Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ЎН ОЛТИНЧИ БОБ

Ҳақ топиниш томонини эгалланг

Ҳақ топиниш томонини эгалланг

1, 2. Ўзингизга қайси саволни бериб кўришингиз лозим ва нега бу муҳим?

МУҚАДДАС КИТОБНИ ўрганиш давомида шуни билиб олдингизки, «Худога топиняпмиз», деб даъво қилаётган кўп одамларнинг таълимотларию ишлари аслида Аллоҳга номаъқул. (2 Коринфликларга 6:17) Шунинг учун Яҳова бизга «Буюк Бобилдан», яъни сохта диндан чиқиб кетишни буюрмоқда. (Ваҳий 18:2, 4) Сиз қандай йўл тутасиз? Бу борада ҳар бир киши ўзи қарор чиқариши лозим. Ўзингизга шундай саволни бериб кўринг: «Худога У маъқул деб билган тарзда топинишни истайманми ёки шу пайтгача қилиб келганимдай давом этишними?»

2 Агар сохта динни тарк этган бўлсангиз, бу мақтовга сазовор. Аммо қалбингиз тубида сохта дин билан боғлиқ айрим урф-одатлар ва байрамларда қатнашиш истаги ҳали ҳам бор бўлиши мумкин. Келинг, ушбу урф-одатлару байрамларнинг айримларини муҳокама қилиб, нега уларга Яҳованинг нуқтаи назари билан қараш муҳимлигини билиб олайлик.

СУРАТ ВА ҲАЙКАЛЛАРГА СИҒИНИШ, ЎЛГАНЛАР УЧУН ДУО ҚИЛИШ

3. а) Нега айримлар учун Худога сурат ва ҳайкалларсиз топиниш қийин бўлиши мумкин? б) Улардан фойдаланиш ҳақида Муқаддас Китобда нима деб айтилган?

3 Баъзилар уйларида махсус жой ажратиб сурат ва ҳайкалларни қўйишади ҳамда Худога топиниш учун йиллар давомида улардан фойдаланишади. Эҳтимол, сиз ҳам шундай йўл тутгандирсиз. Шунинг учун бу нарсаларсиз Худога топиниш сизга ғалати ёки нотўғри бўлиб туюлиши мумкин. Аммо шуни ёдда тутингки, Яҳова Унга маъқул тарзда топинишни бизга ўргатмоқда. Муқаддас Китобда Яҳова Унга топинаётганда сурат ва ҳайкаллардан фойдаланишимизни хоҳламаётгани ҳақида аниқ айтилган. (Чиқиш 20:4, 5 ни ўқинг; Забур 115:4–8; Ишаё 42:8; 1 Юҳанно 5:21)

4. а) Нима учун ўлганларнинг ҳақига дуо қилмаймиз? б) Нега Яҳова Ўз халқига ўлганлар билан мулоқот қилмасликни айтган?

4 Баъзилар ўлганларнинг ҳақига дуо қилиш каби маросим ва урф-одатларни ўтказиш учун кўп вақт ва кучларини сарфлашади. Шунингдек, улар марҳумларнинг руҳини шод қилишга ҳамда улардан ёрдам сўрашга уринишади. Аммо билиб олганимиздек, ўлганлар бизга на ёрдам бера олади, на зиён келтира олади. Улар нариги дунёда яшашни давом эттирмайди. Боз устига, ўлганлардан келган ҳар қандай хабар аслида жинлардан бўлгани учун улар билан мулоқот қилишга уриниш хавфли. (Қонунлар 18:10–12; 26- ва 31- иловага қаранг.)

5. Худога топинишда сурат ва ҳайкаллардан фойдаланиш ҳамда ўлганларга атаб ўтказиладиган диний урф-одатлардан воз кечишингизга нима ёрдам беради?

5 Худога топинишда сурат ва ҳайкаллардан фойдаланиш ҳамда ўлганларга атаб ўтказиладиган диний урф-одатлардан воз кечишингизга нима ёрдам беради? Бунинг учун Муқаддас Китобни ўқиб, бу масалада Яҳованинг нуқтаи назари қандай экани ҳақида чуқур мулоҳаза юритинг. Худо учун булар «жирканч». (Қонунлар 27:15) Ҳар куни Яҳовага ибодат қилиб, ҳамма нарсага Унинг нуқтаи назари билан қарашга ҳамда Унга маъқул тарзда топинишга ёрдам беришини сўранг. (Ишаё 55:9) Яҳова албатта сохта топинишга алоқадор бўлган барча нарсадан халос бўлишингизга етарлича куч беради.

ЯНГИ ЙИЛ ВА НАВРЎЗ БАЙРАМИ

6. Янги йил байрами қаердан келиб чиққан?

6 Янги йил байрами Муқаддас Китобга зид бўлиб, бутпарастларнинг анъаналаридан келиб чиққан. Бир энциклопедияга кўра, Рим ҳокими Юлий Цезарь милоддан аввалги 46 йилда 1 январни янги йилнинг бошланиши деб белгилаган. Римликлар бу кунни Янус худосига бағишлашган. Январь ойи Янус худосининг исмидан келиб чиққан. Римликлар Янги йилни нишонласа, келаси йил бахтли ўтишига ишонишган. («The World Book Encyclopedia»)

7. а) Наврўз байрами қаердан келиб чиққан? б) Нима учун масиҳийлар Янги йил ва Наврўзни нишонламайди?

7 Баҳорда нишонланадиган Наврўз байрами ҳақида нима деса бўлади? Баъзи олимларнинг айтишича, бу байрамнинг илдизи қадимги Месопотамияга бориб тақалади. Бу байрам табиат кучларига сиғинишга асосланган. Вақт ўтиб Наврўз зардуштийлик (оловга сиғиниш) динига кириб келган. Наврўз зардуштийлик динининг асосий байрамларидан бири бўлиб, қиш тугаб баҳор кириб келиши ҳамда аждодларнинг руҳини ёдга олиш билан боғлиқ бўлган. (Дорешенко Е. А. «Зороастрийцы в Иране») Нима учун масиҳийлар Янги йил ва Наврўзни нишонламайди? Чунки улар барча нарсада Худони хурсанд қилишни истайди.

ТУҒИЛГАН КУН

8, 9. Нима учун илк масиҳийлар туғилган кунни нишонламаган?

8 Туғилган кун ҳам кенг тарқалган байрамлардан биридир. Масиҳийлар туғилган кунни нишонлаши керакми? Муқаддас Китобда туғилган кунни Яҳовага хизмат қилмаган инсонларгина нишонлагани ҳақида ёзилган. (Ибтидо 40:20; Марк 6:21) Илгари туғилган кунни сохта худоларни шарафлаш учун нишонлашган. Бир энциклопедияга кўра, илк масиҳийлар «туғилган кунни нишонлаш бутпарастларга хос деб билган». («The World Book Encyclopedia»)

9 Қадимги римликлар ва юнонлар инсон туғилганида унинг ёнида бир руҳ бўлишига ва бу руҳ уни умри бўйи асрашига ишонишган. Бир китобда шундай дейилади: «Чақалоқ аллақандай худонинг туғилган кунида туғилар, уни асрайдиган руҳ эса бу худо билан сирли алоқада бўлар экан». («The Lore of Birthdays»)

10. Нега бугунги кунда масиҳийлар туғилган кунни нишонламайди?

10 Нима деб ўйлайсиз, Яҳова сохта дин билан боғлиқ бўлган байрамларни маъқуллайдими? (Ишаё 65:11, 12) Йўқ, албатта. Шу сабабли туғилган кунни ва сохта динга алоқадор барча байрамларни нишонламаймиз.

БАЙРАМНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИНИ БИЛИШ ШУНЧАЛИК МУҲИММИ?

11. Нимага айримлар байрамларни нишонлайди? Сиз учун нима биринчи ўринда туриши керак?

11 Айримлар Янги йил ва бошқа байрамлар бутпарастликдан келиб чиққанини билса ҳам, барибир уларни нишонлайди. Улар буни шунчаки оила билан бирга дастурхон атрофида йиғилиш учун сабаб деб билади. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз? Оила билан бирга вақт ўтказиш истаги ёмон эмас. Оила асосчиси Тангри Яҳова оила аъзоларимиз билан яхши муносабатларга эга бўлишимизни истайди. (Эфесликларга 3:14, 15) Аммо диққат-эътиборимиз сохта диндан келиб чиққан байрамларни нишонлаб қариндошларни хушнуд қилишга эмас, балки Яҳова билан яхши муносабатларга эга бўлишга қаратилса айни муддао. Шу сабабли ҳаворий Павлус: «Раббимизга нима маъқул эканига доимо ишонч ҳосил қилинглар»,— деб айтган. (Эфесликларга 5:10)

12. Қандай байрамлар Яҳовага маъқул келмайди?

12 Аксарият инсонларнинг фикрича, байрамнинг келиб чиқиши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бироқ Яҳова бундай деб ўйламайди. У сохта динга алоқадор бўлган, одамни ёки ватанни шарафлайдиган байрамларни маъқулламайди. Масалан, мисрликларнинг сохта худоларга бағишланган байрамлари кўп бўлган. Исроилликлар Миср қуллигидан озод бўлгач, уларнинг бутпарастликка хос байрамларидан бирини ўзлаштириб, уни «Яҳовага аталган байрам» деб номлаган. Аммо Яҳова бу учун уларни жазолаган. (Чиқиш 32:2–10) Шунинг учун Ишаё пайғамбар «ҳаром нарсага тегмаслигимиз» кераклиги ҳақида айтган эди. (Ишаё 52:11 ни ўқинг.)

БОШҚАЛАР БИЛАН ХУШМУОМАЛА БЎЛИНГ

13. Агар байрамларни нишонламасликка қарор қилсангиз, сизда қандай саволлар пайдо бўлиши мумкин?

13 Агар байрамларни нишонламасликка қарор қилсангиз, сизда бир нечта савол пайдо бўлиши мумкин. Масалан: «Мабодо ҳамкасбим нима сабабдан улар билан Янги йилни нишонламаётганимни сўраса нима дейман? Кимдир Янги йилга совға берса, нима қиламан? Турмуш ўртоғим у билан бирга байрамни нишонлашимни истаса-чи? Бирон байрам ёки туғилган кунини нишонламагани туфайли болаларимнинг кўнгли чўкмаслиги учун нима қилсам бўлади?»

14, 15. Кимдир сизни байрам билан табрикласа ёки совға берса нима қиласиз?

14 У ёки бу вазиятда нима дейиш ёки нима қилишни ҳал қилаётганингизда, фаросат ила йўл тутсангиз яхши бўларди. Масалан, кимдир сизни байрам билан табрикласа, шунчаки: «Раҳмат»,— деб айтарсиз. Аммо у нега байрамни нишонламаслигингизни билмоқчи бўлса, сабабини тушунтириб беришингиз мумкин. Бироқ буни мулойимлик, хушмуомалалик ва ҳурмат билан қилинг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Сўзларингиз доимо ёқимли ва мазали бўлсин. Шунда ҳар бир кишига қандай жавоб бериш кераклигини биласизлар». (Колосаликларга 4:6) Эҳтимол, дўстлар даврасида вақт ўтказиб, совғалар бериш сизга ёқишини, аммо буни байрам муносабати билан қилмаслигингизни тушунтириб берарсиз.

15 Кимдир сизга совға берса нима қиласиз? Муқаддас Китобда бу борада қоидалар рўйхати келтирилмаган, бироқ у ерда тоза виждонга эга бўлишимиз лозимлиги ҳақида айтилган. (1 Тимўтийга 1:18, 19) Эҳтимол, сизга совға бераётган киши байрамларни нишонламаслигингизни билмаслиги мумкин. Ёки кимдир: «Байрамни нишонламаслигингизни биламан, лекин барибир буни совға қилмоқчиман»,— деб айтар. Иккала вазиятда ҳам совғани олиш ёки олмасликни ўзингиз ҳал қиласиз. Аммо қандай қарор қабул қилманг, виждонингизни пок сақланг. Ахир Яҳова билан муносабатларимизга путур етказадиган ҳеч нарса қилишни истамаймиз.

СИЗ ВА ОИЛАНГИЗ

Яҳовага хизмат қилувчилар бахтлидир

16. Оилангиз байрамни нишонламоқчи бўлса, нима қиласиз?

16 Оилангиз байрамни нишонламоқчи бўлса, нима қиласиз? Улар билан баҳслашманг. Унутмангки, улар истагани бўйича йўл тутишга ҳақли. Мулойим бўлинг ва улар фикрингизни ҳурмат қилишини истасангиз, сиз ҳам уларнинг нуқтаи назарини ҳурмат қилинг. (Матто 7:12 ни ўқинг) Мабодо оила аъзоларингиз сиз билан байрам пайтида вақт ўтказмоқчи бўлса, қандай йўл тутасиз? Қарор қабул қилишдан олдин, Яҳовага ибодат қилиб ёрдам сўранг. Вазиятингиз ҳақида мулоҳаза юритинг ва бу масалада изланиш олиб боринг. Шуни ёдда тутингки, сиз ҳамиша Яҳованинг қалбини хушнуд қилишни истайсиз.

17. Бошқалар байрам қилаётганида фарзандингиз ўзини бирон нарсадан маҳрум бўлгандай ҳис этмаслиги учун нима қилишингиз мумкин?

17 Бошқалар байрам қилаётганида фарзандингиз ўзини бирон нарсадан маҳрум бўлгандай ҳис этмаслиги учун нима қилишингиз мумкин? Вақт-вақти билан уларни хурсанд қиладиган бирон нима ташкил қилинг. Уларга совғалар беринг. Болаларингиз учун энг қимматбаҳо совға эса, уларга ажратган вақтингиз ва намоён этган севгингиздир.

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДАН ЮРИНГ

18. Нега биз йиғилишларга мунтазам қатнашимиз лозим?

18 Яҳовага маъқул келиш учун сохта динни тарк этишимиз ва у билан боғлиқ урф-одатлару байрамлардан воз кечишимиз лозим. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Биз Худога маъқул тарзда топинишимиз лозим. Қандай қилиб дейсизми? Усулларидан бири, Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига мунтазам қатнаш. (Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.) Чунки бу йиғилишлар ҳақ топинишнинг ажралмас бир қисмидир. (Забур 22:22; 122:1) Бирга йиғилганимизда бир-биримизга далда бера оламиз. (Римликларга 1:12)

19. Нима учун Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар тўғрисида бошқаларга айтиб беришингиз муҳим?

19 Худога маъқул тарзда топинишнинг яна бир усули, Муқаддас Китобдан билиб олганларингиз ҳақида бошқаларга айтиб беришдир. Аксарият инсонлар ер юзида содир бўлаётган ёвузлик туфайли қийналяпти. Эҳтимол, шундай инсонларни биларсиз. Уларга бизни ажойиб келажак кутаётгани ҳақида айтиб беринг. Йиғилишларга борганингиз ва бошқаларга Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни айтиб берганингиз сари, сохта дин ҳамда унга алоқадор урф-одатларга аралашишни истамайсиз. Унга маъқул тарзда топиниш учун қилган ҳаракатларингизга Яҳова албатта барака беради ва сиз чинакамига бахтли бўласиз. (Малаки 3:10)