Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

94- БОБ

Ибодат ва камтарликнинг муҳимлиги

Ибодат ва камтарликнинг муҳимлиги

ЛУҚО 18:1–14

  • САБОТЛИ БЕВА АЁЛ ҲАҚИДА МАСАЛ

  • ФАРЗИЙ ВА СОЛИҚЧИ

Исо шогирдларига ибодатда саботли бўлиш муҳим эканлиги ҳақида мисол келтирди. (Луқо 11:5–13) Эҳтимол, ҳозир у Самарияда ёки Жалилада бўлиб, умидни йўқотмасдан тинмай ибодат қилиш кераклигини яна таъкидлайди. Исо бу мавзуга тааллуқли қуйидаги масални айтиб беради:

«Бир шаҳарда Аллоҳдан қўрқмайдиган ва одамларни менсимайдиган қози яшар экан. Ўша шаҳарда бир бева аёл ҳам бор экан. Бу аёл ҳадеб қозининг ёнига бориб: “Даъвогар киши билан ўртамиздаги масалага нисбатан адолатли қарор чиқаринг”,— деб айтар экан. Қози аввалига беванинг истагини бажаргиси келмабди. Аммо кейин ўзича ўйлабди: “Гарчи мен Тангридан қўрқмайдиган ва одамларни менсимайдиган киши бўлсам-да, бу бева аёл олдимга келавериб, жиғимга теккани учун унинг масаласи бўйича адолатли қарор чиқара қолай. Бўлмаса жонимдан тўйдириб юборади”». (Луқо 18:2–5)

Кейин Исо ушбу масални тушунтириб, шундай дейди: «Бу адолатсиз қозининг айтган гапига эътибор бердингизми?! Унда наҳотки Худо Унга кечаю кундуз ёлвораётган танланганлари учун адолатни ўрнатмаса?» (Луқо 18:6, 7) Исо бу сўзлари билан Отаси ҳақида нима демоқчи?

Албатта, Тангри Яҳова ушбу адолатсиз қозига ўхшамайди. Ҳатто адолатсиз қози тинимсиз қилинган илтимосларга жавоб берган бўлса, адолатли ва меҳрибон бўлган Худо Ўз хизматчиларининг тинимсиз айтилган илтижоларига жавоб бериши шубҳасиз. Шунинг учун Исо: «Сизларга айтиб қўяй, [Худо] улар учун адолатни тезда ўрнатади»,— дейди. (Луқо 18:8)

Кўпинча оддий ва камбағал кишиларга адолатсиз йўл тутишади, обрўли ва бой кишиларга эса илтифот кўрсатишади. Аммо Худо адолат ила йўл тутади. Вақти келганда У ёвузларни жазолаб, хизматчиларига эса абадий ҳаётни беради.

Бева аёлникига ўхшаш имон кимда бор? Исони тинглаётганларнинг қанчаси Худо «улар учун адолатни тезда ўрнатишига» ишонади? Ҳозиргина Исо ибодатда саботли бўлиш кераклигини таъкидлади. Энди эса Исо ибодатнинг кучига ишониш ҳақида савол беради: «Бироқ Инсон Ўғли қайтиб келганида, ер юзида бундай имонни топармикан?» (Луқо 18:8) Унинг сўзлари шундан далолат берадики, Масиҳ қайтиб келганида, бундай имон ҳаммада ҳам бўлмайди.

Исони тинглаётганлардан баъзилари ўз имони билан мағрурланишади. Улар ўзларини одил ҳисоблаб, бошқаларни назар-писанд қилишмайди. Шунинг учун Исо уларга қаратиб қуйидаги масални гапириб беради:

«Икки киши ибодат қилиш учун маъбадга кирибди. Улардан бири фарзий, иккинчиси эса солиқчи экан. Фарзий тик турганча ичида шундай дея ибодат қилибди: “Ё Аллоҳ, Сенга минг қатла шукурки, мен бошқалар сингари талончи, адолатсиз, зинокор ҳамда мана бу солиқчи каби эмасман. Мен ҳафтасига икки марта рўза тутиб, олган ҳамма нарсамдан ушр бераман”». (Луқо 18:10–12)

Фарзийлар сохта одиллигини кўз-кўз қилиб, бошқаларда таассурот қолдиришга интилишарди. Улар рўза тутиш учун душанба ва пайшанба кунларини белгилашди. Одатда бу кунлари бозор гавжум бўлгани учун уларни кўпчилик кўрарди. Бундан ташқари, улар ҳатто арзимас ўтлардан синчковлик билан ушр беришарди. (Луқо 11:42) Бир неча ой олдин улар оддий халқни назар-писанд қилмаслигини кўрсатиб: «[Фарзийларнинг нуқтаи назари бўйича] Тавротни билмайдиган бу одамлар лаънати бўлсин»,— деб айтишган. (Юҳанно 7:49)

Исо масалининг давомида шундай дейди: «Солиқчи эса четроқда туриб, ҳатто бошини кўкка кўтаришга ҳам журъат эта олмасди. У кўксига урганча шундай дебди: “Эй Тангрим, мен гуноҳкорга раҳм қил”». Ҳа, солиқчи ўз гуноҳларини камтарлик билан тан олади. Кейин Исо қуйидагича хулоса қилади: «Сизларга айтиб қўяй, Худонинг назарида бу одам наригисидан кўра адолатлироқ бўлиб уйига кетади. Боиси, ким ўзини юқори тутса — пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса — юксалтирилади». (Луқо 18:13, 14)

Шундай қилиб, Исо камтарликнинг муҳимлигини таъкидлайди. Бу, ўзига ишонган ва мавқега катта аҳамият берадиган фарзийларнинг орасида ўсиб-улғайган шогирдлари учун фойдали маслаҳатдир. Дарҳақиқат, Исонинг бу маслаҳати унинг ҳамма издошларига фойдали бўлади!