Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

68- БОБ

Худонинг Ўғли — «дунёнинг нури»

Худонинг Ўғли — «дунёнинг нури»

ЮҲАННО 8:12–36

  • ИСО ЎҒИЛ КИМ ЭКАНИНИ ТУШУНТИРАДИ

  • ҚАЙСИ МАЪНОДА ЯҲУДИЙЛАР ҚУЛЛАР?

Чайлалар байрамининг еттинчи, охирги куни. Исо маъбаднинг «хазина қутилари» турган жойда таълим беряпти. (Юҳанно 8:20; Луқо 21:1) Эҳтимол, бу қутилар Аёллар ҳовлиси деб аталмиш жойда турибди. Одамлар у ерга эҳсонларини келтиришарди.

Тунда, байрам пайтида маъбаднинг бу қисми ўзгача тарзда ёритилади. Бу ерда тўртта катта чироқпоя ва ҳар бирининг устида мой билан тўлдирилган тўрттадан мойчироқ туради. Ушбу ёнаётган чироқпоялар катта майдонни ёритади. Исонинг қуйидаги сўзлари тингловчиларига мана шу манзарани эслатиши мумкин: «Мен дунёнинг нуриман. Ким ортимдан эргашса, асло қоронғиликда юрмайди, балки ҳаётга элтувчи нурга эга бўлади». (Юҳанно 8:12)

Фарзийлар унга эътироз билдириб: «Сен ўзинг ҳақингда шоҳидлик беряпсан, шунинг учун шоҳидлигинг ҳақиқий эмас»,— дейишади. Исо жавобан қуйидагиларни айтади: «Ўзим ҳақимда шоҳидлик бераётган бўлсам-да, менинг шоҳидлигим ҳақиқий, боиси мен қаердан келганимни ва қаерга бораётганимни биламан. Сизлар эса қаердан келганимни ҳам, қаерга бораётганимни ҳам билмайсизлар». Кейин яна давом этиб: «Қолаверса, Қонунингизда: “Икки кишининг шоҳидлиги тўғридир”,— дейилган. Мен ўзим ҳақимда шоҳидлик беряпман ҳамда мени юборган Отам мен тўғримда шаҳодат бермоқда»,— дейди. (Юҳанно 8:13–18)

Унинг далиллари билан рози бўлмай фарзийлар: «Отанг қаерда?» — дея сўрашади. Исо аниқ жавоб бериб: «Сизлар на мени, на Отамни биласизлар. Агар мени билганингизда эди, Отамни ҳам билган бўлардингиз»,— дейди. (Юҳанно 8:19) Гарчи фарзийлар Исони ушлаб олиш ниятидан қайтмаган бўлишса-да, ҳеч ким уни қўлга олмайди.

Исо илгари айтган сўзларни такрорлайди: «Мен кетяпман. Мени қидирасизлар, аммо гуноҳкорлигингизча ўлиб кетасизлар. Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар». Яҳудийлар Исонинг гапларини нотўғри талқин қилиб дейишади: «Наҳотки у ўзини ўлдирмоқчи бўлса, ахир: “Мен борадиган жойга сизлар бора олмайсизлар”,— деяпти-ку?» Улар Исонинг келиб чиқишини билмагани учун сўзларини умуман англашмайди. «Сизлар ердансиз,— деб тушунтиради Исо,— мен эса юқориданман. Сизлар бу дунёдансиз, мен бўлсам бу дунёдан эмасман». (Юҳанно 8:21–23)

Бу сўзлар билан Исо ерга келишдан аввал осмонда яшаганига ҳамда ваъда қилинган Масиҳ у эканига ишора қилади. Лекин улар нафрат ила: «Сен ўзи кимсан?» — деб сўрашади. (Юҳанно 8:25)

Исо уларнинг ёмон муносабатига ва таъқибларга дуч келгани учун шундай дейди: «Нима учун сизларга ҳамма нарсани гапиришим керак?» Аммо у Отасига эътибор қаратиб, яҳудийлар нега Худонинг Ўғлига қулоқ солишлари кераклигини тушунтиради: «Мени Юборган ҳақдир ва мен дунёга фақат Ундан эшитганларимни гапиряпман, холос». (Юҳанно 8:25, 26)

Кейин Исо Отасига бўлган ишончини кўрсатади. Яҳудийларда эса бундай ишонч бўлмаган. У шундай дейди: «Инсон Ўғлини юқорига кўтарганингизда, мен ўша эканимни ва ҳеч нарсани ўз хоҳишимча қилмаётганимни биласизлар. Чунки Отам қандай ўргатган бўлса, шуларни айтяпман. Мени Юборган мен биландир. У мени ёлғиз қолдирмади, негаки мен доим Унга маъқул бўлган ишни қиламан». (Юҳанно 8:28, 29)

Баъзи яҳудийлар Исога ишонишни бошлайди ва Исо уларга: «Агар менинг сўзларимга риоя қилсангизлар, чиндан ҳам менинг шогирдларимсиз. Сизлар ҳақиқатни билиб оласизлар ва ҳақиқат сизларни озод этади»,— дейди. (Юҳанно 8:31, 32)

Озодлик ҳақидаги бу сўзлар кимларгадир ғалати бўлиб кўринади. Шунинг учун улар: «Бизлар Иброҳимнинг авлодимиз,— деб эътироз билдиришади,— ва асло ҳеч кимга қул бўлмаганмиз. Нега сен: “Озод бўласизлар”,— деб айтяпсан?» Яҳудийлар бошқа халқларга бир неча бор қул бўлган бўлишса ҳам, ўзларини қул деб тан олишмаган. Лекин Исо улар аслида қул эканини очиқ-ойдин кўрсатяпти. Нега дейсизми? «Сизларга чинини айтяпманки,— дея тушунтиради Исо,— гуноҳ қилаётган инсон гуноҳнинг қулидир». (Юҳанно 8:33, 34)

Гуноҳнинг қули эканини тан олишдан бош тортиб, яҳудийлар ўзларини хавф остига солишади. «Қул эса уйда абадий қолмайди, аксинча ўғил умрбод қолади»,— деб айтади Исо. (Юҳанно 8:35) Қулнинг мерос олишга ҳаққи бўлмайди ва уни истаган пайтда уйдан ҳайдашлари мумкин. Аммо фақат туғилган ёки боқиб олинган ўғил уйда «умрбод» қолади.

Демак, Ўғил ҳақидаги ҳақиқат, одамларни ўлимга етаклайдиган гуноҳдан абадий фориғ қиладиган ҳақиқатдир. «Агар Ўғил сизларни озод этса, чиндан ҳам эркин бўласизлар»,— дея таъкидлайди Исо. (Юҳанно 8:36)