Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

109- БОБ

Исо дин раҳбарларини фош этади

Исо дин раҳбарларини фош этади

МАТТО 22:41–23:24 МАРК 12:35–40 ЛУҚО 20:41–47

  • МАСИҲ КИМНИНГ ЎҒЛИ?

  • ИСО ИККИЮЗЛАМАЧИ ДУШМАНЛАРИНИ ФОШ ЭТАДИ

Исонинг душманлари уни ёмон отлиққа чиқара олишмаяпти. Бунинг устига, уни римликларга топшириш учун сўзидан ҳам тузоққа илинтира олишмаяпти. (Луқо 20:20) Мана, 11 нисон ва Исо ҳали ҳам маъбадда. Лекин бу сафар, у аслида ким эканини тушунишлари учун уларга саволлар бера бошлайди: «Масиҳ тўғрисида нима деб ўйлайсизлар? У кимнинг ўғли?» (Матто 22:42) Масиҳ Довуд наслидан келиб чиқиши ҳаммага маълум. Шунинг учун дин раҳбарлари ҳам шундай жавоб беришади. (Матто 9:27; 12:23; Юҳанно 7:42)

Исо улардан қуйидагича сўрайди: «Унда қандай қилиб Довуд муқаддас руҳ таъсирида уни Ҳазратим деб атаган? У шундай деган: “Яҳова Ҳазратимга: “Душманларингни оёғинг остига қўймагунимча Менинг ўнг томонимда ўтириб тур”,— деди”. Хўш, агар Довуд уни Ҳазратим деб атаса, унда у қанақасига унинг ўғли бўлиши мумкин?» (Матто 22:43–45)

Фарзийлар жим туришибди. Ахир улар Довуднинг наслидан қандайдир киши келиб, уларни Рим бошқарувидан халос этади, деб умид қилишяпти-ку. Лекин Исо Довуднинг Забур 110:1, 2 даги сўзларини келтириб, Масиҳ шунчаки оддий бир ҳукмдор бўлмаслигини кўрсатади. У Довуднинг Ҳазрати бўлиб, келажакда Худонинг ўнг томонида ўтиради ва ўз қудратини намоён этади. Исонинг душманлари лом-мим дея олишмайди.

Исонинг шогирдлари ва бошқа кўп одамлар мазкур суҳбатни тинглашади. Исо уларга мурожаат қилиб, уламою фарзийлардан эҳтиёт бўлишларини айтади. Сабаби, улар Аллоҳнинг қонунини ўргатиш учун «Мусо пайғамбарнинг ўрнини эгаллашди». Исо тингловчиларга қуйидагича маслаҳат беради: «Уларнинг ҳамма айтганларини бажаринглар, аммо қилганини қилманглар. Чунки улар айтганларини ўзлари бажаришмайди». (Матто 23:2, 3)

Кейин Исо уларнинг иккиюзламачилигини исботловчи мисол келтириб: «Тумордек тақиб юрган дуо қутиларини катталаштиришади»,— дейди. Баъзи яҳудийлар пешонасига ёки қўлига Муқаддас Ёзувлардан парча ёзилган қутилар тақиб юришади. Фарзийлар эса бу қутиларни каттароқ қилиб, ўзларини Тавротни қадрлашаётгандек кўрсатишади. Бундан ташқари, улар «кийимларининг попукларини узайтиришади». Исроилликлар кийимларининг этагига попук тикишарди, аммо фарзийлар попукларини одатдагидан узунроқ қилишарди. (Саҳрода 15:38–40) Ҳа, улар буни «хўжакўрсинга қилишади». (Матто 23:5)

Исонинг шогирдларида ҳам обрўли ўринга эга бўлиш истаги пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун, Исо шундай маслаҳат беради: «Сизлар “устоз”, деб аталишга кўнманг, чунки биргина Устозингиз бор. Сизлар эса барчангиз биродарсизлар. Қолаверса, ер юзида ҳеч кимни “ота”, деб атаманглар, чунки биргина Отангиз бор. У — самовий Отангиз. Ўзингизни “йўлбошчи”, деб ҳам атаманглар, зеро биргина Йўлбошчингиз бор. У ҳам бўлса Масиҳдир». Унда шогирдлар ўзига нисбатан қандай нуқтаи назарга эга бўлишлари ва ўзини қандай тутишлари лозим? Исо уларга: «Орангизда ким буюк бўлса, у сизларга хизматкор бўлсин. Ким ўзини юқори тутса — пасайтирилади, кимки ўзини паст олиб юрса — юксалтирилади»,— дейди. (Матто 23:8–12)

Кейин Исо бир неча марта «ҳолингизга вой» деб, иккиюзламачи уламою фарзийларга қуйидагича мурожаат қилади: «Эй уламою фарзийлар, иккиюзламачилар, ҳолингизга вой! Боиси, сизлар Осмон Шоҳлигининг эшикларини инсонларга бекитиб қўйяпсизлар. Ўзларингиз ҳам кирмаяпсизлар, кирмоқчи бўлганларга ҳам тўсқинлик қиляпсизлар». (Матто 23:13)

Фарзийлар Худо учун аслида нима муҳимлигини тушунишмагани учун, Исо уларни айблайди. Бу, улар ўзларича ўрнатаётган ҳар хил қонун-қоидаларда яққол кўринади. Масалан, фарзийлар шундай дейишади: «Агар кимдир маъбадни ўртага қўйиб қасам ичса, ҳеч қиси йўқ. Борди-ю, маъбаднинг олтинини ўртага қўйиб қасам ичса, уни бажариши шарт». Улар Яҳовага топинадиган жойнинг маънавий қадриятига эмас, балки унинг олтинига кўпроқ эътибор қаратиш билан маънан кўр эканини кўрсатишади. Устига-устак, улар «Тавротда муҳим саналган адолат, раҳм-шафқат ва садоқатга аҳамият бермай қўйишди». (Матто 23:16, 23; Луқо 11:42)

Исо фарзийларга: «Кўр йўлбошчилар, сизлар чивинни сузиб чиқарасизлар-у, туяни ютиб юборасизлар!» — дейди. (Матто 23:24) Тавротга кўра чивин ҳаром ҳисоблангани боис, улар уни ютиб юбормаслик учун шаробни сузишади. Бироқ Таврот бўйича муҳим саналган нарсаларга эътибор бермай, улар худди туяни ютиб юборгандек бўлишади. Туя ҳам Тавротга кўра ҳаром ҳисобланарди ва чивиндан анча каттароқ. (Левилар 11:4, 21–24)