Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

18- БОБ

Масиҳ ўсади, Яҳё пасаяди

Масиҳ ўсади, Яҳё пасаяди

МАТТО 4:12 МАРК 6:17–20 ЛУҚО 3:19, 20 ЮҲАННО 3:22–4:3

  • ИСОНИНГ ШОГИРДЛАРИ ОДАМЛАРНИ СУВГА ЧЎМДИРИШАДИ

  • ЯҲЁ ҚАМОҚҚА ТАШЛАНАДИ

Мил. 30 йилнинг Фисиҳ байрамидан сўнг, Исо билан шогирдлари Қуддусдан чиқиб кетишади. Лекин улар уйларига, яъни Жалилага қайтмай Яҳудияга боришади ва ўша ерда кўп одамларни сувга чўмдиришади. Яҳё ҳам тахминан бир йилдан бери, эҳтимол, Иордан дарёсининг қирғоғида бу иш билан машғул ва баъзи шогирдлари ҳалиям унинг ёнида.

Аслида Исонинг ўзи эмас, балки шогирдлари унинг бошчилигида одамларни сувга чўмдиришаётган эди. Исо хизматининг бу даврида, у ҳам, Яҳё ҳам Таврот аҳдига қарши қилган гуноҳларидан тавба қилган яҳудийларга таълим беришади. (Ҳаворийлар 19:4)

Аммо Яҳёнинг шогирдлари рашк қилиб: «Сиз билан бўлган... киши [Исо] сувга чўмдиряпти ва ҳамма унинг олдига келяпти»,— дея Исонинг устидан шикоят қилишади. (Юҳанно 3:26) Яҳё ҳечам ҳасад қилмайди, аксинча, у Исонинг эришган муваффақиятидан қувониб, шогирдлари ҳам хурсанд бўлишини хоҳлайди. Яҳё шогирдларига: «Мен Масиҳ эмас, фақат унинг олдидан юборилганман, деб айтганимга ўзларингиз шоҳидсизлар»,— деб эслатади. Кейин у зўр бир мисол келтиради: «Келин кимга тегишли бўлса, куёв ўша бўлади. Лекин куёвнинг ёнида туриб, овозини эшитган дўсти жуда қувонади. Шу сингари менинг қувончим ҳам ичимга сиғмаяпти». (Юҳанно 3:28, 29)

Бир неча ой олдин Яҳё ўз шогирдларини Исо билан таништираётганида, куёвнинг дўсти сифатида қувонган эди. Унинг шогирдларидан айримлари Масиҳга эргашиб муқаддас руҳ билан мойланган масиҳийлар қаторига киришади. Яҳё, қолган шогирдлари ҳам Исога эргашишларини хоҳлайди. Чунки унинг мақсади — Масиҳнинг хизматига йўл тайёрлаб беришдир. Шу боис Яҳё: «Масиҳ ўсиши, мен эса пасайишим керак»,— деб тушунтиради. (Юҳанно 3:30)

Исонинг шогирди Юҳанно, кейинчалик устозининг келиб чиқиши ва инсониятни қутқаришдаги ҳиссаси тўғрисида қуйидагиларни ёзади: «Юқоридан келган барчадан устун. [...] Ота Ўғлини севади, У ҳамма нарсани унинг қўлига топширган. Ўғилга ишонган киши абадий ҳаётга эгадир. Ўғилга итоат қилмаган кишига эса ҳаёт насиб этмайди, аксинча, у Худонинг ғазабига йўлиқади». (Юҳанно 3:31, 35, 36) Бу муҳим ҳақиқатни барча инсонлар билиши керак!

Яҳё ўз фаолиятининг қисқариши ҳақида айтганидан кўп ўтмай, шоҳ Ҳирод уни ҳибсга олади. Ҳирод ўгай акаси Филипнинг хотини Ҳиродияни хотинликка олгани учун, Яҳё унинг бу ахлоқсиз қилмишини ҳамманинг олдида юзига солади. Шу сабабли, Ҳирод Яҳёни қамоққа ташлайди. Исо буни эшитгач, шогирдлари билан бирга Яҳудияни тарк этиб, Жалилага жўнаб кетади. (Матто 4:12; Марк 1:14)