Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

Бахтли оилавий ҳаёт

Бахтли оилавий ҳаёт

1, 2. Яҳова барча оилаларга нимани тилайди?

ТАНГРИ ЯҲОВА никоҳнинг асосчисидир. Муқаддас Китобда Худо илк аёлни яратиб, «уни одамнинг олдига келтиргани» ҳақида ўқиймиз. Одамато хурсанд бўлиб: «Мана, ниҳоят менинг суягимдан олинган суяк, менинг этимдан олинган эт»,— деб айтган. (Ибтидо 2:22, 23) Бундан кўриняптики, Яҳова никоҳ қурган одамлар бахтли бўлишини хоҳлайди.

2 Афсуски, бугунги кунда бахтсиз оилалар жуда кўп. Аммо Муқаддас Китобда кўплаб принциплар бор. Улар барча оила аъзоларига ҳамжиҳатликда яшаб, бахтли бўлишга кўмаклашади. (Луқо 11:28)

ЯХШИ ЭР ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

3, 4. а) Эр рафиқасига қандай муомала қилиши керак? б) Нега эр-хотинлар кечиримли бўлиши муҳим?

3 Муқаддас Китобда яхши эр хотинини севиб ардоқлаши кераклиги ҳақида айтилган. Илтимос, Эфесликларга 5:25–29 ни ўқинг. Эр ҳамиша хотинига меҳр билан муомала қилади. У хотинини ҳимоя қилиб, унга ғамхўрлик кўрсатади, уни сўкмайди ва урмайди.

4 Лекин хотини нотўғри йўл тутса-чи? Эрларга шундай маслаҳат берилмоқда: «Хотинларингизни севинглар ва уларга ғазабланманглар». (Колосаликларга 3:19) Эрлар, ўзингиз ҳам адашиб туришингизни унутманглар. Агар Худо сизни кечиришини хоҳласангиз, хотинингизни кечиришингиз лозим. (Матто 6:12, 14, 15) Эр-хотин бир-бирини кечиришга тайёр бўлса, никоҳда бахтли бўлади.

5. Нима учун эр ўз хотинини эъзозлаши даркор?

5 Яҳова эр ўз хотинини эъзозлашини кутади. Эр хотинининг жисмоний ва ҳиссий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши керак. Бу ниҳоятда жиддий масала. Мабодо эр хотинига ёмон муомала қилса, Яҳова унинг ибодатларини тингламайди. (1 Бутрус 3:7) Худо эркакни аёлдан устун деб ҳисобламайди. Яҳова Унга севгини намоён этаётган барчани бирдай кўради.

6. Эр ва хотин учун «бир тан» бўлиш нимани англатади?

6 Исо эр-хотин ҳақида: «Энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади»,— деб айтган эди. (Матто 19:6) Улар бир-бирига садоқатли қолиб, ҳеч қачон хиёнат қилмаслиги керак. Эрнинг фақат битта хотини, хотиннинг эса фақат битта эри бўлиши лозим. (Ҳикматлар 5:15–21; Ибронийларга 13:4) Эр-хотин бир-бирининг жинсий эҳтиёжини қондириши ва фақат ўзини ўйламаслиги даркор. (1 Коринфликларга 7:3–5) Эр шуни ёдда тутадики, «ҳеч бир киши ўз танасидан нафратланмайди, аксинча, уни озиқлантириб, ардоқлайди». Демак, у хотинини севиб ардоқлаши керак. Чунки хотин эри унга меҳр кўрсатиб севишини хоҳлайди. (Эфесликларга 5:29) Расмийлаштирилган никоҳ ота-она ва болалар ўзларини бахтли ҳамда севимли ҳис қилишига замин яратади. Худога бўйсунишни истаган кишилар никоҳни рўйхатдан ўтказиш борасидаги маҳаллий қонунларга амал қилиши лозим. (Луқо 2:1, 4, 5)

ЯХШИ ХОТИН ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

7. Нега оиланинг боши бўлиши керак?

7 Ҳар бир оила аъзоси ўз вазифасини яхши бажара олиши учун унга йўл кўрсатадиган бош бўлиши керак. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ, аёлнинг боши эркак, Масиҳнинг боши эса Худодир». (1 Коринфликларга 11:3)

8. Қандай қилиб хотин эрини чуқур ҳурмат қилаётганини кўрсата олади?

8 Албатта эр хато қилиб туради. Бироқ хотин эрининг қарорларини қўллаб-қувватласа ва тайёрлик ила ҳамкорлик қилса, оила гуллаб-яшнайди. (1 Бутрус 3:1–6) Худонинг Каломида: «Хотин эрини чуқур ҳурмат қилсин»,— деб ёзилган. (Эфесликларга 5:33) Мабодо эр хотинининг эътиқодини қабул қилмаса-чи? Шунда ҳам хотин эрини чуқур ҳурмат қилиши лозим. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Сиз хотинлар эрларингизга бўйсунинглар. Токи Худо Каломига қулоқ солмайдиган эрларингиз сўзларингиз орқали эмас, хулқ-атворингиз орқали забт этилсинлар. Шунингдек, улар бенуқсон хатти-ҳаракатингизни ва чуқур ҳурмат қилишингизни кўришсин». (1 Бутрус 3:1, 2) Агар хотин Муқаддас Китоб принциплари асосида яшаса, эр хотини учун унинг эътиқоди муҳим эканини тушунади ва ҳурмат қилади.

9. а) Агар хотин эрининг фикрига қўшилмаса нима қилиши керак? б) Титусга 2:4, 5 да хотинларга қандай маслаҳат берилмоқда?

9 Агар хотин эрининг фикрига қўшилмаса-чи? Шундай бўлса-да, хотин ўз фикрини ҳурмат билан айтиши керак. Мисол учун, Соранинг гапи Иброҳимга ёқмаса-да, Тангри Яҳова: «Унинг гапларига қулоқ сол»,— деган. (Ибтидо 21:9–12) Одатда художўй эрлар Муқаддас Китобга мувофиқ қарорлар чиқаради. Шунинг учун, хотинлар уларни қўллаб-қувватласа яхши бўлади. (Ҳаворийлар 5:29; Эфесликларга 5:24) Яхши хотин оиласига ғамхўрлик қилади. (Титусга 2:4, 5 ни ўқинг.) У оиласига жон куйдириб ғамхўрлик қилса, эри ва болалари уни янада кўпроқ севиб ҳурмат қилишади. (Ҳикматлар 31:10, 28)

Сора хотинларга қандай ажойиб ўрнак кўрсатди?

10. Муқаддас Китобда алоҳида яшаш ёки ажрашиш ҳақида нима дейилган?

10 Баъзида эр ва хотин алоҳида яшаш ёки ажрашиш ҳақида шошилиб қарор чиқаришади. Лекин Муқаддас Китобда: «Хотин эрини ташлаб кетмасин... Эр ҳам хотинини ташлаб кетмасин»,— деб айтилган. (1 Коринфликларга 7:10, 11) Шундай вазиятлар борки, эр-хотинлар алоҳида яшашга қарор қилиши мумкин. Аммо бу жуда жиддий қарор. Муқаддас Китобда ажрашиш ҳақида нима дейилган? Мазкур китобда ажрашишга ягона жиддий сабаб бор. Бу ҳам бўлса эр ёки хотин зино қилса *. (Матто 19:9)

ЯХШИ ОТА-ОНА ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Оиланинг ҳар бир аъзоси Исодан ўрнак олиши мумкин

11. Фарзандлар биринчи навбатда нимага муҳтож?

11 Ота-оналар, фарзандларингиз билан имкон қадар кўпроқ вақт ўтказинг. Улар сизнинг эътиборингизга муҳтож. Бироқ энг муҳими, улар Яҳова ҳақида таълим беришингизга муҳтож. (Қонунлар 6:4–9)

12. Ота-оналар фарзандларини қандай ҳимоя қилиши керак?

12 Бу дунё ёвузлашиб боряпти. Баъзи одамлар фарзандларимизга зиён етказмоқчи бўлади ёки ҳатто номусига тажовуз қилишга уринади. Айрим ота-оналар бу мавзуда болалари билан гаплашишга уялади. Бироқ ота-оналар фарзандларини бу хавфдан огоҳ этиши ва шундай одамлардан қай йўсин ҳимояланишни ўргатиши керак. Фарзандларни ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчи *. (1 Бутрус 5:8)

13. Ота-она фарзандларига қандай таълим бериши керак?

13 Ота-онага одоб-ахлоқ масаласида фарзандларига таълим бериш масъулияти юкланган. Сиз болаларингизга қандай таълим берасиз? Тўғри, фарзандларингизга таълим беришингиз керак. Аммо уларни тузатаётганда шафқатсиз ёки қаттиққўл бўлмаслигингиз лозим. (Еремиё 30:11) Шундай экан, ҳеч қачон фарзандларингизга жаҳл устида тарбия берманг. Акс ҳолда, сўзларингиз билан уларни «қиличдай жароҳатлашингиз» мумкин. (Ҳикматлар 12:18) Уларга нима учун итоатли бўлиш муҳим эканини тушунтиринг. (Эфесликларга 6:4; Ибронийларга 12:9–11; 30- иловага қаранг.)

ЯХШИ ФАРЗАНДЛАР ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

14, 15. Нима учун болалар ота-онасига итоатли бўлиши керак?

14 Исо доим, ҳатто қийин бўлганда ҳам Отасига қулоқ солган. (Луқо 22:42; Юҳанно 8:28, 29) Яҳова фарзандлардан ота-онага итоатли бўлишни кутади. (Эфесликларга 6:1–3)

15 Болалар, ота-онангизга итоат этиш қийин бўлса ҳам, уларга қулоқ солинг. Унутмангки, шундай йўл тутиб Яҳованинг ҳамда ота-онангизнинг қалбини хурсанд қиласиз *. (Ҳикматлар 1:8; 6:20; 23:22–25)

Ёмонлик қилишга оғдирмоқчи бўлишса, ёшларга Худога садоқатли қолишга нима ёрдам беради?

16. а) Қандай қилиб Шайтон ёшларни ёмон ишлар қилишга оғдириши мумкин? б) Нима учун Яҳовани севадиган инсонлар орасида дўст топиш муҳим?

16 Шайтон дўстларингиз ёки бошқа тенгдошларингиз орқали сизни ёмон иш қилишга ундаши мумкин. У бундай босимга дош бериш қийин бўлишини билади. Масалан, Ёқубнинг қизи Дина Яҳовани севмайдиган кишилар билан дўстлашган. Оқибатда бу нафақат унга, балки бутун оиласига кўп ташвиш келтирган. (Ибтидо 34:1, 2) Агар сизнинг ҳам дўстларингиз Яҳовани севмаса, улар сизни Яҳова ёмон кўрадиган ишларни қилишга оғдириши мумкин. Оқибатда ўзингизга, оила аъзоларингизга ва Худога кўп қайғу келтирган бўласиз. (Ҳикматлар 17:21, 25) Шу сабабли Яҳовани севадиган инсонлар орасида дўст топишингиз жуда муҳим. (1 Коринфликларга 15:33)

ОИЛАНГИЗ БАХТЛИ БЎЛСИН!

17. Ҳар бир оила аъзосининг қандай масъулияти бор?

17 Оила аъзолари Худонинг йўл-йўриқларига амал қилишса, кўп ташвиш ва муаммоларнинг олдини олишади. Эрлар, хотинингизни севиб уни ардоқланг. Хотинлар, эрингизни ҳурмат қилиб, унга бўйсунинг ҳамда Ҳикматлар 31:10–31 даги аёлга тақлид қилинг. Ота-оналар, фарзандларингизни Худони севишга ўргатинг. (Ҳикматлар 22:6) Оталар, оилангизни яхши бошқаринг. (1 Тимўтийга 3:4, 5; 5:8) Ва ниҳоят фарзандлар, ота-онангизга итоатли бўлинг. (Колосаликларга 3:20) Шуни унутмангки, оилада ҳамма хатога йўл қўяди. Шундай экан, камтарин бўлиб бир-бирингиздан кечирим сўранг. Ҳа, Муқаддас Китобда оиланинг ҳар бир аъзосига тегишли Яҳованинг маслаҳатлари бор.

^ абз. 10 Алоҳида яшаш ва ажрашиш ҳақида кўпроқ маълумот олмоқчи бўлсангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар» номли китобнинг 219–221- саҳифаларига қаранг.

^ абз. 12 Бу мавзуда кўпроқ маълумот олиш учун Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Улуғ Устозга қулоқ солинг» номли китобнинг 32- бобига қаранг.

^ абз. 15 Ота-она Худонинг амрига зид нарсани талаб қилгандагина, бола уларга итоат қилмаслиги мумкин. (Ҳаворийлар 5:29)