Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЕТТИНЧИ БОБ

Худо ўлганларни тирилтиради!

Худо ўлганларни тирилтиради!

1–3. Биз нимага маҳкум этилганмиз ва Яҳова қандай қилиб бизни озод этади?

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ: ҳеч қандай жиноят қилмаган бўлсангиз ҳам, сизни бутун умрга қамоқ жазосига маҳкум этишди. Қамоқдан озод бўлиш имконсиз. Сиз тушкунликка тушгансиз ва қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Аммо бутунлай умидсизликка тушганингизда сизни озод этишга қодир бўлган бир киши пайдо бўлади ва у сизга ёрдам беришни ваъда қилади. Шунда нималарни ҳис қиласиз?

2 Барчамиз ўлимга маҳкум этилганмиз. Биз нимаики қилмайлик, ундан қочиб қутула олмаймиз. Аммо Яҳова бизни ўлимдан озод этиш қудратига эга. Унинг ваъдасига кўра, «охирги душман — ўлим йўқ қилинади». (1 Коринфликларга 15:26)

3 Ўлимдан қўрқмай яшашингизни бир тасаввур қилинг! Яҳова нафақат ўлимни бартараф этади, балки ўлган инсонларни ҳаётга қайтаради. Ҳа, Яҳова улар яна яшайди, деб ваъда бермоқда. (Ишаё 26:19)

ЯҚИНИНГИЗ ҲАЁТДАН КЎЗ ЮМСА

4. а) Оила аъзоларимиздан кимдир ёки яқин дўстимиз ҳаётдан кўз юмса, нима бизга тасалли бера олади? б) Исонинг яқин дўстлари ким бўлган?

4 Оила аъзоларимиздан кимдир ёки яқин дўстимиз ҳаётдан кўз юмса, қаттиқ қайғу чекамиз. Бундай пайтда ўзимизни ожиз ҳис қиламиз. Яқинимизни ҳаётга қайтариш учун қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Лекин Муқаддас Китобда ёзилганлар бизга чинакам тасалли бера олади. (2 Коринфликларга 1:3, 4 ни ўқинг.) Келинг, Яҳова ҳамда Исо яқинларимизни ҳаётга қайтаришни қанчалик истаётганини кўрсатувчи битта воқеани муҳокама қилайлик. Исо ер юзида бўлганида, Лазар ҳамда унинг сингиллари Марта ва Марямникига тез-тез бориб турарди. Уларнинг учаласи Исонинг яқин дўстлари бўлган. Муқаддас Китобда: «Исо Мартани, унинг синглисини ҳамда Лазарни яхши кўрар эди»,— деб айтилган. (Юҳанно 11:3–5)

5, 6. а) Лазарнинг оила аъзолари ҳамда дўстлари қайғу чекаётганини кўрганда Исо нима қилади? б) Исо жудолик азобини тушуниши нега бизга тасалли беради?

5 Бир куни Лазар вафот этади. Марта ва Марямга тасалли бериш учун Исо уларникига боради. Марта Исонинг келаётганини эшитиб, уни кутиб олгани шаҳар ташқарисига чиқади. У Исони кўриб хурсанд бўлади-ю, лекин шундай дейди: «Ҳазрат, агар сиз бу ерда бўлганингизда эди, акам ўлмасди». Мартанинг фикрича, Исо жуда кеч қолди. Сўнг Исо унинг синглиси Марям йиғлаётганини кўради. Улар ғам чекаётганидан Исо хафа бўлиб йиғлайди. (Юҳанно 11:21, 33, 35) Исонинг уларга раҳми келади.

6 Яқинимизнинг ўлими бизга қанчалик оғир ботишини Исо яхши тушунади. У самовий Отасига ўхшайди. Шу сабабли Яҳова ҳам дардимизни ҳис қилишига амин бўлишимиз мумкин. (Юҳанно 14:9) Яҳова абадулабад ўлимни йўқ қилиш қудратига эга ва У буни тез орада амалга оширади.

«ЛАЗАР, ТАШҚАРИГА ЧИҚ!»

7, 8. Нима учун Марта Лазарнинг қабридаги тошни олиб қўйишларини истамаган, аммо Исо нима қилган?

7 Исо Лазарнинг жасади қўйилган қабр бошига келганида, унинг киравериши катта тош билан ёпиб қўйилган эди. Исо: «Тошни юмалатинглар!» — дейди. Аммо Марта уларни тўхтатмоқчи бўлади. Чунки Лазарнинг жасади қабрга қўйилганига тўрт кун ўтган эди. (Юҳанно 11:39) Исо унинг акаси учун нима қилмоқчи эканини Марта билмасди.

Лазарнинг тирилиши хурсандчиликка сабаб бўлди. (Юҳанно 11:38–44)

8 Тошни олиб қўйишгач, Исо: «Лазар, ташқарига чиқ!» — дейди. Марта билан Марям кўзларига ишонмайди: «оёқ-қўллари кафан билан ўралган, юзи эса рўмол билан ўралган жасад чиқиб келди»! (Юҳанно 11:43, 44) Лазар тирилди! Энди у оиласи ва дўстлари ёнига қайтди. Улар Лазарни қучоқлаб, у билан суҳбатлаша олишарди. Ажойиб мўъжиза: Исо Лазарни тирилтирди!

«ҚИЗАЛОҚ, ЎРНИНГДАН ТУР!»

9, 10. а) Исога одамларни тирилтириш қудратини ким берган? б) Тирилишга оид ҳодисалар ҳақида ўқиш қандай фойда келтиради?

9 Исо одамларни ўзининг кучи билан тирилтирганми? Йўқ. Лазарни тирилтиришдан олдин Исо Аллоҳ Яҳовага ибодат қилган ва Яҳова унга Лазарни тирилтириш қудратини берган. (Юҳанно 11:41, 42 ни ўқинг.) Исо бошқа одамларни ҳам тирилтирган. Муқаддас Китобда қаттиқ касал бўлган 12 яшар қизча ҳақида айтилган. Унинг отаси Яир бундан умидсизликка тушади ва Исодан қизига шифо беришни сўраб ёлворади. Бу қиз Яирнинг ёлғиз фарзанди эди. Яир Исо билан гаплашиб турганида одамлар келиб: «Қизингиз вафот этди. Энди Устозни овора қилмай қўяверинг»,— дейишади. Аммо Исо Яирга: «Қўрқманг, қизингиз қутқарилади. Фақат ишонсангиз бас»,— дейди. Сўнг Исо Яир билан бирга унинг уйига боради. Уйга яқинлашган сайин, Исо одамларнинг йиғи-сиғи қилаётганини эшитади. Исо уларга: «Йиғламанглар. Қизча ўлгани йўқ, ухлаяпти, холос»,— дейди. Қизчанинг ота-онаси у нимани назарда тутаётганини тушунмай ҳайрон қолишади. Исо уйдан ҳамма чиқиб кетишини айтиб, қизчанинг ота-онаси билан у ётган хонага киради. Исо қизчанинг қўлидан оҳиста ушлаб: «Қизалоқ, ўрнингдан тур!» — деб айтади. Қизчаси шу заҳотиёқ ўрнидан туриб, юра бошлаганини кўрган ота-онанинг хурсандчилигини бир тасаввур қилинг! Исо уларнинг қизини тирилтирди. (Марк 5:22–24, 35–42; Луқо 8:49–56) Улар ҳар сафар қизига қараганда Яҳова Исо орқали бу мўъжизани яратгани ҳақида эслашгандир *.

10 Тўғри, вақти келиб Исо тирилтирган одамлар қазо қилишди. Унда уларни тирилтириш бефойда эдими? Асло! Муқаддас Китобдаги мазкур воқеалар бизга чинакам умид бахш этади. Улар бизни Яҳова одамларни тирилтиришни исташига ва буни албатта қилишига ишонтиради.

ТИРИЛИШГА ОИД ВОҚЕАЛАРДАН НИМАНИ БИЛИБ ОЛЯПМИЗ?

Ҳаворий Бутрус Дорка исмли аёлни тирилтирди. (Ҳаворийлар 9:36–42)

Илёс пайғамбар бева аёлнинг ўғлини тирилтирди. (3 Шоҳлар 17:17–24)

11. Воиз 9:5 га биноан, Лазар ўлганида қандай ҳолатда бўлган?

11 Муқаддас Китобда: «Ўлганлар... ҳеч нарсани билмайди»,— деб аниқ айтилган. Бу Лазарга ҳам тааллуқли эди. (Воиз 9:5) Исо Лазарнинг ҳолатини ухлаётган одамнинг ҳолатига ўхшатган. (Юҳанно 11:11) Лазар қабрда ётганида «ҳеч нарсани билмаган».

12. Лазар чиндан ҳам тирилганини қаердан биламиз?

12 Кўп одамлар Исо Лазарни тирилтирганига гувоҳ бўлишган. Ҳатто душманлар Исо бу мўъжизани яратганини билишган. Лазарнинг тириклиги, бу мўъжиза чиндан ҳам юз берганини исботлаган. (Юҳанно 11:47) Шунингдек, кўпчилик Лазарни кўргани борган ва натижада улар Исонинг Худо томонидан юборилганига ишонишни бошлаган. Бу Исонинг душманларига ёқмаган. Шунинг учун улар Исо ва Лазарни ўлдириш пайига тушишган. (Юҳанно 11:53; 12:9–11)

13. Нима учун Яҳова ўлганларни тирилтира олишига шубҳаланмасак бўлади?

13 Исо «мозорларда бўлган ҳамма» тирилиши ҳақида айтган эди. (Юҳанно 5:28) Демак, Яҳова хотирасида бўлган барчани тирилтиради. Аммо ўлганларни тирилтириш учун, Яҳова улар ҳақда барча тафсилотларни ёдда тутиши керак. У буни қила оладими? Масалан, коинотда миллиардлаб юлдузлар бор. Муқаддас Китобда Яҳова ҳар бир юлдузни номма-ном билиши ҳақида ёзилган. (Ишаё 40:26 ни ўқинг.) Агар У ҳар бир юлдузнинг номини эсда сақлай олса, унда тирилтирмоқчи бўлган барча инсонлар ҳақидаги тафсилотларни ҳам ёдда сақлай олади. Модомики Яҳова барча нарсани яратган экан, одамларни тирилтиришга қудрати борлигидан ҳеч ҳам шубҳаланмасак бўлади.

14, 15. Аюбнинг тирилиш ҳақида айтган сўзларидан нимани билиб оляпмиз?

14 Художўй Аюб тирилиш бўлишига ишонган. У шундай деб сўраган: «Агар одам ўлса, у яна яшай оладими?» Сўнг у Яҳовага: «Мени чақирасан, мен эса жавоб бераман. Қўлларинг билан яратган ижодингни соғинасан»,— деб айтган. Аюб Тангри Яҳова ўлган инсонларни тирилтириш вақтини сабрсизлик билан кутаётганини билган. (Аюб 14:13–15)

15 Ўлганларнинг тирилиши ҳақидаги умид сизда қандай ҳис-туйғуларни уйғотяпти? Сизда: «Вафот этган оила аъзоларим ва дўстларим ҳам тириладими?» — деган савол туғилиши мумкин. Яҳова ўлган инсонларни ҳаётга қайтаришни чин дилдан истаётганини билиш бизга тасалли беради. Келинг энди, кимлар тирилиши ва улар қаерда яшаши борасида Муқаддас Китобда нима дейилганини кўриб чиқайлик.

УЛАР «УНИНГ ОВОЗИНИ ЭШИТИБ ЧИҚАДИ»

16. Одамлар тирилганида ер юзида ҳаёт қандай бўлади?

16 Ўтмишда тирилган инсонлар ўз оиласи ва дўстлари билан қайта кўришиб, ер юзида яшашни давом эттирган. Келажакда ҳам шундай бўлади, ҳатто бундан ҳам яхшироқ бўлади. Нега? Чунки ер юзида яшаш учун тирилган инсонлар абадий ҳаётга эга бўлиши мумкин. Улар ҳозиргидан бутунлай фарқ қиладиган дунёда яшайди. Ўша пайтда на уруш, на жиноятчилик, на касаллик бўлади.

17. Кимлар тирилади?

17 Кимлар тирилади? Исо «мозорларда бўлган ҳамма унинг овозини эшитиб чиқиши» ҳақида айтган. (Юҳанно 5:28, 29) Ваҳий 20:13 да шундай дейилган: «Денгиз ҳам, ўлим ҳам, мозор ҳам ўзидаги ўликларни берди». Ҳа, миллиардлаб инсонлар яна ҳаётга қайтади. Ҳаворий Павлус ҳам «адолатли ва адолатсиз одамлар» тирилиши тўғрисида айтган. (Ҳаворийлар 24:15 ни ўқинг.) Унинг сўзлари нимани англатади?

Жаннатда марҳумлар тирилиб, ўз яқинлари билан бирга бўлишади

18. Тириладиган «адолатли» кишиларга кимлар киради?

18 «Адолатли» кишиларга Исо ер юзига келишидан аввал яшаган Яҳованинг садоқатли хизматчилари киради. Нуҳ, Иброҳим, Сора, Мусо, Рут ва Эстер каби инсонлар ер юзида яшаш учун тирилади. Бу эркак ва аёлларнинг баъзилари ҳақида Ибронийларга йўлланган мактубнинг 11- бобида ўқишингиз мумкин. Бизнинг давримизда вафот этган Яҳованинг содиқ хизматчилари ҳақида нима деса бўлади? Улар ҳам «адолатли» кишилар қаторига киргани учун тирилади.

19. «Адолатсиз» кишилар ким? Яҳова уларга қандай имкон беради?

19 «Адолатсиз» кишиларга эса Яҳовани таниб-билиш имконига эга бўлмаган миллиардлаб инсонлар киради. Улар вафот этган бўлса-да, Яҳова уларни унутмаган. Худо уларни тирилтиради ва улар У ҳақида билим олиш, Унга хизмат қилиш имконига эга бўлишади.

20. Нега ўлганларнинг ҳаммаси ҳам тирилмайди?

20 Бу ўлганларнинг бари тирилади деганими? Йўқ. Исо ўлган баъзи инсонлар тирилмаслиги ҳақида айтган эди. (Луқо 12:5) Унда кимни тирилтиришни ёки тирилтирмасликни ким ҳал қилади? Яҳова энг олий Ҳакам бўлгани учун охирги қарорни У чиқаради. Лекин У Исога ҳам «тиригу ўликларни ҳукм қилиш» ҳуқуқини берган. (Ҳаворийлар 10:42) Ёвуз деб топилган ва ўзгаришни истамаган кишилар тирилмайди. (19- иловага қаранг.)

САМОВИЙ ҲАЁТ УЧУН ТИРИЛИШ

21, 22. а) Самода яшаш учун тирилганлар қандай танага эга бўлади? б) Ким биринчи бўлиб руҳий шахс сифатида тирилган?

21 Муқаддас Китобда айрим кишилар самода яшаш учун тирилиши ҳақида ёзилган. Кимдир самовий ҳаёт учун тирилса, у жисмоний танада тирилмайди. У осмонда яшаш учун руҳий шахс сифатида тирилтирилади.

22 Исо руҳий шахс сифатида тирилганлар ичида биринчисидир. (Юҳанно 3:13) Исони ўлдиришганидан уч кун ўтиб, Яҳова уни тирилтирган. (Забур 16:10; Ҳаворийлар 13:34, 35) Исо жисмоний танада тирилмаган. Ҳаворий Бутрус Исо ҳақида: «Одам сифатида ўлиб, руҳ сифатида тирилди»,— деб ёзган. (1 Бутрус 3:18) Исо қудратли руҳий шахс сифатида ҳаётга қайтган! (1 Коринфликларга 15:3–6) Аммо Муқаддас Китобда бошқа инсонлар ҳам самода яшаш учун тирилиши ҳақида айтилган.

23, 24. Исо айтган «кичик пода»га кимлар киради ва уларнинг сони қанча?

23 Исо ўлимидан олдин садоқатли шогирдларига: «Сизлар учун жой тайёрлагани кетяпман»,— деган. (Юҳанно 14:2) Исонинг бу сўзлари унинг баъзи издошлари самода яшаш учун тирилишини англатади. Уларнинг сони қанча? Исо уларнинг сони оз бўлишини назарда тутиб, уларни «кичик пода» деб атаган. (Луқо 12:32) Ҳаворий Юҳанно олган ваҳийдан уларнинг аниқ сонини билиб оляпмиз. У самовий Сион тоғида турган Исони, ёнида эса 144 000 киши борлигини кўрган. (Ваҳий 14:1)

24 Ушбу 144 000 киши қачон тирилиши керак эди? Муқаддас Китобга кўра, Масиҳ самода бошқаришни бошлаган пайтда бу юз бериши керак эди. (1 Коринфликларга 15:23) Биз айнан шу пайтда яшаяпмиз, яъни ҳозир 144 000 кишининг кўпчилиги самода яшаш учун тирилган. Ҳали ер юзида яшаётганлари эса ўлган заҳоти самода яшаш учун тирилади. Лекин аксарият инсонлар келажакда ер юзидаги жаннатда яшаш учун тирилади.

25. Кейинги бобда нимани билиб оламиз?

25 Тез орада Яҳова барча инсонларни ўлимдан озод этади ва ўлим тоабад йўқ бўлиб кетади! (Ишаё 25:8 ни ўқинг.) Самода яшаш учун тирилганлар у ерда нима қилишади? Муқаддас Китобга биноан, улар Самовий Шоҳликнинг аъзолари бўлишади ва Исо билан бирга бошқаришади. Ушбу Шоҳлик ҳақида кейинги бобдан кўпроқ билиб оламиз.

^ абз. 9 Муқаддас Китобда тирилишга оид бошқа воқеалар ҳам қаламга олинган. Тирилганлар орасида ёшу қари, эркагу аёл, исроиллигу бошқа халқ вакиллари ҳам бўлган. Бу ҳодисаларни мазкур оятлардан ўқишингиз мумкин: 3 Шоҳлар 17:17–24; 4 Шоҳлар 4:32–37; 13:20, 21; Матто 28:5–7; Луқо 7:11–17; Ҳаворийлар 9:36–42; 20:7–12.