Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2- ҚИСМ

Жаннат йўқотилади

Жаннат йўқотилади

Исёнкор фаришта илк жуфтликни, яъни Одамато ва Момоҳавони Худога қарши чиқишга ундайди. Оқибатда дунёга гуноҳ ва ўлим кириб келади

ИНСОНИЯТ пайдо бўлишидан анча олдин, Худо руҳий шахсларни, яъни фаришталарни яратади. Шайтон Иблис деб ном олган бир исёнкор фаришта айёрлик ила Момоҳавони Адан боғидаги тақиқланган дарахтнинг мевасидан ейишга ундайди.

Шайтон илондан фойдаланиб, Худо Момоҳаво билан Одаматодан яхши бир нарсани яшираётганини айтади. Исён кўтарган фаришта Момоҳавога тақиқланган дарахт мевасини ейишса ҳам, ўлмасликларини уқтиради. Шу йўсин Шайтон, Аллоҳ ер юзидаги фарзандларини алдаяпти, деган ғояни илгари суриб, Уни айблайди. Иблис Тангрига бўйсунмасликни жозибадор қилиб кўрсатади ва бу туфайли улар ўзгача билим ва озодликка эга бўлишларига ишонтиради. Буларнинг бари уйдирма бўлиб, инсон тарихидаги илк ёлғон эди. Аслини олганда, Аллоҳнинг ҳукмдорлиги ёки олий ҳокимият ҳақида гап кетаётганди. Шайтон бу даъвоси билан, Худованднинг бошқаришга ҳаққи борлигини ва бу ҳуқуқдан тўғри фойдаланиб, фуқароларининг манфаатини кўзлаётганини шубҳа остига қўяди.

Момоҳаво Шайтоннинг бу ёлғонига лаққа тушади. У тақиқланган дарахт мевасидан татиб кўришни жуда истаб, охири мевани олиб ейди. Сўнг эса, ўша мевадан эрига ҳам беради ва у ҳам ейди. Шу тариқа, улар гуноҳ қилишади. Бу оддийгина бўлиб кўринган қилмиш, аслида исёндан бошқа нарса эмас эди. Била туриб Тангрининг амрини бузган Одамато ва Момоҳаво, барча нарсани, шу жумладан мукаммал ҳаётни ато этган Яратувчининг ҳукмдорлигини рад этдилар.

Нажоткор «эзиб ташлайди сенинг бошингни, сен чақиб оласан унинг товонини» (Ибтидо 3:15)

Худо исёнчиларни жавобгарликка тортди. Аллоҳ, келажакда Зурриёт ёки Нажоткор келиб, илон сифатида тасвирланган Шайтонни йўқ қилиши ҳақида башорат қилди. Тангри Одамато билан Момоҳавонинг ҳали туғилмаган фарзандларига раҳм-шафқат кўрсатиш мақсадида, илк жуфтликни дарҳол йўқ қилмади. Адан боғидаги исённинг аянчли оқибатларини бартараф этиш учун, Худо келажакда маълум бир Шахсни юбормоқчи эди. Бу туфайли туғилажак фарзандларга умид ато этилди. Аллоҳ бу ниятини қандай қилиб амалга оширар экан? Ваъда қилинган Нажоткор ким бўлади? Бу саволларнинг жавоби, Муқаддас Китобнинг бошқа қисмлари ёзилганида ойдинлашиб борган.

Эгамиз, Одамато ва Момоҳавони жаннатдан чиқариб юборди. Улар Адан боғининг ташқарисида тер тўкиб меҳнат қилишларига тўғри келди. Момоҳаво ҳомиладор бўлди ва тўнғич фарзанди Қобил туғилди. Кейинчалик эса уларнинг бошқа ўғил-қизлари дунёга келди. Улар қаторида Ҳобил ва Нуҳ пайғамбарнинг бобокалони Шис туғилди.

Ибтидо 3–5- бобларга ҳамда Ваҳий 12:9- оятга асосланган.