Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1- ҚИСМ

Парвардигор инсониятга жаннатни ато этади

Парвардигор инсониятга жаннатни ато этади

Худованди Карим коинотдаги жисмларни ҳамда ер юзидаги ҳаётни яратади. У яратган мукаммал эркак ва аёлни гўзал бир боққа жойлаштириб, уларга Ўз амрларини беради

КЎПЧИЛИККА таниш бўлган мана бу сўзларга эътибор беринг: «Худо азалда осмон билан ерни яратди» (Ибтидо 1:1). Муқаддас Китобнинг илк сўзлари, мана шу содда, лекин одамни ўзига жалб этадиган матн билан бошланади. Шу тариқа, Худованд Яҳова оламдаги энг буюк Шахс эканини билиб оляпмиз. Чиндан ҳам, биринчи оятданоқ Аллоҳ бутун борлиқни ҳамда биз яшаётган ерни бунёд этганини ўқиш мумкин. Кейинчалик эса, муайян бир даврни ўз ичига олувчи мажозий маънодаги бир неча кун ичида, Худойимиз инсонлар учун ерни уй қилиб беради ва табиат мўъжизаларини яратишни бошлайди.

Худойи Таоло ер юзида яратган ижодларидан энг аълоси одам эди. У, Аллоҳнинг суратига кўра яратилган, яъни Унинг севги ва донолик каби ҳислатларини намоён этиш қобилиятига эга бўлган. Худованд Яҳова илк инсонни тупроқдан яратиб, унга Одамато деб исм қўяди. Бундан ташқари, уни жаннатга, яъни Адан боғига жойлаштиради. Ушбу боғда Аллоҳ чиройли ва мевали дарахтлар ҳам ўстиради.

Худовандимиз одамга ёрдамчи кераклигини биларди. Шу боис, Одаматонинг қовурғасидан аёлни яратиб, унинг олдига келтиради. У Одаматога хотин бўлади ва кейинчалик унга Момоҳаво деб исм берилади. Қувончи ичига сиғмаган Одамато туйғуларини шеър қилиб айтади: «Ниҳоят, бу менинг суякларимдан пайдо бўлган суякдир, менинг этимдан яралган этдир». Аллоҳ эса шундай дейди: «Шунинг учун эркак киши ота-онасидан бошқа бўлиб чиқиб, хотинига боғланиб қолади, иккаласи бир тан бўладилар» (Ибтидо 2:22–24; 3:20).

Тангримиз Одамато билан Момоҳавога иккита амр беради. Биринчидан, улар ерни ишлаб парвариш қилиши ва кейинчалик уни одамлар билан тўлғазиши керак эди. Иккинчидан эса, катта Адан боғидаги фақатгина бир дарахтдан, яъни «яхшилик ва ёмонликни билиш» дарахтидан мева емасликлари лозим эди (Ибтидо 2:17). Борди-ю, итоатсизлик қилгудек бўлишса, уларни ўлим кутаётганди. Худо илк жуфтликка ушбу амрларни бериш орқали, улар Тангримизни Ҳукмдор сифатида тан олишларига имконият яратади. Улар итоаткорлиги билан ўз севгиси ҳамда миннатдорчилигини кўрсата олишарди. Дарҳақиқат, уларнинг манфаатига хизмат қиладиган бошчиликка ҳеч иккиланмай қулоқ солишлари мумкин эди. Ушбу мукаммал жуфтликнинг ҳеч қандай нуқсони бўлмаган. Муқаддас Ёзувларда қуйидагиларни ўқиймиз: «Худо Ўзи яратган ҳамма нарсага назар солди. Булар жуда ажойиб эди» (Ибтидо 1:31).

Ибтидо 1-, 2- бобларга асосланган.