Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

101- БОБ

Байтанияда Симуннинг уйида кечки овқат

Байтанияда Симуннинг уйида кечки овқат

МАТТО 26:6–13 МАРК 14:3–9 ЮҲАННО 11:55–12:11

  • ИСО ҚУДДУС ЯҚИНИДАГИ БАЙТАНИЯГА ҚАЙТАДИ

  • МАРЯМ ИСОНИНГ БОШИ ВА ОЁҚЛАРИГА ХУШБЎЙ МОЙ СУРТАДИ

Исо Ериходан Байтанияга қараб йўл олади. Бу йўл тахминан 20 километрни ташкил этади ва тепага кўтарилиш керак бўлгани учун у ерга етиб бориш осон эмас. Ерихо денгиз сатҳидан қарийб 250 метр пастда, Байтания эса денгиз сатҳидан қарийб 610 метр тепада жойлашган. Лазар ва унинг сингиллари Байтаниянинг кичик бир қишлоғида истиқомат қилишади. У Қуддусдан тахминан уч километр нарида, Зайтун тоғининг шарқий ёнбағрида жойлашган.

Кўп яҳудийлар Фисиҳ байрамини нишонлаш учун Қуддусга йиғилишди. «Қоидага кўра байрамдан олдин покланиш учун» одамлар эртароқ келишди. Улар мурдага теккани ёки бошқа сабабга кўра нопок бўлиб қолгани учун покланиши кутиларди. (Юҳанно 11:55; Саҳрода 9:6–10) Эртароқ келганлардан баъзилари маъбадда йиғилади. Улар Фисиҳ байрамига Исо келармикан, деб қизиқишади. (Юҳанно 11:56)

Исо ҳақида кўп баҳс-мунозара бўлади. Дин раҳбарлари уни тутиб олиб ўлдиришмоқчи. Ҳатто Исонинг қаердалигини билган одам уларни хабардор қилиши кераклиги ҳақида буйруқ беришади. (Юҳанно 11:57) Бу раҳбарлар Исо Лазарни тирилтирганидан кейин ҳам уни ўлдиришга уринишган эди. (Юҳанно 11:49–53) Шу боис, баъзилар Исо омма олдига чиқадими, дея шубҳаланиши табиий.

Исо Байтанияга жума куни, «Фисиҳ байрамидан олти кун аввал» келади. (Юҳанно 12:1) Қуёш ботиши билан янги кун (Шаббат, 8 нисон) бошланади. Шу йўсин, Исо ўша ерга Шаббат бошланишидан (жума куни қуёш ботишидан ва шанба куни қуёш ботишигача давом этадиган кундан) аввал келади. Яҳудийларнинг қонуни бўйича, Шаббат куни Ериходан йўлга чиқиш мумкин эмас эди. Эҳтимол, бундан олдин ҳам қилганидай, Исо Лазарнинг уйига кетяпти.

Байтанияда истиқомат қилувчи Симун ҳам Исо билан шогирдларини, шунингдек, Лазарни шанба куни кечки овқатга таклиф қилади. Эҳтимол, Симун ўтмишда мохов касаллигига чалиниб, Исо унга шифо бергани учун уни «мохов» деб аташади. Марта ўзига хос тиришқоқлик билан меҳмонларнинг хизматида юради. Марям эса бутун эътиборини Исога қаратади. Лекин бу сафар Марям норозилик уйғотадиган бир иш қилади.

Марям ганч идишда хушбўй «сунбул мойидан тахминан 300 грамм» келтиради. (Юҳанно 12:3) Ушбу мой жуда қимматбаҳо бўлиб, унинг нархи (300 динор) ишчининг тахминан йиллик маошига тенг. Марям мойни Исонинг бошига, кейин оёқларига суртиб, сочлари билан уларни артади. Бутун уй хушбўй мой ҳидига тўлиб кетади.

Шогирдлар аччиқланиб: «Хушбўй мойни исроф қилишнинг нима кераги бор?» — деб айтишади. (Марк 14:4) Яҳудо Ишқариёт норози бўлиб: «Бу хушбўй мойни 300 динорга сотиб, пулини камбағалларга тарқатсак бўлмасмиди?» — дейди. (Юҳанно 12:5) Аслини олганда, Яҳудонинг камбағаллар билан ҳеч қандай иши йўқ. У, барча шогирдларга тегишли бўлган пулни қутидан шилиб юради.

Исо Марямнинг тарафини олиб, қуйидагича айтади: «Нега бу аёлни хижолат қиляпсизлар? У мен учун эзгу иш қилди. Чунки камбағаллар доимо ёнингизда бўлади, мен эса доим сизлар билан бўлмайман. Бу аёл танамга хушбўй мой суртиб, мени дафн этишга тайёрлади. Ишонаверинг, хушхабар дунёнинг қайси жойида ваъз қилинмасин, бу аёлнинг қилган иши ҳам ёдга олинади». (Матто 26:10–13)

Мана бир неча кундан бери Исо Байтанияда ва бу ҳақдаги хабар ҳар ерга тарқалади. Кўп яҳудийлар Симуннинг уйига нафақат Исони, балки «у тирилтирган Лазарни ҳам кўришга» келишади. (Юҳанно 12:9) Шунда бош руҳонийлар Исо билан Лазарни ўлдиришга тил бириктиришади. Дин раҳбарларининг фикрича, кўплар Лазарнинг ҳаётга қайтганини кўриб, Исога ишонишни бошлади. Бу дин раҳбарлари нақадар ёвуз!