Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

19- БОБ

Исо самариялик аёлга таълим беради

Исо самариялик аёлга таълим беради

ЮҲАННО 4:3–43

  • ИСО САМАРИЯЛИК АЁЛГА ВА БОШҚАЛАРГА ТАЪЛИМ БЕРАДИ

  • ХУДО МАЪҚУЛЛАЙДИГАН ТОПИНИШ

Яҳудиядан Жалилага кетаётиб, Исо билан шогирдлари шимолга Самария вилояти бўйлаб ўтишади. Улар йўлдан чарчаб, чамаси пешинда Сиҳар шаҳри яқинидаги қудуқ олдида дам олиш учун тўхташади. Анча асрлар олдин, эҳтимол, Ёқубнинг ўзи ёки у ёллаган ишчилар бу қудуқни қазиган. Бунга ўхшаган қудуқ ҳозир Наблус шаҳри яқинида ҳам мавжуд.

Исо дам олиб ўтирганида, шогирдлари ейишга у-бу нарса сотиб олиш учун яқин атрофдаги шаҳарга жўнаб кетишади. Шу пайт қудуқнинг олдига сув олиш учун самариялик аёл келади ва Исо унга: «Менга ичгани сув беринг»,— дейди. (Юҳанно 4:7)

Яҳудийлар билан самарияликлар ўртасида нотўғри тушунчалар чуқур ўрнашиб қолгани боис, улар одатда бир-бири билан ҳечам алоқа қилишмайди. Шунинг учун аёл ҳайрон бўлиб, Исога: «Қандай қилиб сиз яҳудий бўла туриб, мен, самариялик аёлдан сув сўраяпсиз?» — деб савол беради. Исо унга жавобан шундай дейди: «Агар сиз Аллоҳнинг инъоми нима эканини ва ким сиздан: “Менга ичгани сув беринг”,— деяётганини билганингизда эди, сиз унинг ўзидан сўраган бўлардингиз. У эса сизга ҳаётбахш сув берарди». Аёл Исодан сўрайди: «Тақсир, сув олиш учун ҳатто идишингиз ҳам йўқ-ку, қудуқ эса чуқур. Унда ҳаётбахш сувни қаердан оласиз? Бу қудуқни бизга бобокалонимиз Ёқуб берган. Унинг ўзи, болалари ва чорвалари ҳам ундан ичишган. Наҳотки сиз ундан ҳам буюкроқ бўлсангиз?» (Юҳанно 4:9–12)

Исо унга қуйидагича жавоб беради: «Бу сувдан ичган киши яна чанқаб қолади. Кимки мен берган сувни ичса, ҳеч қачон чанқамайди. Аксинча, мен берадиган сув унда булоққа ўхшаб жўшиб оқаверади ва абадий ҳаёт сари элтади». (Юҳанно 4:13, 14) Чарчаганига қарамай, Исо ҳаётбахш сўзларни самариялик аёл билан бажонидил баҳам кўради.

Шунда аёл Исога: «Тақсир, бу сувдан менга ҳам беринг. Энди мен бошқа чанқамай ва сув олиш учун бу ерга ҳадеб келавермай»,— дейди. Исо эса унга: «Бориб эрингизни бу ерга чақириб келинг»,— деб айтади. Аёл жавобан: «Менинг эрим йўқ»,— дейди. Исо унга: «“Эрим йўқ”, деб тўғрисини айтдингиз. Сизнинг бешта эрингиз бўлган, ҳозиргиси ҳам эрингиз эмас»,— деб айтганида аёл ҳангу манг бўлиб қолгандир. (Юҳанно 4:15–18)

Исо оддий одам эмаслигини тушуниб, аёл ҳайрон бўлганча: «Тақсир, тушунишимча сиз пайғамбарсиз»,— дейди. Сўнг маънавий нарсаларга қизиқиши борлигини кўрсатиб: «Ота-боболаримиз [самарияликлар] бу тоғда [яқин атрофдаги Гаризим тоғида] Худога топинишган. Аммо сизлар [яҳудийлар] Худога топинадиган жой Қуддусда дейсизлар»,— деб айтади. (Юҳанно 4:19, 20)

Исо бўлса Худога қаерда топинишнинг аҳамияти йўқлигини таъкидлайди. У аёлга қуйидагича жавоб беради: «Шундай пайт келадики, самовий Отага на бу тоғда, на Қуддусда топинасизлар». Кейин қуйидагича давом этади: «Шундай пайт келяптики, ҳақиқий топинувчилар Отага руҳ ва ҳақиқат билан топинишади ва бундай пайт келди ҳам. Айнан шундай топинувчиларни Ота Ўзига излайди». (Юҳанно 4:21, 23, 24)

Аллоҳга, хизматчилари қаерда эмас, балки қандай топинаётгани муҳимроқ. Бу сўзлар аёлга қаттиқ таъсир қилгани боис, у: «Масиҳ деб аталган зот келишини биламан. У келганда бизга ҳамма нарсани очиқ айтиб беради»,— дейди. (Юҳанно 4:25)

Шунда Исо муҳим ҳақиқатни ошкор этиб: «Сиз билан гаплашаётган мен, ўшаман»,— деб айтади. (Юҳанно 4:26) Во ажабо! Пешин пайти қудуқдан сув олиш учун келган самариялик бу аёлга Исо илтифот кўрсатади. Ҳа, Исо бошқаларга ҳали айтмаганини, яъни Масиҳ эканлигини бу аёлга очиқчасига айтади.

КЎПГИНА САМАРИЯЛИКЛАР ИМОНГА КЕЛАДИ

Шогирдлар Сиҳар шаҳридан егулик олиб келишганида, Исо ҳалиям қудуқ олдида самариялик аёл билан гаплашиб ўтирган бўлади. Шогирдлар қудуқ олдига яқинлашганларида, аёл кўзасини қолдириб, шаҳарга жўнаб кетади.

Сиҳарга келгач аёл Исонинг сўзларини ҳамшаҳарларига айтиб беради. У тўла ишонч билан: «Боринглар, мен қилган ишларни айтиб берган инсонни кўринглар»,— дейди. Сўнг, балки уларнинг қизиқишини уйғотиш ниятида, аёл: «У Масиҳ эмасмикин?» — деб айтади. (Юҳанно 4:29) Мусо пайғамбарнинг давридан бери бу муҳим савол барчани қизиқтириб келган. (Қонунлар 18:18) Шу сабабли, шаҳар аҳолиси Исони ўз кўзлари билан кўриш учун келади.

Шу орада шогирдлари олиб келган егуликни Исога таклиф этишади. Исо бўлса: «Менда сизлар билмайдиган егулик бор»,— дейди. Шогирдлар ҳайрон бўлиб, бир-биридан: «Наҳотки кимдир унга овқат олиб келган бўлса?» — дея сўрашади. Шунда Исо барча издошлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган сўзларини меҳр ила тушунтиради: «Менинг овқатим, мени Юборганнинг иродасини бажариш ва Унинг ишини якунига етказишдир». (Юҳанно 4:32–34)

Исо айтаётган иш тўрт ойдан кейин бошланадиган том маънодаги ўрим-йиғим эмасди. Аксинча, у қуйидаги сўзлари билан маънавий ўрим-йиғимни назарда тутган эди: «Кўзларингизни экинзорларга тикиб қаранглар, ҳосил етилган. Ўроқчи ҳам ўз меҳнат ҳақини оляпти ва мангу ҳаёт учун ҳосилни йиғяпти. Шу йўсин экувчи ҳам ўроқчи ҳам биргаликда қувонади». (Юҳанно 4:35, 36)

Исо, аёл билан суҳбатлашгани яхши самаралар келтирганини кўради. Чунки Сиҳар шаҳридан бўлган кўпгина одамлар бу аёлнинг: «У, мен қилган ишларни айтиб берди»,— деган сўзларини эшитиб Исога ишонишади. (Юҳанно 4:39) Шунинг учун, улар қудуқ ёнига келиб, Исодан бир муддат шу ерда қолиб уларга таълим беришини илтимос қилишади. Исо бу таклифни қабул қилиб, икки кун Самарияда қолади.

Исони тинглагач, бошқа кўпгина самарияликлар ҳам унга ишонишади. Улар аёлга: «Энди нафақат сенинг сўзларинг бўйича ишоняпмиз. Чунки ўзимиз эшитиб билдикки, чиндан ҳам бу инсон дунёнинг қутқарувчиси экан»,— дейишади. (Юҳанно 4:42) Шубҳасизки, самариялик аёл Масиҳ ҳақида шаҳодат бераётиб, тингловчиларнинг қизиқишини уйғотиш ва уларни кўпроқ билим олишга ундаш борасида бизга зўр ўрнак бўла олади!

Ёдингизда бўлса ўрим-йиғимга ҳали тўрт ой бор. Бу ерда баҳорги арпа йиғими ҳақида гап кетяпти шекилли. Бундан чиқди, ҳозир ноябрь ёки декабрь ойи. Демак, мил. 30 йилда бўлиб ўтган Фисиҳ байрамидан кейин, Исо билан шогирдлари тахминан саккиз ой давомида одамларни сувга чўмдириб юришган. Энди улар ўз юртлари Жалилага, шимолга қайтиб кетишяпти. Қизиқ, у ерда уларни нима кутади?