Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

90- БОБ

«Тирилиш ва ҳаёт»

«Тирилиш ва ҳаёт»

ЮҲАННО 11:17–37

  • ЛАЗАРНИНГ ВАФОТИДАН СЎНГ ИСО БАЙТАНИЯГА КЕЛАДИ

  • «ТИРИЛИШ ВА ҲАЁТ»

Исо Переяда эди. Энди эса Байтания атрофига, Қуддуснинг шарқ томонидан қарийб уч километр нарида жойлашган қишлоққа етиб келади. Лазарнинг Марта билан Марям исмли сингиллари акаси вафот этганидан мотам тутишади. Кўплар уларга тасалли бериш учун келади.

Кимдир Мартага Исо келаётганини айтади. Шунинг учун Марта шоша-пиша чиқиб, Исони кутиб олади. Эҳтимол, Марта шу охирги тўрт кун ичида ўзи ва синглисининг хаёлидан ўтган гапларни Исога айтади: «Ҳазрат, агар сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди». Кейин у умидини узмаганини кўрсатиб: «Аллоҳдан нимаики сўрасангиз, Аллоҳ сизга беришини биламан»,— дейди. (Юҳанно 11:21, 22) Исо акасига ёрдам бериши мумкинлигига Мартанинг ишончи комил.

Исо жавобан: «Акангиз тирилади»,— деб айтади. Мартанинг ўйлашича, у келажакда ер юзидаги тирилишни, Иброҳим ва Худонинг бошқа хизматчилари кутган тирилишни назарда тутяпти. Шу сабабли, Марта: «Биламан, охирги кунда, ўлганлар ҳаётга қайтган пайтда тирилади»,— дейди. (Юҳанно 11:23, 24)

Балки, Исо ҳозирнинг ўзидаёқ бирор нарса қилар? Исо Худо унга ўликларни тирилтириш қудратини берганини Мартага қуйидагича эслатади: «Менга ишонган киши ўлса ҳам, яна ҳаётга қайтади. Яшаётган ва менга ишонган ҳар қандай киши ҳеч қачон ўлмайди». (Юҳанно 11:25, 26)

Исо мазкур сўзлари билан унинг замонасида яшаётган шогирдлари ҳеч қачон ўлмайди, деб айтмоқчи эмас. Бундан ташқари, у ҳаворийларига илгари ҳам айтганидек, ўзи ўлимга дучор бўлади. (Матто 16:21; 17:22, 23) Бу билан Исо унга ишонган киши абадий ҳаётга эришиши мумкинлигига эътибор қаратади. Аксарият одамлар тирилиш орқали, замонанинг охирида яшайдиган Худонинг содиқ хизматчилари эса ўлмай туриб унга эга бўлишади. Ҳар ҳолда Исога ишонган ҳар бир киши қабрда абадий қолиб кетмаслигига амин бўлиши мумкин.

Аммо ўзи ҳақида: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман»,— деб айтган Исо Лазарга ёрдам бера оладими? Ахир унинг ўлганига бир неча кун бўлди-ку. Исо Мартадан: «Сиз бунга ишонасизми?» — деб сўрайди. «Ишонаман, Ҳазрат,— дейди Марта,— сиз дунёга келиши керак бўлган Худонинг Ўғли — Масиҳсиз». Марта бугуннинг ўзида Исо бирор нарса қилишидан шубҳаланмай, уйига югуриб боради-да, ҳеч кимга билдирмасдан синглисига: «Устоз шу ерда, сени чақиряпти»,— дейди. (Юҳанно 11:25–28) Шунда Марям дарров уйдан чиқади, эҳтимол, бошқалар у Лазар қўйилган қабр олдига кетяпти деб унинг орқасидан боришади.

Марям эса Исонинг олдига боради-да, унинг оёқларига ўзини ташлаб, опасининг сўзларини қайтаради: «Ҳазрат, шу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди». Марям ва йиғлаётган одамларни кўргач, Исо руҳан эзилиб, чуқур хўрсинади ва унинг кўзидан ёш оқади. Буни кузатаётган одамларга бу қаттиқ таъсир қилади. Улардан баъзилари эса: «Кўрнинг кўзларини очган бу киши, наҳотки унинг ўлмаслиги учун чора кўролмаган бўлса?» — деб сўрашади. (Юҳанно 11:32, 37)