Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

5- БОБ

Исо қаерда ва қачон туғилган?

Исо қаерда ва қачон туғилган?

ЛУҚО 2:1–20

  • ИСО БАЙТЛАҲМДА ТУҒИЛАДИ

  • ЧЎПОНЛАР ЧАҚАЛОҚ ИСОДАН ХАБАР ОЛИШАДИ

Рим императори Август барча фуқароларга рўйхатдан ўтиш учун таваллуд топган шаҳарларига қайтишларини буюради. Шу сабабли, Юсуф ва Марям Юсуфнинг она шаҳри, яъни Қуддус жанубидаги Байтлаҳмга жўнашади.

Рўйхатдан ўтиш учун Байтлаҳм шаҳрига келган одамлар кўп бўлгани сабабли, Юсуф билан Марям фақат молхонада бошпана топишади. Эшак ва бошқа ҳайвонлар сақланадиган айнан бу ерда Исо туғилади. Марям уни йўргаклаб, чорва учун ем солинадиган охурга қўяди.

Подшоҳ Август рўйхатдан ўтказиш ҳақида фармон чиқаргани, бу ишга Худонинг Ўзи аралашганидан далолат берарди. Чунки бу орқали Исо аждоди бўлмиш шоҳ Довуднинг шаҳри Байтлаҳмда дунёга келади. Бу шаҳарда ваъда қилинган ҳукмдор туғилиши ҳақида Муқаддас Ёзувларда олдиндан айтилган эди. (Михо 5:2)

Бу нақадар муҳим кеча! Шаҳар ташқарисидаги далада бир гуруҳ чўпонларнинг атрофини нур ярқиратиб юборади. Бу, Тангри Яҳованинг улуғворлигидир! Шунда Яҳованинг фариштаси пайдо бўлиб, уларга қуйидагиларни айтади: «Қўрқманглар! Мен сизларга барча инсонларга чексиз қувонч бахш этадиган хабар келтирдим. Бугун Довуд пайғамбарнинг шаҳрида сизлар учун бир нажоткор — Ҳазратингиз Масиҳ туғилди. Чақалоқни йўргакланган, охурда ётган ҳолда топасизлар. Бу сизлар учун белги бўлади». Бирдан фариштанинг ёнида сон-саноқсиз самовий қўшин пайдо бўлиб, қуйидагича қўшиқ айтади: «Самодаги Худога шон-шарафлар ёғилсин! Ер юзида эса, Унинг илтифотига эга бўлганлар орасида тинчлик бўлсин!» (Луқо 2:10–14)

Фаришталар ғойиб бўлгандан сўнг, чўпонлар бир-бирига: «Юринглар, тезроқ Байтлаҳмга борайлик. У ерда Яҳова бизга билдирган хабар бўйича, нималар бўлганини кўрайлик»,— дейишади. (Луқо 2:15) Улар дарҳол йўлга чиқишади ва фаришта айтган айнан ўша жойда Исони топишади. Чўпонлар фариштанинг гапларини айтиб беришганида, барча эшитганлар ҳайрон қолади. Марям бўлса бу сўзларни дилига тугиб, уларнинг маъноси ҳақида ўйлаб юради.

Бугунги кунда кўп одамлар Исо 25 декабрда (ёки 7 январда) туғилган, деб ўйлашади. Аммо декабрь ойида Байтлаҳмда об-ҳаво ёмғирли бўлади ва ҳатто қор ёғади. Шунинг учун йилнинг бу фаслида чўпонлар сурувлари билан кечаси далада қолишлари амримаҳол эди. Бундан ташқари, Рим императори исён кўтаришга мойил бўлган халқдан қаҳратон қишда рўйхатдан ўтишни талаб қилмасди. Бундан хулоса шуки, Исо октябрь ойида туғилган бўлиши мумкин.