Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

134- БОБ

Исо тирик!

Исо тирик!

МАТТО 28:3–15 МАРК 16:5–8 ЛУҚО 24:4–12 ЮҲАННО 20:2–18

  • ИСО ТИРИЛАДИ

  • ҚАБР ЁНИДАГИ ВОҚЕАЛАР

  • ИСО БИР НЕЧА АЁЛГА КЎРИНАДИ

Аёллар қабр бўм-бўш эканини кўриб, донг қотиб қолишади. Магдалалик Марям «югуриб Симун Бутрус ва Исонинг севимли шогирди», яъни ҳаворий Юҳаннонинг олдига боради. (Юҳанно 20:2) Қабр ёнида қолган бошқа аёллар эса фариштани кўришади. Қабр ичкарисида «узун оқ кийимли» яна бир фаришта бор. (Марк 16:5)

Фаришталардан бири уларга шундай дейди: «Қўрқманглар, сизлар устунда қатл этилган Исони ахтариб келганингизни биламан. У ҳозир бу ерда эмас. У ўзи айтганидай тирилди. Келинглар, унинг ётган жойини кўриб қўйинглар. Энди тезроқ бориб, унинг тирилганини шогирдларига айтинглар. Шунингдек, уларга: “У сизлардан аввал Жалилага кетяпти [...]”,— деб айтинглар». (Матто 28:5–7) Аёлларни «ваҳима ва ҳаяжон» босади ва бўлган воқеаларни шогирдларга айтиш учун югуриб кетишади. (Марк 16:8)

Шу орада магдалалик Марям Бутрус ва Юҳаннони топиб, нафасини ростлашга улгурмай: «Ҳазратимизни қабрдан олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмаймиз»,— деб айтади. (Юҳанно 20:2) Буни эшитган Бутрус ва Юҳанно қабр томон чопиб кетишади. Юҳанно тезроқ югуради ва у ерга биринчи бўлиб етиб боради. У қабр ичига қарайди ва кафан ётганини кўради, аммо ичкарига кирмайди.

Бутрус эса югуриб келиб тўғри қабр ичига киради. У ҳам зиғир кафанни ва Исонинг бошига ўралган рўмолни кўради. Сўнг Юҳанно ҳам қабр ичига киради ва Марямнинг гаплари тўғрилигига амин бўлади. Исо илгари айтганига қарамай, уларнинг ҳеч бири унинг тирилганини тушунишмайди. (Матто 16:21) Улар таажжубланган ҳолда уйга қайтишади. Магдалалик Марям эса қабр ёнига келиб ўша ерда қолади.

Бу орада қолган аёллар Исо тирилгани ҳақида шогирдларга айтиш учун чопиб кетишади. Уларнинг йўлидан Исо чиқиб: «Ассалому алайкум!» — дейди. Хотинлар унинг оёқларига йиқилиб, таъзим қилишади. Шунда Исо уларга: «Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга хабар беринглар, улар Жалилага боришсин. Мени ўша ерда кўришади»,— деб айтади. (Матто 28:9, 10)

Бундан аввал зилзила юз бериб, фаришталар пайдо бўлганида, қабрни қўриқлаётган соқчилар «зир-зир титрашади ва қўрққанларидан қотиб қолишади». Ўзларига келгач, шаҳарга боришади ва «юз берган воқеани бош руҳонийларга айтиб беришади». Кейин руҳонийлар халқ оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб, аскарлар аслида нима бўлгани ҳақида оғиз очмаслиги учун уларга пора беришга ва: «Биз ухлаб ётганимизда, шогирдлари келиб, унинг жасадини ўғирлаб кетишди»,— деб айтишга келишиб олишади (Матто 28:4, 11, 13)

Рим аскарлари соқчилик қилганда ухлаб қолишса, қатл этилишлари мумкин эди. Шу боис руҳонийлар қуйидагича ваъда беришади: «Мабодо бу [аскарлар ухлаб қолишгани ҳақидаги ёлғон] ҳокимнинг қулоғига етиб борса, ўзимиз унга ҳаммасини тушунтирамиз, сизлар ҳеч ташвишланманглар». (Матто 28:14) Аскарлар пора олиб, руҳонийлар айтганидек йўл тутишади. Шу сабабли, Исонинг жасади ўғирлангани ҳақидаги ёлғон яҳудийлар орасида кенг тарқалиб кетади.

Қабр ёнида қолган магдалалик Марям ҳали-ҳануз ғам чекяпти. У эгилиб қабр ичига қарайди ва оқ кийимли иккита фариштани кўради. Бири Исонинг жасади қўйилган жойнинг бош тарафида, иккинчиси эса оёқ тарафида ўтирган бўлади. Улар Марямдан: «Нега йиғлаяпсиз?» — деб сўрашади. У жавобан: «Ҳазратимни олиб кетишибди. Уни қаерга қўйишганини билмайман»,— дейди ва ўгирилиб яна бир кишини кўради. Фаришталар каби у ҳам, Марямдан нега йиғлаётганини сўрайди-да: «Кимни қидиряпсиз?» — дея қўшиб қўяди. Марям уни боғбон деб ўйлаб: «Тақсир, агар сиз уни олиб кетган бўлсангиз, уни қаерга қўйганингизни айтинг. Мен уни олиб кетаман»,— дейди. (Юҳанно 20:13–15)

Аслида Марям тирилган Исо билан гаплашаётганини хаёлига ҳам келтирмайди. Лекин у: «Марям!» — деганида, аёл Исонинг мурожаат қилиш тарзидан уни таниб қолади. У қувонч ила Исога: «Раббуний!» — деб айтади. (Бу сўз «Устоз» дегани.) Устози осмонга кўтарилиб кетиши мумкинлигидан қўрқиб, Марям уни маҳкам ушлаб олади. Исо эса шундай дейди: «Бўлди, мени ушлашни бас қилинг. Чунки мен ҳали Отамнинг ёнига кўтарилганим йўқ. Сиз биродарларим олдига бориб, мен ўз Отам ва сизларнинг Отангиз, менинг Тангрим ва сизларнинг Тангрингиз ҳузурига кўтарилишимни айтинг». (Юҳанно 20:16, 17)

Марям ҳаворийлар ва бошқа шогирдлар тўпланган жойга боради. У: «Мен Ҳазратимни кўрдим!» — дея, аввалроқ бошқа аёллар ҳаворийларга айтган гапларга қўшимча қилади. (Юҳанно 20:18) Лекин улар бу сўзларга ишонишмайди. (Луқо 24:11)