Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

Бу дунёнинг охири яқинми?

Бу дунёнинг охири яқинми?

1. Келажак ҳақида қаердан билиб олишимиз мумкин?

ЯНГИЛИКЛАРНИ кўраётиб, эҳтимол, ўзингизга: «Дунёда нималар бўляпти ўзи?» — деб савол бергандирсиз. Дарҳақиқат, дунё кулфату фалокатларга тўлиб бораётгани боис, кўп одамлар бу дунёнинг охири яқин деган хулосага келишяпти. Чиндан ҳам шундайми? Келажакда бизни нима кутаётгани ҳақида билишнинг иложи борми? Ҳа, бор. Одамлар нима юз беришини олдиндан айта олмаса-да, Худованд Яҳова буни қила олади. У бизни ва ер юзини келажакда нималар кутаётганини Муқаддас Китоб орқали ошкор этмоқда. (Ишаё 46:10; Ёқуб 4:14)

2, 3. Исонинг шогирдлари нима ҳақида билмоқчи бўлган ва Исо уларга қандай жавоб берган?

2 Муқаддас Китобда бу дунёнинг охири ҳақида айтилганида, Ер сайёрасига эмас, ёвузликка чек қўйилиши назарда тутилади. Исо пайғамбар Худонинг Шоҳлиги ер юзи устидан бошқариши ҳақида айтган. (Луқо 4:43) Унинг шогирдлари Худонинг Шоҳлиги қачон келиши ҳақида билмоқчи бўлиб, Исодан шундай деб сўрашган: «Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замон охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?» (Матто 24:3) Исо уларга аниқ бир санани эмас, балки бу дунёнинг сўнги келишидан аввал нималар юз бериши ҳақида айтган. У айтган нарсаларнинг бари ҳозирги пайтда содир бўляпти.

3 Ушбу бобда дунёнинг охири яқинлашиб қолган пайтда яшаётганимизни кўрсатувчи белгиларни муҳокама қиламиз. Аввалига осмонда юз берган жанг ҳақида билиб олишимиз лозим. Шундагина нега ер юзида аҳвол шунчалик аянчли эканини тушуна оламиз.

ОСМОНДАГИ ЖАНГ

4, 5. а) Исо Шоҳ бўлганидан кўп ўтмай осмонда нима юз берди? б) Ваҳий 12:12 га кўра Шайтон осмондан отилгач, ер юзида нималар содир бўлиши керак эди?

4 Исо 1914 йили самода Шоҳ сифатида бошқара бошлагани ҳақида 8- бобдан билиб олдик. (Дониёр 7:13, 14) Ўшанда нима юз бергани ҳақида Ваҳий китобида шундай дейилган: «Осмонда жанг бўлди: Микоил [яъни Исо] ўз фаришталари билан аждаҳога [Шайтонга] қарши жанг қилди. Аждаҳо ҳам ўз фаришталари билан уларга қарши чиқди» *. Шайтон ҳамда унинг жинлари жангда мағлубиятга учраб, ер юзига улоқтирилди. Осмонда қанчалик хурсандчилик бўлганини бир тасаввур қилинг! Аммо ер юзидаги инсонларнинг аҳволи не кечди? Муқаддас Китобда инсоният учун бу ниҳоятда қайғули пайт бўлиши ҳақида айтилган эди. Нега? Муқаддас Китобда шундай жавобни ўқиймиз: «Иблис вақти оз қолганини билиб, мудҳиш қаҳр-ғазаб ила олдингизга тушди». (Ваҳий 12:7, 9, 12)

5 Иблис бор кучини ишга солиб ер юзида ғам-қайғу кўпайишига ҳаракат қиляпти. Чунки Худо унинг ер юзидаги фаолиятини чеклаб қўйишига оз қолган. Буни билиб у роса ғазабга минган. Келинг, Исо охирзамонда содир бўладиган воқеалар ҳақида нима деганини кўриб чиқайлик. (24- иловага қаранг.)

ОХИРЗАМОН

6, 7. Исо пайғамбарнинг урушлар ва очарчилик ҳақидаги башорати бугунги кунда қай йўсин амалга ошяпти?

6 Уруш. Исо: «Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади»,— деган. (Матто 24:7) Бизнинг давримиздаги урушларда шунчалик кўп одам ҳалок бўляптики, инсоният тарихининг ҳеч бир даврида бунақаси бўлмаган. Дунёда бўлаётган воқеаларни ўрганувчи бир ташкилотнинг ҳисоботига кўра, 1914 йилдан бери урушларда 100 миллиондан ошиқ одам ўлган. 1900–2000 йиллар оралиғида содир бўлган урушларда ўлганлар сони 1900 йилгача бўлган урушларда ўлганлардан кўра уч баравар кўп. («Worldwatch Institute») Урушлар туфайли миллионлаб одамлар чекаётган қайғу-аламни бир тасаввур қилинг!

7 Очарчилик. Исо шундай деган: «Озиқ-овқат етишмовчилиги... бўлади». (Матто 24:7) Ҳозирги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ озиқ-овқат ишлаб чиқарилмоқда, аммо анча одамлар тўйиб овқат емаяпти. Нега? Сабаби, овқат сотиб олиш учун одамларда на етарлича пули бор, на ҳосил етиштириш учун ери бор. Миллиарддан зиёд одамлар кунига бир доллардан ҳам озроқ пулга яшаяпти. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра, йилига миллионлаб болалар етарлича овқатланмагани учун касал бўлиб ўляпти.

8, 9. Исонинг зилзилалар ва касалликлар ҳақидаги башорати амалга ошаётгани нимадан кўриняпти?

8 Зилзилалар. Исо: «Кучли зилзилалар юз беради»,— деб башорат қилган эди. (Луқо 21:11) Ҳозирги пайтда ҳар йили кучли зилзилалар юз бериши кутилади. 1900 йилдан буён зилзилалар туфайли икки миллиондан зиёд одам ҳалок бўлган. Замонавий технологиялар зилзилаларни олдиндан аниқлашга ёрдам берса-да, кўплаб одамлар уларнинг қурбонига айланмоқда.

9 Касалликлар. Исо «ўлатлар» бўлишини ҳам башорат қилган эди. Хавфли касалликлар тезда тарқалиб, кўпчиликни ҳаётдан олиб кетяпти. (Луқо 21:11) Шифокорлар кўпгина касалликларни даволашни ўрганишган бўлса-да, бедаволари ҳам бор. Бир ҳисоботда айтилишича, ҳар йили сил, безгак ҳамда вабо каби хасталиклар дастидан миллионлаб одамлар оламдан ўтмоқда. Бундан ташқари, шифокорлар 30 та янги касалликни аниқлашган ва улардан айримлари бедаво.

ОХИРЗАМОН ОДАМЛАРИ

10. Бугунги кунда 2 Тимўтийга 3:1–5 даги башорат қандай амалга ошяпти?

10 Муқаддас Китобда: «Охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келади»,— дейилган. (2 Тимўтийга 3:1–5) Ҳаворий Павлус кўп одамларнинг феъл-атвори қандай бўлишини қуйидагича тасвирлаган:

  • худбин

  • пулпараст

  • ота-онага итоатсиз

  • садоқатсиз

  • оиласига меҳр-оқибатсиз

  • ўзини тута билмайдиган

  • шафқатсиз ва тажовузкор

  • Аллоҳни эмас, айш-ишратни севадиган

  • ўзларини художўй кўрсатиб, аслида Худога қулоқ солмайдиган

11. Забур 92:7 га кўра ёвуз одамлар билан нима бўлади?

11 Сиз яшайдиган жойда ҳам кўпчилик ўзини шундай тутадими? Дунё бундай одамларга тўлиб-тошган. Бироқ Худо яқинда чора кўради. У шундай деб ваъда бермоқда: «Ёвузларнинг майса каби ўсиб кетиши, ёмонлик қилувчиларнинг гуллаб-яшнаши — абадий йўқ бўлиб кетиши учундир». (Забур 92:7)

ОХИРЗАМОНДАГИ ХУШХАБАР

12, 13. Охирзамон мобайнида Яҳова бизга нималарни очиб берди?

12 Муқаддас Китобда охирзамонда дунё азоб-уқубатларга тўлиб-тошиши ҳақида башорат қилинган. Аммо унда айтилишича, яхши воқеалар ҳам юз беради.

«Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади». (Матто 24:14)

13 Муқаддас Китобни тушуниш. Дониёр пайғамбар охирзамон ҳақида шундай деб ёзган: «Аниқ билим мўл-кўл бўлади». (Дониёр 12:4) Аллоҳ Ўз халқига Муқаддас Китобни ҳар қачонгидан ҳам аниқроқ тушуниш қобилиятини ато этади. Яҳова буни айниқса 1914 йилдан буён амалга оширяпти. Масалан, У бизга исми қанчалик муҳимлиги, ерга нисбатан нияти, тўлов, одам ўлганида нима юз бериши ва тирилиш ҳақида таълим бериб келмоқда. Қолаверса, фақатгина Худонинг Шоҳлиги барча муаммоларимизни ҳал қила олиши ҳақида билиб олдик. Қай йўсин бахтга эришиш мумкинлигини ва Худога маъқул ҳаёт кечиришни ўргандик. Аммо Худонинг хизматчилари бу билимларни қай йўсин қўллашяпти? Муқаддас Китобдаги бошқа бир башорат бу саволга жавоб бўла олади. (21- ва 25- иловаларга қаранг.)

14. Шоҳлик ҳақидаги хушхабар қаерда ва ким томонидан эълон қилиняпти?

14 Дунё бўйлаб ваъзгўйлик иши. Исо охирзамон тўғрисида гапираётиб қуйидагича айтган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади». (Матто 24:3, 14) Шоҳлик ҳақидаги хушхабар 240 та мамлакат ва ҳудудларда 900 дан зиёд тилларда эълон қилиняпти. Ҳа, бутун ер юзи бўйлаб «ҳар бир миллатдан, қабиладан» бўлган Яҳованинг Шоҳидлари барча одамларга Худонинг Шоҳлиги нима экани ва у инсоният учун нималар қилишини билиб олишга ёрдам беришяпти. (Ваҳий 7:9) Бунинг эвазига улар ҳеч қандай ҳақ олишмаяпти. Гарчи кўпчилик улардан нафратланиб, қувғун қилаётган бўлса-да, Исо башорат қилганидек ваъзгўйлик ишини ҳеч нима тўхтата олмайди. (Луқо 21:17)

СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТАСИЗ?

15. а) Охирзамонда яшаётганимизга ишонасизми? Нима сабабдан? б) Яҳовага итоат этаётган ва итоат этмаётганлар билан нима бўлади?

15 Охирзамонда яшаётганимизга ишонасизми? Муқаддас Китобдаги охирзамонга тегишли башоратлар бугунги кунда амалга ошмоқда. Тез орада Яҳова хушхабарни ваъз қилиш ишини тўхтатади ва «охират бўлади». (Матто 24:14) «Охират» сўзи остида Худо Армагеддон жангида ер юзидан бутун ёвузликни йўқ қилиши назарда тутилади. Исо ва қудратли фаришталаридан фойдаланиб, Яҳова Унга ва Ўғлига итоат этмаётган барча одамларни йўқ қилади. (2 Салоникаликларга 1:6–9) Ўшанда Шайтон ва жинлари одамларни ортиқ йўлдан оздира олмайди. Худога бўйсуниб, Самовий Шоҳлик бошқарувини қўллаб-қувватлаётганлар Унинг ҳамма ваъдалари амалга ошишини ўз кўзлари билан кўришади. (Ваҳий 20:1–3; 21:3–5)

16. Охират яқин экан сиздан нима қилиш кутилади?

16 Шайтоннинг бошқаруви остидаги ушбу дунё яқинда ўз ниҳоясига етади. Шунинг учун ўзимиздан: «Мендан нима кутилади?» — деб сўрашимиз жуда муҳим. Яҳова Муқаддас Китобни иложи борича чуқурроқ ўрганишингизни истайди. Шунинг учун Муқаддас Китобни тадқиқ қилишга жиддий ёндашинг. (Юҳанно 17:3) Яҳованинг Шоҳидлари ҳар ҳафта йиғилишлар ўтказишади ва бу учрашувлар Муқаддас Китобни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Уларга мунтазам қатнашга ҳаракат қилинг. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.) Агар ўзгаришингиз кераклигини тушунсангиз, бу қадамни қўйишдан қўрқманг. Бундай йўл тутсангиз, Яҳова билан дўстлигингиз янада мустаҳкам бўлади. (Ёқуб 4:8)

17. Нега ёвузликка чек қўйилиши кутилмаган воқеа бўлади?

17 Ҳаворий Павлус ёвузликка чек қўйилиши кўпчилик кутмаган пайтда, худди «ўғри тунда келгандек» содир бўлишини тушунтирган. (1 Салоникаликларга 5:2) Исо кўплар охирзамонда яшаётганимизнинг далилларига бепарво бўлишини башорат қилган. У шундай деган: «Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли ҳозир бўлганида [ёки охирзамонда] ҳам шундай бўлади. Тўфондан олдин, Нуҳ пайғамбар кемага киргунча, одамлар еб-ичишган, уйланиб, эрга тегишган. Аммо Тўфон келиб барини қириб ташламагунча, улар парво қилишмаган. Инсон Ўғли ҳозир бўлганида ҳам худди шундай бўлади». (Матто 24:37–39)

18. Исо бизни нимадан огоҳлантирган?

18 Исо бизни шундай огоҳлантирган: «Юракларингизни ортиқча егулик, ичкилик ва турмуш ташвишлари эгаллаб олмасин». Демак, бу ишлар бизни чалғитишига йўл қўймаслигимиз керак. Исо охират «тўр» тушгандай ногаҳон келиши ҳақида айтган. Шунингдек, у: «Ўша кун ер юзида яшовчи барчанинг бошига тушади»,— деган. Кейин эса мана бу сўзларни қўшиб қўйган: «Шундай экан, юз берадиган бу воқеалардан омон қолиб, Инсон Ўғлининг олдида тура олиш учун, Аллоҳга доимо илтижо қилиб, ҳушёр туринглар». (Луқо 21:34–36) Нима учун Исонинг огоҳлантиришига қулоқ солиш муҳим? Чунки яқинда Шайтоннинг ёвуз дунёси яксон қилинади. Фақатгина Яҳова билан Исонинг розилигини олганлар охиратда омон қолади ва янги дунёда абадий яшайди. (Юҳанно 3:16; 2 Бутрус 3:13)

^ абз. 4 Микоил — Исо Масиҳнинг бошқа исми. Бу ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун 23- иловага қаранг.