Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

56- БОБ

Инсонни нима ҳаром қилади?

Инсонни нима ҳаром қилади?

МАТТО 15:1–20 МАРК 7:1–23 ЮҲАННО 7:1

  • ИСО ИНСОНИЙ УРФ-ОДАТЛАРНИ ҚОРАЛАЙДИ

Мил. 32 йилги Фисиҳ байрамини нишонлаш вақти ҳам етиб келди. Исо Жалилада таълим бериш билан банд. Кейин у Худонинг Таврот китобида талаб қилинганидай, бу байрамда қатнашиш учун Қуддусга борса керак. Бироқ у ўта эҳтиёткор бўлади, чунки яҳудийлар уни ўлдириш пайида юришибди. (Юҳанно 7:1) Байрамдан сўнг Исо Жалилага қайтиб кетади.

Фарзийлар ва уламолар Қуддусдан Исонинг ёнига келишганида, у Кафарнаҳумда бўлгандир. Улар нега шунча йўл босиб келишди? Фарзийлар ва уламолар Исони диний қоидаларни бузганликда айблаш учун баҳона излашяпти. Улар: «Нега шогирдларинг ота-боболаримизнинг урф-одатини бузишяпти? — деб сўрашади.— Мисол учун, овқат ейишдан аввал қўлларини ювишмайди». (Матто 15:2) Аммо Аллоҳ ҳеч қачон одамлардан «қўлларини тирсагигача ювишни» расм-русмга айлантиришни талаб қилмаган. (Марк 7:3) Фарзийлар эса бу урф-одатга риоя қилмасликни жиддий гуноҳ деб ҳисоблашади.

Исо уларнинг айбловига жавоб бермайди, аксинча, уларнинг ўзи Худонинг қонунини бузишаётганига ишора қилиб: «Ўзларингиз-чи, нега урф-одатингизни деб Аллоҳнинг амрини бузяпсизлар? — деб сўрайди.— Масалан, Худо: “Ота-онангизни ҳурмат қилинг” ва “Ота ёки онасини ҳақорат қилган ўлдирилсин”,— деган. Сизлар эса: “Биров отасига ёки онасига: “Сизга фойдаси тегадиган нарсаларимнинг бари Худога бағишланган”,— деса, у ота-онасини ҳурмат қилмаса ҳам бўлаверади”,— дейсизлар». (Матто 15:3–6; Чиқиш 20:12; 21:17)

Ҳақиқатан ҳам, фарзийларнинг таълимотига кўра пул, мол-мулк ёки бирон-бир нарса Худога бағишланган бўлса, у маъбадга тегишли бўлиб, бошқа мақсадда ишлатилмаслиги керак. Лекин бахшида этилган нарсалар эгасида қолаверади. Мисол учун, ўғил ўзидаги пул ёки мол-мулкни «қурбонлик», яъни Худога ёхуд маъбадга бағишланган ҳадя, деб айтиши мумкин. Демак, бу ҳадя энди маъбадга тегишли деб ҳисобланади. Гарчи пул ёки мол-мулк ўғилнинг ихтиёрида бўлса ҳам, у ёши улуғ ва муҳтож бўлган ота-онасига ғамхўрлик қилиш учун бу нарсалардан фойдалана олмаслигини айтади. Бу билан у, ўғиллик бурчини адо этишдан бош тортади. (Марк 7:11)

Фарзийлар Аллоҳнинг қонунини бузганлиги учун Исо ҳақли равишда улардан ғазабланиб, шундай дейди: «Ўз урф-одатингизни деб Аллоҳнинг каломини бекор қиляпсизлар. Ҳой, иккиюзламачилар, Ишаё сизлар ҳақингизда ўринли тарзда башорат қилган экан: “Бу халқ тилдагина Мени ҳурмат қилади, қалби эса Мендан йироқдир. Уларнинг Менга топиниши беҳудадир, чунки улар инсоний амрларни Худоники деб ўргатиб юришибди”». Фарзийлар Исонинг қаттиқ койиганига миқ эта олишмайди. Шунда Исо халқни ёнига чақириб дейди: «Ушбу сўзларни қулоғингизга қуйиб олинглар: “Инсонни оғизга кирадиган нарса эмас, балки оғиздан чиқадиган нарса ҳаром қилади”». (Матто 15:6–11; Ишаё 29:13)

Кейинроқ уйга кирганларида шогирдлари Исодан: «Фарзийлар айтган сўзларингиздан аччиқланишганини кўрдингизми?» — деб сўрашади. «Самовий Отам экмаган ҳар қандай ўсимлик, таг-томири билан юлиб ташланади,— деб жавоб беради Исо.— Қўяверинглар уларни. Улар кўр йўлбошчилардир. Агар кўр кўрни етакласа, иккаласи ҳам чуқурга қулайди». (Матто 15:12–14)

Бутрус барча шогирдлар номидан, одамни нима ҳаром қилишини батафсил тушунтириб беришни сўраганида, Исо ҳайрон қолиб дейди: «Ахир оғиз орқали кирган ҳар қандай нарса қоринга тушиб, кейин ташқарига чиқиб кетишини билмайсизларми? Бироқ оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади. Ана шулар инсонни ҳаром қилади. Мисол учун, ёмон ниятлар, қотиллик, бевафолик, жинсий ахлоқсизлик, ўғрилик, сохта гувоҳлик ва куфрона сўзлар юракдан чиқади. Буларнинг бари инсонни ҳаром қилади, лекин ювилмаган қўллар билан овқат ейиш кишини ҳаром қилмайди». (Матто 15:17–20)

Исо бу билан тозаликка нисбатан бефарқ эканини кўрсатмоқчи эмас. Шунингдек у, инсон овқат тайёрлашдан ва ейишдан олдин қўлларини ювмаса ҳам бўлади, демоқчи эмас. Аксинча, Исо Худонинг адолатли қонунларини четлаб ўтаётган ва Муқаддас Ёзувларга асосланмаган урф-одатларга риоя қилишни талаб этаётган иккиюзламачи дин раҳбарларига танбеҳ беради. Ҳа, инсонни ёвуз ишлар ҳаром қилади ва Исо бу ишлар инсоннинг қалбидан чиқишини кўрсатади.