Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

78- БОБ

Ишончли бошқарувчи тайёр туриши керак

Ишончли бошқарувчи тайёр туриши керак

ЛУҚО 12:35–59

  • ИШОНЧЛИ ХИЗМАТКОР ТАЙЁР ТУРИШИ КЕРАК

  • ИСО БЎЛИНИШ КЕЛТИРЯПТИ

Исо фақатгина «кичик пода» у билан осмонда шоҳлик қилишини тушунтирди. (Луқо 12:32) Лекин бундай ажойиб мукофотга енгилтаклик билан қарамаслик керак. Сўнг Исо Шоҳликка кирмоқчи бўлган киши тўғри муносабатга эга бўлиши қанчалик муҳимлигини таъкидлайди.

Кейин Исо шогирдларини унинг қайтиб келишига тайёр туришга ундаб, шундай дейди: «Кийиниб, тайёр туринглар, мойчироқларингиз ёқилган бўлсин. Ўзларингиз эса, хўжайини никоҳ тўйидан қайтиб келиб, эшикни тақиллатганида, дарҳол очишга тайёр бўлиб, кутиб турган хизматкорлардай бўлинглар. Хўжайини келганида, ҳушёр турган хизматкорлар бахтлидир!» (Луқо 12:35–37)

Исонинг масалидан шогирдлар қандай муносабатда бўлиш кераклигини тушунишди. Айтиб ўтилган хизматкорлар хўжайини қайтиб келишини кутаётиб, тайёр туришибди. Исо бунга шундай изоҳ беради: «Хоҳ ярим кечада, хоҳ тонготарда хўжайин келиб хизматкорларини шундай ҳолда топса, улар нақадар бахтлидир!» (Луқо 12:38)

Демак, бундай ундов астойдил хизмат қилишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Исонинг кейинги сўзларидан, у Инсон Ўғли, яъни ўзи ҳақида айтаётгани аён бўлади. У шогирдларига: «Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади»,— деб айтади. (Луқо 12:40) Хуллас, Исо келажакда албатта келади. Шунинг учун издошлари, айниқса «кичик пода»га тегишли бўлганлар унинг келишига тайёр туришларини хоҳлайди.

Бутрус айтилганларнинг маъносини тушуниш учун Исодан сўрайди: «Ҳазрат, бу мисол бизга тегишлими ёки ҳаммагами?» Очиқдан-очиқ жавоб беришнинг ўрнига Исо шунга ўхшаш бошқа масал айтиб беради: «Хизматкорларига ризқ-рўзни вақтида етказиб туриш учун Хўжайини уларнинг устидан тайинлайдиган ишончли ва ақлли бошқарувчи ким экан? Хўжайин қайтиб келгач, хизматкорни ўз вазифасини бажараётган ҳолда кўрса, бу хизматкор нақадар бахтлидир! Ишонаверинг, у бор мол-мулкини унга ишониб топширади». (Луқо 12:41–44)

Олдинги масалдаги «хўжайин» — Инсон Ўғли, яъни Исо экани шубҳасиз. «Ишончли... бошқарувчи» эса, «кичик подага» тегишли бўлган бир гуруҳ шогирдларни англатади ва уларга Шоҳлик берилади. (Луқо 12:32) Исонинг сўзларидан аён бўлганидек, «кичик пода» аъзоларидан баъзилари унинг «хизматкорларига ризқ-рўзни вақтида етказиб» туришади. Шунинг учун Исо таълим бериб, маънан озиқлантираётган Бутрус ва бошқа шогирдлар Инсон Ўғли келажакда келади, деган хулоса чиқаришлари мумкин. Ўшанда Исонинг издошларига, яъни Хўжайиннинг «хизматкорларига» керак бўлган маънавий озуқани етказиш ташкиллаштирилган бўлади.

Исо яна бир бор шогирдларининг диққатини ҳушёр туриш ва тўғри муносабатда бўлиш кераклигига қаратади. Чунки шогирдлар орасидан кимдир ялқов бўлиб қолиши ва ҳатто биродарларига қаршилик кўрсатиши мумкин. Исо шундай дейди: «Борди-ю, хизматкор кўнглида ёмон ният билан: “Хўжайиним ҳали-бери келмайди”,— деса ва қулу чўриларни урса, еб-ичиб маст бўлиб юрса, хўжайини кутилмаган кунда ва у билмаган соатда келиб қолади. Шунда у хизматкорини қаттиқ жазога мубтало қилиб, бошига имонсизларнинг кунини солади». (Луқо 12:45, 46)

Исонинг айтишича, у «ер юзига ўт ёққани келган». У қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган мавзулар борасида саволлар бериб, ўт ёқади. Рамзий сўзлар билан айтганда, ушбу ўтда сохта таълимотлар ва урф-одатлар ёняпти. Боз устига, бу ўт одатда якдил бўлган инсонларни бир-биридан айиради. Ҳа, Исонинг ўзи айтганидек, «ота ўғлига, ўғли эса отасига қарши, она қизига, қизи эса онасига қарши, қайнана келинига, келини эса қайнанасига қарши чиқиб, бўлиниб кетишади». (Луқо 12:49, 53)

Исонинг бу сўзлари айниқса шогирдларига қаратилган. Сўнг у халққа мурожаат қилади. Кўпчилик унинг Масиҳ эканини тасдиқлайдиган аниқ далилларни ўжарлик билан рад этяпти. Исо уларга шундай дейди: «Ғарбдан булут кўтарилаётганини кўришингиз биланоқ: “Бўрон бўлади”,— дейсизлар ва худди айтганингиздай юз беради. Жанубдан шамол эсганда: “Жазирама иссиқ бўлади”,— дейсизлар ва айтганингиз келади. Эй иккиюзламачилар! Сизлар еру кўк юзига қараб, об-ҳавони аниқлай оласиз-у, нега ҳозир юз бераётган воқеаларнинг маъносини аниқлай олмаяпсиз?» (Луқо 12:54–56) Ҳа, уларни тайёр туришибди, деб бўлмайди.