Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

57- БОБ

Исо қизчага ва кар одамга шифо беради

Исо қизчага ва кар одамга шифо беради

МАТТО 15:21–31 МАРК 7:24–37

  • ФИНИКИЯЛИК АЁЛНИНГ ҚИЗИНИ СОҒАЙТИРАДИ

  • КАР ВА ЯХШИ ГАПИРА ОЛМАЙДИГАН КИШИГА ШИФО БЕРАДИ

Фарзийларни ўз манфаатларига хизмат қиладиган барча урф-одатлари учун айблаб, Исо шогирдлари билан кетади. У шимоли-ғарбда, анча километр нарида жойлашган Финикиянинг Тир ва Сидон шаҳарларига кетяпти.

Исо тўхташ учун уй топди, лекин у бу ерда эканини ҳеч ким билишини истамайди. Бироқ бу ерда ҳам Исони тинч қўйишмайди. Шу ерда таваллуд топган бир юнон аёл Исонинг олдига келиб: «Эй Ҳазратим, Довуднинг Ўғли, менга раҳм-шафқат қилинг. Қизим жинга чалиниб, жуда қийналяпти»,— деб фарёд қилади. (Матто 15:22; Марк 7:26)

Шогирдлари Исога: «Айтинг унга кетсин, ахир тинмай орқамиздан бақириб келяпти-ку»,— дейишади. Исо эса бу аёлга эътибор бермаганининг сабабини шундай тушунтиради: «Худо мени адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқигагина юборган». Лекин аёл таслим бўлмайди. У Исонинг олдига келиб, тиз чўкканча: «Ҳазратим, менга ёрдам беринг!» — дейди. (Матто 15:23–25)

Эҳтимол, Исо аёлнинг имонини синаш ниятида, ўз сўзлари билан яҳудийларнинг бошқа миллатга бўлган нотўғри фикрига эътибор қаратади: «Нонни болалардан олиб, кучукларга бериш яхши эмас». (Матто 15:26) Исо «кучуклар» ёки кучукчалар деб айтганида, яҳудий бўлмаган кишиларга нисбатан илиқ туйғуларини ошкор этган. Унинг юз ифодасида ва раҳм-шафқатга тўла овозида ҳам бундай туйғулар акс этгандир.

Аёл ҳеч хафа бўлмайди, у яҳудийларнинг нотўғри фикри ҳақидаги Исонинг шамасини тушуниб, камтарлик ила: «Сиз ҳақсиз, Ҳазратим. Аммо кучуклар ҳам хўжайинларининг дастурхонидан тушган ушоқларни ейди-ку»,— дейди. Исо аёлнинг қалби тоза эканини кўриб: «Ишончингиз жуда кучли экан. Майли, сиз хоҳлагандай бўлсин»,— деб айтади. (Матто 15:27, 28) Гарчи қизча онасининг ёнида бўлмаса ҳам, Исонинг сўзлари амалга ошади! Аёл уйига келади-да, «қизалоғининг жиндан қутулиб», тўшакда ётганини кўради. (Марк 7:30)

Исо билан шогирдлари Финикиядан чиққач, бутун ўлка бўйлаб ўтиб Иордан дарёсининг юқорисига кетишади. Улар Жалила денгизининг шимолидаги Иорданни кечиб ўтиб, Ўнкент ҳудудига келишади. Улар тоққа чиқишади, аммо ўша ерга ҳам оломон уларни излаб келади ва ўзи билан чўлоқ, майиб, кўзи ожиз, соқовларни келтиради. Уларни Исонинг оёқлари олдига қўйишади ва Исо уларга шифо беради. Халойиқ ҳайратга тушиб, Исроилнинг Худосига шон-шарафлар айтади.

Ўша ерда Исо бутун диққат-эътиборини кар ва яхши гапира олмайдиган бир кишига қаратади. Бундай инсон оломон ичида ўзини қандай ҳис қилишини билсангиз керак. Эҳтимол, Исо бу кишининг ҳаяжонини пайқаб, уни четроққа олиб чиқади. Улар ёлғиз қолишганда, Исо нима қилмоқчи экани аён бўлади. У бармоқларини кишининг қулоқларига тиқади ва тупуриб, тилига теккизади. Кейин Исо осмонга қараб: «Эффатаҳ», яъни «Очил»,— дейди. Шу онда бу одамнинг қулоқлари очилиб, равон гапира бошлайди. Исо бу ҳақидаги хабар оммалашиб кетишини истамайди. Чунки у, одамлар ўзлари кўрган ва эшитган нарсалари асосида унга ишонишларини хоҳлайди. (Марк 7:32–36)

Исонинг мўъжизалар яратиш қудрати одамларда кучли таассурот қолдиради ва улар жудаям ҳайратланиб: «Унинг ҳамма ишлари ажойиб. У ҳатто карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қиляпти»,— дейишади. (Марк 7:37)