Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

2- БОБ

Туғилмасидан олдин Исога шараф кўрсатилади

Туғилмасидан олдин Исога шараф кўрсатилади

ЛУҚО 1:34–56

  • МАРЯМ ҚАРИНДОШИ ЭЛИСАБЕТДАН ХАБАР ОЛАДИ

Фаришта Жаброил Марямга ўғил туғишини, исмини Исо қўйишини ва у абадий шоҳ бўлишини айтганида, Марям ундан: «Бу қандай бўлиши мумкин, ахир мен эр кўрмаганман-ку?» — деб сўрайди. (Луқо 1:34)

«Муқаддас руҳ устингга тушиб келади,— деб тушунтиради Жаброил унга,— ва Аллоҳ Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу сабабли, сендан туғиладиган болани муқаддас, Худонинг Ўғли деб аташади». (Луқо 1:35)

Ҳойнаҳой, Марям бу хабарга ишониши учун, Жаброил давом этиб Элисабет ҳақида шундай дейди: «Ана, одамлар бепушт деб юрган қариндошинг ҳам қарилигида ўғилга ҳомиладор бўлди. Ҳомиласи олтинчи ойда. Зотан Худонинг ҳеч бир каломи бажарилмай қолмайди». (Луқо 1:36, 37)

Марям Жаброилнинг сўзларига қулоқ солганини унинг жавобидан кўрсак бўлади. У: «Мен Яҳованинг бандасиман! Илоё айтганингиз келсин»,— дея хитоб қилади. (Луқо 1:38)

Жаброил кетганидан сўнг, Марям Яҳудиянинг Қуддус яқинида жойлашган тоғли ҳудудида яшовчи Элисабет ва унинг турмуш ўртоғи Закариёнинг уйига боради. Марямнинг Носирадаги уйидан у ерга етиб бориш учун эҳтимол, уч ёки тўрт кун кетган бўлиши мумкин.

Марям Закариёнинг уйига етиб келгач, Элисабет билан саломлашади. Шунда Элисабет муқаддас руҳга тўлади-да, Марямга юзланиб: «Сен аёллар ичра мубораксан, қорнингдаги бола ҳам муборакдир! Ҳазратимнинг онаси олдимга келгани мен учун нақадар шараф! Буни қара-я, саломингни эшитганим заҳоти, қорнимдаги бола ҳам қувончдан ўйноқлаб кетди!» — дейди. (Луқо 1:42–44)

Буни эшитиб, Марям миннатдорчилик ила қуйидагича дейди: «Жоним-ла Яҳовани улуғлайман, Халоскор Аллоҳим ила кўнглим шод-хуррам. Зеро У фақир бандасининг ҳолига назар солди. Бундан буён барча насллар мени бахтиёр деб аташади. Қодир Тангри мен учун улуғ ишлар қилди». Унга бундай катта шараф кўрсатилган бўлишига қарамай, Марям бутун шон-шарафни Худога бериб, шундай дейди: «Унинг исми муқаддасдир. Ундан қўрққанларга У тоабад раҳм-шафқат намоён этади». (Луқо 1:46–50)

Марям илоҳий илҳом остида Худога ҳамду-сано айтишни қуйидагича давом этади: «У қўли билан қудратли ишлар қилди, қалбларида мағрурлик ўрнашганларни тўзғитиб юборди. Ҳукмдорларни тахтларидан улоқтириб ташлади, фақирларни эса юксалтирди. Очларни У неъматлар ила тўйғазди, бойларни эса қуппа-қуруқ жўнатди. Раҳм-шафқатни мангу намоён этиш ваъдаси ёдида эканини кўрсатиш учун хизматкори Исроилга ёрдамга келди. Чунки У буни ота-боболаримиз Иброҳим ва унинг зурриётига ваъда қилган эди». (Луқо 1:51–55)

Марям Элисабетнинг уйида қарийб уч ой бўлади. Шубҳасизки у, Элисабетнинг ҳомиладорлигининг сўнгги ҳафталарида катта ёрдам беради. Худонинг қудрати билан ҳомиладор бўлган бу икки художўй аёл, бундай вақтда биргаликда эканликларидан хурсандлар!

Исо туғилмасидан олдин, унга шараф кўрсатилганига эътибор бердингизми? Элисабет уни «Ҳазратим» деб айтгани ва қорнидаги боласи қувончдан қимирлаб кетгани буни тасдиқлайди. Аммо кейинчалик, одамлар Марям ва унинг ўғлига ҳурматсиз муносабатда бўлишганини кўриб чиқамиз.