Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

43- БОБ

Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги масаллар

Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги масаллар

МАТТО 13:1–53 МАРК 4:1–34 ЛУҚО 8:4–18

  • ИСО ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ ҲАҚИДА МАСАЛЛАР КЕЛТИРАДИ

Исо фарзийларга таъна қилган пайтда Кафарнаҳум шаҳрида бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас. Ўша куни у уйдан чиқиб Жалила денгизи яқинига йўл олади ва у ерда халойиқ йиғилади. Шунда Исо қайиққа ўтириб, бир оз нарига сузиб боради-да, соҳилдаги одамларга Осмон Шоҳлиги ҳақида таълим бера бошлайди. Исо уларга мисоллар ёки масаллар ёрдамида ўргатади. Бу масаллар кундалик ҳаётдан олингани учун, одамлар Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги таълимотнинг турли қирраларини осонликча тушуна олишади.

Аввалига Исо уруғ сепувчи тўғрисида айтиб беради. Баъзи уруғлар йўл ёқасига тушади ва қушлар келиб, уларни чўқиб кетади. Айримлари тупроғи кам, тошлоқ жойга тушади. Чуқур томир отмагани учун униб чиққан майсалар қуёш қиздирганида қуриб қолади. Бошқалари тиканлар орасига тушгани учун тиканлар ўсиб чиқиб, уларни бўғиб қўяди. Қолган уруғлар эса яхши тупроққа тушиб, «баъзилари 100 баробар, баъзилари 60 баробар, баъзилари 30 баробар» кўп ҳосил беради. (Матто 13:8)

Бошқа масалда Исо Худонинг Шоҳлигини уруғ сепувчи киши билан солиштиради. Киши ухлагани ётадими ёки уйқудан турадими, уруғлар ўсаверади. Аммо «бу киши унинг қандай ўсаётганини билмайди». (Марк 4:27) Уруғлар ўсиб, дон беради. Донлар етилгач эса ўша киши ҳосилни ўриб олади.

Учинчи масалда Исо яхши уруғ сепган бир киши ҳақида айтиб беради. «Ҳамма ухлаб ётган пайтда, душман келиб буғдойлар орасига бегона ўт уруғларини сепиб кетади». Шунда ер эгасининг хизматкорлари бегона ўтларни юлиб ташлашни сўрашади. Бунга жавобан у дейди: «Йўқ, тағин бегона ўтга қўшиб, буғдойларни ҳам юлиб олманглар. Қўяверинглар, иккови ҳам ўрим-йиғимгача ўсаверсин. Ўрим-йиғим пайти келганида, мен ўроқчиларга, аввал бегона ўтларни йиғиб, боғ-боғ қилиб ёқишга тайёрлашни, сўнг эса буғдойларни омборимга тўплашни буюраман». (Матто 13:24–30)

Исонинг тингловчиларидан аксарияти деҳқончилик билан таниш. Шунингдек, Исо кейинги масалда айтган хантал уруғи ҳақида ҳам ҳамма билади. Бу уруғ ўсиб чиққанида катта дарахтга айланади ва шохларида қушлар қўним топади. Исо қуйидагича дейди: «Осмон Шоҳлиги хантал уруғига ўхшайди. Бир одам уни ўз даласига экибди». (Матто 13:31) Аммо Исо бу масалда ботаникадан дарс бермоқчи эмас. Бу билан у кичкинагина бир нарсадан жуда катта нарса ўсиб чиқиши мумкинлигини кўрсатмоқчи, холос.

Кейин Исо одамларга таниш бўлган яна бир мисол келтиради. Осмон Шоҳлигини хамиртуруш билан таққослайди. «Бир аёл уни ўн кило унга аралаштириб хамир» тайёрлайди. (Матто 13:33) Гарчи хамиртуруш кўринмаса-да, вақт ўтиб, у бутун хамирни ошириб юборади. Натижада, дарҳол кўзга кўринмайдиган жараён туфайли катта ўсиш ва ўзгаришлар юз беради.

Исо ушбу масалларни айтиб бўлгач, халойиққа уйга кетишга рухсат беради ва ўзи тўхтаган уйга қайтиб кетади. Тез орада шогирдлари масалларнинг маъносини тушуниш учун унинг олдига келишади.

ИСОНИНГ МАСАЛЛАРИДАН САБОҚЛАР

Исо олдин ҳам масаллар айтиб берарди, аммо ҳеч қачон бунчалик кўп масал келтирмаган эди. Шу сабабли, шогирдлар: «Нега уларга масаллар ёрдамида таълим беряпсиз?» — деб сўрашади. (Матто 13:10)

Сабабларидан бири, Муқаддас Китоб башорати амалга ошади. Инжилда Исо ҳақида қуйидагиларни ўқиймиз: «Уларга масалсиз ҳеч нарса гапирмасди. Шу йўсинда, пайғамбар орқали айтилган мана бу сўзлар бажо бўлди: “Оғиз жуфтлаб масаллар айтаман, бошидан яширин бўлган нарсаларни эълон қиламан”». (Матто 13:34, 35; Забур 78:2)

Лекин Исо масаллардан фойдаланишининг бошқа сабаблари ҳам бор. Улар одамларнинг қалбидагини ошкор этишга ёрдам беради. Кўпчилик Исога шунчаки ҳикоячи ва мўъжиза кўрсатувчи сифатида қарайди. Улар уни Ҳазрат деб тан олишни ва ортидан фидойилик билан эргашишни хаёлларига ҳам келтиришмайди. (Луқо 6:46, 47) Бу одамлар на ҳаётларига, на фикрлаш тарзига бирон ўзгариш киритишни исташмайди. Шунингдек, Исонинг хабари уларга қаттиқ таъсир этишини хоҳлашмайди.

Шогирдларининг саволига жавобан Исо шундай дейди: «Уларга масаллар ёрдамида ўргатишимнинг сабаби шундаки, улар қараб туриб, кўришмайди, тинглаб туриб, эшитишмайди ва сўзларимнинг мағзини чақишмайди. Улар ҳақида Ишаё пайғамбар шундай деб башорат қилган эди: “Бу халқ қалбини тош қилган”». (Матто 13:13–15; Ишаё 6:9, 10)

Лекин бу сўзлар тингловчиларнинг ҳаммасига ҳам тегишли эмас. «Сизлар эса,— дейди Исо,— буни ўз кўзларингиз билан кўриб, қулоқларингиз билан эшитаётганингиз учун бахтлисизлар. Ишонаверинг, кўпдан-кўп пайғамбарлару одил кишилар сизлар кўраётган нарсаларни кўришни орзу қилишган, аммо кўра олишмаган, сизлар эшитаётганларни эшитишни хоҳлашган, бироқ эшита олишмаган». (Матто 13:16, 17)

Ҳа, 12 ҳаворийнинг ва бошқа содиқ шогирдларнинг қалблари таълим олишга мойил бўлган. Шунинг учун, Исо қуйидагича дейди: «Худо сизларга Осмон Шоҳлигининг муқаддас сирларини очиб берди, бу одамларга эса очиб бергани йўқ». (Матто 13:11) Шогирдлар тушунишга интилишгани учун, Исо уларга уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносини тушунтириб беради.

«Уруғ Аллоҳнинг каломини англатади»,— деб айтади Исо. (Луқо 8:11) Тупроқ эса қалбдир. Унинг масалини тушуниш учун буларни билиш муҳим.

Йўл ёқасига тушган уруғ ҳақида Исо шундай дейди: «Иблис келиб, улар ишонмаслиги ва қутқарилмаслиги учун, каломни қалбларидан олиб кетади». (Луқо 8:12) Баъзи уруғлар тошлоқ ерга тушгани, хабарни қувонч билан қабул қилган инсонларнинг қалбини билдиради. Аммо бундай қалбларда хабар чуқур томир отмагани сабабли, улар «шоҳлик хабари учун қайғу ёки қувғунга дучор бўлган заҳотиёқ ишончини» йўқотишади. Ҳа, улар «синовга дучор бўлишганда», эҳтимол, оила аъзолари ёки бошқа одамлар уларга қаршилик кўрсатишганда имондан қайтишади. (Матто 13:21; Луқо 8:13)

Исо давом этиб, уруғларнинг тиканлар орасига тушгани, хабарни тинглаган одамларни билдиришини айтади. Бундайлар, «замонанинг ташвишлари ва алдамчи бойлик хабарни бўғиб қўйишига йўл» қўйишади. (Матто 13:22) Гарчи калом уларнинг қалбларига тушган бўлса-да, бўғилиб қолади-да, ҳосил бермайди.

Ниҳоят, Исо «яхши ер» ҳақида айтади. Бундай ер каломни эшитган ва уни дилига жо қилиб, маъносини тушунадиган инсонни билдиради. Натижада улар «ҳосил келтиришади». Уларнинг ёши, соғлиги турлича бўлгани боис ҳаммаси ҳам бир хил ҳосил келтирмайди: айримлари 100, айримлари 60, айримлари 30 баробар кўп ҳосил беради. Демак, каломни эшитиб, уни дилига жо қиладиган ва сабр-бардош билан ҳосил келтирадиган кишилар Аллоҳнинг хизматида баракалар олишади. (Луқо 8:15)

Исонинг таълимотларини тушуниш учун атайлаб унинг олдига келган ўша шогирдларга ҳойнаҳой бу сўзлар қаттиқ таъсир қилган! Энди улар бу масалларни яхшироқ тушунишяпти. Исо шогирдлари унинг масалларини тушуниб, бошқаларга ҳам ҳақиқатни ўргатишларини хоҳларди. Исо: «Чироқни олиб келиб саватнинг ёки хонтахтанинг тагига қўйишадими? Ахир уни олиб келиб чироқпояга қўйишмайдими?» — деб сўрайди. Сўнг у шундай деб ундайди: «Қулоғи борлар уқиб олсин». (Марк 4:21–23)

ШОГИРДЛАР ЯНА КЎП НАРСАНИ ЎРГАНИШАДИ

Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносини тушуниб олганларидан кейин, шогирдлар яна кўп нарсани ўрганишни исташади. Улар: «Даладаги бегона ўтлар ҳақидаги масални бизларга тушунтириб беринг-чи»,— деб сўрашади. (Матто 13:36)

Ҳа, Исони соҳилда тинглаган одамларнинг муносабати шогирдларникидан анча фарқ қилади. Ўша одамлар шунчаки тинглаш билан кифояланишади, лекин айтилган масалларнинг маъносини тушунишни ва бу уларга қандай тааллуқли эканини билишни хоҳлашмайди. Улар Исо айтган ҳақиқатларни чуқурроқ билишдан бош тортишади. Исонинг олдига келган қизиқувчан шогирдларининг муносабати эса умуман бошқача.

«Эшитаётган нарсаларингизга диққат қилинглар,— дейди Исо.— Сизлар қандай ўлчов билан ўлчасангиз, сизларга ҳам шундай ўлчов билан ўлчаб берилади. Ҳатто қўшиб ҳам берилади». (Марк 4:24) Шогирдлар Исодан эшитган нарсаларга эътиборли бўлишади. Улар самимий қизиқиш кўрсатиб, диққат қаратишгани сабабли, мукофот тариқасида яна кўп нарсани ўрганишади. Шундай қилиб, Исо шогирдларига буғдой ва бегона ўтлар ҳақидаги масални қуйидагича тушунтиради:

«Яхши уруғни эккан — Инсон Ўғли. Дала — дунё, яхши уруғлар — Шоҳлик ўғиллари, бегона ўтлар эса Шайтоннинг ўғиллари. Уларни эккан душман — Иблис. Ўрим-йиғим — охирзамон, ўроқчилар эса фаришталар». (Матто 13:37–39)

Буларни тушунтириб бергач, Исо масалнинг қандай амалга ошишини айтади. Охирзамонда ўроқчилар, яъни фаришталар бегона ўтлар билан солиштирилган сохта масиҳийларни «Шоҳлик ўғиллари»дан ажратишади. «Одиллар» йиғилиб, «Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар». «Шайтоннинг ўғиллари» ҳақида нима деса бўлади? Улар йўқ қилинишади. Шунинг учун ҳам улар «йиғлаб, тишларини ғижирлатишлари» ажабланарли эмас. (Матто 13:41–43)

Кейин Исо шогирдларига яна учта масал айтиб беради. Мана биринчиси: «Осмон Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир киши уни топиб, яна яширибди-да, севинганидан бориб бутун мол-мулкини сотиб, ўша далани харид қилибди». (Матто 13:44)

Иккинчиси: «Осмон Шоҳлиги, ноёб марварид излаб юрган саёҳатчи савдогарга ўхшайди. У қимматбаҳо марваридни топгач, дарҳол бор-будини сотибди-да, ўша марваридни харид қилибди». (Матто 13:45, 46)

Иккала масалда Исо чиндан ҳам арзийдиган нарса учун одам фидойилик қилишга тайёр эканини таъкидлайди. Саёҳатчи битта қимматбаҳо марваридга эга бўлиш учун «бор-будини» сотади. Бу мисолни шогирдлар тушуна олишади. Бошқа мисолда эса далада яширилган хазинани топган киши унга эришиш учун «бутун мол-мулкини» сотади. Бу иккита вазиятда ҳам қимматбаҳо нарса ҳақида гап кетяпти. Унга эга бўлгандан сўнг уни асраб-авайлаш керак эди. Бу мисоллар одам маънавий эҳтиёжларини қондириш учун қандай фидойи ишлар қилишга тайёр эканини кўрсатади. (Матто 5:3) Тингловчилардан баъзилари маънавий эҳтиёжларини қондириш ва Исонинг издоши бўлиши учун фидойилик қилишга тайёр эканини аллақачон кўрсатишди. (Матто 4:19, 20; 19:27)

Охирида Исо Осмон Шоҳлигини денгизга ташланган ва турли балиқлар тушган тўрга ўхшатади. (Матто 13:47) Балиқларни саралаб, яхшиларини қолдиришибди-да, ёмонларини эса ташлаб юборишибди. Исонинг айтишича, замонанинг охирида ҳам шундай бўлади: фаришталар ёмон одамларни одил кишилардан ажратиб олишади.

Исо илк шогирдларини «одам овчилари» бўлишга ундаганида ўзи ҳам балиқ овига ўхшаш бу ишда иштирок этган. (Марк 1:17) Бироқ Исонинг ўзи айтганидек, тўр ҳақидаги масал келажакка, яъни «охирзамон»га тегишли. (Матто 13:49) Исони тинглаётган ҳаворийлар ва бошқа шогирдлар олдинда ҳайратомуз воқеалар содир бўлишини тушунишади.

Исо қайиқда ўтириб айтиб берган ушбу масалларни тинглаганлар янги маънавий хазиналарга эга бўлишади. Исо «шогирдларига алоҳида ҳаммасини тушунтириб» беришга тайёр. (Марк 4:34) У «омборидан янги ва эски нарсаларни чиқараётган уй эгасига ўхшайди». (Матто 13:52) Масалларни айтаётиб, Исо таълим бериш қобилиятини кўз-кўз қилмайди. У шогирдлари билан бебаҳо хазиналар каби бўлган ҳақиқатларни бўлишади. Чиндан ҳам таълим беришда унга ҳеч ким тенг кела олмайди.