ, суғурта ва шу каби ҳужжатларни тўлдиришганда, мақсадларига эришиш учун сохта жавоблар беришади. Кўп ўқувчилар ва талабалар назорат иши, иншо ёки реферат ёзганда турли ҳийлаларни ишлатишади: масалан, Интернетдан бировларнинг ишини кўчириб олиб, ўзиники қилиб кўрсатишади. Аксар инсонлар порахўр мансабдорларга дуч келишганда, ишларини пора бериб битиришади. Дунёдаги «одамлар нафс бандаси, пулпараст... яхшилик душмани» бўлиб кетишгани биз учун ажабланарли эмас (2 Тимўтийга 3:1–5).

17 Аллоҳнинг хизматчилари бундай қилмишларга аралашмасликка қатъий қарор қилишган. Тўғри, инсофсизлик қилаётган кишилар муваффақиятга эришиб, ҳатто бундан фойда кўришаётгани, баъзида ҳалол йўлдан боришимизни қийинлаштирар (Забур 72:1–8). Қолаверса, имонлилар «ҳамма нарсани ҳалоллик билан бажаришни» истаганлари учун, моддий жиҳатдан қийналиб қолишлари мумкин. Унда ҳалолликнинг фойдаси борми? Шак-шубҳасиз! Хўш, фойдаси нимада? Ҳалоллик қандай баракалар келтиради?

ҲАЛОЛЛИКНИНГ БАРАКАЛАРИ

18. Нима учун ҳалол деган обрўга эга бўлиш қадрли?

18 Ҳалол ва ишончли инсон деган обрўга эга бўлиш, энг қадрли нарсалар қаторига киради. (167- саҳифадаги « Қанчалик ҳалолман?» номли рамкага қаранг.) Тасаввур қилинг-а, бундай обрўга ҳар бир киши эга бўла олади! Лекин бу, одамнинг қобилияти, бойлиги, ташқи кўриниши, зиёли оиладан келиб чиққани ёки бошқа омилларга боғлиқ эмас. Афсуски кўплар, яхши обрў орттира олишмайди. Ҳа, бу жуда камёб фазилат! (Михо 7:2). Баъзилар ҳалоллигингиз учун сизни масхара қилишса, бироқ бошқалар буни қадрлаб, натижада уларнинг ишончи ва ҳурматига сазовор бўласиз. Яҳованинг кўп хизматчилари ҳалоллик моддий жиҳатдан ҳам фойда келтиришига амин бўлишган. Масалан инсофсиз ходимлар ишдан ҳайдалганда, улар ўз иш ўринларида қолишган ёки ҳалол ишчилар жуда керакли жойлардан иш топишган.

19. Қандай қилиб ҳалоллик виждонимиз ва Яҳова билан бўлган муносабатларимизга таъсир қилади?

19 Гарчи сиз билан юқоридаги нарсалар рўй бермаган бўлса-да, ҳалоллик мўл баракалар келтиришининг гувоҳи бўласиз. Масалан, Инжилда айтилганидай: «Виждонимиз тоза эканлигига аминмиз» (Ибронийларга 13:18). Боз устига, обрўйингиз ҳалол инсонларни севувчи Яратувчимизнинг назаридан ҳеч қачон четда қолмайди (Забур 14:1, 2; Ҳикматлар 22:1). Дарҳақиқат, ҳалоллик ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашга ёрдам бериб, бундан ортиқроқ мукофот йўқдир. Келинг, келгуси бобда Яҳованинг меҳнатга бўлган муносабатини билиб олайлик.

^ абз. 9 Агар Худонинг бирор хизматчисида бошқаларга зарар келтириш ниятида ғирт, ғаразли ёлғон ишлатиш одати бўлса, оқсоқоллар чора кўришига асос бўлади.

^ абз. 14 Иш юзасидан келиб чиққан муаммоларни қандай ҳал қилишга нисбатан 222-, 223- саҳифалардаги Иловада маслаҳатлар мавжуд.

^ абз. 15 Савдогарлар ҳар томонлама даромад кўриш мақсадида, сотиб олиш учун бир тарози тошини, сотиш учун эса бошқа тошни ишлатишарди. Ёки тарозининг битта палласини оғирроқ ёки узунроқ қилиб қўйиб тарозидан уриб, харидорни ҳар қанақасига алдашарди.