Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

16- ҚИСМ

Масиҳнинг келиши

Масиҳнинг келиши

Худованд Яҳова, носиралик Исо ваъда қилинган Масиҳ эканини кўрсатади

ТАНГРИ ЯҲОВА одамларга, ваъда қилинган Масиҳ ким эканини кўришга ёрдам берганми? Албатта. Келинг, Худо қандай ёрдам қилганини кўриб чиқайлик. Бу воқеа, Таврот, Забур ва Пайғамбарлар китоблари ёзиб тугатилганидан тўрт аср ўтгач юз берган. Жалила ўлкасининг шимолида жойлашган Носира шаҳрида яшовчи Марям исмли қизнинг олдига ҳайратга соладиган бир меҳмон келади. Жаброил исмли фаришта унга кўриниб, Марям бокира қиз бўлишига қарамай, Аллоҳнинг руҳи, яъни фаол қудрати ёрдамида ўғил кўриши ҳақида айтади. Бу ўғил абадий ҳукм сурадиган, ваъда қилинган Шоҳ бўлиши керак эди. У Худонинг Ўғли саналиб, Аллоҳ унинг ҳаётини осмондан Марямнинг бачадонига ўтказмоқчи эди.

Марям бу шарафли ва муҳим топшириқни камтарлик билан қабул қилади. Унинг бўлажак умр йўлдоши дурадгор Юсуфга, Тангрининг фариштаси Марям қандай ҳомиладор бўлганини тушунтиргандан сўнг, унга уйланади. Бироқ Масиҳ Байтлаҳм шаҳрида туғилиши ҳақидаги башорат қандай бажо бўлади? (Михо 5:2). Ахир бу шаҳар Носирадан тахминан 150 километр нарида жойлашган эди.

Рим ҳукмдори рўйхатдан ўтиш ҳақида қарор чиқаради. Бунинг учун ҳар бир киши ўз туғилган шаҳрига бориши керак бўлади. Юсуф билан Марям Байтлаҳмда туғилишгани боис, Юсуф ҳомиладор хотини билан ўша ерга боради (Луқо 2:3). Тунаш учун уларга молхонадан бошқа жой қолмайди. Марямнинг ойи тўлиб, ўғил кўради ва уни охурга ётқизиб қўяди. Шунда Худо даладаги чўпонларнинг олдига бир фариштасини юбориб, ваъда қилинган Масиҳ дунёга келганини маълум қилади.

Айнан Исо ваъда этилган Масиҳ эканининг бошқа исботлари ҳам бор. Масалан, Ишаё пайғамбар Масиҳга йўл тайёрловчи инсон тўғрисида башорат қилган эди (Ишаё 40:3). Ушбу инсон Яҳё пайғамбар бўлган. У Исони кўриб: «Мана, дунёнинг гуноҳини бартараф этадиган Худонинг Қўзиси»,— деб хитоб қилган. Шунда Яҳёнинг айрим шогирдлари дарҳол Исонинг орқасидан эргашган. Улардан бири: «Биз Масиҳни топдик»,— деган (Юҳанно 1:29, 36, 41).

Бошқа далиллар ҳам бор. Исо Худонинг иродасини бажаришга киришганининг рамзи сифатида сувга чўмиш учун Яҳё олдига келиб, шундай қилганида Яҳованинг Ўзи осмондан гапирган. У муқаддас руҳи орқали Исони Масиҳ этиб тайинлаб, шундай деган: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман» (Матто 3:16, 17). Ҳа, ваъда қилинган Масиҳ келган эди!

Бу қачон содир бўлган? Дониёр пайғамбар башорат қилган 483 йил тугаган милодий 29- йилда. Дарҳақиқат бу, Исонинг Масиҳ эканини исботловчи инкор этиб бўлмайдиган далил эди. Хўш, Исо ер юзидаги ҳаёти давомида қанақа хабарни эълон этиши лозим бўлган?

Матто 13, Марк 1, Луқо 2 ва Юҳанно 1- бобларга асосланган.

^ абз. 16 Кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Худонинг раҳбарлиги Жаннатга йўл кўрсатмоқда» рисоласининг 20- саҳифасидаги рамкага қаранг.