Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

120- БОБ

Шогирдлар ҳосил келтириб, Исонинг дўстлари бўлишади

Шогирдлар ҳосил келтириб, Исонинг дўстлари бўлишади

ЮҲАННО 15:1–27

  • ҲАҚИҚИЙ ТОК ВА НОВДАЛАР

  • ИСОНИНГ СЕВГИСИДАН АЙРИЛМАСЛИК

Исо садоқатли ҳаворийлар билан илиқ ва дўстона суҳбат қуриб, уларга далда беради. Ҳозир кеч тушди, эҳтимол, ярим кечадир. Исо ҳаракатга ундовчи масал келтиради.

«Мен ҳақиқий токман, Отам эса боғбондир»,— дея гап бошлайди у. (Юҳанно 15:1) Шунга ўхшаш масал бир неча аср олдин келтирилган. Унга кўра Исроил халқи Яҳованинг токидир. (Еремиё 2:21; Ҳўшея 10:1, 2) Бироқ Яҳова бу халқни инкор этади. (Матто 23:37, 38) Айнан шу сабабли, Исо бу масалда янги фикр айтади. Чунончи, унинг ўзи — ток. Яҳова мил. 29 йили Исони муқаддас руҳ билан мойлаганидан бери уни парваришлаб келган. Лекин Исонинг айтишича, ток фақатгина уни билдирмайди.

«Мендаги ҳосил бермайдиган ҳар қандай новдани У [Отам] кесиб ташлайди. Ҳосил келтирадиганини эса кўп мева берсин дея бутаб тозалайди. [...] Токда қолмаган новда ўз-ўзидан ҳосил беролмаганидек, сизлар ҳам мен билан бирликда бўлмай туриб ҳосил беролмайсиз. Мен — токман, сизлар эса новдасиз». (Юҳанно 15:2–5)

Исо ваъда қилганидай кетганидан кейин шогирдларига ёрдамчини, яъни муқаддас руҳни юборади. 51 кун ўтгач, яъни ҳаворийлар ва бошқа шогирдлар муқаддас руҳни олишганида, улар мажозий маънода ток новдаларига айланишади. Ҳамма «новдалардан» Исо билан бирликда бўлиш кутилади. Қай мақсадда?

Исо буни қуйидагича тушунтиради: «Кимки мен билан бирликда бўлса, мен ҳам у билан бирликда бўламан ва у мўл-кўл ҳосил келтиради. Чунки менсиз ҳеч нарса қилолмайсиз». Ушбу «новдалар», Исонинг содиқ издошлари унинг фазилатларига тақлид қилиб анчагина ҳосил келтиришади. Улар Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ғайрат ила ваъз қилишади ва янги шогирдлар тайёрлашади. Агар кимдир Исо билан бирликда бўлмаса ва ҳосил келтирмаса, нима бўлади? Исо: «Мен билан бирликда бўлмаган киши эса, новда сингари кесиб ташланади»,— деб айтади. Кейин давом этиб, қуйидагича дейди: «Агарда мен билан бирликда бўлиб, айтганларимни қалбингизда сақласангиз, унда нимаики тиласангиз сизга берилади». (Юҳанно 15:5–7)

Энди Исо икки марта эслатиб ўтган фикрни, яъни амрларига амал қилиш кераклигини таъкидлайди. (Юҳанно 14:15, 21) Шогирдлар бунга риоя этишаётганини қай йўсин исботлай олишларини Исо қуйидагича тушунтиради: «Мен Отамнинг амрларини бажо келтириб, Унинг севгисидан айрилмаганим каби, сизлар ҳам амрларимга риоя қилсангиз, менинг севгимдан айрилмайсиз». Демак, улардан Аллоҳ Яҳовани ва Исони яхши кўришдан кўпроқ нарса талаб қилинади. Исо шундай дейди: «Менинг амрим шу: мен сизларни қандай севган бўлсам, сизлар ҳам бир-бирингизни шундай севинг. Ким ўз дўстлари учун жонини берса, бундан буюкроқ севги йўқдир. Мен берган амрларга риоя қилсангиз, менинг дўстларим бўласиз». (Юҳанно 15:10–14)

Бир неча соатдан кейин, Исонинг севгиси унга ишонган ҳар бир киши учун ҳаётини қурбон қилганида кўринади. Унинг ўрнаги издошларини бир-бирига фидокорона севгини намоён этишга ундаши лозим. Исо илгари ҳам айтганидек, уларни ораларидаги муҳаббат туфайли билиб олишади: «Агар орангизда меҳр-муҳаббат бўлса, сизлар менинг шогирдларим эканингизни барча билиб олади». (Юҳанно 13:35)

Ҳаворийлар Исо уларни «дўстларим» деб атаганига диққат қаратишлари керак. Исо уларга: «Сизларни дўстларим деб атайман, зеро Отамдан нимаики эшитган бўлсам, барчасини сизларга ошкор этдим»,— дейди. Ҳа, Исо билан дўст бўлиш ҳамда Отаси унга нималар гапирганини билиш катта шараф! Бироқ бундай муносабатларни сақлаб қолиш учун шогирдлар «мўл-кўл ҳосил беришлари» лозим. Шунда, Исо айтганидек, улар унинг номидан Отасидан нимаики сўрашса, У уларга беради. (Юҳанно 15:15, 16)

Исо «новдалар» деб атаган шогирдларнинг орасидаги меҳр-муҳаббат, улар дуч келадиган ҳар қандай нарсага дош беришга ёрдам беради. Исо дунё улардан нафратланишини огоҳлантиради. Лекин бундан сўнг уларга далда бериб, шундай дейди: «Дунё сизлардан нафратланса, билингки, сизлардан аввал у мендан нафратланган. Агар дунёга тегишли бўлганингизда эди, дунё ўзиники каби сизларни ардоқлаган бўларди... дунёга тегишли эмассиз. Шу сабабли дунё сизлардан нафратланади». (Юҳанно 15:18, 19)

Сўнгра Исо нега дунё улардан нафратланишини шундай деб тушунтиради: «Сизларга қарши қилинадиган бу барча нарсалар менинг номим туфайлидир. Боиси мени Юборганни улар танимайди». Исонинг мўъжизалари аслида ундан нафратланган одамларни ҳукм қилиш учун асос эканини у қуйидагича айтади: «Мабодо, мен уларнинг орасида ҳеч ким қилмаган ишни бажармаганимда эди, улар гуноҳкор бўлишмасди. Аммо улар кўрган ҳолда Отамдан ҳам, мендан ҳам нафратланишди». Дарҳақиқат, уларнинг нафрати Муқаддас Китобдаги башоратнинг амалга ошишидир. (Юҳанно 15:21, 24, 25; Забур 35:19; 69:4)

Исо муқаддас руҳни, яъни ёрдамчини юборишни яна ваъда қилади. Издошларининг барчаси бу қудратга эга бўлади ва унинг ёрдамида улар ҳосил келтиришади, яъни «шоҳидлик беришади». (Юҳанно 15:27)