Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

10- дарс

Ҳақ динни қандай аниқлаш мумкин?

Ҳақ динни қандай аниқлаш мумкин?

1. Ҳақ дин биттами ёки бир нечтами?

«Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар». (МАТТО 7:15)

Исо пайғамбар издошларига фақатгина битта ҳақ дин бор, деб ўргатган. Ҳақ динни абадий ҳаётга етаклайдиган йўл билан солиштирса бўлади. Исо: «Бу йўлни топадиганлар оз»,— деб айтган. (Матто 7:14) Аллоҳ фақат Ўзининг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобга асосланган топинишни маъқул деб билади. Барча ҳақ топинувчиларни битта дин бирлаштиради. Юҳанно 4:23, 24; 14:6; Эфесликларга 4:4, 5 ни ўқинг.

2. Ҳазрати Исо нимадан огоҳлантирган?

«Улар ҳамманинг олдида Худони биламиз дейишади-ю, лекин ишлари билан Ундан юз ўгиришади». (ТИТУСГА 1:16)

Исо ҳақ топинишни бузиб кўрсатадиган сохта пайғамбарлар пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Уларни ҳақ топинувчилардан ажратиш ҳар доим ҳам осон эмас. Ахир улар ўзларини Исонинг издоши деб ҳисоблашади. Бироқ уларнинг аслида қандай эканини ишларидан билиб олишингиз мумкин. Фақатгина ҳақ топинувчилар яхши самара келтиришади, яъни улар яхши фазилатларни намоён этиб, савоб ишлар қилишади. Матто 7:13–23 ни ўқинг.

3. Худонинг ҳақиқий хизматчиларини қандай аниқлашингиз мумкин?

Келинг, уларни ажратиб турадиган бешта белгини кўриб чиқайлик.

  • Улар Муқаддас Китобни Худонинг Каломи деб тан олишади. Бу кишилар Муқаддас Китобдаги принциплар бўйича яшашга интилишади. Демак, ҳақ дин инсонларнинг ғояларию нуқтаи назарига асосланган динлардан тубдан фарқ қилади. (Матто 15:7–9) Тангрининг ҳақиқий хизматчилари ўзлари ваъз қилаётган сўзларга мувофиқ ҳаёт кечиришади. Юҳанно 17:17; 2 Тимўтийга 3:16, 17 ни ўқинг.

  • Улар Худонинг исми — Яҳовани шарафлашади. Мусо ва Довуд каби пайғамбарлар ушбу исмни билишарди ва уни тилга олишарди. (Чиқиш 3:15; Забур 8:1) Исо пайғамбар ҳам Аллоҳнинг исмини айтиб Уни шарафларди. Қолаверса, Исо одамларга Аллоҳ тўғрисида айтиб берарди ва Унинг исми муқаддас бўлсин, деб ибодат қилишни уларга ўргатарди. (Матто 6:9) Сиз яшайдиган жойда Худонинг исми ҳақида кимлар айтиб юради? Юҳанно 17:26; Римликларга 10:13, 14 ни ўқинг.

  • Улар Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз қилишади. Аллоҳ Исони Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни ваъз қилиш учун юборган. Худонинг Шоҳлиги инсоният учун ягона умиддир. Исо пайғамбар бу Шоҳлик тўғрисида ҳаётининг сўнгги дамларига қадар гапирган. (Луқо 4:43; 8:1; 23:42, 43) У издошлари ҳам бу ҳақда ваъз қилишини айтган. Сизнинг ҳудудингизда кимлар Худонинг Шоҳлиги тўғрисида одамлар билан суҳбатлашади? Матто 24:14 ни ўқинг.

  • Улар бу ёвуз дунёга тегишли эмас. Улар сиёсатга аралашмайди ва жамоат тартибсизликларида қатнашмайди. (Юҳанно 17:16; 18:36) Бундан ташқари, улар бу дунёга хос бўлган ёмон ишларга қўл урмайди ва нотўғри фикрларга берилмайди. Ёқуб 4:4 ни ўқинг.

  • Уларнинг орасида севги ҳукм суради. Бу кишилар Худонинг Каломидан турли миллатдан бўлган инсонларни ҳурмат қилишни ўрганиб олишган. Гарчи сохта динлар кўпинча миллатлараро урушларни қўллаб-қувватласа-да, Тангрининг ҳақ хизматчилари бундай қилишдан бош тортишади. (Михо 4:1–3) Аксинча улар беғараз ниятда одамларга кўмаклашиб, далда бериш учун ўз вақти ҳамда маблағини сарфлашади. Юҳанно 13:34, 35; 1 Юҳанно 4:20 ни ўқинг.

4. Ҳақ динни қай йўсин аниқлай оласиз?

Қайси дин барча таълимотларини Худонинг Каломига асослайди, Аллоҳнинг исмини шарафлайди ва Худонинг Шоҳлиги инсониятнинг ягона умиди экани ҳақида ваъз қилади? Қайси имонли кишилар чин севгини намоён этиб, урушларда қатнашмайди? Сизнингча, ким буларнинг барчасига мос келяпти? 1 Юҳанно 3:10–12 ни ўқинг.