Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

99- БОБ

Исо кўр кишиларни соғайтиради ва Заккайга ёрдам беради

Исо кўр кишиларни соғайтиради ва Заккайга ёрдам беради

МАТТО 20:29–34 МАРК 10:46–52 ЛУҚО 18:35–19:10

  • ИСО ЕРИХОДА КЎР КИШИЛАРНИ СОҒАЙТИРАДИ

  • СОЛИҚЧИ ЗАККАЙ ТАВБА ҚИЛАДИ

Исо ва у билан бирга бўлганлар Ерихога келишади. Қуддусдан у ергача бир кун йўл юриш керак. Ерихо иккита шаҳардан иборат деса бўлади, яъни эски шаҳар римликларнинг янги шаҳридан тахминан бир ярим километр нарида жойлашган. Исо кўпгина одамлар билан ушбу шаҳарларнинг биттасидан бошқасига кетаётганида, садақа сўраб ўтирган кўр икки киши халойиқнинг шовқинини эшитиб қолади. Улардан бирининг исми Бартимей бўлади.

Бартимей ва унинг шериги Исонинг ўтиб кетаётганини эшитиб: «Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, бизга раҳм-шафқат қилинг!» — деб қичқиришади. (Матто 20:30) Одамлар уларга жим бўлишни айтишса ҳам, улар янада баландроқ овозда бақиришади. Исо шовқинни эшитиб тўхтайди ва қичқираётган одамларни чақиришни сўрайди. Улар бориб, садақа сўраб ўтирган кўзи ожиз бир кишига: «Дадил бўлиб, ўрнингиздан туринг. У сизни чақиряпти»,— дейишади. (Марк 10:49) Кўзи ожиз киши ҳаяжонланиб устки кийимини ечиб ташлайди-да, шартта ўрнидан туриб, Исонинг ёнига боради.

«Мендан нима истайсизлар?» — деб сўрайди Исо. Улар: «Ҳазрат, илтимос, кўзларимиз очилсин»,— деб ялинишади. (Матто 20:32, 33) Исонинг раҳми келиб, кўзларига қўл теккизади ва улардан бирига мурожаат қилиб: «Бораверинг, ишончингиз туфайли соғайиб кетдингиз»,— деб айтади. (Марк 10:52) Садақа сўраб ўтирган бу икки кишининг кўзи очилиб, Аллоҳни шарафлашни бошлашади. Бу воқеанинг гувоҳи бўлганлар ҳам Худога мақтовлар айтишади. Шифо топган ўша икки киши эса Исога эргашади.

Исо Ерихо шаҳридан ўтиб кетаётганда, тўда-тўда одамлар йиғилади. Ҳар бир одам ўша кўр кишиларга шифо берган кишини кўришни хоҳлайди. Халойиқ Исони ҳар тарафдан ўраб олгани учун баъзилар уни ҳатто кўра олмайди. Ерихо ва унинг атрофида солиқчиларнинг бошлиғи бўлмиш Заккай ҳам Исони кўрмоқчи бўлади. Бўйи паст бўлгани сабабли у нималар бўлаётганини кўролмайди. Шунда Заккай олдинга югуриб боради-да, Исо кетаётган йўл бўйидаги ёввойи анжир (шикамора) дарахтига чиқиб олади. Бу ердан Заккай ҳамма нарсани яхши кўра олади. Дарахтнинг ёнига яқинлашганида, Исонинг кўзи Заккайга тушади ва унга: «Ҳой Заккай, тезроқ пастга тушинг. Чунки мен бугун уйингизда қолишим керак»,— дейди. (Луқо 19:5) У дарахтдан тушиб, шундай азиз меҳмонни кутиб олиш учун уйга шошилиб боради.

Лекин буни кўрган одамлар норозилик билдиришади. Чунки уларнинг фикрича, Исо учун улар гуноҳкор деб ҳисоблайдиган одамнинг уйига бориш тўғри келмайди. Ахир Заккай бошқалардан солиқ йиғиб, пул ундиргани учун бойиб кетган-ку.

Исо Заккайнинг уйига кирганида, одамлар: «У гуноҳкор одамникида қолди»,— деб жаврашади. Лекин Исо у тавба қилиши мумкинлигини кўради. Исонинг умиди пучга чиқмайди. Заккай ўрнидан туриб, унга дейди: «Ҳазратим, энди мол-мулкимнинг ярмини камбағалларга тарқатаман. Кимдан бирор нарса тортиб олган бўлсам, уларга тўрт баробар қилиб қайтараман». (Луқо 19:7, 8)

Заккайнинг тавбаси самимий бўлгани шубҳасиз! Унда ҳар бир одамдан йиғиб олган солиқ ҳақида ёзувлари борлиги эҳтимолдан йироқ эмас ва ҳар бир яҳудийдан қанча олганини ҳисоблаб чиқиши мумкин. Заккай зарарни тўрт баробар қоплаши ҳақида ваъда беради. Бу ҳатто Худонинг қонунига биноан талаб қилинадиган нарсадан ҳам кўпроқ. (Чиқиш 22:1; Левилар 6:2–5) Бундан ташқари, Заккай мол-мулкининг ярмини камбағалларга тарқатишни ваъда қилади.

Исо Заккайнинг тавба қилганини кўриб суюнади ва шундай дейди: «Бугун шу уйга нажот келди. Зеро бу одам ҳам Иброҳимнинг ўғли. Ахир Инсон Ўғли адашганларни излаб топиб, қутқариш учун келган». (Луқо 19:9, 10)

Бундан сал олдин Исо йўқолган ўғил ҳақидаги масални айтганда, «йўқолган» инсонларнинг аҳволини тасвирлаган эди. (Луқо 15:11–24) Энди одамлар ҳаётий бир мисолни, яъни илгари йўқолган кейин эса топилган кишининг мисолини кўришяпти. Гарчи дин раҳбарларию уларнинг издошлари Исони Заккай каби одамларга эътибор қаратаётгани учун айблашса ҳам, у Иброҳимнинг «йўқолган» ўғилларини излаб, уларни тўғри йўлга етаклашда давом этяпти.