Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎНИНЧИ БОБ

Фаришталар ва жинлар тўғрисида ҳақиқат

Фаришталар ва жинлар тўғрисида ҳақиқат

1. Нима учун фаришталар тўғрисида ҳақиқатни билишимиз керак?

ЯҲОВА фаришталар тўғрисида ҳақиқатни билишимизни истайди. Чунки улар Худонинг самовий оиласининг бир бўлаги. Муқаддас Китобда улар «Тангрининг ўғиллари» деб аталган. (Аюб 38:7) Фаришталар самода нима билан шуғулланади? Ўтмишда улар одамларга қандай ёрдам берган? Бугунги кунда улар бизга кўмаклашадими? (8- иловага қаранг.)

2. Фаришталарни ким яратган? Уларнинг сони қанча?

2 Аввал фаришталарни ким яратганини билиб олишимиз зарур. Колосаликларга 1:16 га биноан, Тангри Яҳова Исони яратганидан сўнг, «еру осмондаги бор мавжудот» яратилган. «Бор мавжудот» дейилганида фаришталар ҳам назарда тутилади. Уларнинг сони қанча? Муқаддас Китобга кўра, уларнинг сони юз миллионларни ташкил этади. (Забур 103:20; Ваҳий 5:11)

3. Аюб китобида фаришталар ҳақида нима деб айтилган?

3 Шунингдек, Муқаддас Китобдан фаришталар ер яратилмасидан олдин мавжуд бўлганини биламиз. Улар ернинг яратилишини кузатиб нималарни ҳис қилган? Аюб китобида улар хурсанд бўлгани ҳақида айтилган. Улар битта оиланинг аъзоларидек елкама-елка Яҳовага хизмат қилишган. (Аюб 38:4–7)

ФАРИШТАЛАР ХУДОНИНГ ХАЛҚИГА ЁРДАМ БЕРАДИ

4. Фаришталар одамларнинг ҳаёти билан қизиқишини қаердан биламиз?

4 Фаришталар доим одамларнинг ҳаёти ҳамда Яҳованинг ер ва инсониятга нисбатан нияти билан қизиқишади. (Ҳикматлар 8:30, 31; 1 Бутрус 1:11, 12) Одамато билан Момоҳаво исён кўтарганини кўриб, улар жуда хафа бўлишгандир. Бугунги кунда аксарият одамлар Худога итоат этмаётганини кўриб, улар янада кўпроқ хафа бўлишаётгандир. Аммо кимдир тавба қилиб Худога қайтса, улар хурсанд бўлишади. (Луқо 15:10) Фаришталар, айниқса, Худо хизматчиларининг ҳаёти билан қизиқишади. Яҳова ер юзидаги хизматчиларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш учун фаришталардан фойдаланади. (Ибронийларга 1:7, 14) Келинг, бир нечта мисолни кўриб чиқайлик.

«Худойим Ўз фариштасини юбориб шерларнинг оғзини ёпиб қўйди». (Дониёр 6:22)

5. Ўтмишда фаришталар Худонинг хизматчиларига қандай ёрдам беришган?

5 Яҳова Садўм ва Ғамўра шаҳарларини йўқ қилмоқчи бўлганида, Лут ва унинг оиласини қутқариш учун иккита фариштасини юборди. (Ибтидо 19:15, 16) Юзлаб йиллар ўтгач, Дониёр пайғамбарни шерлар ётган чуқурликка ташлашди. Бироқ Худо «Ўз фариштасини юбориб шерларнинг оғзини ёпиб қўйди» ва унга ҳеч қандай зиён етмади. (Дониёр 6:22) Кейинчалик ҳаворий Бутрус қамоққа ташланганида, Худо фариштасини юбориб уни озод қилди. (Ҳаворийлар 12:6–11) Исо ер юзида бўлганида фаришталар унга ҳам ёрдам беришди. Масалан, Исо сувга чўмганидан сўнг «фаришталар унга хизмат қилишди». (Марк 1:13) Ўлими арафасида эса бир фаришта «уни қўллаб-қувватлади». (Луқо 22:43)

6. а) Бугунги кунда ҳам фаришталар одамларга ёрдам беришини қаердан биламиз? б) Қандай саволларга жавоб оламиз?

6 Ҳозирги пайтда фаришталар одамларга кўринмайди. Аммо Худо Ўз хизматчиларига ёрдам бериш учун ҳали ҳам фаришталардан фойдаланяпти. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Яҳованинг фариштаси Ундан қўрқадиганлар атрофида қароргоҳ қуриб, уларни қутқаради». (Забур 34:7) Нима учун ҳимояга муҳтожмиз? Чунки бизга зиён етказмоқчи бўлган қудратли душманларимиз бор. Улар ким? Улар қандай пайдо бўлган? Улар бизга қандай зарар етказиши мумкин? Бу саволларга жавоб олиш учун, келинг, Одамато билан Момоҳаво яратилганидан кўп ўтмай нима содир бўлганини кўриб чиқайлик.

КЎЗГА КЎРИНМАС ДУШМАНЛАРИМИЗ

7. Шайтон одамларни нима қилишга оғдирмоқда?

7 Биз 3- бобдан бир фаришта Худога қарши исён кўтариб, ҳокимлик қилишни истагани ҳақида билиб олдик. Муқаддас Китобда у Шайтон Иблис деб аталган. (Ваҳий 12:9) Шайтон бошқалар ҳам Худога қарши чиқишини хоҳлаган. У Момоҳавони алдаган ва ўшандан бери аксар инсонларни алдашга муваффақ бўляпти. Аммо Ҳобил, Ханўх ва Нуҳ каби айрим инсонлар Яҳовага садоқатли қолишди. (Ибронийларга 11:4, 5, 7)

8. а) Қандай қилиб айрим фаришталар жинларга айланиб қолишган? б) Жинлар Тўфондан омон қолиш учун нима қилишган?

8 Нуҳ даврида баъзи фаришталар исён кўтариб, самодаги маконини тарк этишди ва инсон қиёфасига кириб, ер юзида яшай бошлашди. Нега дейсизми? Муқаддас Китобда улар инсон қизларини хотинликка олгиси келгани ҳақида айтилган. (Ибтидо 6:2 ни ўқинг.) Бироқ фаришталарнинг бундай қилиши нотўғри эди. (Яҳудо 6) Ўша пайтдаги аксарият одамлар бу ёвуз фаришталар сингари бузилиб, шафқатсиз бўлиб кетишган. Шунда Яҳова ер юзига тўфон юбориб, ёвуз одамларни йўқ қилишга қарор қилган. Лекин садоқатли хизматчиларини қутқариб қолган. (Ибтидо 7:17, 23) Ёвуз фаришталар тирик қолиш учун самога қайтишган. Муқаддас Китобда бу ёвуз фаришталар жинлар деб аталган. Улар Шайтоннинг исёнига қўшилишди ва Иблис уларнинг ҳукмдори бўлди. (Матто 9:34)

9. а) Жинлар осмонга қайтганида нима содир бўлди? б) Ҳозир нимани билиб оламиз?

9 Жинлар исён кўтаргани учун Яҳова уларни самовий оиласига қабул қилмади. (2 Бутрус 2:4) Гарчи жинлар энди инсон қиёфасига кира олмаса-да, аммо улар ҳали-ҳануз «бутун ер юзини йўлдан оздириб» юришибди. (Ваҳий 12:9; 1 Юҳанно 5:19) Келинг, улар қайси ҳийлаларни ишлатиб кўп инсонларни алдаётганини билиб олайлик. (2 Коринфликларга 2:11 ни ўқинг.)

ЖИНЛАРНИНГ ҲИЙЛАЛАРИ

10. Жинлар одамларни қандай қилиб тузоққа туширади?

10 Жинлар турли ҳийлаларни ишлатиб одамларни алдашади. Инсонлар жинлар билан шахсан ёки азайимхон каби воситачи орқали алоқада бўлишади. Жинлар билан алоқа қилиш эса сеҳр-жодуга киради. Муқаддас Китоб бизни жинлар билан боғлиқ ҳамма нарсадан узоқлашишга ундаяпти. (Галатияликларга 5:19–21) Нега? Овчи ҳайвонни тутиш учун тузоқ қўйгани сингари жинлар ҳам одамларни бошқариш учун ҳийла ишлатиб тузоққа туширишади. (26- иловага қаранг.)

11. Фол очиш бу нима ва нега ундан қочишимиз зарур?

11 Фол очиш жинларнинг ҳийлаларидан биридир. Фол очиш — ғайритабиий кучлардан фойдаланиб, келажакни ёки номаълум бирор нарсани билишга интилишни англатади. Бунга мунажжимлик, белгиларга, картага, сеҳрли биллур шарга ва қўл кафтига қараб келажакни айтиш киради. Аксар одамлар бу каби ишлар зарарсиз деб ўйласа-да, аслида бундай эмас. Улар жуда хавфли. Муқаддас Китобга кўра, фол очувчиларнинг ортида жинлар туради. Масалан, Ҳаворийлар 16:16–18 да «ичида фол очувчи жин» бўлган бир чўри қиз келажакни айтиб бергани ҳақида ўқиймиз. Ҳаворий Павлус бу жинни қувиб чиқарганидан сўнг, чўри қиз келажакни айтиш қобилиятидан маҳрум бўлди.

12. а) Нима учун марҳумлар билан мулоқот қилиш хавфли? б) Нега Худонинг хизматчилари жинлар билан боғлиқ урф-одатларга аралашмаслиги лозим?

12 Жинлар одамларни тузоққа тушириш учун яна бир ҳийладан фойдаланади. Улар марҳум билан гаплашиш ҳамда ўлганлар нариги дунёда яшаб, биз билан мулоқот қилиши ёки бизга ёрдам бериши мумкин деган хурофотларга ишонтиришга уринишади. Масалан, дўсти ёки қариндошини йўқотган киши ўлганлар билан гаплаша олишини даъво қиладиган арвоҳ чақирувчининг олдига бориши мумкин. Арвоҳ чақирувчи ёнига келган одамга унинг ўлган дўсти ёки қариндоши ҳақида бирон маълумот айтиши ёки ҳатто марҳумнинг овози билан гапириши мумкин. (1 Шоҳлар 28:3–19) Аксарият дафн урф-одатлари ўлган инсонлар нариги дунёда яшашни давом эттиради деган эътиқодга асосланади. Буларга дафн маросими билан боғлиқ урф-одатлар, ҳар йили ўтказиладиган маъракалар, худойи ҳамда марҳум ёнида ухламай чиқиш кабилар киради. Буларнинг бари ортида жинлар туради. Масиҳийлар бу каби ишларда иштирок этишдан бош тортганида, уларнинг оила аъзолари ёки ҳамқишлоқлари уларни танқид қилиши, ҳақоратли сўзлар айтиши ёки улар билан умуман алоқани узиши мумкин. Аммо масиҳийлар марҳумлар нариги дунёда яшамаслигини билади. Марҳумлар билан мулоқот қилишнинг иложи йўқ. Улар на ёрдам бера олади, на зиён етказа олади. (Забур 115:17) Эҳтиёт бўлинг. Ҳеч қачон марҳумлар ёки жинлар билан мулоқот қилишга уринманг ҳамда жинлар билан боғлиқ урф-одатларга аралашманг. (Қонунлар 18:10, 11 ни ўқинг; Ишаё 8:19)

13. Бир пайтлар жинлардан қўрқиб яшаган инсонлар нимага муваффақ бўлишди?

13 Жинлар нафақат одамларни алдайди, балки уларни қўрқувга ҳам солади. Ҳозир Шайтон билан жинлар «вақти оз қолганини» ва яқин орада кишанлаб қўйилишини билиб, ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғазабга минишган. (Ваҳий 12:12, 17) Лекин бир пайтлар жинлардан қўрқиб яшаган минглаб инсонлар энди улардан қўрқишмаяпти. Улар қандай қилиб бу қўрқувни енга олишди?

ЖИНЛАРГА ҚАРШИ ТУРИНГ ВА УЛАРНИНГ ТАЪСИРИДАН ОЗОД БЎЛИНГ

14. Илк масиҳийлар каби жинларнинг таъсиридан қандай қилиб озод бўла оламиз?

14 Муқаддас Китобда қандай қилиб жинларга қарши туриш ва уларнинг таъсиридан озод бўлиш мумкинлиги ҳақида айтилган. Масалан, Эфес шаҳрида яшовчи баъзи инсонлар ҳақиқатни билишдан олдин жинлар билан алоқада бўлишган. Улар қандай қилиб бу таъсирдан қутулишди? Худонинг Каломида шундай ўқиймиз: «Сеҳр-жоду билан шуғулланганлардан кўплари китобларини йиғиб, ҳамманинг олдида ёқиб юборишди». (Ҳаворийлар 19:19) Улар Исонинг издоши бўлишни истагани учун сеҳр-жодуга оид барча китобларини йўқ қилишди. Бугунги кунда ҳам шундай ҳаракатлар кутилади. Яҳовага хизмат қилишни истовчилар жинлар билан боғлиқ ҳамма нарсадан халос бўлиши лозим. Буларга китоб, журнал, гороскоп, фильм, қўшиқ, ўйин ва ҳатто плакатлар киради. Уларда сеҳр-жоду, жинлар ва ғайритабиий кучлар гўё безиён ва қизиқарли қилиб кўрсатилади. Шунингдек, бунга ёмон кўздан асраш мақсадида тақиладиган кўзмунчоқ, тумор ва шу каби нарсалар киради. (1 Коринфликларга 10:21)

15. Шайтон ва унинг жинларига қарши туриш учун нима қилишимиз лозим?

15 Эфес шаҳрида яшовчи масиҳийлар сеҳр-жодуга оид китобларини йўқ қилганидан бир неча йил ўтиб, ҳаворий Павлус улар «ёвуз руҳлар» билан курашишни тўхтатмаслиги кераклигини ёзган эди. (Эфесликларга 6:12) Гарчи улар китобларини ёқиб юборган бўлишса-да, жинлар барибир уларга зиён келтиришга уринган. Хўш, улар яна нима қилиши керак эди? Павлус уларга: «Катта имон қалқонини олинглар. У билан Шайтоннинг барча оловли ўқларини ўчира [ёки тўхтата] оласизлар»,— деб маслаҳат берган. (Эфесликларга 6:16) Қалқон аскарни жангда ҳимоя қилгани сингари, имонимиз бизни ҳимоялайди. Яҳова бизни ҳимоя қила олишига буткул амин бўлсак, Шайтон ва унинг жинларига қарши тура оламиз. (Матто 17:20)

16. Яҳовага бўлган имонимизни қандай қилиб мустаҳкамлай оламиз?

16 Яҳовага бўлган имонимизни қандай қилиб мустаҳкамлай оламиз? Ҳар куни Муқаддас Китобни ўқиб, Унга таянишни ўрганишимиз керак. Агар Яҳовага бўлган ишончимиз мустаҳкам бўлса, Шайтон ва унинг жинлари бизга зиён келтира олмайди. (1 Юҳанно 5:5)

17. Бизни жинлардан яна нима ҳимоя қилади?

17 Эфеслик масиҳийлардан яна нима кутиларди? Улар жинлар таъсирига тўлиб-тошган шаҳарда яшашарди. Шунинг учун Павлус уларга: «Ҳар фурсатда... ибодат қилиб туринглар»,— деб айтган. (Эфесликларга 6:18) Улар Яҳовадан доим ҳимоя сўрашлари керак эди. Биз-чи? Биз ҳам жинлар таъсири кучли бўлган дунёда яшаяпмиз. Шу сабабли Яҳовадан ҳимоя сўрашимиз ва ибодат қилганда Унинг исмини тилга олишимиз лозим. (Ҳикматлар 18:10 ни ўқинг.) Яҳовага бизни Шайтондан халос этишини сўраб тинмай ибодат қилсак, У ибодатларимизга жавоб беради. (Забур 145:19; Матто 6:13)

18, 19. а) Шайтон ва унинг жинларига қарши жангда қандай қилиб ғалаба қозона оламиз? б) Кейинги бобда қайси саволни кўриб чиқамиз?

18 Агар сеҳр-жодуга оид барча нарсалардан халос бўлиб Яҳовага таянсак, Шайтон ва унинг жинларига қарши тура оламиз. Улардан ҳеч ҳам қўрқмаслигимиз керак. (Ёқуб 4:7, 8 ни ўқинг.) Яҳова жинлардан анча қудратлироқ. Нуҳ даврида Яҳова уларни жазолаган, келажакда эса уларни йўқ қилиб ташлайди. (Яҳудо 6) Бу жангда ёлғиз эмаслигимизни унутмайлик. Яҳова фаришталари орқали бизни ҳимоя қилади. (4 Шоҳлар 6:15–17) Яҳованинг мадади билан Шайтон ва унинг жинларига қарши жангда албатта ғалаба қозона оламиз. (1 Бутрус 5:6, 7; 2 Бутрус 2:9)

19 Шайтон ва унинг жинлари кўп азоб-уқубат келтираётган экан, нега Худо уларни ҳозирнинг ўзида йўқ қилмайди? Бу саволга кейинги бобда жавоб оламиз.