Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

139- БОБ

Жаннатни ўрнатади ва топшириғини якунлайди

Жаннатни ўрнатади ва топшириғини якунлайди

1 КОРИНФЛИКЛАРГА 15:24–28

  • ҚЎЙ ВА ЭЧКИЛАРНИ НИМА КУТЯПТИ

  • КЎПЛАР ЕР ЮЗИДАГИ ЖАННАТДА ЗАВҚЛАНИБ ЯШАЙДИ

  • ИСО ЙЎЛ, ҲАҚИҚАТ ВА ҲАЁТДИР

Исо сувга чўмгач, ҳатто хизматини бошлашга улгурмасидан олдин уни муваффақиятсизликка учратишга ҳаракат қилган душманга рўбарў келади. Ҳа, Иблис уни кўп маротаба васвасага солган. Кейинчалик Исо у тўғрисида: «Бу дунёнинг ҳукмдори келяпти. У эса менга ҳоким эмас»,— дейди. (Юҳанно 14:30)

Ҳаворий Юҳанно ваҳийда «буюк аждаҳо, Иблис ва Шайтон деб аталган алмисоқ илонни» нима кутаётганини кўрган. Одамзоднинг бу ашаддий душмани осмондан улоқтирилди, у вақти оз қолганини билади ва мудҳиш қаҳр-ғазабда юрибди. (Ваҳий 12:9, 12) Масиҳийлар, ушбу оз вақт мобайнида яшаётганига ва яқинда «алмисоқ илон» 1 000 йилга тубсизликка ташланиб ҳаракатсиз ҳолатда бўлишига, Исо эса Худонинг Шоҳлигида бошқаришига ишонишлари учун яхши асос бор. (Ваҳий 20:1, 2)

Хўш, бу вақт давомида бизнинг сайёрамизда нималар рўй беради? Бу ерда кимлар ва қандай шароитларда яшайди? Бу ҳақда Исонинг сўзларидан билиб олса бўлади. У қўйлар ва эчкилар тўғрисидаги масалида, унинг биродарлари билан ҳамкорлик қилиб, уларга кўмаклашаётган қўйга ўхшатилган одил кишиларни қандай келажак кутаётганини кўрсатган. Қолаверса, бундай йўл тутмаётган ва эчкиларга ўхшатилган одамларни нима кутаётгани борасида ҳам айтиб ўтган. Исо: «Улар [эчкилар] абадий йўқ бўлиб кетишади, одил кишилар эса [қўйлар] мангу ҳаётга эга бўлишади»,— деган. (Матто 25:46)

Бу, Исо ёнидаги устунга михланган жиноятчига айтган сўзларини тушунишимизга кўмаклашади. Исо ўша киши содиқ ҳаворийларига ваъда қилинган мукофотни олишини, яъни Самовий Шоҳликда бўлишини айтмаган. Аксинча, тавба қилган ўша жиноятчига: «Сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз»,— деб ваъда қилган. (Луқо 23:43) Бу кишида жаннатда, кўркам боғда яшаш умиди пайдо бўлди. Мантиқан шундай хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда қўйга ўхшашини исботлаган одамлар «мангу ҳаётга» эга бўлиб ер юзидаги жаннатда яшашади.

Бу, ҳаворий Юҳанно тасвирлаган ер юзида бўладиган шароитлар билан ҳамоҳанг. У қуйидагича деган: «Аллоҳнинг чодири инсонлар орасида. Худонинг Ўзи улар билан бирга яшайди ва улар Унинг халқи бўлишади. Аллоҳнинг Ўзи улар билан бўлади. Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». (Ваҳий 21:3, 4)

Исо гаплашган жиноятчи жаннатда яшаши учун тирилиши лозим. Шубҳасизки, бошқа одамлар ҳам тирилади. Исо аниқ қилиб шундай деган: «Шундай вақт келяптики, мозорларда бўлган ҳамма унинг овозини эшитиб чиқади: яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм этилиш учун тирилади». (Юҳанно 5:28, 29)

Бироқ Исо билан самода бошқарадиган содиқ ҳаворийлар ва сони чегараланган бошқа кишилар ҳақида нима деса бўлади? Муқаддас Китобда: «Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, Масиҳ билан 1 000 йил шоҳлик қилишади»,— деб ёзилган. (Ваҳий 20:6) Масиҳ билан бирга ҳукм сурадиганлар ер юзидаги эркагу аёллар орасидан танлаб олиняпти. Улар ер юзидагилар устидан тушунган тарзда ва раҳм-шафқат ила бошқариши шубҳасиз. (Ваҳий 5:10)

Исо тўлов қурбонлигини ер юзидаги одамларга нисбатан қўллаб, уларни мерос қилинган гуноҳдан халос этади. Исо ва у билан бирга бошқарадиганлар садоқатли инсониятни мукаммалликка етаклайди. Ўшанда Аллоҳнинг инсонларга нисбатан илк нияти амалга ошади. Чунки бошида Аллоҳ Одамато билан Момоҳаво кўпайиб ер юзини тўлғазишини истаган эди. Шуни айтиш жоизки, Одаматонинг гуноҳи дастидан пайдо бўлган ўлимга ҳам якун ясалади!

Шу йўсин, Исо Яҳова унга топширган барча нарсани амалга оширади. Минг йиллик бошқаруви тугагач, Исо Шоҳликнию мукаммал инсониятни Отасига топширади. У чинакам камтарликни намоён этганини ҳаворий Павлус қуйидагича тасвирлайди: «Барча нарса унга тобе қилинганидан сўнг, Ўғил ҳам унга барча нарсани тобе қилдирган Аллоҳга тобе бўлади. Токи Аллоҳ барчанинг ягона Ҳукмдори бўлсин». (1 Коринфликларга 15:28)

Аллоҳнинг буюк ниятлари бажарилишида Исонинг ўрни аҳамиятли экани шубҳасиз. Бу ниятлар бутун абадият давомида амалга ошишгани сайин Исо: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман»,— деб айтганига мувофиқ яшайди. (Юҳанно 14:6)