Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- ҚИСМ

Исо мўъжизалар кўрсатади

Исо мўъжизалар кўрсатади

Исо алайҳиссаломнинг мўъжизалари, Шоҳ этиб тайинланганда у қандай қудратга эга бўлишини кўрсатади

АЛЛОҲ, Исо пайғамбарга бошқа инсонларнинг қўлидан келмайдиган ишларни қилиш қобилиятини ато этган. Исо кўп мўъжизалар яратиб, уларнинг аксариятини халқнинг кўзи олдида содир этган. Ушбу мўъжизалар, Исо душманларини енгишга қодир эканини ҳамда номукаммал инсонлар асло бартараф эта олмайдиган тўсиқларни йўқ қилишини намоён этган. Баъзи мисолларни кўриб чиқайлик.

Очлик. Исо илк мўъжизасини яратганда, сувни шаробга айлантирган. Бошқа икки сафар у оломонни бир нечта нон ва балиқ билан тўйғазган. Иккала вазиятда ҳам егулик ҳаммага етган.

Касаллик. Исо одамларнинг «ҳар турли хасталик ва дармонсизликларини даволарди» (Матто 4:23). У кўр, кар, мохов, чўлоғу майибларга, тутқаноғи борларга ҳамда шолларга қўл теккизиб дардидан фориғ қилган. Исо даволай олмайдиган касалликнинг ўзи бўлмаган.

Табиат кучлари. Бир куни Исо ўз шогирдлари билан Жалила денгизи бўйлаб сузиб кетаётганида, тўсатдан кучли бўрон кўтарилган. Шогирдлари бундан ваҳимага тушишган. Шунда Исо бўронга қарата: «Жим бўл! Тинчлан!» — деган ва шамол тиниб, ҳамма жой жим-жит бўлиб қолган (Марк 4:37–39). Бошқа сафар кучли шамол эсаётганида Исо денгиз устида юрган (Матто 14:24–33).

Жинлар. Жинлар одамлардан анча қудратли мавжудотлар. Кўплар Худонинг душманлари бўлмиш жинларнинг измига тушиб, уларнинг қўлидан қутула олишмайди. Исо бир неча маротаба жинларга одамни тарк этишни ва қайтиб уни безовта қилмасликни буюрган. У жинлардан қўрқмаган. Аксинча, жинлар Исонинг юқори мавқеини тан олиб, ундан қўрқишган.

Ўлим. Ўлимни «охирги душман» дейишгани ҳақ гап. Чунки ҳеч бир инсон уни енгишга қодир эмас (1 Коринфликларга 15:26). Аммо Исо ўликларни ҳам тирилтирган. Масалан, бир бева аёлнинг ёш ўғлини ҳамда юрак-бағри эзилган бир ота-онанинг қизини ҳаётга қайтарган. Лекин бу мўъжизалар ичида Исо қадрдон дўсти Лазарни тирилтиргани айниқса эътиборга лойиқ. Исо, ўлганига тўрт кун бўлган Лазарни кўплаб азадорлар кўзи олдида тирилтирган! Шунда ҳатто ашаддий душманлари ҳам бу мўъжизани Исо қилганини инкор эта олишмаган (Юҳанно 11:38–48; 12:9–11).

Нега Исо бундай мўъжизаларни яратган? Ахир ўша кишилар охир-оқибат барибир ўлишган-ку. Тўғри, лекин улар Масиҳ Шоҳ бўлганида барча ҳайратомуз башоратлар албатта бажо бўлишини тасдиқлаган. Аллоҳ тайинлаган Шоҳ очлик, касаллик, табиий офатлар, жинлар ва ўлимни таг-томири билан суғуриб ташлашидан шубҳаланмаслик керак. Боиси, бу нарсаларга чек қўйиш учун Худо унга қудрат ато этганини Исо кўрсатган.

Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно китобларига асосланган.