Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

80- БОБ

Яхши чўпон ва қўралар

Яхши чўпон ва қўралар

ЮҲАННО 10:1–21

  • ИСО ЯХШИ ЧЎПОН ВА ҚЎРАЛАР ҲАҚИДА ГАПИРАДИ

Исо Яҳудияда халққа таълим беришни давом этади. У тингловчиларига яхши таниш бўлган мисол, яъни қўйлар ва қўралар ҳақида айтади. Довуднинг: «Яҳова менинг Чўпонимдир. Ҳеч нарсада муҳтожлик кўрмайман. Ям-яшил яйловларда У менга ором беради»,— деган сўзлари яҳудийларнинг хаёлига келган бўлса керак. (Забур 23:1, 2) Бошқа бир санода Довуд халққа мурожаат қилиб, шундай деган: «Яратувчимиз Яҳова олдида тиз чўкайлик. Чунки У бизнинг Тангримиздир, биз Унинг яйловидаги халқмиз». (Забур 95:6, 7) Чиндан ҳам, Тавротга риоя қилган исроилликлар қадим замонлардан бери қўйлар билан солиштирилган.

Қўйлар билан солиштирилган исроилликлар «қўй қўрасида» дегани, улар Мусонинг Қонун аҳди амал қилган пайтда туғилганини англатади. Бу қонун, уларни Тавротга итоат этмаган халқларнинг ёмон таъсиридан ҳимоя қиларди. Бироқ баъзи исроилликлар Худонинг сурувига ёмон муносабат кўрсатишарди. Исо шундай дея тушунтиради: «Ишонаверинг, кимки қўй қўрасига эшик орқали эмас, бошқа жойдан кирса, у ўғри ва босқинчи. Эшик орқали кирган эса чўпондир». (Юҳанно 10:1, 2)

Исони тинглаётган баъзи исроилликлар ўзларини Масиҳ деб танитган одамларни эсга олишади. Бундай одамларни ўғри ва босқинчилар билан солиштирса бўлади. Албатта халқ бундай фирибгарлар ортидан эргашмаслиги керак. Аксинча, улар Исо айтган чўпон орқасидан боришлари керак.

У ҳақда Исо қуйидагича айтади: «Дарвозабон унга эшикни очиб беради ва қўйлар унинг овозига қулоқ солади. У қўйларини номма-ном чақириб, ташқарига олиб чиқади. Ташқарига олиб чиқаётиб, уларнинг олдида боради. Қўйлар ҳам унинг орқасидан эргашади, чунки уни овозидан танийди. Улар бегонанинг кетидан бормайди, аксинча, ундан қочади, сабаби қўйлар бегоналарнинг овозини танимайди». (Юҳанно 10:3–5)

Бундан олдин, дарвозабонга ўхшатилган Яҳё Исога ишора қилган. Сабаби, Тавротга бўйсунадиган рамзий маънодаги қўйлар унинг орқасидан эргашиши керак. Бу ерда, яъни Яҳудияда ва Жалиладаги баъзи қўйлар Исонинг овозини танийди. Хўш, Исо уларни қаерга олиб боради? Улар унинг орқасидан эргашса, бунинг натижаси қандай бўлади? Тингловчилардан баъзилари «Исо уларга бу мисолни келтирганида, улар тушунишмайди». (Юҳанно 10:6)

Исо қуйидагича тушунтиради: «Ишонаверинг, мен қўйлар учун эшикман. Қалбаки равишда менинг номимдан келганларнинг барчаси ўғри ва босқинчидир. Аммо қўйлар уларга қулоқ солмайди. Мен эшикман. Мен орқали кирган, қутқарилади. У киради, чиқади ва яйлов ҳам топади». (Юҳанно 10:7–9)

Демак, Исо қандайдир янги фикр айтмоқчи бўлади. Исроил халқи билан қилинган аҳд бир неча асрлар олдин мавжуд бўлган. Лекин тингловчилар, Исо бу аҳдга олиб борадиган «эшик» эмаслигини тушунишади. Исо қўйларини бошқа қўрага олиб бораётганини айтган бўлса керак. Хўш, бу нимани англатади?

Кейин Исо ўз вазифасини шундай деб тушунтиради: «Мен эса қўйлар яшаши, абадий ҳаётга эга бўлиши учун келдим. Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун ўз жонини ҳам аямайди». (Юҳанно 10:10, 11) Бундан олдин, Исо шогирдларига: «Қўрқма, эй кичик пода, чунки самовий Отангиз сизларга Шоҳликни беришни маъқул кўрди»,— деб далда берган эди. (Луқо 12:32) Ҳа, «кичик пода» қаторига кирганларни Исо янги қўрага олиб боради ва улар «яшаши, абадий ҳаётга эга бўлиши» мумкин. Бундай «пода»га тегишли бўлиш катта барака!

Аммо бу билан Исонинг сўзлари тугамайди. У сўзида давом этиб: «Бу қўрадан бўлмаган бошқа қўйларим ҳам бор. Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар менинг овозимни эшитади ва бир сурув ҳамда бир чўпон бўлади»,— дейди. (Юҳанно 10:16) «Бошқа қўйлар» «бу қўрадан» эмас дегани, улар Шоҳликка эга бўладиган «кичик пода» учун аталган қўра эмас, балки қандайдир бошқа қўрага тегишли. Ушбу иккита қўрадаги қўйларнинг истиқболи ҳар хил. Бироқ иккала қўрадаги қўйлар Исо бажарадиган топшириқдан фойда олишади. Исо шундай дейди: «Отам мени севади, негаки мен ўз жонимни... беряпман». (Юҳанно 10:17)

Халойиқдан кўпи: «Бу одамни жин урган, у ақлдан озган»,— деб айтади. Бошқалар эса яхши чўпонга эргашмоқчи бўлади. Улар Исони диққат билан тинглашади. «Жин урганда, бунақа гапирмасди,— дейишади улар.— Ахир жин кўрларнинг кўзларини оча олармиди?» (Юҳанно 10:20, 21) Эҳтимол, одамлар яқинда юз берган воқеани, яъни Исо туғма кўр кишини соғайтирганини назарда тутишаётгандир.